loader

063. Мунофиқун сураси

Мадинада нозил бўлган. 11 оятдан иборат
Бу сураи каримада ҳам шариат аҳкомлари, Исломнинг амалий тарафлари ҳақида сўз кетади. Асосан, Мадинада юзага келган нифоқ ва мунофиқлар ҳақидасўзюритилади. Суранинг «Мунофиқлар» деб аталишининг боиси шундан.
Сураи карима аввалида мунофиқларнинг хулқлари, уларнинг разил сифатлари, жумладан, ёлғончиликлари, ичлари бошқа-ю, устлари бошқа, диллари ўзга-ю, тиллари ўзга эканлиги баён этилади.
Сўнгра уларнинг Пайғамбар алайҳиссаломга ва мусулмонларга қарши уюштирган фитналари ҳақида хабар берилади. Мунофиқлар сиртдан мусулмонликни кўрсатиб, аслида дин учун ҳатто кофирлар ҳам қила олмайдиган ёмонликларни қилишлари баён этилади. Сиртдан мусулмонлик даъволарига кўплар ишониб қолиши мумкин, шунинг учун уларнинг динга, мусулмонларга етказадиган зарарлари кофирлар етказадиган зарарлардан ҳам кўра хатарлироқдир.
Бинобарин, улар дўзахда тортадиган азоб ҳам кофирларга бериладиган азобдан кўра кучлироқ бўлади.
Бу сурада яна мунофиқларнинг Пайғамбар алайҳиссалом шаъниларига айтган шармсиз сўзлари, у кишининг ишлари охирига етмайди деган эътиқодлари ва бошқа кирдикорлари ҳақида сўз юритилади.
Сура охирида мусулмонлар мунофиқларга ўхшамасликка дунё зийнатларига, ҳой-ҳавасга берилиб, Аллоҳнинг тоат-ибодатини унутмасликка даъват қилинади. Вақт борида Аллоҳ йўлида хайр-эҳсон қилиб қолиш кераклиги, кейин афсус-надомат фойда бермаслиги таъкидланади.
Аввал нифоқ ва мунофиқлар ҳақида тўлиқроқ тушунчага эга бўлиб олишимиз келажакда ояти карималарни тушунишимизга ёрдам беради.
Араб тилида «нифоқ» сўзи ичи бўш, ташқи кўриниши ўзгача нарсага ишлатилади. Мисол учун, юмронқозиқ ёки тулкининг уясига ҳам «нифоқ» сўзи ишлатилади. Чунки улар устидан оддий ерга ўхшайди, бир тарафдан кирса, иккинчи тарафдан чиқиб кетаверади. Ҳозирги кунда ажНабий тилларда «тонел» деб номланаётган иншоотлар ҳам арабчада «нафақ» дейилади.
Агар бу маънони диний-ақидавий истилоҳда ишлатмоқчи бўлсак, сиртдан мусулмонликни эълон қилиб, ичидан унга лойиқ бўлмасликка мунофиқлик, деб айтилади. Одамлар кўз ўнгида Ислом динига мансублигини эълон қилиб, ҳатто баъзи амалларни ҳам қилиб юрадиган, аслида эътиқоди бузуқ бўлган кишиларни «мунофиқ» дейлади.
Кўпинча ҳадиси шарифларда мунофиқларнинг аломатлари ҳақида сўз юритилган, улардан бирида Расули акрам алайҳиссалом: «Мунофиқнинг белгиси учтадир: гапирса ёлғон гапиради, омонатга хиёнат қилади, ваъда берса устидан чиқмайди. Кимда шу хислатлар бўлса, унда мунофиқнинг барча хислатлари бўлган бўлади, агар биттаси бўлса, битта хислати бўлади», деганлар.
Мунофиқларнинг очиқ-ойдин кофирлардан ҳам катта хатарли эканликларига боис-кофирлар билан бўладиган алоқа ва муомалаларда биз уларнинг кимлигини эътиборга олиб, ўзларига яраша иш тутамиз. Мунофиқлар эса, сиртдан мусулмон бўлиб кўринадилар, одамнинг ичидагини билиб бўлмайди, натижада уларга ҳам мусулмонча муомала қилишга мажбур бўлинади. Бу билан мунофиқларга динга катта зарарлар етказишга имкон яратилади.
Айнан мана шу ҳолат уларга қиёмат куни кофирлардан кўра кўпроқ ва аламлироқ азоб берилишига сабаб бўлади.Аллоҳ таоло мунофиқлар жаҳаннамнинг энг қаъридан жой олишларини таъкидлаб айтган.
