loader

056. Воқеа сураси

Тўқсон олти оятдан ташкил топган бу сура Маккада нозил бўлган.
Бу сурада Қиёмат қойим бўлиши ва ўша пайтда рўй берадиган даҳшатли воқеа-ҳодисалар ҳамда у Кунда кишилар уч тоифага бўлиниб қолишлари ҳақида хабар берилади ва сура давомида ҳар бир тоифанинг топажак оқибатлари баён қилинади. Шунинг учун ҳам у "Воқеа — Воқеъ бўлгувчи" (Қиёмат) деб номлангандир.
Шунингдек, бу сурада дўзах даҳшатлари ва жаннат манзаралари батафсил тасвирланади ҳамда Охират ҳаётини инкор этгувчи кимсаларга ҳеч рад қилиб бўлмайдиган ҳужжатлар билан жавоб берилади. Сура хотимасида юқорида зикр қилинган ҳар бир хабар аниқ ҳақиқат эканлиги яна бир бор таъкидланиб, барча мўъмин-мусулмоеларни Улуғ Парвардигор номини поклаб-тасбеҳ айтишга амр этилади.

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

1-2. Қачон Воқеа — Қиёмат воқеъ бўлса, у воқеъ бўлган чоғда бирон ёлғон сўзлагувчи бўлмас.
Изоҳ: Яъни, аниқ тушгувчи бўлган Қиёмат Соати келганида, ҳаёти дунёда Аллоҳ таъоло шаънига ёлғон тўқиб юрган кимсалардан биронтаси ёлғон сўзлай олмай қолади.

3. (Қиёмат кофирларни дўзахга дучор этиш билан) паст қилгувчи, (мўъминларни эса жаннатга киритиш билан) баланд қилгувчидир.
Изоҳ: Яъни, бу дунёда нафслари истаган хирсу ҳавасларга муккадан кетиб, мол-давлат ва сатанатлари билан ҳаволаниб юрган динсиз-иймонсиз кимсаларни Қиёмат энг тубан дўзахга ташлаш билан паст қилиб қўяр, аммо бу ҳаёти дунёда мудом рўй бериб турадиган зулму ситам ва ҳақсизлик азобидан эзилиб юрсалар-да, ўз иймон-эътиқодларида устивор бўлган мўъмин-мусулмонларни эса жаннатлардаги баланд мақомларга кўтарур.

4-5-6-7. (У Кунда) Ер (қаттиқ) ларзага келди; тоғлар титилиб, чанг-тўзонга айланди ва сизлар уч синф-тоифа бўлиб қолдингизлар.

8. Бас, (у уч тоифадан биринчиси) ўнг томон эгаларидир. Ўнг томон эгалари (бўлмоқ) не (саодат)дир!

9. (Иккинчи тоифа) шум-чап томон эгаларидир. Шум-чап томон эгалари (бўлмоқ) не (бахтсизлик)дир!
Изоҳ: Ўнг томон эгалари ҳаёти-дунёдан иймон-эътиқод билан ўтганлари сабабли Қиёмат Кунида номаи аъмоллари ўнг томонларидан берилиб, жаннат неъматларига сазовор бўлган саодатманд кишилардир. Чап томон эгалари эса ҳаёти дунёдан куфру исён билан ўтганлари сабабли Қиёмат Кунида номаи аъмоллари чап томонларидан берилиб, дўзахга гирифтор бўлган бадбахт кимсалардир.

10. (Учинчи тоифа бўлмиш барча яхши амалларга) пешқадам бўлгувчи зотлар (жаннат неъматларига эришишда ҳам) пешқадам бўлгувчи зотлардир!

11-12. Ана ўшалар ноз-неъмат боғларида (Аллоҳ таъолога) яқин қилингувчилардир.

