loader

096. Алақ сураси

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

[1]. Ўқинг (эй Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган Зот бўлмиш Раббингиз исми билан!
Муфассирларнинг айтишича, бу Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи васалламга нозил бўлган биринчи сура ва у зотга
юборилган дастлабки ваҳийдир.(Бу гапни Оиша розияллоҳу анҳодан Ибн Жарир. Ҳоким (саҳиҳ деган), Ибн Мардавайҳ, Байҳақий (саҳиҳ деган) ривояти. Суютий. «Ад-дур ал-мансур», 6-жуз, 623-бет.)
Биринчи нозил бўлган сура бундан бошкадир, деган гаплар ҳам айтилган.
Бу ердаги мушкуллик шундаки, Аллоҳ таоло: «Ўқинг яратган зот бўлмиш Раббингиз исми билан», - деб Пайғамбар алайҳиссаломга ўқишни буюрмоқда. У зотга «Ўқи!» ёки «Қил!» деган буйруқ берилган вақтда ўзларига буюрилганидек, «Ўқи!» ёки «Қил!» демасликлари шу ва шунга ўхшаш гапларда тўғри бўлади. Чунки у зоҳиран буйруқ, шундай экан, у киши ўзларига буюрилган ишга бўйсунишлари керак бўлади, холос.
«(Эй Муҳаммад!) Айтинг: Эй кофирлар!»,(Кафирун сураси, 1-оят.) «(Эй Муҳаммад!) Айтинг: У Аллоҳ ягонадир»,(Ихлос сураси, 1-оят.) «(Эй Муҳаммад!) Айтинг: Паноҳ тилаб илтижо қилурман тонг Парвардигорига»,(Фалак сураси, 1-оят.) «(Эй Муҳаммад!) Айтинг: Паноҳ тилаб илтижо ҳилурман одамлар Парвардигорига»(Ан-Нас сураси, 1-оят.) оятлари, шунингдек, «Эй Пайгамбар! Хотинларингизга ва ҳизларингизга айтинг»(Аҳзоб сураси, 59-оят.) ояти ва шу кабилар ҳам худди шундай. Яъни уларда Пайғамбар алайҳиссалом ўзларига буюрилгани каби «Айтинг!» ёки «Ўқинг!» эмас, балки «Эй кофирлар!» «У Аллоҳ ягонадир», «Паноҳ тилаб илтижо қилурман тонг Парвардигорига», «Паноҳ тилаб илтижо қилурман одамлар Парвардигорига» дейишлари вожиб бўлади. Каломнинг услуби ҳам ана шудир.
Бу мушкулликнинг маъноси ва жавоби шуки, уни бир неча хил талқин қилса бўлади. Биринчиси, бу иш билан қироат борасида шу зайлда ўқиладиган, тиловат қилинадиган, замон охирига қадар мусҳафларда қайдлаб қўйиладиган Қуръон бўлиб қолиши ирода қилинган. Бу ишдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қандай айтилгани, қандай ваҳий қилингани, у зот ўзларига айтилган гаплардан бирорта ҳарфини ҳам қолдирмаганликлари маълум бўлиб туриши, бу нарса у зотнинг расулликларига ҳужжат, набийликларига оят-белги бўлиши мақсад қилинган. Яна ҳам Аллоҳ билувчирокфир!
Шунингдек, бу ҳолат одамларнинг гапларидан тушунилади-ган маънонинг хилофича бўлиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Бундан мақсад, осмондан тушган ваҳий ҳамда ундан нозил қилин-ган нарсадан тушунилган маъно (инсонларнинг) бир-бирларига қилган хитобларига ўхшаш бўлиб қолмаслиги, аммо ундан тушуниладиган маънодан фарқ қилишидир.
