Маккада ёки Мадинада нозил бўлганлигига доир ривоятлар бор. 31 оятдан иборат бу сура номини илк оятдаги «ал-инсон» сўзидан олинган. Бу суранинг «ҳал атака», «ад-даҳр», «ал-аброр» ва «ал-амшож» каби номлари ҳам бордир.
Бандаларга дунё ва охиратда меҳрибон бўлган Аллоҳ таоло номи билан бошлайман
1-6. Инсоннинг тепасига бир бир муддатлар ўтганки, буни ҳеч ҳам зикр қилинмас эди ва номи ҳам йўқ эди. бу инсонни аралашган манийдан яратдик. Уни синаш учун ақл бердик, қулоқ бердик, кўз бердик. Биз унга ҳидоят йўлини кўрсатдик. Энди у ё ҳидоят йўлига кириб саодатли бўлади, ёки у йўлга кирмасдан бадбахт бўлади. Агар бадбахт ва кофир бўлса, уни боғлайдиган ҳалқа ва занжирлар тайёр қилиб қўйдик. Уни азоблаш учун ёниб турган ўт ҳам пайдо қилдик. Кейин содиқ мўъминлар учун жаннат муҳайёдир. Албатта яхши мўъминлар жаннатда шундай шаробдан ичадиларки, Кофурнинг чашмасига аралашгандир. Кофур шундай чашмадирки, ундан Аллоҳнинг бандалари ичадилар. Ҳар жойга хоҳласалар, жорий қилиб, олиб борадилар.
7-14. Аҳли Жаннатнинг сифатлари шундан иборатки, булар назрларига вафо қилар эдилар. Ва шундай кундан қўрқардиларки, унинг машаққати ҳаммага шомилдир. Бовужуд муҳтож бўлсалар ҳам таомларини етимга, мискинга ва асирга едирадилар. Яна айтадиларки: «Биз худонинг ризоси учун сизларга таом беряпмиз. Сизлардан бадал олишни истамаймиз ва миннатдор бўлишликларингизни ҳам хоҳламаймиз. Бизни қаттиқ кунларнинг азобига мубтало қилмасин, деб Парвардигорданқўрқамиз». Бас, Парвардигор ҳам ўша куннинг шарридан буларни сақлаган. Буларнинг юзларига нур ва дилларига хурсандлик ато қилган. Булар бу дунёда машақатларга сабр қилганлари учун, Аллоҳ таоло буларга жаннат берди ва ипакли либослар ато қилди. Булар жаннатда тахтларга суяниб ўтирадилар. Жаннатда офтобнинг иссиғини ва қишнинг совуғини кўрмайдилар. Буларга Жаннат дарахларининг соялари яқин бўлади ва меваларини териш ҳам осон бўлади.
15-22. Жаннат аҳлларининг атрофларига кумуш тавоқларда овқатлар олиб келинади. Ва кумуш кўзаларда шишага ўхшаган зоҳиридан ботини кўриниб турадиган соф шароблар олиб келинади. Жаннат ходимлари бу шаробларни ҳар кимга муносиб миқдорда тутадилар. Жаннатда жаннат аҳлига Занжабил аралашган хушбўй шаробларни ичкизилади. Занжабил жаннатда шундай чашмадирки, унинг номи Салсабилдир. Жаннат аҳлининг атрофларида ёш йигитчалар айланиб юрадилар. Улар ҳамиша ўзгармай бир ҳолда турадилар. Эй Муҳаммад, агар сен уларни кўрсанг садафдан янги тўкилган марваридлар деб гумон қиласан. Вақтики Жаннатнинг ноз ва наъимлардан тўла кўрсанг, жаннат аҳлини улуғ подшоҳлардек кўрасан. Устларидаги кийган либослари ипакдан тўқилган кўк рангда ниҳоятда нозик ва яна мустаҳкам тўқилган қимматбаҳо либослар ва ҳам жаннат аҳлининг зийнатлантирилган қўлларида кумушдан ва тиллодан ҳалқалар билан кўрасан. Аллоҳ таоло уларга покиза шаробни ичкизади. Уларга айтадики: «Сизларга бу иззат ва икромлар қабул қилинган яхши амалларингизнинг мукофотидир».
23-26. Эй Муҳаммад, биз сенга Қуръонни нозил қилдик. Бас, Худонинг ҳукмига сабр қил! Пайғамбарлик машаққатига чидамли бўл! Мунофиқлар ва кофирларнинг сўзларига итоат қилма! Эрта ва кеч Парвардигорингни ёд қил! Кечаси туриб намоз ўқи ва узун кечаларда Худонинг ибодатига машғул бўл!
27-31. Албатта бу кофирлар ушбу дунёнинг лаззатини яхши кўрадилар ва охиратни орқаларига ташлайдилар. Биз аввалда уларни нутфадан заиф халқ қилдик. Кейин уларнинг томирларини мустаҳкам қилдик ва қувват бердик. Агар биз хоҳласак буларни йўқ қилиб, буларнинг ўрнига шуларга ўхшаганларни халқ қилиб, дунёга келтиришга қудратимиз етади. Албатта бу суранинг ҳукмлари халқ учун панд ва насиҳатдир. Ким хоҳласа бунга амал қилиб, Худо тарафига йўл олади. Сизлар ҳеч бир нарсани хоҳламайсизлар, магар Аллоҳ хоҳлайди. Сизларни хоҳишларингизнинг бўлиши Аллоҳ таоло хоҳишига боғлиқдир. Албатта Аллоҳ таоло ҳар бир нарсага донодир. Ва ҳар бир нарса ҳикматли мудаббирдир. У хоҳлаганини ўзининг раҳматига дохил қилади. Золимларга қаттиқ азобни тайёр қилиб қўйгандир.