loader

053. Ван-Нажм сураси

Олтмиш икки оятдан ташкил топган бу сура Маккада нозил қилинган. У бутун пайғамбарлар тарихида ягона бўлган мислсиз мўъжиза — Муҳаммад алайҳиссаломнинг меърожга чиқишларини ва у даргоҳдаги ақлу шуурни лол қилгувчи манзарани тасвирлаш билан бошланади. Сўнгра мушриклар ўз қўллари билан ясашиб, кейин ўзларича турли номлар билан атаб олишиб сиғинадиган бут ва санамлари ҳеч кимга ҳеч қандай фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган жонсиз махлуқлар эканлиги уқтирилади.
Бу сурада яна ҳар бир инсон Охиратда фақат ўзи қилиб ўтган амаллари билан жазоланиши, ўзгалар унинг гуноҳларини ўз елкаларига ололмаганлари каби, унга ўзларининг савобларидан ҳам бера олмасликлари айрича таъкидланади.
Сура этагида эса ўтмишда куфру исён билан ўтган қавмларнинг қандай ҳалокатларга дучор бўлганликлари эслатилиб, барча инсонларни Ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилишга даъват этилади. Сура ўзининг илк ояти номи билан "Ван-Нажм — Юлдузга қасам" деб аталгандир.

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

1-2. Ботиб кетаётган юлдузга қасамки, сизларнинг соҳибингиз (яъни, Муҳаммад алайҳиссалом) залолатга ҳам кетгани йўқ, йўлдан ҳам озгани йўқ!

3. Ва у (сизларга келтираётган Қуръонни) ўз ҳавойи-хоҳиши билан сўзламас.

4. У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидин Пайғамбарга) ваҳий қилинаётган (туширилаётган) бир ваҳийдир.

5-6-7. Унга (бу ваҳийни) бир кучга тўлган, соҳиби қудрат (яъни, Жаброил алайҳиссалом) таълим бермишдир. Бас, у (аввал) юксак уфқда (кўриниб), тик турди.

8. Сўнгра яқинлашиб, пастлади.

9. Бас, (Муҳаммад алайҳиссаломга) икки камон оралиғида ё (ундан-да) яқинроқ бўлиб;

10. (Аллоҳ) ўз бандаси (Муҳаммад алайҳиссалом)га туширган ваҳийни келтирди.

11. (Пайғамбарнинг) кўнгли кўрган нарсасини инкор этмади. (Яъни, Жаброил фариштанинг суратини кўриб, Пайғамбарнинг кўнгли ҳам қаноатланди ва унинг Аллоҳ таъоло томонидан юборилган фаришта эканлигига иймон келтирди).

12. Энди сизлар, (эй мушриклар, Пайғамбар ўз кўзи билан) кўриб турган нарсаси устида у билан тортишурмисизлар?!

13-14. Дарвоқеъ, (Муҳаммад алайҳиссалом Жаброил фариштани ўзининг аслий суратида) иккинчи бор (жаннат) четидаги Нилуфар олдида кўрди.
Изоҳ: Бу кўриш Пайғамбар алайҳиссалом Жаброил фаришта билан бирга меърожга кўтарилганларида рўй берган эди. Энди қуйидаги оятларда Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ўша меърожда кўрган — гувоҳ бўлган манзаралири тасвирланади.

15. (Тақводор зотларга ваъда қилинган) Жаннати маъво ҳам ўша (Нилуфар)нинг олдидадир.

16. Ўшанда Нилуфарни ўраган нарса (яъни, Аллоҳ таъолонинг файзи Илоҳийси) ўраб олган эди.

17-18. (Пайғамбарнинг) кўзи (ўнгу сўлга) оғгани ҳам йўқ, ўз ҳаддидан ошгани ҳам йўқ. Дарҳақиқат, у (ўша соатда) Парвардигорининг буюк оятларини (яъни, У Зотнинг қудрати Илоҳийси далолат қиладиган жуда кўп аломатларни), кўрди.

19-20. (Эй мушриклар, ўзларингизча сиғинаётган санамларингиз) — "Лот", "Уззо", ва яна учинчилари бўлмиш тубан "Манот" ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингларми?!

21. (Сизлар ўша бут-санамларни ва фаришталарни "Аллоҳнинг қизлари", дейсизлар, демак), эркак (жинси) сизларники-ю, аёл (жинси) У Зотникими?!

