loader

071. Нуҳ (алайҳиссалом) сураси

(Нуҳ сураси Маккада нозил бўлган, 28 оятдан иборат.)
Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

[1] Биз Нуҳни ўз қавмига, қавмингни уларга аламли азоб келишидан аввал огоҳлантиргин деб, пайғамбар қилиб юбордик.
Нуҳ алайҳиссалом ҳақидаги хабарни зикр қилишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолатларига далолат ва пайғамбарликларига аломат бордир. Чунки олдин айтганимиздек, бундан (Нуҳнинг пайғамбарлиги ҳақида) Набий алайҳиссаломнинг ҳам, қавмларининг ҳам асло хабари бўлмаган эди. Набий алайҳиссалом (у ҳакда маълумотга эга) илмли кишиларнинг олдига бориб, улардан буни ўрганмаганлар. Пайғамбаримиз бу илмни махлуқотларнинг бирортасидан эмас, Аллоҳ таолонинг Узидан олганлар. Бунда мушрикларга қарши рад этиб бўлмас ҳужжат бордир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қавми-дан келган озорларга сабр қилишлари учун Нуҳ алайҳиссалом-нинг бошига қавми солган нарсалар (ҳақида Пайғамбаримиз) хабардор қилинди. Зеро, бу Маккада нозил бўлган сурадир(Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарлигининг дастлабки ўн уч йили Макка шаҳрида ўтган. Бу ерда динни етказиш йўлида у зотга мушриклар томонидан қаттиқ қаршилик ва азиятлар етган. Мана шу жиҳатдан Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ Нуҳ сурасининг Маккада нозил бўлганини таъкидламокда.).
Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломга (ўз қавмини жазодан) огоҳлантиришга амр этиб, (жаннат) хушхабарини беришни зикр қилмади. Шунингдек, Нуҳ алайҳиссалом: «Албатта, мен сиз учун очиқ-ойдин огоҳлантирувчиман» (Нуҳ сураси, 2-оят), деди. Лекин «башорат (хушхабар) берувчиман», демади. Аслида, у зот ҳам хушхабар берувчи, ҳам огоҳлантирувчи эдилар. Огоҳлантиришнинг ўзи билан чекланган бўлишлари ҳам мумкин. Чунки огоҳлантириш замирида башорат, хушхабар қилиш ҳам мавжуддир.
Нуҳ алайҳиссаломнинг қавми залолат ва Аллоҳ таолодан ўзгага ибодат қилишда давом этсалар, азобни ўзларига вожиб қилган бўладилар. Улар бу ишдан тўхтасалар, афвни ўзларига вожиб қиладилар. Афвга лойиқ бўлиш эса башоратнинг юзага чиқиши ҳисобланади. Иккиси (огоҳлантириш ва башорат)дан бирининг зикри мазмунан бошқасини ўз ичига олгани учун Аллоҳ таоло иккисидан бирини айтди, бошқасини зикр қилмади.
Аллоҳ таолонинг «огоҳлантириш»и зикр қилиш билан хосланаётган бўлиши мумкин. Чунки мавжуд ҳолат огоҳлантиришга мос ҳолатдир. Зеро, улар Аллоҳ таолонинг тоатидан юз ўгириб, бошқасига ибодат қилишга юзланган эдилар. (Шу сабабли) улар хушхабарга эмас, балки огохдантиришга лойиқ бўлдилар. Улар ўзлари қилаётган ишлардан тийилсалар, хушхабар берилганлар қаторида бўладилар. Аллоҳ таолонинг: «Қавмингни огоҳлантиргин!» сўзи «Модомики улар ўзлари тутган янглиш йўлда юрар эканлар, (уларни огоҳлантир)» деган маънони ифодалайди. Бунда шу нарсага далолат борки, киши ҳидоят йўлидан бошқа йўлни тутса, унга тутган йўли нотўғри эканини кўрсатиб бериш керак бўлади. Иўлнинг хатолиги унга равшан бўлганидан кейин, уни ҳидоят йўлига эргашишга буюрилади. Насиҳат яхши таъсир қилиши учун унга ҳужжат ҳамда далиллар баён қилинади. Унинг йўли нотўғри эканини баён қилишдан олдин ҳақ аҳли мазҳабининг ҳужжатлари унга қарши келтирилмайди. Чунки бу унга яхши таъсир қилмайди ҳамда ҳақни қабул қилиш ва уни лозим тутишга ундамайди. Балки унга (аввало) тутган йўли ботил экани ва эътиқод қилаётган нарсасининг фосидлиги баён қилиб берилади. Унга қилаётган ишининг моҳияти ойдинлашса, (ўз-ўзидан) ҳидоят йўлини ўрганиб, билиб олиш учун сўрашга эҳтиёж сезади.