Ислом динининг аввалги пайтларида Маккаи Мукаррамада мунофиқлик йўқ бўлган. Ҳижратдан кейин, мусулмонлар Мадинаи Мунавварада алоҳида жамият бўлиб, «кўкракларига шамол тегиб» яшай бошлаганларидан сўнггина бу дард пайдо бўлди.
Маккада мусулмонлар оз сонли, заиф бўлиб, хоҳлаган киши уларга бемалол зулм ўтказар ва азоб берар эди. Одатда, бундай пайтда фақат ҳақиқат мўминларгина сабр-чидам билан динларини маҳкам ушлайдилар. Мадинада эса, мусулмонлар куч-қувватга, ўз давлатларига эга бўлдилар, улар билан ҳисоблашмасликнинг иложи қолмади. Шундай бир пайтда дилларини моғор босган, қалбларида марази бор баъзи кимсалар мунофиқлик йўлига ўтдилар. Аллоҳдан эмас, Аллоҳнинг бандаларидан қўрқиб, Исломга юзаки кирдилар.
Ушбу сураи карима мунофиқларнинг кўпгина кирдикорларини фош қилади. Жумладан, улар турли ёлғон миш-мишлар тарқатадилар, мусулмонларни маънавий-руҳий тарафдан заифлаштиришга, уларнинг қалбларида иймонни сусайтиришга ва умидсизликни кўчайтиришга ҳаракат қиладилар.
Мунофиқлик турли ахлоқий разилатнинг уясидир. Риёкорлик, алдамчилик, хиёнат, ёлғончилик, иккиюзлик, ваъдага хилоф қилишлар шулар жумласидандир. Мунофиқлик ҳар бир умматнинг жисмини титиб юборадиган ижтимоий касалликдир.
«Мунофиқлар» сурасининг нозил бўлиш сабаблари ҳақидаги ривоятларни мухтасар қилиб келтирадиган бўлсак, қуйидаги суврат кўз ўнгимизда намоён бўлади.
Бани Мусталақ қавми билан бўлган урушга Пайғамбар алайҳиссалом ва мўминларга қўшилиб, жиҳод учун эмас, балки ўлжа олиш умидида мунофиқлар ҳам чиқишган эди.
Ғазот Пайғамбар алайҳиссаломнинг ғалабалари билан тугаб, барча ортга қайтаётганда, йўлда Синан ва Жаҳжаҳ исмли кишилар қудуқ устида сув талашиб, уришиб қолдилар. Жаҳжаҳ Синанни уриб юзини қонатди. Синан:
«Ё хазражликлар, бормисан!» деди, улар югуриб келдилар. Ўз навбатида Жаҳжаҳ:
«Ё қурайшликлар, бормисан!» деди, улар ҳам югуриб келдилар. Орада фитна чиқадиган ҳолат пайдо бўлди. Муҳожирлардан бир гуруҳи фитнанинг олдини олдилар. Бу хабар мунофиқларнинг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убайга етиб борганида, у: «Аллоҳга қасамки, сизлар билан анави қурайшликлар худди эскиларнинг, итингни семиртирсанг, ўзингни қопади, деган гапига ўхшайсизлар Ўзингизга ўзингиз қилдингиз. Уларга уйларингизни бўшатиб бердингиз. Молу мулкингизни сарфладингиз. Улар кучли бўлдилар. Сиз заифлашдингиз. Аллоҳга қасамки, агар сиз ёрдам бермасангиз, анавининг (Пайғамбарнинг) атрофидагилар тарқаб кетишади. Мадинага етиб борганимизда азиз ундан хорни чиқаради», деди. Хор деб Пайғамбарни кўзда тутди.
Ўша ерда Зайд ибн Арқам номлибалоғатга етмаган йигитча ҳам турган эди. Бўлиб ўтган гап-сўзни Пайғамбар алайҳиссаломга бориб айтди. У зот Абдуллоҳ ибн Убайни олдириб келдилар ва:
«Шу гапларни сен айтдингми?» дедилар. У бўлса:
«Сенга Қуръонни нозил қилган зот билан қасамки, бу гаплардан биттасини ҳам айтганим йўқ, Зайд ёлғончи экан», деди. Ўша ерда ҳозир бўлган мусулмонлар, кичкина боланинг гапига ишонавериш керак эмас, балки адашгандир, дейишди. Расуллоҳ уни кечирдилар. Ансорийлар Зайдни маломат қилишди, ёлғончига чиқаришди. СўнграАллоҳ таоло «Мунофиқлар» сурасини тушириб, Зайднинг сўзини тасдиқлади ва Абдуллоҳ ибн Убайнинг ёлғонини фош қилди.

