loader

088. Ғошия (Ўраб олувчи) сураси

Маккада тушган, 26 оятдан иборат
«Ғошия» луғатда «ўраб олувчи» деган маънода. Сура барча халойиқни ўз даҳшати билан ўраб оладиган қиёмат куни рўй берадиган воқеа-ҳодисаларни баён қилиш билан бошлангани учун шундай номланган. Сурада Аллоҳ таолони рози қилган солиҳ бандалар учун жаннатда тайёрлаб қўйилган ажойиб неъматлар ҳақида батафсил сўз боради. Бу сурада ҳам Еру осмондаги ҳар бир мавжудот ягона Яратувчининг – Аллоҳ таолонинг борлигига далолат қилиб туриши таъкидланади.Инсонлар Аллоҳ таоло яратиб қўйган осмонлар, Ер, тоғлар, туя каби ҳайвонлар ҳақида тафаккур қилишга чорланади.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.

1. (Эй Муҳаммад), сизга «ғошия» хабари келди:
Яъни, эй Пайғамбарим, ҳозиргача инсонлар бехабар бўлган «ғошия»нинг хабарини сизга етказмоқдамиз. «Ғошия» (ўраб олувчи) қиёматнинг номларидан биридир. Бундай номланишига сабаб, қиёмат куни ўз қўрқувлари ва даҳшатлари билан барча махлуқотларни ўраб-қамраб  олади. Сиз буларни инсонларга етказинг, токи улар бу даҳшатли кун келмасидан олдин охиратларига тайёргарлик кўришсин, Парвардигорингиз розилигини топиш учун Унинг амр-фармонларига итоат этишсин, дунёдаги ҳаётларини солиҳ амаллар билан безашсин.
2. ўша кунда сўлғин бўлар айрим юзлар;
Қиёмат куни баъзи юзлар сўлғин, хор бўлади. Нима учун? Чунки инсон қалбидаги кечинмалар, ҳиссиётлар, васваса ва ғалаёнлар унинг юзида акс этади. Аллоҳ таолонинг ваҳийларини инкор этиб, ҳатто уларни ёлғонга чиқарганлар, У зот юборган пайғамбарларга ишонмай, уларни хўрлаганлар, ҳаётини лаззатлар оғушида, айш-ишратда, бузуқликларга ғарқ ҳолда совурганлар қиёмат кунининг даҳшатию ваҳшатидан қочишга жой тополмай, ичларини алам, хорлик, надомат кемиради. Оятдаги «хошиъа» хорлик маъносидадир. Ана шу хорлик қийноқлари осийлар юзига уриб кетганидан юзлари аянчли ҳолатга тушади. Қуръони каримда бундай хабар берилган: «Ўша куни баъзи юзлар буришади, улкан азоб келишини кутишар экан» (Қиёмат, 24-25).
3. машаққатдан ҳориган;
Қиёмат куни ўша сўлғин юзлар яна қийинчилик-машаққатлардан ҳориган, қийналган бўлади. Нима учун? Чунки эртадан-кечгача тиним билмай елиб-югурсанг, қанча машаққатларга учрасанг, жонингни азобга қўйиб қанча иш-амалларни қилсанг-да, эвазига қиёмат куни ҳеч нарсага эга бўлолмай, қуруқ қўл билан қолсанг, бундан ҳам аянчли, кулфатли ҳолат бўладими? Оятдаги «ъамилатун- насиба» қийналиб бефойда иш қилувчи маъносидадир. Дунё ҳаётида оламшумул ишларни, амалларни қилгану аммо ўзлари куфрда ёки нотўғри эътиқодда бўлганлар қиёмат куни ана шу ҳолга тушадилар. Қандай фойдали, жамиятга керакли ишларни қилишмасин, имонлари бўлмагани учун улар охиратда ҳеч қандай савоб ёки насиба ололмайдилар.
4. куйдирувчи оловга кириб.