Аслида дунё ҳаёти охиратга элтувчи йўлдир. Залолат - уни тутган кишини абадий азобга етаклайдиган йўлдир. Ҳидоят эса абадий савобга олиб борадиган йўлдир. Огоҳлантириш залолат йўлини тутган кишининг оқибати нима билан тугашини баён қилишдир. Башорат ҳидоят йўлини тутган кишининг оқибати қандай бўлишини баён қилишдир. Хоҳласангиз, огоҳлантириш оқибатда кишига тушадиган нарсанинг қийин ва ёмонлигини, башорат эса оқибатда унга келадиган нарсанинг яхшилигини баён қилиб беради, дейишингиз мумкин.
Аллоҳ таолонинг: «Қавмингни уларга аламли азоб келмай туриб, огоҳлантиргин!» деган сўзида огоҳлантирувчи (пайғамбар) халққа келишидан олдин унда имон ҳужжати бўлиши кераклигига далолат бор. Чунки уларда имон ҳужжати лозим бўлмаса, огоҳлантирувчи келишидан олдин азоб тушишидан омонда бўлишар ҳамда огохдантирилишларидан олдин азоб келиши билан қўрқитилмас эдилар. Улар огоҳлантирувчи келишидан олдин азоб келиши билан қўрқитилгач, бу уларга қарши ҳужжат борлигига ҳамда Аллоҳ таоло гарчи уларга элчи (пайғамбар)лар юбормаса-да, уларни тавҳидни тарк этганлари учун азоблашга ҳақли эканига далолат қилади. Аллоҳ таолонинг:
«То пайғамбар юбормагунимизча (бирор кимсани) азобловчи бўлмадик» (Исро сураси, 15-оят) деган сўзининг таъвили охиратдаги азобга эмас, (ўша қавмни) дунёдан буткул тагтуби билан йўқ қилиниш азобига тегишлидир. Валлоҳу аълам!

[2] У: «Эй қавмим, албатта мен сиз учун очиқ-ойдин огоҳлантирувчиман», деди.
Аллоҳ таолонинг мазкур ояти «огоҳлантириш ва қўрқитишга сабаб бўлувчи ишларни баён қилувчиман» деган маънони англатади. Шунда, [ал-ибаанату] - «баён қилиш» сўзи зулл [ан-низаароту] - «огохдантириш» маъносида талқин қилинади. Очиқ-ойдин огоҳлантирувчи васфи Нуҳ алайҳиссаломнинг хоссатан ўзига тегишли бўлиши ҳам мумкин. Гўё (Нуҳ алай-ҳиссалом); «Сизларга очиқ-ойдин огоҳлантирувчиман», деган сўзи орқали бундай демоқчи бўлган: «Сизларни Аллоҳ таолога ибодат қилишга чақиришни ва (қилаётган ишларингиз оқибатидан) огоҳлантиришни ўзимдан келиб чиқиб эмас, балки Аллоҳ таоло мени (унга) тайин қилиб, зиммамга юклагани сабабли бажармоқдаман».
Аслида огоҳлантиришда наҳий, наҳийда эса амр (маъноси) мавжуддир. Лекин огоҳлантириш «таъкидли наҳий»ни, «таъкидли наҳий» эса хилофига таъкидли буйруқни тақозо қилади. Хушхабар (башорат) таъкидли ва таъкидланмаган амрни тақозо қилади. Чунки киши қилаётган ҳар бир яхши амали сабабли хушхабарни ўзига вожиб қилади. Гарчи унда ушбу яхшиликни ўзига келаётган бошқа яхшилик туфайли тарк қилиш имконияти бўлса ҳам. Демак, хушхабарнинг ўзидан «таъкидли амр» тушунилмайди. Огоҳлантиришдан эса биз юқорида зикр қилган икки важҳ (яъни таъкидли наҳий ва амр) тушунилади. Шундай экан, мутлақ хушхабар (башорат) огохдантиришнинг рўёбга чиқишига далолат қилмайди. Огоҳлантириш эса хушхабар (башорат)га далолат қилади. Чунки феълни ўз ичига олган огоҳлантириш наҳийни лозим тутади. Агар (қавм) ўша (ман қи-линган иш)дан тўхтаса, афв (кечириш) юзага чиқади. Афвнинг юзага чиқишида қўрқитилган нарсанинг (ҳукми) кўтарилиши ва йўққа чиқиши бордир.

[3] Аллоҳга ибодат қилинглар, Унга тақво қилинглар ва менга итоат қилинглар!