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ.

1. Мунофиқлар ҳузурингга келганларида, гувоҳлик берамизки, сен, албатта, Аллоҳнинг Расулисан, дерлар. Ҳолбуки, Аллоҳ албатта сен Унинг Расули эканингни биладир. Ва Аллоҳ гувоҳли берурки, албатта, мунофиқлар ёлғончидирлар.
Мунофиқлар дилларида Пайғамбар алайҳиссаломга иймонлари бўлмаса ҳам, у кишини кўрганларида биз сенинг Расулуллоҳ эканлигингга иқрормиз, эътироф этамиз, дейишади. Аллоҳ бу ҳақиқатни билиб турибди.
«Мунофиқлар ҳузурингга келганларида, гувоҳлик берамизки, сен, албатта, Аллоҳнинг Расулисан, дерлар».
Яна Аллоҳ мунофиқлар бу гувоҳликни ёлғондан бераётганликларини ҳам билиб турибди.
«Ҳолбуки, Аллоҳ албатта сен Унинг Расули эканингни биладир. Ва Аллоҳ гувоҳли берадики, албатта, мунофиқлар ёлғончидирлар».
Аллоҳ мунофиқлар воқеъликка тўғри гапни, Муҳаммад алайҳиссаломнинг Пайғамбар эканликларини айтсалар ҳам, уларнинг дилига тўғри келмагани учун ёлғончилар деб атамоқда.

2. Улар қасамларини қалқон қилиб олдилар ва Аллоҳнинг йўлидан тўсдилар. Бас, уларнинг қилган ишлари ёмон бўлди!
Мунофиқлар одамларни ишонтириш учун, биз мусулмонмиз, деб қасам ичардилар. Мусулмонлар қасамга ишониб, уларга тегмас эдилар. Шундоқ қилиб, қасам уларга қалқон бўлиб хизмат қиларди.
«Улар қасамларини қалқон қилиб олдилар ва Аллоҳнинг йўлидан тўсдилар».
Бу имкониятдан фойдаланиб улар Аллоҳнинг тоатидан юз ўгирар ва одамларни ҳам йўлидан бошқа томонга бурар эдилар.
«Бас, уларнинг қилган ишлари ёмон бўлди!»
Ёлғон, алдамчилик ва залолатдан ҳам ёмонроқ иш борми бу дунёда?!
Келаси оятда Аллоҳ улар инфоқининг ҳақиқатини баён қилади.

3. Бунга сабаб шуки, улар иймон келтирдилар, сўнг кофир бўлдилар, бас, қалбларига муҳр босилди. Энди улар фаҳмламаслар.
Ушбу ояти кариманинг биринчи жумласига икки хил маъно бериш мумкин.
Биринчи маъно: Аввал улар иймон ҳақиқатини билдилар, лекин кейин кофирликни ихтиёр қилдилар.
Иккинчи маъно: Улар мўминларни кўрганда юзаки иймон келтирдилар, сўнг ўз қавмлари ҳузурига борганларида кофирликка қайтдилар.
Шунинг учун уларнинг қалбига муҳр босилди.
«Бунга сабаб шуки, улар иймон келтирдилар, сўнг кофир бўлдилар, бас, қалбларига муҳр босилди».
Энди ҳақ йўлга ҳидоят топмайдилар. Улар Қуръонни, иймонни тушунмайдилар. Нур билан зулматни ажрата олмайдилар. Ҳа,
«Энди улар фаҳмламаслар».