Ушбу ояти каримадан бошлаб Аллоҳ таоло куфр ва ширк балосига учраган, бузуқ ғоя ва маслакларга қул бўлган, эътиқоди бузуқ, инсонлар ўйлаб топган ҳар хил «дин» ва мазҳабларга эргашган (масалан, буддавийлик, кришначилик, баҳоийлик, даҳрийлик каби) кимсаларга қиёмат куни тайёрлаб қўйилган аламли азоблар, жазолар ва қийноқлар ҳақида баён этади. Хор бўлган юз эгалари амаллари бефойдалигидан албатта ҳарорати ўта юксак оловга киришлари аниқ. Ўтнинг иссиғига чидолмай ўзларини қаёққа қўйишни билишмайди, ташналикка дош беролмай дод-фарёд чекиб ичгани сув сўрашади. Абу Имрон Жунийдан ривоят қилинади: «Умар ибн Хаттоб бир роҳибнинг маскани олдидан ўтаётиб, уни «Ҳой роҳиб!» деб чақирдилар. У уйидан чиқди, Ҳазрати Умар роҳибни кўриб йиғлашга тушдилар. Йиғи сабабини сўрашганида: Аллоҳ таолонинг «Ъамилатун-насиба, тасла нарон ҳамияҳ» сўзини эсладим, шу нарса мени йиғлатди», дедилар (Абу Бакр Барқоний ривояти).
5. Қайноқ сувли булоқлардан ичирилади.
Яъни, ташналик азобидан қийналган дўзахийларга сув ўрнига «заққум» деган ўсимликнинг заҳар каби аччиқ суви, дўзахийлардан оққан йиринг, зардоб кабилар қайноқ ҳолда берилади. Энди бир тасаввур қилинг: оташ-олов ичида ташналик азобини чекиб, қийналиб ётганингизда ичишга қайноқ йиринг ёки оғу каби «шарбат» берилса, қандай аҳволга тушган бўлардингиз? Охиратда дўзах аҳлини ана шундай азоб, азоб бўлганда ҳам мангу давом этадиган, бирор сония дам олишга изн берилмайдиган жазолар кутяпти.
6. Ейишга заҳарли тикандан бошқаси йўқдир;
Яъни, қорни очган дўзахийларга эса тикандан бошқа «таом» берилмайди. Оятдаги «зориъ» ўта аччиқ, жуда заҳарли, қуп-қуруқ тиканли ўсимликдир. Ибн Аббос (розийаллоҳу анҳу): «Зориъ» дўзахдаги тиканга ўхшаш ўсимлик, у алоэдан (сабур) аччиқ, ўлимтикдан сассиқ, ўт-оловдан иссиқ нарсадир», деганлар. Зориънинг намлик ҳолатида ҳижозликлар «шибриқ» деб аташади. Қуригач, ҳатто қўл теккизиб бўлмайди, ҳайвон ҳам яқинлашмайди. Уни намлигида туядан бошқа бирор жонзот емайди, у на қорин тўйдиради, на семиртиради. Бундан ташқари, дўзах аҳлига «ғислин», «заққум» каби кўнгил айнитувчи, очликни кетказмайдиган «таом»лар ҳам берилади. Уламолар айтишадики, жаҳаннамнинг ҳам бир неча пастликлари, тубан ўринлари бўлиб, дўзахийлар гуноҳининг катта-кичиклигига қараб ўша ўринларга тушади. Айримларининг таоми заққум, баъзилариники ғислин (йиринг ва зардоб), бошқалариники зориъдир.
7. у семиртирмайди ҳам, тўйдирмайди ҳам.
Бу таомлар семиртириш, танага фойда бериш уёқда турсин, тўйдирмайди ҳам, очлик азобидан қутқармайди ҳам. «Лайса лаҳум тоамун илла мин зориъ» ояти тушганида мушриклар истеҳзо билан: «Зориъни еб, туяларимиз семиради-ку!» дейишганида, «Ла юсмину вала юғни мин жуъи» (у семиртирмайди ҳам, тўйдирмайди ҳам) ояти нозил бўлган.