Аллоҳ таоло гўё: «Уларни Аллоҳдан ўзгага ибодат қилиш (ёмонлиги)дан огоҳлантир ва ибодатга лойиқ бўлган Зот - Аллоҳ таолога ибодат қилишга буюр», демоқда. Чунки Аллоҳ азза ва жалланинг «Аллоҳга ибодат қилинглар, Унга тақво қилинглар», деган сўзига биноан огоҳлантиришга буюриш улар қилиб юрган ишдан қайтаришни, унинг хилофига чақиришни ва ўзлари даъват этилган, (қилмишларига) хилоф (яъни тўғри) ишни уларга баён қилиб беришни тақозо этади. Бир таъвилга кўра, «Аллоҳга ибодат қилинглар» ояти «Уни якка-ягона деб билинглар», деган маънони англатади. Қатода: «Қуръонда ирсол (етказиш)га буюрилган ҳар қандай ибодат тавҳид маъносини англатади», деган. Уларни бундай таъвилга ундаган нарса - ибодат буйруғи келган оятларнинг куфр аҳли борасида нозил қилинишидир.
Чунки Аллоҳ таоло оятда:
«Эй инсонлар, Раббингизга ибодат қилингиз!» (Бақара сураси, 21-оят) деб хитоб қилган. Бу ўринда Аллоҳ таоло: «Эй имон келтирганлар, Раббингизга ибодат қилингиз», деб хитоб қилмади. Бу оят куфр аҳли борасида экан, муфассирлар ундаги «ибодат» сўзини «тавҳид» деб таъвил қилганлар. Зеро, кофир биринчи навбатда тавҳидга буюрилади, ундан бошқа ибодат борасида хитоб қилинмайди. Чунки тавҳидни қабул қилмаган инсондан бошқа ибодатлар қабул қилинмайди. (Мазкур таъвил) ибодат фақат тавҳиднинг ўзидан иборат деган маънони келтириб чиқармайди, балки ибодат куфр ортидан зикр қилинса, тавҳид ирода қилинади. Мўминлар борасида ибодат зикр қилинса, сўз билан айтиб, эътиқод қилган нарсани амалга оширишга вафо қилишлари ҳамда ўзлари ваъда қилган нарсани бажаришлари ибодат ҳисобланади. Бу маъно намозни тўкис адо этиш ва закот бериш борасида биз зикр қилган маънони тасдиқлайди. Яъни агар бу икки амал (намозни адо қилиш ва закот бериш) куфр аҳли тўғрисида зикр қилинса, бундан мақсад мазкур ибодатларни феълда амалга ошириш эмас, балки уларнинг фарзлигига эътиқод қилишга қаратилган бўлади. Чунки кофирлар ибодатни бажаришга аҳл (Аллоҳ таолога имон келтирмагунларича амалларни адо этишга буюрилувчи) эмаслар. Агар у иккиси (яъни намоз ва закот) мусулмонларга қарата айтилса, «тўкис адо этиш» ва «бериш» феълларидан (мазкур икки ибодатни) амалга ошириш ирода қилинади. Шунингдек, Аллоҳ таолонинг: «Аллоҳга ибодат қилинглар!» буйруғида келган ибодат ҳақидаги ҳукм ҳам шу каби (куфр аҳлига қаратилган) бўлиб, унинг маъноси «Уни якка-ягона деб эътиқод қилингиз», «Ундан қўрқинглар!» буйруғи эса «У Зотга ибодат қилишда ширк келтиришдан қўрқингиз!» бўлади. Бу амр (Аллоҳга ибодат қилинглар!) Аллоҳ таолонинг тавҳиди ва Унга бирор нарсани шерик қилмаслик ҳақидаги буйруғида: «Менга итоат этинглар!» (дегани)дир.
Аллоҳ таолонинг: «Унга тақво қилинглар!» деган сўзи «ҳалок қилувчи нарсаларнинг барчасидан ва дўзахдан қўрқинглар» маъносида бўлиши ҳам мумкин. Аллоҳ таоло бундай деган:
«Кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан сақлаиинлар!» (Оли Имрон сураси, 131-оят).
«Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни дўзахдан сақланглар» (Таҳрим сураси, 6-оят). [ат-тақво] - «сақланиш» сўзи ёлғиз, мутлақ ўзи ишлатилса, оқибати ҳалокатли нарсадан тўхташни ҳамда ибодат ва тоатга буйруқни ифодалайди. «Ибодат» ва «тақво» сўзлари бирга зикр қилинса, «ибодат» сўзи амалларни бажаришни, «тақво» сўзи эса ҳалок қилувчи нарсалардан сақланишни тақозо қилади.
Бу худди «бирр (яхшилик)» ва «тақво» сўзлари борасида айтган нарсамизга ўхшайди. Яъни у иккисидан ҳар бири алоҳида зикр қилинса, бири иккинчисининг маъносини тақозо қилади. У иккиси биргаликда қўлланса, бирининг маъноси бир томонга, бошқасининг маъноси бошқа томонга йўналтирилади. Шунингдек, «Ислом» ва «имон» сўзлари алоҳида-алоҳида келганида, бири бошқасининг маъносини ҳам ифодалайди. У икки сўз биргаликда зикр қилинса, ҳар бири бошқа жиҳат, бошқа маънога бурилади. Ҳасан (Басрий) Аллоҳ таолонинг «Унга тақво қилинглар!» деган сўзи ҳақида бундай деган: «Аллоҳнинг ҳақини зое қилиш борасида, У Зотга тақво қилинглар». Бу гап билан ибодат ва тақво мазмуни ўртаси боғланмокда.