13-14. (У пешқадамлар) аввалги (уммат)лардан кўпчилик, кейингилардан (яъни, Муҳаммад алайҳиссалом умматларидан) эса оздир.
Изоҳ: Яъни, Одам алайҳиссаломдан тортиб, то Муҳаммад алайҳиссаломгача ўтган барча пайғамбарларга иймон келтирган ва уларнинг ёнларида туриб Аллоҳ таъоло буюрган Динга даъват қилишда ёрдамчи бўлган аввалги умматлар орасидаги пешқадам зотларнинг синоқларига нисбатан Муҳаммад алайҳиссалом умматлари ўртасидаги пешқадам зотларнинг сонлари оздир.

15-16. (Улар олтиндан) тўқилган сўриларда ястанган ҳолларида бир-бирларига рўбарў бўлиб (ўлтирурлар).

17—18. Устларида эса мангу ёш (яъни, ҳеч қаримайдиган) болалар оқар чашмадан (майли) қадаҳларни, кўзаларни ва косаларни айлантириб турурлар.

19. У (май)лардан уларнинг бошлари ҳам оғримас, маст ҳам бўлмаслар.

20-21. Яна ўзлари танлаб оладиган мева-чева ҳамда иштаҳалари тортган қуш гўштлари ҳам (айлантириб турилур).

22-23. Яна (улар учун) худди (садаф ичида) яшириб қўйилган гавҳар мисол оҳу кўз ҳурлар бордир.

24. (Бу) улар (ҳаёти дунёда) қилиб ўтган амалларининг мукофотидир.

25-26. Улар у жойда бирон беҳуда ва гуноҳ-ёлғон (сўз)ни эшитмаслар, фақат "Салом-салом", дейилганинигина (эшитурлар).

27. Ўнг томон эгалари... Ўнг томон эгалари (бўлмоқ) не (саодат)дир!

28. (Улар) тикансиз бутазорларда;

29. Тизилган бананзорларда;

30. Ёйилган соя (ости)да;

31. Оқизиб қўйилган сув (усти)да;

32-33. Тугаб қолмайдиган ва манъ этилмайдиган кўпдан-кўп (турли-туман) мева-чева (ости)да;

34. Баланд кўтарилган кўрпачалар (усти)дадирлар.

35. Дарвоқеъ, Биз уларни (оҳу кўз ҳурларни) дафъатан пайдо қилдик (яъни, улар онадан туғилмадилар, балки Аллоҳнинг қудрати билан дафъатан пайдо бўлдилар).

36-37-38. Сўнг уларни ўнг томон эгалари учун (ёшда ҳам, хусну жамол ва қадду қоматда ҳам) бири-бирига тенг, эҳтиросли, бокира қизлар қилиб қўйдик.

39-40. (Ўнг томон эгалари бўлмиш саодатманд кишилар) аввалги (уммат)ларидан ҳам кўпчилик, кейингилардан (яъни, Муҳаммад алайҳиссалом умматларидан) ҳам кўпчиликдир.

41. Чап томон эгалари... Чап томон эгалари (бўлмоқ) не (бахтсизлик)дир!

42. (Улар дўзахда тинимсиз эсиб турадиган, бандаларни илма-тешик қилиб юборувчи) Самум (шамоли) ва қайноқ сув ичида;

43-44. Ва на салқин, на фойдали бўлмаган қора тутундан иборат "соя" (ости)дадирлар.

45. Дарвоқеъ, улар бундан илгари (яъни, ҳаёти дунёда хирсу хавасга муккадан кетган) боёнлар эдилар.

46. Улар улуғ гуноҳ (яъни, ширк) устида оёқ тираб турар эдилар.

47-48. Ва: "Бизлар ўлиб, тупроқ ва суякларга айлангач, ростдан ҳам қайта тирилгувчимизми, аввалги ота-боболаримиз ҳам-а?!", деб (масхара қилар) эдилар.

49-50. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, Сиз уларга) айтинг: "Албатта аввалгилар ҳам, кейингилар ҳам маълум Кундаги белгиланган вақтга шак-шубҳасиз, тўплангувчидирлар.

51. Сўнгра албатта сизлар, эй (қайта тирилишни) ёлғон дегувчи гумроҳлар!