Иккинчиси, Аллоҳ таоло тарафидан қилинаётган бу хитоб ҳар бир одамга, ҳар бир одам тарафидан бошқаларга қаратилган бўлиши мумкин. Жаброил алайҳиссалом бу билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилган, у зотга ўқишни буюрган. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқаларни ана шу ишга буюрганлар. Ўша бошқа киши эса худди шу каби ўзидан бошқаларга буюрган. Демак, бу ердаги хитоб ҳар бир кишига, ҳар бир киши тарафидан эса бошқаларга қарата айтилган бўлиб чиқади. Яна ҳам Аллоҳ билувчироҳдир!
[бисми Роббикаллазий холақ] оятидан «Ўқишни Раббингиз исми билан бошланг!» - деган маъно ирода қилинаётган бўлиши мумкин. Бунинг асоси ҳар бир ишни унда барака ҳосил бўлиши учун Раббнинг исми билан бошлаш тайин қилиб қўйилганидир.
Иккинчиси, Аллоҳнинг исми ортидан зикр қилинаётган нарса Унинг исмини ёритиб бераётган бўлиши мумкин. Зеро, Аллоҳ таоло: «Яратган зот бўлмиш... (У) инсонни лахта қондан яратди», - деган. Бинобарин, бу иборалар оятда зикр қилинган Раббнинг исмини шарҳлаб бераётган бўлади.
Ёки    [бисми Роббика] ибораси(Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. У киши дедилар: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деб турганларини эшитдим: «Эй Аллоҳ! Мен Сенинг пок, хушбўй, муборак, Узинг учун энг суюкли бўлган исмингни васила қилиб сўрайманки, уни ўртага қўйиб, Сенга дуо қилинадиган бўлса, уни ижобат қиласан. Уни ўртага қўйиб сўраладиган бўлсанг, ато қиласан. Уни ўртага қўйиб раҳматинг сўраладиган бўлса, раҳм қиласан. Уни ўртага қўйиб, Сендан кушойиш сўраладиган бўлса, кушойиш берасан». Ибн Можа. «Сунан», Дуо китоби, 7-бет.)
деб айтилгани каби бўлади. Ана шу исм Аллоҳ таолонинг исмлари орасида яшириб қўйилган.
Сўнгра    [бисми Роббика] оятида «Рабб» исми Расулуллоҳ алайҳиссаломга нисбат бериб зикр қилинаётганини у зотни улуғлаш учун, бу нарса у зотнинг ўзларига хос хусусият бўлгани учун деб тушунилади. Ҳар ҳолда биз юқорида нарса-ларни Аллоҳ таолога хослаб нисбат бериш ўша хос нарсани улуғлаш учун бўлади, деб айтиб ўтган эдик. Жумладан, «Уйимни поклаб цўйинглар»,(Бақара сураси, 125-оят.) «Аллоҳнинг туяси»,(Аъроф сураси 73-оят. Ҳуд сураси, 164-оят. Шамс сураси, 13-оят.) «Ва, албатта, масжидлар Аллоуникидир» (Жин сураси, 18-оят.)ва шу кабилар нарсалар Аллоҳ таолога хослаб нисбат берилган иборалар сирасидандир. Нарсаларнинг тўлалигича Аллоҳ таолога нисбат бериб зикр қилиниши эса Раббни улуғлаш ва мақташ маъносида бўлади. Бунинг мисоли «Осмонлару ернинг мулки Аллоҳникидир»,(Бақара сураси, 107-оят.) «Осмонлару ернинг Рабби»(Раъд сураси, 16-оят.) ва «Ҳамма нарсанинг Рабби»(Анъом сураси, 164-оят.) оятларидир.
Сўнгра ўзига хос жиҳати намоён бўлмаган нарса Аллоҳ таолога хослаб нисбат берилмайди. «Эй Зайднинг Рабби!» «Эй Амрнинг Рабби!» ва шунга ўхшаш жумлаларни ишлатиш мумкин эмас. Бу иш ўзига хос жиҳатлари ва фазилатлари намоён бўлган пайғамбарлар, расуллар ҳамда фаришталар, ўзига хос томонлари ва фазилатлари зоҳир бўлган жойлар ва маконлар борасида жоиз бўлади, холос. Бундан мақсад, ўша зотлар ва жойларни улуғлашдир. Яна хам Аллоҳ билувчироқдир!