Асл гап шуки, итоат Аллохдан ўзгага ҳам бўлиши мумкин, ибодат эса фақат Аллоҳ таоло учун бўлади. Шунинг учун (Нуҳ алайҳиссалом қавмини) ибодатга буюрганида: «Аллоҳга ибодат қилинглар», деган. Буни инобатга олиб, Нуҳ алайҳиссалом ибодат нисбатини Аллоҳ таолога, итоат нисбатини ўзига бериб: «Менга итоат этинглар!» деган. Бу оятда бошқага итоат қилиш Аллоҳ таолога ширк келтириш эмаслигига далил бор. Балки Аллоҳ таолонинг Узи итоатда (бошқани ҳам) шерик қилиб, бундай деган:
«Кимда-ким Пайғамбарга итоат этса, демак, у Аллоҳга итоат этибди» (Нисо сураси, 80-оят). Аллоҳ таоло Узига ибодатда (ўзгаларни) тенглаштирганларни мазаммат қилган:
«Улар Парвардигорларига (ўзгаларни) тенглаштирадилар» (Анъом сураси, 150-оят)(Яна Анъом сурасининг 1-оятига мурожаат қилинг.). Демак, ибодат умид ва хавфдан ташқари яна хокисорлик ва тазарру ҳам бўлишини тақозо қилади. Аллоҳ таолонинг Узи умид қилинувчи ва азобидан қўрқиш лозим бўлган Зотдир. Итоат эса амрни бажаришдан бошқасини тақозо қилмайди. Кофирлар бут-санамлардан хавф ва ражо қилишиб: «Биз фақат уларга бизни Аллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат қиламиз» (Зумар сураси, 3-оят) ва «Ана шулар Аллоҳ ҳузурида бизнинг шафоатчиларимиз» (Юнус сураси, 18-оят) дейишгач,    [уббод
ал-асном] - «бут-санамларга ибодат қилувчилар» деб аталганлар. Бир амални ким хавф ва ражо асосида қилса, бу унинг (юкунган Зотига) ибодати ҳисобланади.

[4] У сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қилади ва сизни белгиланган ажалгача қўйиб қўяди. Агар билсангиз, албатта, Аллоҳнинг ажали келганда сира орқага сурилмайди», деди.
Аллоҳ таолонинг: «Унга тақво қилинглар» деган сўзини «ширкдан сақланиш» маъносига тегишли дейилса, у ҳолда, «У сизларнинг гуноҳларингиздан ўтади» ояти мушрик ҳолатида қилинган олдинги гуноҳларга тегишли бўлади. Бу худди Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятига ўхшайди:
«Агар (куфрдан) қайтсалар, ўтмиш (гуноҳ)лари кечирилур» (Анфол сураси, 38-оят).
Аллоҳ таолонинг мазкур оятини ҳалокатли гуноҳларнинг бошқа кўринишларига тегишли қилсангиз, аввалги ва ҳозирги (гуноҳларни кечириш маъноси)га қайтади. Бу Аллоҳ таолонинг ушбу оятига ўхшайди:
«Албатта, савобли ишлар гуноҳларни кетказади» (Ҳуд сураси, 114-оят). Аллоҳ таолонинг (4-оятдаги) [мин] сўзи тафсир аҳли зикр қилганидек, сила (зоида) бўлиб, унинг маъноси «У сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қилади», деганидир. Мазкур оятдаги [мин] сўзи сила эмас, ўзининг ҳақиқий маъносида бўлиши мумкин. Чунки Исломни қабул қилганидан кейин ҳам жазоси бериладиган гуноҳлар бор. Уларга Аллоҳ таоло билан махлуқотлар ўртасидаги қасос ва шунга ўхшаш гуноҳларни мисол қилиш мумкин. Қотилликнинг гуноҳи тавба билан афв этилса ҳам, қасос бекор бўлмайди (яъни тавба қилиш билан кўплаб гуноҳлар кечирилади, бироқ қасос олиниши ёки ўлдирилган кишининг оиласи томонидан авф этилиши керак бўлади).
Аллоҳ таолонинг: «...сизни белгиланган ажалгача қўйиб қўяди» сўзидан мурод Нуҳ алайҳиссаломнинг чақириғини қабул қилиб, имон келтирганлари сабабли қавмларининг тазйиқ қилишларидан қўрққан (Нуҳ алайҳиссаломнинг) қавми (қисми) бўлиши мумкин. Шундай дейилса, Аллоҳ таолонинг «...сизни белгиланган ажалгача қўйиб қўяди» ояти уларга омонлик беришни ифодалайди. Яъни мўмин бўлмаганингизда қанча яшасангиз, мўмин бўлганингиздан кейин белгиланган ўша муддатча ҳаётда (омон) қоласиз. Зеро, унинг маъноси бундай: «Исломга кирсангиз, ажалларингиз келгунича соғ-омонликда бўласизлар. Душманларингизнинг сизларга макр қилишларига имконият берилмайди».