8. Ўша кунда айрим юзлар шод-хуррам бўлар;
Куфр ва ширк эгаларининг юзлари даҳшат ва қийноқлардан ҳорғин, сўлғин ва қорайиб кетган бўлса, имон эгалари, тақволи зотларнинг юзлари хурсандчиликдан нурли, ял-ял ёниб турган бўлади. Чунки улар дунё ҳаётида охиратлари учун катта тайёргарлик кўришгани, Аллоҳ таоло розилигини топиш учун фақат яхши ишлар, солиҳ амаллари қилиб, икки дунё саодатини қўлга киритишгани учун кўнгиллари хотиржам, диллари таскинли ҳолда туришади. Бу эса уларнинг юзларида ҳам акс этади.
9. амалларидан мамнун ҳолда;
Жаннат аҳллари қилган солиҳ амаллари, Аллоҳ таолога итоатлари, ҳаётларини имон билан ҳидоятда ўтказганлари эвазига бериладиган Парвардигорлари мукофотидан мамнун ҳолда Аллоҳ азза ва жаллага рўпара бўлишади. Уларнинг жаннатий эканлари шундоқ юзларидан билиниб туради. Бу ҳақда Қуръони каримнинг бир неча сураларида  бундай баён этилади: «Ўша куни баъзиларнинг юзи нурли бўлади, Парвардигорларига боқишар экан» (Қиёмат, 22-23); «Аллоҳ улардан рози бўлди, улар Аллоҳдан рози бўлишди» (Баййина, 8); Чеҳраларида мамнунлик тароватини кўрасиз» (Мутоффифин, 24).
10. олий жаннат боғларида.
Ушбу ояти каримадан бошлаб Аллоҳ таоло охират дунёсида мўминларга тайёрлаб қўйган бемисл неъматлари, ақл бовар қилмас мукофотлари ҳақида хабар беради. Булардан энг биринчиси мўминлар, тақволи зотлар, Аллоҳнинг дўстлари васфи гўзал жаннатнинг юксак боғларида бўлишади. Дўзахда пастликлар, тубанликлар бўлгани каби жаннатда ҳам мўминларнинг даражаларига қараб юқори манзиллар, юксак боғлар бўлади.
11. У ерда бефойда сўз эшитишмайди;
Мўминлар қўним топадиган олий жаннат боғларида турли бефойда сўзлар, ғийбат-шикоятлар, ёлғон-яшиқ ва миш-мишлар, кўнгилга ғашлик соладиган қайғули хабарлар бўлмайди. Жаннатийлар ҳамиша ором-фароғатда, таскин ва хурсандчилик ичида бўлишади.
12. унда бордир қайнар булоқлар;
Жаннатда муздай, мусаффо, покиза сувлар қайнаб-тошиб чиқадиган ажойиб булоқлар мавжуд. Ундаги анҳорларнинг биридан сут, биридан асал, яна биридан асло маст қилмайдиган жаннатий шароблар оқиб туради. Буларнинг бари Аллоҳ таолонинг мўмин бандаларига ҳозирлаб қўйган туҳфаларидир. Аллоҳ таоло уларга бундай ваъда қилган эди: «Албатта тақводор зотлар осойишта жойда, боғлар ва чашма-булоқлар узра бўлишади» (Духон, 51).