[2]. (У) инсонни лахта қондан яратди.
Ушбу оятда келган [ал-ъалақ] - қотган қондир. «(У) инсонни лахта қондан яратди» оятида барча инсонлар назарда тутилган. «У инсонга билмаган нарсаларини билдирди», оятида ҳам шундай. Шу нарсани билиб қўйиш лозимки, агар бирлик сондаги исмга [ал] аниқлик артикли кирадиган бўлса, ундан умумийлик ирода қилинади. Бу [иннал инсана лафии хуср](«(Ҳар бир) инсон зиёнда (бахтсизликда)дир», (Аср сураси, 2-оят).) оятига ўхшайди.
Мазкур оятда инсон нутқадан яратилган, деган сабабни кўрсатиб, уни пок деб даъво қиладиган олимларнинг гапи ботил эканига далолат мавжуд. Чунки Аллоҳ таоло: «(У) инсонни лахта қондан яратди», деб хабар қилган ва инсоннинг яратилишини унга нисбат берган. Ҳолбуки, қотган қоннинг нажосат эканида ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ. Сўнгра Аллоҳ инсонни нутфадан яратган эканини хабар бермоқда. Шунга кўра, ундан инсон яратиладиган нутфа нажас бўлиши жоиздир ва бу эҳтимолдан йироқ эмас.
Сўнгра Аллоҳ таоло бир ўринда инсоннинг яратилишини (шу жараёнда у) босиб ўтадиган ҳолатларга боғлаб, шундай деган: «У сизларни (Одамни) тупроцдан, сўнгра (авлодларини) нутфадан, сўнгра лахта қондан яратган Зотдир...»(«У сизларни (Одамни) тупроқдан, сўнгра (авлодларини) нутфадан, сўнгра лахта қондан яратган Зотдир. У сизларни (она қорнидан) чақалоқ ҳолингизда (ду-нёга) чиқарур. Сўнгра (У) сизларни вояга етишингизга, сўнгра қаришингизга (им-кон берур). Сизларнинг орангизда (балоғат ёки кексалик ёшидан) илгари вафот топадиган кишилар ҳам бўлур. (У) сизларни белгиланган ажалга етишингизга (қўйиб берур). Шоядки, (бу тўғрида) ақл юргизсангиз». (Ғофир сураси, 67-оят).) Бу ерда (биз тафсир қилаётган оятда эса) битта ҳолатга, юқорида айтилганидек, лахта қонга боғлаган. Аслида инсон санаб ўтилган лахта қон, нутфа ва тупроқдан яратилган эмас. Бу номлар мазкур нарсалардаги хусусиятлар эътиборига кўра уларга берилган номлардир. Ана шу хусусиятлар бошқа ҳолатга ўтиши билан ҳам йўқолади. Инсон бир парча этдан яратилади, холос. Аллоҳ таоло инсонни лахта қондан яратганини айтиб, зикр қилинган бошқа нарсаларга ҳам уни нисбат берганига сабаб ўша нарсаларни яратишдан мақсад айнан инсон бўлганидир ва энг сўнгги ғоя ҳам унинг ўзидир. Шу боис Аллоҳ таоло бу оятда энг сўнгги ғояга олиб борадиган нарсани (лахта қонни) зикр қилган. Яна ҳам Аллоҳ билувчироқдир!
[3]. Ўқинг! Раббингиз эса карамлидир.
[4]. У инсонга қалам билан (ёзишни ҳам) ўргатди.
[5]. У инсонга билмаган нарсаларини билдирди.