Аллоҳ таолонинг: «...сизни белгиланган ажалгача қўйиб қўяди. Агар билсангиз, албатта, Аллоҳнинг ажали орқага сурилмайди» оятига келсак, бошқа оятда бу хусусда бундай дейилган:
«Қачонки ажаллари келса, уни бир соат орқага ҳам, олдинга ҳам сура олмайдилар» (Наҳл сураси, 61-оят). Аллоҳ таолонинг «орқага сура олмайдилар» деган сўзи «ўз ажалларидан орқада ҳам қолиб кетмайдилар ва ортга суришни талаб қилганлари билан (ажаллари) кейинга қолдирилмайди ҳам» маъносида бўлиши мумкин. Бунда улар учун умидсизлик бор, чунки улар (ажаллари) ортга сурилишини талаб қилсалар ҳам, кечиктирилмайди (яъни бу имконият берилмайди). Аллоҳ таоло деди:
«Ва бирингизга ўлим келиб: «Эй Раббим, агар менинг ўлимимни яқин муддатга орқага сурсанг, бас, садақа қилиб, солиҳлардан бўлсам», демасидан аввал, Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан нафақа қилинг» (Мунофицун сураси, 10-оят). Аллоҳ таоло (ушбу оятда итоатсиз) бандага ўлим келса, ҳаётлик вақтида ундан талаб қилинган (ўзи рад этган) имон келтириш ва хайр-садақа қилишни истаб (ўлимни бир оз муддат) кечиктириб туришни сўраши ҳақида хабар берган. Уларнинг бу хоҳишларини Аллоҳ таоло (бошқа оятлардаги) ушбу сўзлари билан кесиб қўйган:
«Аллоҳ бирор жонни ажали келганида кечга қолдирмас» (Мунофикун сураси, 11-оят).
«...уни бирор соат кейинга ҳам, олдинга ҳам сура олмай-дилар» (Наҳл сураси, 61-оят).
(Ва биз ўрганаётган) «Аллоҳнинг (белгилаб қўйган) муддати келганида, асло кечга қолдирилмас» ояти ҳам ажал келга-нидан сўнг (ўлим асло) кечиктирилмаслигига далолат қилади.
Бу оят мўътазилийларнинг: «Бир киши келиб, бошқа бир инсонни ўлдирса, ажали поёнига етишидан олдин уни ўлдирган бўлади», деган эътиқодларининг ботил эканини кўрсатади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло:
«Ўша муддатлари етиб келганида эса, уни бирор соат кейинга ҳам, олдинга ҳам сура олмайдилар», (Наул сураси, 61-оят), дейди. Аслида, Аллоҳ таоло бир кишининг қатл этилиши (билан вафот этиши)ни билар экан, унинг ажалини бошқа нарса билан эмас, айнан қатл билан поёнига етказади. Чунки (азалда) бир кишининг (ётган тўшагида) ўз ажали билан вафот этиши битилиб, воқеликда ажали бошқача ниҳоясига етиши мумкин эмас. Бу мумкин бўлса, натижа «Аллоҳ таоло оқибатларни билмайди», деган нарсага олиб боради (наузан биллаҳ - Ўзи сақласин). Оқибатларни билмаслик рубубият (сифати)ни йўққа чиқариб, жоҳилликни исботлайди.
Аллоҳ таолонинг: «Агар билсангиз...» деган сўзи «Агар белгилаб қўйилган муддат (ажал)ларингиз тугаган пайтда сизларга етадиган надомат (қанчалар кучли бўлиши)ни билганингизда эди, азобга мубтало бўлмаслик учун сизлардан талаб қилинган нарсага ҳозироқ бор кучингизни сарфлаган бўлар эдингиз», деган мазмунни ифодалайди. Ёки Аллоҳ таолонинг: «...албатта, Аллоҳнинг ажали келганида...» сўзи «азоб вақти келса, шак-шубҳасиз у рўёбга чиқади. Унинг шак-шубҳасиз амалга оши-шини билганларида эди, албатта, ундан тийилган бўлар эдилар», деган мазмунни ифодалаши мумкин.

[5] У: «Раббим, мен ўз қавмимни кечаю кундуз даъват қилдим.