22. У ҳолда бу адолатсиз тақсим-ку?!

23. У (ном)лар фақат сизлар ўзларингиз ва ота-боболарингиз қўйиб олган номлардир. Аллоҳ улар(га ибодат қилиш) ҳақида бирон ҳужжат туширган эмас. У (мушрик)ларга (Пайғамбар алайҳиссалом воситаларида) Парвардигор томонидан Ҳидоят (Қуръон) келиб турган ҳолда улар фақат гумонга ва ҳавойи нафсларигагина эргашадилар-а!

24. Ёки инсон учун ўзи орзу қилган нарса бўлаверарми?! (ҳаргиз бўлмас!)
Изоҳ: Мушриклар ўзлари ясаб, кейин: "Лот, Уззо ва Манот" деб от қўйиб олган бутлари ҳақида: "Булар Аллоҳнинг қизларидир. Мана шулар Қиёмат Кунида бизларни шафоат қилишади", деб хомхаёл қилиб юрар эдилар. Юқоридаги оят уларнинг бу хомхаёллари ҳеч қачон амалга ошмаслигини таъкидлади.

25. Зеро, Охират ҳам, дунё ҳам Ёлғиз Аллоҳникидир!

26. Осмонларда қанчадан-қанча фаришталар бўлиб, ўшаларнинг шафоатлари ҳам бирон фойда бермас, магар Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ва рози бўлган кишилар учун (шафоатга) изн берганидан кейингина (у шафоатнинг фойдаси тегур).

27. Дарвоқеъ, Охиратга иймон келтирмайдигаи кимсалар фаришталарни аёллар номи билаи атайдилар.

20. Ҳолбуки, улар учун бу ҳақда (яъни, фаришталарнинг қайси жинсдан эканлиги ҳақида) бирон билим-ҳужжат йўқдир. Улар фақат гумон-тахминга эргашурлар, холос. Аниқки, гумон ҳақиқатдан бирон нарсанинг ўрнига ўтмас!

29. Бас, (эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сиз Бизнинг Эслатмамиздан орқа ўгириб кетган ва фақат ҳаёти дунёнигина истаган кимсалардан юз ўгиринг!

30. Уларнинг «илм»дан етган жойлари мана шу (ҳаёти дунё матоларинигина исташ)дир. Албатта Парвардигорингизнинг Ўзи Унинг Йўлидан озган кимсаларни жуда яхши Билгувчидир ва У ҳидоят топган зотларни ҳам жуда яхши Билгувчидир.

31. Осмонлардаги ва ердаги бор нарсалар ёлғиз Аллоҳникидир. У Зотнинг Ўзи ёмонлик-гуноҳ қилиб ўтган кимсаларни қилган амаллари билан жазолагай ва чиройли амал қилган зотларни гўзал (савоб-жаннат) билан мукофотлагай!

32. Улар (яъни, жаннатга сазовор бўлганлар) кичик хатолардан бошқа катта гуноҳлардан ва бузуқликлардан йироқ бўладиган зотлардир. Албатта Парвардигорингиз мағфирати кенг Зотдир. Унинг Ўзи сизларни (яъни, оталарингиз Одамни) ердан — тупроқдан пайдо қилган пайтиданоқ ва сизлар оналарингизнинг қорнида ҳомила бўлган пайтингизданоқ жуда яхши Билгувчидир. Бас, сизлар ўзларингизни покламай қўя қолинглар! Унинг Ўзи тақводор бўлган кишиларни жуда яхши Билгувчидир.

33-34. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, иймондан) юз ўгириб кетган ва озгина (мол) бериб, (кейин шарт қилинган молнии беришни) тўхтатган кимсани кўрдингизми?
Изоҳ: Бу оятларнинг нозил бўлишига бир воқеа сабаб бўлган. Валид ибн Муғийра деган бир киши Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларида ўтириб, у зотнинг панд-насиҳатларини эшитгач, таъсирланиб, Ислом диниги кирмоқчи бўлади. Шунда мушриклардан бири унга: "Сен ота-боболарингни йўлдан озган кимсалар, деб, уларнинг динини тарк қилиб, Муҳаммаднинг динига кирмоқчимисан", деб қутқу солади. Иккиланиб қолгаи Валид: "Ахир мен Исломга кирмасам Аллоҳнинг азобига гирифтор бўламан-ку?", деганида, ҳалиги мушрик унга: "Агар сен менга фалон миқдорда мол-пул берсанг, сенинг барча гуноҳларингни Охиратда ўз бўйнимга оламан", дейди. Унинг васвасасига учган Валид диндан юз ўгиради ва ўзаро шартлашган молларидан бир қисмини ҳалиги мушрикка беради, аммо қолганини бахиллик қилиб бермай қўяди, Шунда юқоридаги ояти карималар нозил бўлади ва шу мавзуъ қуйидаги оятларда ҳам давом этади.