(Аллоҳ таоло дастлабки оятда) [ал-акрам] сўзини зикр қилди. Бу билан шу нарса маълум бўлиши мақсад қилинганки, Унинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ўзининг расули ва набийси қилиб танлаб олиши ҳамда у зотга Қуръонни таълим бериши (ўзлари сўрамасдан туриб) Аллоҳ тарафидан у кишига қилинаётган яхшилик ва марҳаматдир, (бу ишлар) Аллоҳ таолонинг зиммасида Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳақлари бор бўлгани учун эмас. Чунки У [ал-акрам] сўзини яхшилик, марҳамат ва саховат ўрнида зикр қилди. Чунки [ал-аълам] сўзи илмнинг қамраб олиши ва комиллиги билан сифатлаш бўлгани каби [ал-акрам] сўзи - бу энг юқори даражадаги сахийлик билан сифатлашдир.
«У инсонга қалам билан ўргатди. У инсонга билмаган нарсаларини билдирди». Аллоҳ таоло қаламни шундай восита қилиб яратдики, унинг ёрдамида (маълумотлар) сақлаб қўйилади, у билан қайдлаб борилади, у орқали одамлар ўз дунёлари ва дин ишларини унутиб, ёддан чиқариб қўйишдан қўрқадиган нарсаларнинг сақланиб қолишига эришадилар. Агар ана шу қалам бўлмаганида уларнинг дин ишлари ҳам, дунё ишлари ҳам тўғри бўлмас эди.
«Қалам билан ўргатди», яъни қалам билан ёзиш-чизишни ўргатди. Ибн Масъуд, Убай ҳамда Ҳафса розияллоҳу анҳумнинг мусҳафларида [ъалламал хотто бил қолами] тарзида зикр қилинган.
Сўнгра Аллоҳ таоло қалам билан таълим беришни Ўзига нисбат бермоқда. «У инсонга билмаган нарсаларини билдирди», - деган сўзи ҳам худди шу сингаридир. Бу ишни икки хил тушунилади. Биринчиси, бандаларнинг таълим олиш феъл-ларини Аллоҳ таолонинг Узи яратгани учун ҳам бу ишни ўзига нисбат бераётган бўлиши мумкин.
Иккинчиси, инсонлар учун таълим соҳасидаги воситаларни У яратиб қўйгани учун ҳам қалам билан ўргатишни Узига нис-бат бериб зикр қилаётган бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас. Яна ҳам Аллоҳ билувчироҳдир!
Сўнгра ана шу қалам билан ўргатиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эмас, у кишининг умматларига хосдир. Чунки Аллоҳ таоло у кишига ёзув-чизувсиз ўргатган. Зеро, У: «Ундан олдин ҳеч бир китобни тиловат қилмас эдинг ва ҳулинг билан хат ёзмас эдинг»,(Анкабут сураси, 48-оят.) - деган.
Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қалам ва ёзув воситасисиз ўргатиб қўйишида у зотнинг пайғамбар эканликларига буюк бир нишона бор. Шу нуқтаи назарданки, Аллоҳ таоло у зотни (ваҳийни бирор жойга) қайд этиб қўймасдан, ёзмасдан ва бирор чизиқ чизмасдан туриб, қалбида сақлаб қоладиган қилиб яратган.
«У инсонга билмаган нарсаларини билдирди» ояти Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам тааллуқли бўлиши эҳтимоли бор. «Ва билмаганингизни билдирди. Аллоҳнинг Сизга (нисбатан) фазли буюкдир»,(«Аллоҳ Сизга Китоб ва Ҳикматни нозил қилди ва билмаганингизни билдирди. Аллоҳнинг Сизга (нисбатан) фазли буюкдир» (Нисо сураси, 113-оят).) шунингдек, «(Эй Муҳаммад!) Булар Сизга ваҳий қилаётган Биздаги гайб хабарларидандир. Буларни илгари на Сиз ва на ҳавмингиз билар эдингиз»,(Ҳуд сураси, 49-оят.) «Сиз (бундан) олдин на Китобни (Куръонни) ва на имонни (моҳиятини) билувчи эдингиз»(«(Эй Муҳаммад!) Шундай қилиб, амримиз билан Сизга Руҳни (Қуръонни) ваҳий қилдик. Сиз (бундан) олдин на Китобни (Қуръонни) ва на имонни (моҳиятини) билувчи эдингиз. Лекин Биз уни (Қуръонни шундай) нур қилдикки, у билан бандаларимиздан Биз хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилурмиз. Албатта, Сиз (ваҳий ёрдамида) тўғри йўлга бошлайсиз» (Шуро сураси, 52-оят).) оятлари бунинг далил-исботидир.