Ушбу оятдаги Нуҳ алайҳиссаломнинг сўзи у зотга Аллоҳ таоло:
«Қавмингдан аввал имон келтирганлардан бошқа ҳеч ким имон келтирмас...»(«Нуҳга ваҳий қилинди: «Қавмингдан (ҳозиргача) имон келтирганларидан бошқа ҳеч ким энди имон келтирмас. Бас, уларнинг қилаётган ишлари туфайли ташвиш чекма!» (Ҳуд сураси, 36-оят).) (Ҳуд сураси, 36-оят) деб хабар берганидан сўнг (айтилган) бўлиши мумкин. Нуҳ алайҳиссаломнинг ушбу сўзи узр сўровчининг қавлидир. У қавмини Исломга чақиришда камчиликка йўл қўймаган. У зот ҳар вақт ва ҳар он ўз қавмини Исломга чақирган. У зот бу борадаги узрини ўта пухта қилди. Бепарволик ва ҳаддан ошиш Нуҳ алайҳиссаломнинг қавмидан содир бўлган эди.
Нуҳ алайҳиссаломнинг мазкур сўзи меҳр кўрсатиш, Аллоҳ таолонинг раҳмати ва шафқати нозил қилинишини сўраш маъносида бўлиши ҳам мумкин. Шояд, Аллоҳ таоло Ўзининг лутф-марҳамати ила уларнинг қалбларини мулойим қилиб қўйса! Шунда улар ҳаққа бўйин эгиб, азобдан халос бўлиш ва Раббиларининг мағфиратини ўзларига жалб қилиш учун уни қабул қилишга ошиқсалар. Мазкур оят юқоридаги икки таъвилнинг бирини ифодалайди: бу (Нуҳ алайҳиссалом қавмидан имон келтирганлардан ўзгаси энди имонга келмаслиги) ҳақида хабар берилишидан олдин айтилган бўлса, раҳмат ва шафқатнинг нозил қилинишини сўраш учун муножот маъносида бўлади. Бордию ундан кейин айтилган бўлса, маромига етказиб узр айтиш маъносини ифодалайди. Бунда қавмининг қалбини юмшатишини умид қилиш ва дуо қилиб сўраш маъносини англатмайдики, натижада қавм ҳаққа бўйин эгсалар. Чунки Нуҳ алайҳиссалом қавмининг имонга келишини умид қилиб турган пайтда Аллоҳ таоло: «Улар имонга келмайдилар», деб хабар бериши мумкин эмас.
Аллоҳ таолонинг: «Мен қавмимни кечаю кундуз (имонга) даъват этдим» сўзи «Кеча ва кундузлари имконим бўлган ҳар вақт ва ҳар соатда (қавмимни имонга) даъват қилдим» маъносини ифодалайди.

[6] Менинг чақириғим уларда қочишдан бошқа нарсани зиёда қилмади.
Бу оятнинг асл мазмуни шуки, кофир қавмнинг Нуҳ алай-ҳиссаломга нисбатан адовати ўта кучайиб кетган эди. У зотни ёқтиришмас ва гапларидан нафратланар эдилар. У зотнинг сўзларидан нафратланганлари ва ўзини ёқтирмаганлари сабабли уларни қочишга ундайдиган маъно юз берди. Ва ушбу «қочиш» оятда «даъват қилиш»га нисбат берилди. Чунки «қочиш» иш-ҳаракати бевосита даъват бўлганда юзага чикди. Оятда «қочиш» ҳаракати «чақириқ» феълига боғлаб берилмоқдаки, (аслида даъват қочишга сабаб бўлмайди, бироқ ушбу қавм даъватни эшитишлари билан қоча бошладилар) шундай дейилма-са, «даъват» сўзи «қочиш»нинг ортишига сабаб бўлмайди (ва оятдаги икки феъл ўзаро боғланмай қолади). Бу фикрни Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи ҳам тасдиқлайди:
«Аммо дилларида иллат (шак ва нифоқ) бўлганларнинг эса ифлосликлари (куфрлари)га яна ифлослик (куфр) қўшилади» (Тавба сураси, 125-оят). Қуръон ифлослик (куфр)ни зиёда этишга сабаб қилинмаган. Лекин уларнинг олдида Қуръон тиловат қилинаётганида нафрат қилганлари учун уларга оятда келган маъно нисбат берилди(Бу оятнинг мазмунини ўзидан олдинги ушбу оят янада очиб беради: «Бирор сура нозил қилинса, улар ичида: «Бу (сура) қайси бирингизнинг имонингизни зиёда этди?» дейдиган (мунофиқ)лар ҳам бор. Аммо имон келтирганларнинг имонларини бу (сура) зиёда қилур ва улар шод бўлурлар» (Тавба сураси, 124-оят).). Ва мазкур зиёдалик Қуръонга изофа қилиб, боғланди. Чунки бу ҳол (Қуръон тиловат қилинган)да ифлослик (куфр)ни зиёда қилувчи сабаб юзага келади. Шуни эътиборга олиб, «зиёдалик» нисбати Қуръонга яқин боғлик маъносига кўра берилди.
Аллоҳ таоло бундай деган:
«Бас, сизлар уларни масхара қилдингиз, ҳатто улар(ни масхара қилиш) сизларга Мени эслашни унуттирди» (Муъминун сураси, 110-оят).
