loader

072. Жин сураси

Маккада нозил бўлган ва 28 оятдан иборат. Жинларнинг Қуръонни тинглаб ҳидоятга эришганлиги ҳақида хабар берилганлиги учун бу сура шу номни олган. Пайғамбар алайҳиссалом амакилари Абу Толиб ва завжалари Хадичадан айрилгандан сўнг Тоифга кетганлар, у ерда нохўш ҳодисаларга дуч келишган. Бу пайтларда Қурайш мушриклари ҳам мусулмонларга қарши душманликларини яхшигина орттирган эдилар. Шунинг учун Тоифдан қайтишда нозил бўлган ва Расули акрамга тасалли берган бу сура нафақат инсонларнинг, балки жинларнинг ҳам Қуръонга тобе бўлганликларини билдиради. Исломнинг зафар хушхабарини беради.

Бандаларга дунё ва охиратда меҳрибон Аллоҳ таоло номи билан бошлайман

1-7.Эй Муҳаммад, кофирларга айтинг: «Парвардигор тарафидан менга ваҳий қилиндики, бир жамоа жинлар Батни Нахла деган жойда Қуръонни эшитган ва иймон келтирган эдилар. Улар ўз қавмларига бориб айтидиларки: «Биз Қуръон тиловатини эшитдик. Биз ундан таъсирланиб таажжуб қилдик. У инсоннинг каломига ўхшамайди. Тўғри йўлга ҳидоят қилади. биз унга иймон келтирдик. Энди Парвардигорнинг ибодатига ҳеч кимни шерик қилмаймиз. Парвардигорнинг азамати улуғдир. Парвардигор ўзига хотин ихтиёр қилгани йўқ ва фарзанди ҳам йўқ. Бу ишлардан покдир. Илгари бизнинг жоҳилларимиз Парвардигорнинг шаънига шу хилда беҳуда сўзларни айиар эди. биз инсон бўлса, ё жин бўлса, Парвардигорнинг шаънига ёлғон гапирмайди деб гумон қилар эдик. Илгари инсонлардан бир жамоа эркаклар, бир жамоа жинлардан паноҳ сўрардилар. Инсонларнинг бу феъллари жинларнинг саркашлигини зиёда қилди, чунки кофирлар жамоаси биёбонларда сафар қилсалар айтардиларки: «Шу боёбоннинг шарридан, шу биёбоннинг жинларига паноҳ тортамиз». Эй жинлар, одамларнинг кофирлари ҳам сизларга ўхшаб Худо таоло ўликлардан ҳеч кимни тирилтирмайди, деб гумон қилар эдилар.

8-12. Биз Осмонга қўлимизни етказдик. Осмонни сақловчилар билан тўла топдик. Осмонни сақловчилар ниҳоятда мустаҳкам, қаттиқдир. Ва ҳам учқунларни (юлдуз) топдик. Илгари Биз осмон яқинида гап эшитиш учун ўтирардик. Энди ҳар ким гап олишни истаб борса, у ерда осмоннинг сақловчиларни ҳозир топади. Биз бу ишдан ер юзидаги одамларга шарни ирода қилганми ё хайрни ирода қилганми, билмаймиз. Ё Парвардигорлари ер аҳлига ҳидоятни истаганми? Бизларнинг баъзиларимиз солиҳлардан бўлсак-да, баъзиларимиз гуноҳкордирмиз. Бизлар ҳам инсонларга ўхшаш мухталиф фирқалардирмиз. Биз билдикки ҳар ерда бўлсак ҳам Худони ожиз қилолмаймиз, қочиб кетиб ҳам кетолмаймиз.

13-15. Ва ҳам биз вақтики Қуръонни эшитдик, унга иймон келтирдик. Ҳар ким Парвардигорга иймон келтирса, бас у одам нуқсондан ва зулм ва ситамдан қўрқмайди. Биздан баъзиларимиз Ислом келтирдик ва баъзиларимиз кофирлигича қолди. Ҳар кимки Ислом келтирса, у тўғри йўлни қасд қилди. Аммо кофирлигича қолганлар Жаҳаннамга ўтин бўладилар».

16-19. Эй Муҳаммад айтгин: «Менга шуни ҳам ваҳий қилиндики, агар Қурайшликлар иймон келтириб тўғри йўлда мустаҳкам бўлсалар, буларни ёмғирлар билан сероб қилар эдик ва булардан очарчиликни зойил қилар эдик. Кейин буларни неъматнинг шукрини бажо келтирадиларми ё йўқми синар эдик. Ҳар ким Парвардигорнинг ёдидан юз ўгирса ва неъматларига шукр қилмаса, Аллоҳ таоло ўни қаттиқ азоб тарафига йўллайди». Яна менга ваҳий қилиндики, масжидлар ҳаммаси Худога хосдир. У хос жойда Парвардигорга ибодат қилиш керак. Бас, Парвардигорга ибодат қилишда Унга бирорта шерик қилиб қўшманглар. Вақтики Худонинг бандаси Муҳаммад (с.а.в) у мақомдан турадилар, Парвардигорга намоз ўқишга бошлаганда жинлар Қуръон қироатини эшитдилар, интиҳо ўта даража шавқларидан қарийбки, Расулуллоҳнинг ўстига ёпишиб олсалар.

20-24. Эй Муҳаммад, мушрикларга айтгин: «Мен якка Парвардигоримга ибодат қиламан ва Унга ҳеч кимни шерик қилманглар». Эй Муҳаммад айтгин: «Мен сизларга зарар ё фойда етказишга молик эмасман. Эй Муҳаммад, агар Худо мени азоб қилса, ҳеч ким мени Худонинг азобидан нажот беролмайди, Худонинг даргоҳидан бошқа жойда паноҳ топмайман, магар қўлимдан келгани шуки, Худонинг ҳукмларини сизларга етказаман ва рисолатнинг вазифасини адо этаман, деб айтгин. Ҳар кимки Худога ва расулига нофармончилик қилса, ундай одамга жаҳаннамнинг ўти тайёрдир. Унда ҳамиша қоладилар. Вақтики кофирлар ўзларига ваъда қилинган азобни кўрсалар, бас, биладиларки, бу ерда кимнинг ёрдамчиси йўқ ва кимнинг адади оз.

25-28. Эй Муҳаммад, айтгин: «Мен сизларга ваъда қилинган азоб яқинми ёки Парвардигорим унга узоқ муддат қўйганми билмайман. Парвардигор ғайбларга донодир. /айб ишларни ҳеч кимга изҳор қилмайди, магар ўзи рози бўлган расулга изҳор қилади. У расулнинг олдидан ва орқасидан сақловчи малоикалар уни сақлаб юрадилар. Токи Пайғамбар Жаброил ва у билан келган бошқа малоикалар Худонинг ҳукмини етказишини билсин. Аллоҳ таолонинг илми малоикаларнинг олдиларидаги вазифаларни иҳота қилгандир. Ва ҳам ҳар бир нарсанинг ададини билади».

Орқага Олдинга