«Аллоҳ таоло сизларни оналарингиз ҳоринларидан бирор нарсани билмайдиган ҳолингизда чиқарди»(«Аллоҳ таоло сизларни оналарингиз қоринларидан бирор нарсани билмай-диган ҳолингизда чиқарди ва шукр қилишингиз учун сизларга қулоқ, кўзлар ва қалбларни берди» (Наҳл сураси, 78-оят).) ояти сингари «У инсонга билмаган нарсаларини билдирди» ояти ҳам барча инсонларга тааллуқли бўлиши мумкин.
[6]. Дарҳақиқат, инсон ҳаддидан ошар.
[7]. (Бунга) сабаб ўзини бой - беҳожат санашидир.
Яъни инсон бойлик туфайли туғёнга кетади, ўзини беҳожат кўргани учун кибрга кетиб, мағрурланиб юради. Туғёнга кетгазувчи бойлик ва унуттирувчи фақирликдан (Аллоҳ таолодан) паноҳ сўраш ҳақида келган ҳадис(Анас розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам қачон бизга фарз намозни ўқиб берсалар, биз томонга юзланиб: «Эй Аллоҳ! Сендан мени шарманда қиладиган ҳар қандай ишдан паноҳ сўрайман. Сендан менга озор берадиган дўстдан паноҳ сўрайман. Сендан мени машғул қилиб қўядиган ҳар қандай орзудан паноҳ сўрайман. Сендан менга (бошқа неъматларни унуттирадиган ҳар қандай фақирликдан паноҳ сўрайман. Сендан мени туғёнга кетказадиган ҳар қандай бойликдан паноҳ сўрайман», демай қолмас эдилар». Ҳайтамий. «Муъжамуз завоид», 10-жуз, 145-бет. Сарахсий. «Ал-мабсут», 30-жуз, 282-бет) ҳам ана шу тарзда тушунилади. Чунки бойлик кишини такаббурлик, мағрурлик ҳамда туғёнга ундайди. Туғён - бу ҳаддан ошиш, унда тажовуз қилишдир. Унуттирувчи фақирлик эса ўзидан бошқа неъматларни ёддан кўтариб, ҳолдан тойдириб қўядиган фақирликдир. Яъни у мол-давлатдан ташқари соғлом тан, ақл, илм ва ҳоказолар каби неъматларни унуттиради.
«Дарҳақиқат, инсон ҳаддидан ошар. (Бунга) сабаб ўзини бой - беҳожат санашидир». Муфассирлар айтганларидек,(Мисол учун Муқотил ибн Сулаймоннинг тафсири, 3-жуз, 501-бетига қаралсин) бу оятда айнан ўша кофир банда Абу Жаҳлнинг - унга Аллоҳнинг лаънати бўлсин! - эмас, балки ўзини беҳожат кўргани учун туғёнга кетадиган ҳар қандай кофирнинг сифати баён қилинмокда.
«Дарҳақиқат, инсон ҳаддидан ошар». Бу оятда инсонларнинг ҳаммаси назарда тутилмаган. Чунки уларнинг ҳаммаси ҳам ҳаддан ошган эмас. Аллоҳ таоло берган хабарда ёлғон воқе бўлмайди. Бинобарин, бу оятда айрим инсонлар назарда тутилган. Бундан мақсад (ҳамма вақт ҳам) хитобнинг зоҳири ва умумига қараб тушуниш лозим эмаслиги, аммо ундан ирода қилинган маънога далолат қиладиган далилнинг мавжудлигига қараб тушуниш кераклиги маълум бўлишидир. Шунингдек, унда шу нарсага ишора борки, хитобдан ирода қилинган нарса баъзан далил билан бирга қўшиб баён қилинган ҳолда келади, баъзан далил билан бирга келмасада, талаб қилинган ҳолда келади.