Аслида, улар унутувчи эмас, қайта-қайта эслатувчи эдилар. Бироқ уларга ғазаб қилиб, устиларидан мазах қилишлари ўзларининг бошига (Аллоҳнинг зикрини) унутишни солди. Шу сабабли унуттириш нисбати уларга берилди. Шунга биноан улар Нуҳ алайҳиссаломдан ғазабланиб, сўзини ва чақириғини оғир олишгач, бу уларда нафрат ва инкорнинг зиёдалашувига олиб келди. Биз қайд қилган ушбу талқинга кўра, «чақириш» феълига «қочиш» сўзининг нисбати берилди. Аслида, «чақириш» сўзининг ҳақиқатида «қочиш» маъноси йўқдир.

[7] Ва, албатта, қачонки мен уларни Сенинг мағфират қилишинг учун чақирсам, улар бармоқларини қулоқларига тиқдилар ва кийимларига бурканиб олдилар ва (кофирликда) собит бўлдилар ва ниҳоятда улкан такаббурлик қилдилар.
Аллоҳ таолонинг мазкур ояти маъносини тасдиқловчи бошқа бир оятда:
«Сизларга илгари ўтган кишиларнинг - Нуҳ, Од, Самуд қавмларининг ва улардан кейин ўтган, фақат Аллоҳгина биладиган қавмларнинг хабари келмадими? Уларга пай-ғамбарлари ҳужжатлари билан келганларида, улар қўллари билан (пайғамбарларнинг) оғизларини тўсиб, дедилар...» (Иброҳим сураси, 9-оят)(«Сизларга илгари ўтган кишиларнинг - Нуҳ, Од, Самуд қавмларининг ва улардан кейин ўтган, фақат Аллоҳгина биладиган қавмларнинг хабари келмадими? Уларга пайғамбарлари ҳужжатлари билан келганларида, улар қўллари билан (пайғамбарларнинг) оғизларини тўсиб, дедилар: «Биз сизлар элчи қилиб юборилган нарса (дин)га куфр келтирдик. Сизлар бизни даъват қилаётган нарсангиз (динингиз)дан биз шак(-шубҳа)дадирмиз» (Иброҳим сураси, 9-оят).) дейилади. Ушбу оят (пайғамбарлар алай-ҳимуссаломнинг) мазкур қавмларнинг бошлиқлари, аслзодалари ва улуғларини даъват қилишлари ҳақида бўлиши ҳам мумкин.
Хабарларда зикр қилинганидек, қачонки уларни (имонга) даъват қилсалар, пайғамбарларнинг (уларга Аллоҳнинг саломи бўлсин) оғизларини қўллари билан тўсиб, уларни урганлар. Аммо бу (золим)ларнинг этагини тутиб, уларга эргашганлар Нуҳ алайҳис-саломнинг сўзини эшитмаслик учун бармоқларини қулоқларига суқишиб, бош ва юзларини ёпиб олишар эди. Акс ҳолда, уларнинг бошлиқлари огоҳлантирганидек, Нуҳ алайҳиссаломнинг сўзи уларнинг қалбига кириб қолиши мумкин, деб ўйлаганлар. Ёки бу (бармоқни қулоққа суқиб, кийимига бурканиб олиш) қавмнинг бир тоифаси, буниси (пайғамбарнинг оғзини қўли билан тўсиш) бошқа бир тоифа ҳақида бўлиши мумкин. Чунки Нуҳ алайҳиссалом бир қавмнинг имонга келишидан ноумид бўлсалар, бошқа қавм олдига борганлар. Худди Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлганидек, Нуҳ алайҳиссаломга ҳам қавмларнинг муомалалари турлича бўлар эди.
Мазкур оятнинг маъноси икки хил талқин қилиниши мумкин: биринчиси, биз зикр қилгандек ҳақиқий маънода, яъни Нуҳ алайҳиссаломни даъватининг қабул қилинишидан ноумид этиш; иккинчиси, тамсил (ўхшатиш) маъносида бўлиши мумкин. Уларнинг (Нуҳ алайҳиссалом даъватини) қабул қилмасликлари эшитмаслик ва жавоб бермаслик учун бармоқларини қулоқларига тиқиб, кийимларига ўралиб олган кишиларга зар-булмасал қилинди. Бу маънони Аллоҳ азза ва жалланинг ушбу сўзи ҳам тасдиқлайди:
«Лекин улар уни (берган ваъдаларини) ортларига улоқтирдилар»(«Эсланг, (эй Муҳаммад!) Аллоҳ аҳли китоблардан, уни (Таврот ва Инжилни) одамларга, албатта, аниқ баён қиласиз, уни (ҳеч кимдан) сир тутмайсиз, деб аҳд олган эди. Лекин улар уни (берган ваъдаларини) ортларига улоқтириб, озгина баҳога уни сотиб юбордилар. Бу савдолари нақадар нохуш!» (Оли Имрон сураси, 187-оят.) (Оли Имрон сураси, 187-оят). Улардан «ортга улоқтириш» феъли содир бўлмаган, лекин улар «ортига улоқтирган» кимса каби ундан юз ўгирганлар. Шунингдек, Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти ҳам зарбулмасал маъносидадир: «...улар қўллари билан (пайғамбарларнинг) оғизларини тўсиб...» Улар худди гапирмаслиги учун қўли билан бир кишининг оғзини тўсиб, гапини қабул қилмаган киши каби даъват этилган нарсанинг ижобатини тарк этдилар. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг: «...ва (кофирликда) собит бўлдилар ва ниҳоятда улкан такаббурлик қилдилар», деган ояти «тутган йўлларида бардавом бўлиб, куфрларида мустаҳкам турдилар» деган маънони англатади.