13. унда бордир баланд сўрилар;
Жаннатийлар юмшоқ ипак тўшак-кўрпачалар тўшалган баланд сўриларда атрофларига мамнун, хушнуд боқиб ўтиришади. Бундан ҳам гўзал, бундан ҳам мароқли ва кўз қувнатувчи машғулот бўлиши мумкинми? Бу ҳақда Қуръони каримнинг бир неча сураларида хабар берилади: «У ердаги сўриларда ёнбошлаган ҳолда жазирамани ҳам, қаҳратонни ҳам кўришмайди» (Инсон, 13). «Улар ўз жуфтлари билан сояларда, сўриларда ястаниб ўтиришади» (Ёсин, 56); «(Олтин) сўриларда, ястанган ҳолларида бир-бирларига қараб ўтиришади» (Воқеа, 15-16); «Сизлар қилган амалларингиз сабабли бемалол еб-ичингиз қатор сўриларда ястанган ҳолингизда» (Тур, 19).
14. ва терилган қадаҳлар;
Жаннатийларга аталган сўриларда зинҳор маст қилмайдиган, аксинча қувват ва хуш кайфият бағишлайдиган шароблардан истеъмол қилиш учун қадаҳлар қатор териб қўйилган. Улар олтин, биллур, кумуш каби ноёб маъданлардан ясалган. Қуръони карим бундай хабар беради: «Уларга кумуш идишлар ва биллур қадаҳлар айлантириб турилади. Кумушдан ҳам оппоқ биллур қадаҳларда истаганча ичишади. У ерда қадаҳларда занжабил аралашган ичимликлар ичирилади» (Инсон, 15-17).
15. ва қаторланган ёстиқлар;
Сўриларга мўминлар учун пар ёстиқлар қаторлаштириб териб ташланган. Улар хоҳлашса, уларга суяниб ўтиришади, исташса, ёнбошлаб олишади, хоҳлашса, бемалол ётиб олишади. Абу Ҳурайра (розийаллоҳу анҳу) Пайғамбар алайҳиссаломдан бундай ривоят қилади: «Жаннатга кирган киши неъматлар ила бахтиёр, кулфатлардан узоқ бўлади. Унинг кийими асло тўзимайди, ёшлиги боқий қолади. Жаннатда шундай неъматлар борки, уларни на кўз кўрган, на қулоқ эшитган, на инсон хаёлидан ўтган» (Имом Муслим ривояти).
16. ҳамма ёққа гилам тўшалган.
Жаннатдаги мўминлар хуш кайфиятда атрофга боқиб ўтирадиган сўриларнинг ҳаммасига гуллари кўз қамаштирувчи, дил қувнатувчи чиройли ипак гиламлар тўшалган бўлади. Қатодадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинишича, Аллоҳ таоло жаннатдаги мўминларга аталган неъматларни васф қилиб бўлганида, бундан залолат аҳли ажабланиб қолди. Шунда Аллоҳ таоло уларнинг залолатларидан қайтишлари учун доимо кўзлари тушиб турадиган туя, осмонлар, тоғлар ва Ерни сифатлашга ўтди ва булар ҳақида тафаккур қилишга чорлади.
17. Туянинг қандай яратилганига боқишмайдими?