[8]. (Эй инсон!) Албатта, қайтиш Раббинг ҳузуригадир.
Ушбу оятдаги [ар-ружъаа] қайтиб борадиган жой маъносидадир. Абу Убайда худди шу гапни айтган.(Абу Убайда. «Мажозул Қуръон», 2-жуз, 304-бет.) Ундан бошқалар эса уни «қайтиш» маъносида деганлар.
Сўнгра [илаа Роббикар ружъаа] ояти «ҳар кимнинг қайтиш жойи ўзи учун тайёрлаб қўйилган жойгадир. Оятда зикр қилинганидек, кофирники дўзах, мўминники эса жаннат», деган маънода бўлиши эҳтимоли бор.
Эҳтимол, бу оят ҳамма-ҳамманинг Унга қайтиши ҳақидаги хабардир.
[9]. (Эй инсон!) Кўрдингми, қайтараётган кимсани
[10]. бандани намоз ўқиганда?!
[11]. Кўрдингми - агар у (қайтарувчи) ўзи тўғри йўлда бўлса экан
[12]. ёки (ўзгаларни) тақвога (Аллоҳдан қўрқишга) буюрса экан!
[13]. Кўрдингми, агар у (намоздан) тўсувчи кимса (аксинча ҳақни) инкор этса ва (у имон келтиришдан) юз ўгирса,
[14]. албатта, Аллоҳ (унинг бу қилмишларини) кўриб туришини билмаганмиди?!
Муфассирлар (мазкур 9-оятда келган): «қайтараётган кимса» Абу Жаҳл - унга Аллоҳнинг лаънати бўлсин! - «намоз ўқиётган банда» эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдир», - деганлар. Негаки, Пайғамбар алайҳиссалом Ҳижр (Каъбанинг шимоли-ғарбидаги Макка масжидининг аниқлан-ган жойи)да намоз ўқиётганларида Абу Жаҳл у кишини намоздан қайтарарди. Ана шунда «(Эй инсон!) Кўрдингми, қайтараётган кимсани, бандани намоз ўқиганда?! Кўрдингми -агар у (қайтарувчи) ўзи тўғри йўлда бўлса экан ёки (ўзгаларни) тақвога (Аллоҳдан қўрқишга) буюрса экан! Кўрдингми, агар у (намоздан) тўсувчи кимса (аксинча ҳақни) инкор этса ва (у имон келтиришдан) юз ўгирса, албатта, Аллоҳ (унинг бу қилмишларини) кўриб туришини билмаганмиди?!» - оятлари нозил бўлди. Буларнинг барчаси улардан сўнг зикр қилин-ган тахдид ояти - «Албатта, Аллоҳ (унинг бу қилмишларини) кўриб туришини билмаганмиди?!» оятининг ичида жамланган бўлиши мумкин. Аллоҳ таоло гўё: «Намоз ўқиганда бандани қайтараётган кимсани кўрдингми?! Ҳидоятда бўлган ёки тақвога буюрган бандани қайтараётган кимсани кўрдингми?!» - демоқда. Ана шу банда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдир. Ўша кофир кимса (Абу Жаҳл) у зот намоз ўқиганларида қайтарар, ҳидоятдан ва тақвога буюришдан тўсар эди.
У яна: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни инкор этган ва Аллоҳ таолога итоат қилишдан юз ўгирган кимсани кўрдингми?! Албатта, Аллоҳ (унинг бу қилмишларини) кўриб туришини билмаганмиди?!» - демокда.