52. Шак-шубҳасиз, (жаҳаннамнинг ўртасида ўсадиган) Заққум дарахтидан егувчи —

53. — ундан қоринларингнзни тўлдиргувчидирсизлар.

54. Сўнг унинг устига қайноқ сувдан ичгувчи, (ичганда ҳам) —

55. Ташна-тўймас туялар каби ичгувчидирсизлар!

56. Мана шу уларнинг Жазо (Қиёмат) Кунидаги «зиёфат»ларидир!

57. (Эй инсонлар), сизларни Биз Ўзимиз яратдик-ку! Энди сизлар (Охиратда яна қайта яратишга Қодир эканлигингизни) тасдиқ этмайсизларми?!
Изоҳ: Яъни, йўқдан бор қилишга Қодир бўлган Зот қайта яратишга ҳам шак-шубҳасиз, Қодирдир. Энди қуйидаги оятларда Аллоҳ таъоло Ўзининг қайта яратишга Қодир эканлигига тўрт нарсани, яъни, инсонии яратганини, наботот (экин-ўсимликлар)ни яратганини, сувни яратганини ва ўт-оловни яратганини далил қилиб келтиради.

58. Сизлар (хотинларингизнинг бачадонига) тўкадиган маний-уруғ ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингларми?

59. Уни сизлар (комил инсон қилиб) яратурмисизлар ёки Биз яратгувчимизми?!
Изоҳ: Дарҳақиқат, бу инсон кўз ўнгида доимо такрорланиб турганлиги сабабли эътибор берилмайдиган буюк бир мўъжизадир: наҳотки киши баданидин ажралиб чиқиб турадиган тер, кўз ёши каби бўлган бир томчи сувдан — манийдан озгина муддат ўтгач, ўз-ўзидан эркак ё аёл жинсига мансуб, эшитгувчи, кўргувчи бир инсон пайдо бўлиб қолса. Тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган бу иш қандай содир бўлди? Ахир бу инсон ўзининг суяклари, гўшти ви териси билан; томирлари-ю, тук ва тирноқлари билан ҳамда фақат ўзигагина хос бўлган хулқи-табиати билан қаерга яшириниб олган эди?! Қай бир доно одам бир томчи сув ўз-ўзидан мана шундай инсонга айланган дея олади? Ҳеч ким! Чунки манҳий она бачадонига тушиши биланоқ эр-хотиннинг иш-амали битган: улар ўша бир томчи сувдан ҳомила пайдо бўладими-йўқми билишга қодир эмаслар, энди бу ёғи Ёлғиз Яратганнинг хоҳишига ҳавола. Агар У Зот хоҳласа, Ўз қудратини намоён қилиб, бир хил ҳужайрадан иборат бўлган ўша манийдан инсоннинг жамийки аъзоларининг ҳар бири ўзига хос бўлган минг-минглаб ҳужайраларини пайдо қилади ва ҳар бир аъзонинг ҳужайрисига ўз вазифасиии белгилаб беради. Ўша бир томчи сувдан аста-секин инсон жасадини пайдо қилади ва унга жон киритади... Дарҳақиқат, бу Илоҳий мўъжизада ақл юритгувчи кишилар учун етарли ибрат бордир.

60-61. Сизларнинг ўртангиздаги ўлимни ҳам Биз белгилаб қўйгандирмиз (яъни, сизларга ҳаётни ҳам, ўлимни ҳам Биз берурмиз). Ва Биз (сизларни вафот топдириб, ўрнингларга) сизларга ўхшаганларни алмаштириб қўйишга ҳамда сизларни ўзларингиз билмайдиган ҳолат-суратда қайта пайдо қилишга ҳам ожиз эмасдирмиз.

62. Дарвоқеъ, сизлар дастлабки пайдо бўлишларингиз (қандай бўлгани)ни билдинглар-ку! Бас, эслатма-ибрат олмайсизларми?!

63. Сизлар экаётган зироатларингиз ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингларми?

64. Уни сизлар ўндириб-ўстирурмисизлар ёки биз ундиргувчимизми?!