Инсонлар атрофларида юрадиган туяга боқиб, ибрат олишмайдими? Аллоҳ таоло уни қандай яратгани ҳақида тафаккур қилишмайдими? Аниқки, ҳар бир мавжудотнинг беқиёс ва бетакрорлиги Яратувчининг буюк ҳикмати ва улуғ қудратию азаматига далолатдир. Аллоҳ яратган ҳар бир махлуқот ақл эгалари учун аломат ва ибратдир. Худди шу каби Парвардигор инсонлар эътиборини туянинг қандай яратилгани ҳикматига тортмоқда. Дарҳақиқат, туянинг ҳар бир аъзоси ажиб бир ҳикмат, алоҳида вазифа билан халқ қилинган. Туянинг кўз-киприклари, бурун катаклари ва қулоқларидаги ҳимоячи узун туклар уни саҳро шамолларида учадиган қумдан асрайди. Оёқ кафтлари икки туёқдан иборатлиги, ораси юмшоқ ёстиқча билан боғлангани, туёқсифат тирноқлари туфайли у йўл танламайди, жазирама қумлар устидан юраверади. Тиззаларидаги махсус қадоқлар эса чўккалаганида ҳимоя вазифасини ўтайди. Овқат топилмай қолса, унинг катта ёғли ўркачи озуқа билан таъминлаб туради, у бу вақтда вазнининг ўттиз фоизини йўқотади, натижада у овқат ва сувсиз уч ҳафтагача яшай олади (Инсон бундай шароитда вазнининг саккиз фоизини йўқотса, ўттиз олти соат ичида танаси қуриб, ҳалок бўлади). Туя ўзининг қалин юнги ёрдамида ёздаги эллик даражали иссиққа, қишда шунча даражали совуққа бемалол дош беради. Унинг ички аъзолари озуқа ва сувдан тежаб, унумли фойдаланишга мосланган. Бунинг устига шундай бардошли жонвор ўта итоаткор, юввош, ҳатто ёш болага ҳам бўйсуниб кетаверади. Бежизга уни «саҳро кемаси» деб аташмайди. Аллоҳ таолонинг: «Туянинг қандай яратилганига боқишмайдими?» деган маънодаги ояти бутун моҳияти билан туя каби барча жонзотлар улуғ Парвардигор томонидан Ер юзида яшаши учун мосланган ҳолда яратилган. Ақл эгалари Аллоҳнинг бу мўъжизалари ҳақида фикр юртишлари, ибрат олишлари, буюк Холиқни танишлари керак бўлади.
18. Ва осмоннинг қандай тикланганига;
Ақл эгалари осмоннинг қандай тикланига назар солиб, бундан ибрат олишмайдими, Яратувчининг буюк ҳикмати олдида тиз чўкишмайдими? Аллоҳ таоло миллиардлаб галактикалар жойлашган бепоён осмонларни ҳеч қандай устун-тиргакларсиз тиклаб қўйганининг ўзи мўъжиза эмасми? Унга беҳисоб юлдузлар, Қуёш, Ой, Ер ва бошқа сайёраларни жойлаб қўйгани, улар бир-бирига ҳалақит бермаган ҳолда ҳаммаси ўз йўлида ҳаракат қилаётгани, бирор сония ҳам тўхтаб қолмаётгани, изидан чиқиб кетмаганининг ўзи мўъжиза эмасми? Аммо жоҳиллар, ғофиллар, инкорчилар бундан ибрат олишмайди.
19. ва тоғларнинг қандай ўрнатилганига;
Ёки осмонўпар тоғларнинг Ерга қозиқ каби маҳкам ўрнаштириб қўйилгани, улардаги яйловларни чорвалар учун озуқаланиш макони қилингани, тоғлар бағридаги беҳисоб хазина-бойликлар ҳам инсонларга хизмат қилдириб қўйилгани ҳам Аллоҳ таолонинг буюк яратувчилик қудрати ва ҳикматига бир ишорадир, аниқ далилдир. Уларга тафаккур нигоҳи билан қараш Аллоҳдан қўрқишга чорлайди, Уни танитади, Унга яқинлаштиради. Ақл эгалари бундан ибратланиб, Аллоҳга янада итоатни кучайтирганлари ҳолда куфр ва жаҳолат эгалари тоғларга оддий тош қоялар сифатида кўз ташлайдилар.
20. ва Ернинг қай ҳолда ёйиб қўйилганига.
Ёки инсонларнинг ҳаёт кечиришлари, унда экин-тикинлар қилишлари, шаҳар-қишлоқлар қуришлари, бола-чақа қилишлари, Ернинг неъматларидан фойдаланишлари фойдаланишлари учун уни ёйиқ, текис қилиб қўйди. Агар Еримизнинг ҳамма жойи тоғ-тепаликлардан ёки чуқур даралар ва ўнқир-чўнқирлардан иборат бўлганида у одамларнинг қулай яшаши учун яроқли бўлармиди?!
