Мадинада нозил бўлган. 3 оятдан иборат.
Ушбу сураи кариманинг номи ўзининг биринчи оятдаги «Иза жааъа насруллоҳи» жумласидан олинган. Наср-нусрат, ғалаба, ёрдам маъноларини англатади. Ҳар бир ишда Аллоҳнинг нусрати бўлмаса, бир нарсага эришиб бўлмайди. Айниқса, «Фатҳ» каби улкан ҳодисалар фақатгина Аллоҳнинг нусрати ила бўлади. Ушбу сураи каримада Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, у зотга Ўзи берган неъматни эслатмоқда ва наср келганда, ғалабага эришилганда ўзни қандоқ тутиш кераклигини ўргатмоқда.
Мусулмонлар Ислом даъватининг бошланишида оз сонли бўлиб кўплари камбағаллардан эди. Кофирларнинг сонлари, моллари, қувватлари жуда кўп эди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар кофирлардан озор чекардилар, азобланардилар. Лекин бунга қарамай, Ислом олдинга қадам ташларди. Мадинада мусулмонлар жамоаси пайдо бўлди. Кофирларнинг, айниқса Макка мушрикларининг адовати янада кучайди. Бир неча урушлар бўлди. Атрофдаги барча қабилалар Муҳаммад билан ўз қавми Макка мушриклари орасидаги низо нима билан тугар экан, агар маккаликлар ғолиб келса, Муҳаммаднинг Пайғамбарлиги рост бўлмайди, агар Муҳаммад ғолиб келса, Пайғамбарлиги рост бўлади, иймон келтирамиз, деб кутиб туришарди. Вақти келиб Макка фатҳ этилиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчилигидаги саҳобийлар ғолиб, музаффар бўлиб Маккага кириб боришгандан сўнг ҳамма гуруҳ-гуруҳ бўлиб Исломга кира бошлади. Бу сурада шулар ҳақида сўз юритилади.
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ
1. Вақтики, Аллоҳнинг нусрати ва фатҳ келса...
2. Ва одамларнинг Аллоҳнинг динига тўп-тўп бўлиб кираётганини кўрсанг...
3. Бас, Роббингни поклаб ёд эт ва Унга истиғфор айт. Албатта, У тавбаларни кўплаб қабул этувчидир.
Албатта, Аллоҳнинг нусрати ва фатҳнинг келиши, одамларнинг жамоа-жамоа бўлиб Аллоҳнинг динига киришлари улуғ неъматдир. Унга муносиб равишда шукр қилиш лозим. Бу Аллоҳ таолони барча нуқсонлардан поклаб ёд этиш, У зотга ҳамду санолар айтиш билан бўлади.
Аммо сураи каримадаги Аллоҳнинг нусрати ва фатҳ келганида, одамлар тўп-тўп бўлиб Аллоҳнинг динига киришганда истиғфор айтиш-гуноҳларни кечишни сўраш ўзига яраша ҳикматга эгадир. Банда Аллоҳнинг нусрати ва фатҳ келгунча ўтган кураш ва жиҳод даврида, қийналган пайтларида тушкунликка тушган, ноумид бўлган, хаёлига баъзи салбий фикрлар келган бўлиши мумкин, ана шунинг учун ғалаба пайтида истиғфор айтишга амр қилинмоқда. Шунингдек, нусрат ва ғалаба келгандан кейин банданинг қалбида бир оз ғурурланиш пайдо бўлиши ҳам мумкин. Шунинг учун ҳам оятда бундай ҳолатда истиғфор айтишга амр қилинмоқда. Бу амрга итоат мисолини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсий мисолларида аниқ кўрамиз. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳи куни шаҳарга тавозеъ қилиб, муборак пешоналари эгар қошига тегай, деб эгилган ҳолларида кирганлар.
Ушбу сураи каримада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларига ишора борлиги учун уни «Видолашув» сураси деб ҳам васф қилинади. Ушбу сура нозил бўлганда расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ойша онамизга: «Шуни менинг ажалим ҳозир бўлгани деб биламан», деганлар.
Имом Қуртубий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан келтирган ривоятда: «Ушбу сура Видолашув ҳажида Минода нозил бўлди, сўнгра «Бугунги кунда динингизни мукаммал қилдим» ояти нозил бўлди. Икковларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саксон кун яшадилар», дейилган.
Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қиладилар:
«Умар мени Бадр шайхларига қўшар эди. Баъзиларига бу ёқмас эди. Ўшалар унга, нима учун боламиз тенги одамни бизга қўшасан?!» дедилар. У эса:
«У ўзингиз билган одам!» деди. Бир куни у мени чақириб уларга қўшди. Уларга менинг кимлигимни билдириб қўйиш учун қўшганини билиб турардим.
Кейин Умар:
«Аллоҳ таолонинг «Иза жаааъ а насруллоҳи вал фатҳу» деган қавлига нима дейсизлар?» деди. Улардан баъзилари:
«Қачон бизга нусрат ёки фатҳ берса, Аллоҳга ҳамд ва истиғфор айтишга амр қилиндик-деймиз», дедилар. Баъзилари эса, сукут сақлаб, бирор нарса, демадилар. Шунда у менга:
«Сен ҳам шундоқ дейсанми, эй Ибн Аббос?!» деди.
«Йўқ», дедим.
«Нима дейсан?» деди.
«Бу-Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ажалларидир. Аллоҳ буни у зотга билдирди. «Агар Аллоҳнинг нусрати ва фатҳ келса» ўша ажалнинг аломатидир. «Бас, Роббингни поклаб ёд эт ва Унга истиғфор айт. Албатта, У тавбаларни кўплаб қабул қилувчидир», деди», дедим. Шунда Умар:
«Аллоҳга қасамки, мен ҳам бу борада фақат сен айтган нарсанигина биламан, холос», деди.
Ойша онамиз розияллоҳу анҳо айтибдиларки: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умрларининг охирида «Субҳаналлоҳи ва би ҳамдиҳи, астағфируллоҳи ва атубу илайҳи»ни кўп такрорлайдиган бўлиб қолдилар ва айтардиларки, Роббим келажакда умматимда бир аломат кўришимнинг хабарини берган эди ва шу аломатни кўрганимда тасбеҳ, «ҳамд» ва «истиғфор» айтишга буюрган эди, деб «Иза жааъа»ни ўқирдилар!.
Шу мазмундаги бошқа ривоятларни ҳам ўрганган уламолар Аллоҳ билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ораларидаги аломат «Наср» сурасининг тушиши эди, дерлар.
Ривоят қилинганки, «Наср» сураси нозил бўлганда Пайғамбаримизнинг амакилари Аббос ибн Абдулмутталиб йиғлаган эканлар. Пайғамбар алайҳиссалом у кишидан, нимага йиғлаяпсан, деб сўраганларида, Сизга вафотингиз хабари келгани учун йиғлаяпман, дебдилар. Шунда у ҳазрат алайҳиссалом, иш сен айтганингдек, деган эканлар.
Имом Насаий ривоятларида «Наср» сураси Қуръони каримнинг тўртдан бирига тенглиги ҳақида хабар бор.