65. Агар Биз хоҳласак, албатта уни қуруқ чўп қилиб қўйган бўлур эдик, бас, сизлар ажабланган ҳолларингизда:

66. "Шак-шубҳасиз, бизлар зиён кўргувчилармиз.

67. Йўқ, бизлар (барча ризқу рўздан) маҳрум бўлгувчилармиз", (деб надомат қилиб қолган бўлур эдингизлар).

68. Сизлар ўзларингиз ичадиган сув ҳақида хеч ўилаб кўрдингларми?

69. Уни булутлардан сизлар ёғдирдингларми ёки Биз ёғдиргувчимизми?!

70. Агар Биз хоҳласак, уни шўр қилиб қўйган бўлур эдик. Бас, шукр қилмайсизларми?!

71. Сизлар ўзларингиз ёқадиган ўт-олов ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингларми?

72. Унинг дарахтини сизлар пайдо қилдингларми ёки Биз пайдо қилгувчимизми?!

73. Биз уни (жаҳаннам ўтидан) бир эслатма ва (саҳроларда юрадиган) мусофир - йўловчилар учун фойдаланадиган нарса қилиб қўйдик.

74. Бас, (эй Муҳаммад алайҳиссалом), улуғ Парвардигорингизнинг номини (ҳар қандай айб-нуқсондан) поклаб-тасбеҳ айтинг!

75-76-77-78. Мен юлдузларнинг ботар жойларига қасам ичурманки, — ҳолбуки, бу (қасам) агар билсангизлар, шак-шубҳасиз, улуғ-катта қасамдир — албатта у (Куръон сеҳр ёки уйдирма эмас, балки) асралган Китобдаги (Лавҳул-Маҳфуздаги) Улуғ Қуръондир!

79. Уни фақат таҳоратли — пок кишиларгина ушларлар.

80. (У) барча оламлар Парвардигори томонидан нозил қилингандир.

81. Бас, (эй кофирлар), сизлар мана шу Сўз — Қуръонга бепарволик қилурмисизлар (яъни, сизлар шундай улур Китобни назарларингизга илмасдан инкор қилмоқдасизларми)?!

82. Ва сизлар (Куръонни) ёлғон дейиш(дек бадбахтлик)ни ўзларингизнинг ризқ-насибаларингиз қилиб олурсизларми?!

83-84-85-86-87. Бас, қачон (вафот қилаётган кишининг жони) халқумига етганида — ҳолбуки, ўша вақтда сизлар қараб турурсизлар ва Биз унга сизлардан кўра яқинроқ бўлурмиз, лекин сизлар (буни) кўрмайсизлар (билмайсизлар). — Бас, агар сизлар эгасиз бўлсангизлар (ва ўзларингизнинг: "Ҳеч қандай эга — Пирвардигор ҳам, қайта тирилиш ҳам йўқ", деган сўзларингизда) ростгўй бўлсангизлар ўша (ҳалқумга келиб қолган жонни яна жисадга) қайтара олсангизлар эди! (Йўқ, ҳеч қачон қайтара олмассизлар).

88-89. Энди агар ўша (вафот қилгувчи киши Аллоҳга) яқин қилинган (пешқадам)лардан бўлса, у ҳолда (унинг учун) роҳат-фароғат, гўзал ризқ ва ноз-неъматли жаннат бордир!

90-91. Энди агар у ўнг томон эгаларидан бўлса, у ҳолда (эй саодатманд бандам), сенга ўнг томон эгаларидан салом бўлгай!

92-93-94. Энди агар у (қайта тирилишни) ёлғон дегувчи гумроҳлардан (яъни, чап томон эгаларидан) бўлса, у холда қайноқ сувдан иборат "зиёфат" ва дўзахга киритилиш бордир!

95. Шак-шубҳасиз, (ушбу сурада зикр қилинган нарсалар) айни ҳақиқатнинг ўзидир!

96. Бас, улуғ Парвардигорингизнинг номини (ҳар қандай айб-нуқсондан) поклаб-тасбеҳ айтинг!

Орқага Олдинга