4. Ва агар уларни кўрсанг, жисмлари сени ажаблантирур ва агар гапирсалар, гапларига қулоқ осарсан. Улар худди суяб қуйилган ходага ўхшарлар. Ҳар қичқириқни зиддиларига ҳисобларлар. Улар душмандирлар. Улардан ҳазир бўл. Аллоҳ уларга уруш очсин, ҳақдан қандоқ ўгирилурлар.
Бу оятда Аллоҳ таоло мунофиқларнинг баъзи сифатлари ва тасарруфларини мўминлар улардан эҳтиёт бўлишлари учун баён қилмоқда.
«Ва агар уларни кўрсанг, жисмлари сени ажаблантирур ва агар гапирсалар, гапларига қулоқ осарсан».
Чунки мунофиқларнинг ичида чиройли юзли, келишган гавдали, сўзга уста кишилар бор. Бундай қараганда, келишган, туппа-тузук одамлар, гаплари ҳам кишиларни ром қиладиган. Масалан, мунофиқларнинг ўша пайтдаги раҳбари Абдуллоҳ ибн Убай қоматли, чиройли ва сўзламол одам эди. Бошқа мунофиқлардан ҳам унга ўхшашлари бор эди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг мажлисларига келиб, деворга суяниб ўтирар эдилар. Саҳобалар уларнинг қоматларига ҳавас билан боқишар, гапларига қулоқ солар эдилар. Лекин барибир қалблари иймондан, яхшиликдан холи бўлгани учунАллоҳ таоло уларни деворга суяб қўйган ходага ўхшатмоқда.
«Улар худди суяб қуйилган ходага ўхшарлар».
Мунофиқларнинг сифатларидан яна бири,
«ҳар чақириқни зиддиларига ҳисобларлар».
Яъни, улар доимо қўрқинчда бўладилар, ҳар бир баланд овозни бизга қарши деб ўйлайдилар. Икки киши орасида кечаётган ҳар қандай суҳбатдан ҳам улар менга қарши гаплашяпти, деб ҳадиксирайверадилар. Мазкур хусулиятларга эга бўлган кишилар тўлиқ душманлар бўладилар. Шунинг учун ҳам Аллоҳ оятда:
«Улар душмандирлар», демоқда.
Яъни, ҳақиқий душманлар ўша мунофиқлардир. Чунки душманнинг энг ёмони юзингга кулиб қараб туриб, қўйнида сенга отиш учун тош сақлаганидир. Демак, уларнинг ташқи кўринишига ишониб қолмаслик керак. Аллоҳ:
«Улардан ҳазир бўл», деб огоҳлантиряпти. Оят уларнинг зиддига дуо билан якунланади. Биз,
«Аллоҳ уларга уруш очсин», деб таржима қилган жумла арабчада «Қоталаҳумуллоҳ» дейилади ва тафсирчиларимиз, Аллоҳ уларни лаънатласин, Ўз раҳматидан узоқ қилсин, деб тафсир қиладилар.
«…ҳақдан қандоқ ўгирилурлар».
Шунча нарсани кўриб-билаб туриб, қандоқ қилиб ҳақдан ботига қараб ўгирилиб кетдилар?!
Зикр этилган бу сифатларга эга бўлган кишилардан яхшилик умид қилиш қийин, уларнинг мусулмон бўлишини орзу қилмаса ҳам бўлади.