Юқорида зикр қилинганларнинг барчаси ана шу таҳдиднинг остига дохил бўлиб кетади ва юқорида ўтган: «Кўрдингми. қайтараётан кимсани, бандани намоз ўқиганда?!» - деган оятларнинг жавоби бўлади. «Кўрдингми, қайтараётган кимсани, бандани намоз ўқиганда?!» оятларининг жавобига сукут сақланган бўлиб, тушунарли бўлгани учун тарк қилинган бўлиши ҳам мумкин.
Яъни «Албатта, Аллоҳ (унинг бу қилмишларини) кўриб туришини, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун ундан интиқом олишини билмаганмиди?!»
Ёки: «Албатта, Аллоҳ (унинг бу қилмишларини) кўриб туришини, бас, уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қасд қилган ишидан четлатиб юборишини билмаганмиди?!» Демак, бу таҳдиддир.
Сўнгра «Албатта, Аллоҳ (унинг бу қилмишларини) кўриб туришини билмаганмиди?!» оятини икки хил талқин қилиш мумкин: биринчиси, «У гапираётган барча гаплар ва амалга ошираётган ҳамда қасд қилган барча ишларни Аллоҳ кўриб туришини билар эди. Аммо у такаббурлик ва ўжарлик юзасидан ана шу ишларни қилди», деб. Иккинчиси, Аллоҳ таоло уни билиб туришидан у бехабардир, деган маънода «Аллоҳ кўриб туришини у билмади. Чунки, агар Аллоҳ кўриб туришини, намоздан тўсиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга макр қилишдан иборат унинг қилмишларини билиб туришини билганида, у зотга нисбатан бу ишларни қилмаган бўлар эди», деб.
[15]. Йўқ! Қасамки, агар у (бу йўлидан) қайтмаса, албатта, Биз унинг пешона сочидан тутамиз
[16]. ўша ёлғончи, адашган (кимсанинг) пешона сочидан (тутиб жаҳаннамга отурмиз)!
Яъни ҳақиқатда, агар у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қиладиган ишидан қайтмаса, яъни «албатта, Биз унинг пешона сочидан тутамиз». «Пешона сочидан тутиш» маҳкам ушлаш, пешона сочидан тутиб қаттиқ судрашдан иборатдек гўё.
Сўнгра, агар у (Абу Жаҳл) мазкур ишлардан ўзини тиймайдиган бўлса, ана шу оят бу дунёда унга қилинган ваъид (таҳдид) бўлиши мумкин. Бинобарин, бу таҳдид шу дунёнинг ўзи учун бўлса, [ла насфаъанна] феълининг ўзаги бўлмиш) [ас-сафъу] азобдан киноя бўлиб чиқади ва: «Албатта, Биз уни азоблаймиз», - деган маънода бўлади.
Баъзи бир манбаларда айтилишича, Аллоҳ таоло уни (Абу Жаҳлни) Бадр куни пешона сочидан тутди ҳам. Зеро, (ўша куни) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига унинг ўлигини олиб келиб ташладилар.
Агар бу таҳдид охиратга тегишли бўлса, у ҳолда аниқ пешона сочидан тутиш маъносида бўлади. «Уларни қиёмат куни юзтубан, кўр, кар, сокрв ҳолларида тўплармизу ва «Юзтубан дўзахга судраладиган кунларида» оятлари бунга мисолдир.
Араб тили уламолари шундай деганлар:
[ланасфаъан бин наасия] «ушлаймиз», деган маънодадир. [сафаъту наасиятаҳу] «уни ушладим», дегани. Арабларда «Ҳасса билан урди», деган маънода [сафаъаҳу бил асо] деган гап бор. Яна «Унинг қўлидан ушла» деган маънода[исфаъ би ядиҳи] дейилади».
(Оятда зикр қилинган) «ёлғончи, адашган» ибораси нафсдан (пешона соч эгасининг ўзидан) киноя бўлиши ҳам, юқорида зикри ўтган пешона сочдан киноя бўлиши ҳам мумкин.
[17]. Бас, у ўзининг жамоасини (ёрдамга) чақираверсин!