21. (Эй Муҳаммад), уларга эслатинг, сиз фақат эслатувчисиз.
Аллоҳ таоло ибрат олишлари учун инсонларга ато этган бир неча неъматларини зикр этганидан кейин Ўз Пайғамбарига буюряптики, сиз мана шу ибрат-далилларни одамларга эслатинг, рисолатни уларга етказинг. Насиҳат қилинг, керакли ўринларда Аллоҳнинг азобидан қўрқитинг, жаннатидан башорат беринг. Шу тариқа уларни ҳақ йўлга, ҳидоятга чорланг. Жобир ибн Абдуллоҳдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Инсонлар «Ла илаҳа иллаллоҳ» дегунларига қадар уларга қарши жанг қилишга буюрилдим, агар улар буни айтишса, қонлари ва жонларини мендан сақлашибди ва ҳисоблари эса Аллоҳнинг зиммасигадир», деб «Фазаккир иннама анта музаккир» оятини ўқидилар» (Имом Аҳмад, Муслим, Термизий, Насоий ривояти).
22. Уларни мажбурловчи эмассиз.
Аммо уларни мажбурламанг, сўзингизни эътиборга олмаганлардан хафа бўлманг, сизни ёлғончига чиқариб, устингиздан кулганлардан ўкинманг. Сиз фақат эслатувчисиз, ваҳийларимизни етказувчисиз. Ким уларга ишониб, қабул қилса, ҳидоятга эришибди. Ким уларга куфр келтириб, инкор қилса, кофир бўлибди. Қуръони каримда айтилганки: «Сиз улар устида мажбурловчи эмассиз. Бас, ушбу Қуръон билан Менинг таҳдидимдан қўрқадиган кишиларга насиҳат қилинг» (Қоф, 45).
23. Аммо ким юз ўгирса ва куфрга кетса;
24. уни Аллоҳ қаттиқ азоблайди.
Ким ваҳийларимиздан юз ўгириб, уларни инкор қилган ҳолда куфрга кетса, бундайларнинг ҳукмини Парвардигорингизнинг Ўзига ҳавола этинг. Аллоҳ кибри, жоҳиллиги ва куфри туфайли икки дунёсини хароб қилган бундай кимсаларни жазолаш Аллоҳ таолонинг зиммасидадир.
25. Уларнинг қайтиши албатта Бизгадир.
Қиёмат қоим бўлганида инсонлар, жин ва бошқа махлуқларнинг бари Парвардигорлари ҳузурига қайтишади. Осий ва итоатсиз кимсалар Аллоҳ азза ва жалланинг жазосидан қочиб ҳеч қаерга беркина олишмайди. Чунки осмонларнинг ҳам, Ернинг ҳам, бутун Коинотнинг ҳам ягона эгаси Аллоҳ таолонинг Ўзидир.
26. Шунда ҳисоб-китоб ҳам Бизда бўлади.
Жамики инсонларнинг ҳам, бошқа махлуқотларнинг ҳисоб-китоби ҳам Аллоҳ таоло ҳузурида бўлади. Қуръони каримда бунинг хабари бир неча сураларда баён этилган: «Парвардигорингиз номига қасам, уларнинг барчасидан қилиб ўтган иш-амаллари ҳақида сўраймиз» (Ҳижр, 92-93);  «Биз пайғамбар юборилганлардан ҳам, пайғамбарлардан ҳам албатта сўраймиз. Кейин уларга воқеани албатта баён қиламиз, Биз ғойиб эмас эдик» (Аъроф, 6-7).
СУРАНИНГ ФАЗИЛАТИ
Нўъмон ибн Баширдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) икки ҳайит ва жума кунлари Аъла, Ғошия сураларини қироат қилардилар. Баъзан иккаласи бир кунда келиб қолса ҳам иккала сурани қироат қилаверар эдилар» (Имом Аҳмад, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва бошқалар ривояти).

Орқага Олдинга