5. Ва агар уларга: «Келинглар, Аллоҳнинг Расули сизларга истиғфор айтур», дейилса, улар бошларини чайқарлар. Ва уларни мутакаббирлик ҳолида юз ўгираётганларини кўрурсан.
6. Улар учун истиғфор айтасанми ёки айтмайсанми бари бир. Аллоҳ уларни ҳеч мағфират қилмас. Зеро, Аллоҳ фосиқ қавмларни ҳидоят қилмас.
Истиғфор айтиш-гуноҳнинг кечишини Аллоҳдан сўраш. Суранинг нозил бўлиши ҳақидаги ривоятларда келишича, мунофиқларнинг раҳбари Абдуллоҳ ибн Убайнинг ёлғончилиги фош бўлгандан сўнг кишилар унга: «Энди Расулуллоҳнинг ҳузурларига бориб узр сўра, у киши сенинг гуноҳларингни кечишини сўраб Аллоҳга дуо қилсалар, гуноҳларинг мағфират қилинса ажаб эмас», дейишганда, мутакаббирлик билан бош чайқаб, бормаган экан. Лекин оятнинг ҳукми ҳамма мунофиқлар учун бир.
«Ва агар уларга: «Келинглар, Аллоҳнинг Расули сизларга истиғфор айтур», дейилса, улар бошларини чайқарлар. Ва уларни мутакаббирлик ҳолида юз ўгираётганларини кўрарсан».
Мунофиқлар мусулмонлик даъвосини қилиб юргани учун баъзи гуноҳларни содир этганларида, оддий мусулмонлар каби уларни ҳам Аллоҳдан гуноҳларини мағфират қилишини сўрашга-истиғфор айтишга чорлансалар, улар бу таклифга кўнмасдан бошларини чайқайдилар. Шу билан улар ўзларининг мунофиқликларини ўзлари фош этиб қўядилар. Айниқса, уларга, келинглар, Аллоҳнинг Расули сизларга истиғфор айтади, дейилганда, бошларини чайқашлари уларнинг мунофиқликларини жуда ҳам очиқ-ойдин фош этади. Чунки, қалбида заррача иймони бор шахс Аллоҳга истиғфор айтишдан зинҳор бош тортмайди. Хусусан, Аллоҳнинг Расули сизларга истиғфор айтади, дейилганда, уларнинг  рад маъносида бошларини чайқашлари мутлақо мумкин эмас.
 Эй Пайғамбар!
«Улар учун истиғфор айтасанми ёки айтмайсанми бари бир».
Улар учун истиғфор айтдинг нимаю, айтмадинг нима, фарқи йўқ.
«Аллоҳ уларни ҳеч мағфират қилмас».
Чунки улар фисқу фужурга берилиб, куфрда ҳаддан ошиб кетдилар. Бўлмаса, уларга, келинглар, Аллоҳнинг Расули сизларга истиғфор айтади, дейилганда, бошларини чайқармидилар?!
«Зеро, Аллоҳ фосиқ қавмларни ҳидоят қилмас».
Бу Аллоҳ таолонинг ўзгармас, умумий қоидасидир.
Сўнгра Аллоҳ таоло мунофиқларнинг мусулмонларни заифлаштириш учун қиладиган режаларидан хабар беради.

7. Улар, Расулуллоҳнинг ҳузуридагиларга нафақа берманглар, ҳаттоки тарқаб кетсинлар, дерлар. Ҳолбуки, осмонлару ернинг хазиналари Аллоҳникидур. Ва лекин мунофиқлар тушунмаслар.
Яъни, мунофиқлар Расулуллоҳга ва у киши билан бирга бўлганларга иқтисодий кўмак қилманглар, шунда улар очнаҳор қолиб тарқалиб кетади, Пайғамбарга ҳам ёрдам бера олмайдилар, деб тушунтирадилар.
«Улар, Расулуллоҳнинг ҳузуридагиларга нафақа берманглар, ҳаттоки тарқаб кетсинлар, дерлар».
Бу иқтисодий уруш дейилади. Ҳозирги кунда мустамлакачи давлатлар ўз сўзига кирмаган кичик халқларни бўйсундириш учун иқтисодий қамал қиладилар ёки ўзга усулларни ишга соладилар. Улар ўзларича бу услуб қўл келади, деб ўйлашади. Лекин Қуръони Карим уларнинг бунақа режалари фойдасиз эканини таъкидлайди. Мўминларнинг қалбларига таскин бериб айтадики:
«Ҳолбуки, осмонлару ернинг хазиналари Аллоҳникидур».
Яъни, ҳаммага ризқ берадиган ҳам, ризқни кесиб қўядиган ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзидир.
«Ва лекин мунофиқлар тушунмаслар».
Ҳа, мунофиқлар Аллоҳга иймонлари йўқ бўлгани учун бунинг фарқига бормайдилар.
Бу масала ойдинлаштириб олингандан кейин мунофиқлар бошлиғининг Пайғамбар алайҳиссаломни Мадинадан хорларча қувиб чиқараман, деб қилган дўқ-пўписасига раддия берилади.