[18]. Биз эса азоб фаришталарини чақиражакмиз!
[фал ядъу наадияҳ], яъни «Расулуллоҳ соллаллох алайҳи васалламга қасд қилган ишида унга ёрдам бериши учун ҳамнишинларини чақирсин». Биз эса у зотга қасд қилган ишини амалга оширишга қудрати етадими (йўқми), билиб қўйсин деб, уни даф қилиш учун [санадъуз забаанияҳ] «азоб фаришталарини чақиражакмиз».
Бу иш дунё ҳаётида содир бўлган бўлиши эҳтимоли бор. Зотан, унинг Бадр куни қатл қилинганини юқорида зикр қилиб ўтган эдик. Ана ўша даф қилиш азоб фаришталари тарафидан охиратда воқе бўлиши ҳам мумкин. Азоб фаришталари дўзах аҳлини дўзахга даф қилганлари учун ҳам «забониялар» деб аталди. Баъзи бир тафсирларда айтилишича, [забония] -тартиботчилар бўлиб, унинг бирлик шакли [зибния]дир. [ан-наадии] эса мажлис бўлиб, (бу ўринда) ундан унинг (Абу Жаҳлнинг) қавми ирода қилинган.
[19]. Йўқ! (Эй Муҳаммад!) Сиз унга итоат этманг ва (ёлғиз) Аллоҳга сажда (ибодат) қилиб, (Унга) яқин бўлинг!
Яъни Сиз ўша кофирга итоат этманг! Айтилганидек, Пайғамбар алайҳиссалом вафот этгунга қадар унга итоат этмадилар.
[васжуд вақтариб]. Бу оят Пайғамбар алайҳиссаломга қилинган хитоб бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас. Яъни «Сиз намоз ўқинг ва Аллоҳ таолога яқин бўлинг!»
«Намоз ўқинг» маъносидаги [васжуд] хитоби Пайғамбар алайҳиссаломга, [вақтариб] эса «(нима бўлишини) кўришинг учун Муҳаммадга яқинлаш!» деган маънода Абу Жаҳл лаъанаҳуллоҳга тахдид билан қилинган хитоб бўлиши ҳам мумкин. Чунки у намоз ўқиётган чоғларида Пайғамбар алайҳис-саломга нисбатан макр қилишни мақсад қилиб юрган эди.
Сўнгра ушбу оят зоҳирий таъвилга кўра биз учун ташбиҳ аҳлига қарши далил-ҳужжатдир. Чунки оятдаги [вақтариб]
иборасидан макон жиҳатидан бўладиган яқинлик ва зотнинг яқинлиги тушунилмаган, аммо мартаба ва даража жиҳатидан бўладиган яқинлик тушунилган. «Ким менга бир қарич яқинлашса, Мен унга бир зироъ яқинлашаман», дейилганга ўхшаш хабарлардан (ҳадислардан) ҳам зотий яқинлик тушунилмайди, бироқ (дуони) ижобат қилишда даража ва мартаба жиҳатидан бўлган яқинлик тушунилади. Шунингдек, Қуръонда зикр қилинган яқинликнинг барчаси даража ва мартаба жиҳатидан бўлган яқинликдир.
Сўнгра ушбу сурада сажда (ояти) бор. Чунки Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унда (ушбу сурани ўқиган чоғларида) сажда қилганлар».
Ибн Сирин раҳимаҳуллоҳ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда у шундай деган: «Изас самааун шаққот» ва «Иқроъ бисми Роббика!» (суралари)да Абу Бакр, Умар розияллоҳу анҳумо ва у иккисидан афзалроқ киши сажда қилганлар».
Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда у киши шундай деган: «Иқроъ» (сураси)да сажда қилишга бўлган амрлардан бири бордир».
Абу Убайда Абдуллохдан унинг шу сурада сажда қилганини ривоят қилган. Тўгрисини Аллоҳ билувчироқдир!

Орқага Олдинга