35. Унинг ҳузурида ғайб илми бормидики, у (келажакда бошқа биров ўзининг гуноҳини зиммасига олишини) билиб олса?!

36-37. Ёки унга Мусонинг ва (аҳдига) вафодор зот бўлган Иброҳимнинг саҳифаларидаги сўзлар хабари берилмаганмиди?! —

38.— Ҳеч бир кўтаргувчи (яъни, гуноҳор жон) ўзга жоннинг юкини (яъни, гуноҳини) кўтармас.

39. Ва инсон учун фақат ўзи қилган ҳаракатигина бўлур (яъни, ўзгаларнинг қилган яхши амалларидан унга бирон фойда етмас).

40. Унинг қилган саъй-ҳаракати эса яқинда (Қиёмат Кунида) кўринур.

41. Сўнгра у (ўша саъй-ҳаракати учун) тўла-тўкис жазо-мукофот олур.

42. Албатта охирги чегара ёлғиз Парвардигорингиз олдига (бормоқлик)дир.

43. Албатта кулдирган ҳам, йиғлатган ҳам Унинг Ўзидир.

44. Албатта ўлдирган ҳам, тирилтирган ҳам Унинг Ўзидир.

45-46. Ва албатта У Зот отилиб чиқадиган нутфадан эркак-аёл жуфтларни яратгандир.

47. Албатта (барча халойиқни ўлганидан сўнг) иккинчи бор пайдо қилиш ҳам ёлғиз Унинг зиммасидадир.

48. Албатта бой қилган ҳам, бадавлат қилган ҳам Унинг Ўзидир.

49. Албатта Шеъро (юлдузи)нинг Парвардигори ҳам Унинг Ўзидир.
Изоҳ: Мушрикларнинг бир тоифаси ёзнинг иссиқ кечаларида кўринадиган Шеъро (Сириус) номли юлдузга сиғинар эдилар. Мазкур ояти карима Аллоҳ таъоло улар сиғинаётган Шеъронинг ҳам Парвардигори экаилигини уқтиради.

50-51. Албатта У Зот аввал ўтган Од ва Самуд (қабилалари)ни ҳам ҳалок қилди, бас, (улардан бирон кишини тирик) қолдирмади.

52. Яна У Зот илгари Нуҳ қавмини ҳам (ҳалок қилгандир). Чунки уларнинг ўзлари жуда золим ва туғёнга тушган кимсалар эдилар.

53-54. Яна У Зот зеру забар бўлган (қишлоқни, яъни, Лут пайғамбар қавмини) ҳам қулатиб, уни ўраган нарса (яъни, осмондан ёғилган тошлар) билан ўраб — кўмиб ташлади.

55. Бас, (эй инсон) Парвардигорингнинг қайси неъматлари ҳақида шак-шубҳа қилурсан?!

56. Бу (яъни, Муҳаммад алайҳиссалом ҳам) аввалги огоҳлантиргувчилар (пайғамбарлар жумласи)дан бир огоҳлантиргувчидир.

57-58. Яқин бўлгувчи (Қиёмат) яқин қолди. Унинг учун Аллоҳдан ўзга бирон очгувчи (қачон бўлишини билдиргувчи) йўқдир.

59. (Эй мушриклар), ҳали сизлар мана шу Сўздан (Қуръондан) ажабланурсизларми?!

60-61. (Ундаги оятларнинг беназир ва бемисл ўгит-насиҳатларидан таъсирланиб) йиғламасдан, ғофил бўлган ҳолларингизда кулурсизларми?!

62. Бас, сизлар Ёлғиз Аллоҳга сажда ва ибодат қилинглар!
Изоҳ: Ушбу ояти карима навбатдаги сажда ояти бўлиб, уни ўқиган ва тинглаган ҳар бир киши учун бир бор сажда қилмоқ лозим бўлур.

Орқага Олдинга