8. Улар, агар Мадинага қайтиб борсак, албатта азиз хорни ундан чиқарур, дерлар. Ҳолбуки, азизлик Аллоҳга, Унинг Расулига ва мўминларига хосдир. Аммо мунофиқлар билмаслар.
Бу дўқни ким Мунофиқларнинг бошлиғи, Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул қилганини, азиз деганда ўзини кўзлаб, хор деганда Пайғамбаримиз алайҳиссаломни  назарда тутганини юқорида айтдик.
«Мадинага қайтиб борсак», дейилгандан мурод Мусталақ қавмига қарши ғазотдан қайтиб Мадина шаҳрига борсак, деганидир.
«Улар, агар Мадинага қайтиб борсак, албатта, азиз хорни ундан чиқарур, дерлар».
Бундан кўриниб турибдики, мунофиқлар қарши турли жабҳа ва услубларни, шу жумладан, маҳаллийчиликни ҳам ишга соладилар. Маълумки, Пайғамбар алайҳиссалом ва муҳожирлар Мадиналик эмаслар, балки бу ёққа дин учун Маккадан ҳижрат қилиб келганлар. Мунофиқлар Мадинанинг туб аҳолиси бўлмиш ансорийларда турли йўл билан маҳаллийчилик руҳини қўзиб уларни ўз дин-қардошларига қарши қўйишга ҳам уринганлар. Улар бундай йўллар билан мўминларни хор қилмоқчи бўлдилар. Лекин Аллоҳ таоло уларнинг ўзларини хору зор қилиб қўйди. Улар ўйламаган тарафдан бошларига балоларни олиб келди. Мазкур ҳодисада Абдуллоҳ ибн Убай ва унинг нифоқдаги шерикларининг ишлари фош бўлгандан сўнг одамлар ичида Расулуллоҳ Абдуллоҳ ибн Убайни қатл этишга фармон берганмишлар, деган гаплар тарқалади. Баъзи шижоатли мусулмонлар у зотдан бу ишни амалга оширишга рухсат ҳам сўрайдилар. Лекин Пайғамбар алайҳиссалом кўнмайдилар. Бу хабар мунофиқлар раҳбар Абдуллоҳ ибн Убайнинг ўғлига ҳам етиб боради. Шунда у йигит Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига шошилиб келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, эшитишимча, отамни ўлдиришга амр бермоқчи экансиз, Аллоҳга қасамки, бизнинг қалбимизда мендан кўра отасини ҳурмат қиладиганроқ одам йўқлигини ҳамма билади. Сизнинг амрингизни бажариб отамни қатл этган кишини кўриб юриш менга оғир бўлади. Шунинг учун изн берсангиз, мунофиқ отамнинг бошини ўзим танасидан жудо қилсам», дейди. Пайғамбар алайҳиссалом унга ҳам рухсат бермайдилар. Ҳа, иймон ҳақиқий бўлса бунга ўхшаш мўъжизалар содир бўлади. Мунофиқлар ўзларини азиз билиб, мўминларни хор қилишга уринсалар ҳам Аллоҳ уларнинг ўзини икки дунёда хору зор қилиб қўяди. Бунга Абдуллоҳ ибн Убайнинг бошига тушган кўргиликлар яққол мисол бўлади.
Имом Абу Довуд ривоят қилишларича: «Одамлар (ўша ғазотдан сўнг) қайтиб Мадинага яқинлашиб келганларида Абдуллоҳ ибн Убайнинг ўғли шаҳарга кираверишда қиличини яланғочлаб турди. Одамлар бир-бир унинг олдидан ўтиб кетавердилар. Қаршисига отаси Абдуллоҳ ибн Убай келганда: «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ изн бермагунчаларича бу ердан ўтмайсан, албатта, у зот азиз, сен бўлса хорсан», деди. Абдуллоҳ ибн Убай ўғлидан Расуллоҳга шикоят қилди. Ўғил эса: «Аллоҳга қасамки, эй Расулуллоҳ, сиз изн бермагунингизча шаҳарга кирмайди», деди. Расулуллоҳ изн бердилар. Шундан кейингина ўғил отасига: «Расулуллоҳ изн берган бўлсалар, ўтавер», деди.
Мунофиқлар ва кофирлар нимани ўйласалар ўйлайверсинлар, лекин, Қуръони Карим рост хабар берганидек,
«Ҳолбуки, азизлик Аллоҳга, Унинг Расулига ва мўминларга хосдир. Лекин мунофиқлар билмаслар».
Ушбу ояти карима мусулмонлар заиф бўлиб, уларга турли ҳужумлар уюштирилиб турган пайтда нозил бўлган. Аммо мўъжиза эканлиги тезда намоён бўлди.Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига душманларга қарши курашда ёрдам берди. Арабистон ярим ороли аҳолиси у кишига эргашди. У кишидан сўнг халифалари даврида ўша пайтдаги дунёнинг икки улкан салтанати тиз чўкди; дунёда Ислом дини тарқалди. Ҳақиқий азизлик Аллоҳга, Унинг Расулига ва мўминларга хослиги исбот бўлди.
Суранинг охиридаги оятлардаАллоҳ таоло мўмин бандаларини мунофиқларнинг сифатларидан холи бўлишга чақиради.

9. Эй иймон келтирганлар! Молларингиз ва болаларингиз сизни Аллоҳнинг зикридан чалғитмасин. Ким шундай қилса, бас, ана ўшалар ютқазганлардир.
Агар кишининг қалби уйғоқ бўлмаса, молу дунё ва бола-чақа уни банд қилиб, Аллоҳнинг зикрини унутдириб қўяди.
Шунинг учун ҳам Қуръони Карим такрор ва такрор мусулмонларни Аллоҳнинг зикрини унитмасликка даъват этади.
«Эй иймон келтирганлар! Молларингиз ва болаларингиз сизни Аллоҳнинг зикридан чалғитмасин».
Ундай кишилар аввало охират неъматини ютқазадилар, қолаверса, бу дунёда Аллоҳнинг зикридан келиб чиқадиган хотиржамлик ва осойишталик ва бошқа кўплаб фойдалардан қуруқ қоладилар.
«Ким шундай қилса, бас, ана ўшалар ютқазганлардир».
Аллоҳни унутган жамият кўп нарсани бой берган жамиятдир. Чунки ғофиллик сабабли гуноҳ ишлар, жиноят ва ўзга мусибатлар кўпаяди.

10. Ва бирингизга ўлим келиб: «Эй Роббим, агар менинг ўлимимни яқин муддатга орқага сурсанг, бас, садақа қилиб солиҳлардан бўлсам», демасдан аввал Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан нафақа қилинг.
Ризқнинг асосий манбаи Аллоҳнинг Ўзидир ва У зот одамларга Ўзи хоҳлаганича ризқ бериб қўйган ва унинг нафақа, хайр-эҳсон қилиб туришга буюрган. Албатта, бу иш ўлим келишидан аввал бўлиши шарт. Соғ-саломатликда, ҳамма нарсага қодирлик пайтда хайр-эҳсон қилса, ўрнига тушади. Ўлим келганда ҳамма ҳам ёлбориб, Аллоҳдан яна озгина умр  беришини сўрайди, садақа қилиб, яхши кишилар қаторида бўлишни истаб қолади. Лекин унда кеч қолган бўлади. Чунки:

11. Аллоҳ ажали келган жонни ҳеч-ҳеч орқага сурмас. Ва, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир.
Оқил киши бошига ўлим келмасидан хайрли ишларни кўпроқ қилиб қолишга интилади ва шундай бўлиши ҳам лозим. ЧункиАллоҳ таоло ҳар бир гапу ишдан хабардор зотдир.

Орқага Олдинга