Қатода «...ва (кофирликда) собит бўлдилар» оятининг маъноси борасида шундай деган: «Пайғамбарларга рад жавобини бе-риш ёки даъватда уни мағлуб қилиш учун у (набий)ларнинг юзларига қараб бақирдилар». Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай деган:
«...унга халақит беринг, шоядки ғолиб бўлсангиз»(«Кофир бўлган кимсалар (бир-бирларига: «Муҳаммад тиловат қилаётган вақтда) сизлар бу Қуръонга қулоқ солмангиз ва (уни чалғитиш учун) жаврайверингиз! (Шунда) зора ғолиб бўлсангиз», дедилар» (Фуссилат сураси, 26-оят). Қатода раҳимаҳуллоҳ (бу ҳақида): «Аллоҳдан қўрқишни ўйин қилиб Аллоҳга осий бўладиган ишларда қадамма-қадам (юрдилар), ҳатто уларга Аллоҳнинг амри келди», деган (Мовардий. «Ан-Нукат ва ал-ъуюн». 6/100).) (Фуссилат сураси, 26-оят).
Аллоҳ таолонинг: «...ва ниҳоятда улкан такаббурлик қилдилар» деган сўзининг маъноси шуки, улар Аллоҳ таолога итоат этишдан кибр қиладилар ва пайғамбарининг даъватини қабул қилишдан бош тортадилар.

[8] Сўнгра, албатта, мен уларни очиқ даъват қилдим.

[9] Сўнгра, албатта, мен уларга ошкора эълон ва пинҳона (даъват) қилдим.
Аллоҳ азза ва жалланинг мазкур оятида Нуҳ алайҳиссалом уларни кечаю кундуз имкони бўлган ҳар вақтда Аллоҳга ибодат қилишга чақиргани, бу ишда қусурга йўл қўймагани айтилмокда, қавмларининг қабул қилишларидан умидвор бўлиб, ҳар қандай вақтда уларни даъват қилгани ҳақида хабар берилмоқда.
«...мен уларни очиқ даьват қилдим» ояти «улар мендан узоқлашиб, тўпланишиб, кўпайиб қолсалар, даъват барчасига етиши учун уларни ошкора даъват қилдим», деган маънони
англатади.
Улар Нуҳ алайҳиссалом(нинг олди)га кам сонли ҳолда келишса, «пинҳона (даъват) қилдим». Бармоқларини қулоқларига тиқиб, кийимларига ўралиб олганларида эса, (Нуҳ алайҳис-салом) даъватни ошкора қилганлар. «Ошкора» ва «пинҳона» сўзлари даъватга тегишли бўлиб, «эълон қилиш» сўзи ҳужжат ва далилларни намоён қилишга тааллуқли бўлиши мумкин. Бу маънони Абу Бакр Асом (мўътазилий) илгари сурган.

[10] Бас, ўз Раббингизга истиғфор айтинг, албатта, у гуноҳларни кўплаб мағфират қилувчидир, дедим.
Истиғфор Аллоҳ таолонинг (ушбу сурада); «Аллоҳга ибодат қилингиз, Ундан қўрқингиз ва менга итоат этингиз!» (Нуҳ сураси, 3-оят) ояти таъвилида зикр қилинганидек, мағфират талаб қилишдир. Бу уларни Аллоҳ таолонинг мағфират этишига сабаб бўлмиш имон келтиришга ундовчи амрдир. У Нуҳ алайҳиссаломнинг Аллоҳ таолодан мағфират сўрашига буйруқ эмас. Зеро, ҳар бир қавмнинг истиғфори уларнинг ҳолатларига қараб бўлади. Масалан, улар кофир бўлсалар, истиғфорлари Аллоҳ таолога имон келтиришдир. Гуноҳкор бўлсалар, уларнинг истиғфорлари Аллоҳ таолога тавба қилишдир. Мухлис банда бўлсалар, эсларидаги ўтган гуноҳларига истиғфор айтишдир.

[11] У зот осмондан устингизга кетма-кет (барака ёмғирини) юборади.

[12] Ва сизга молу мулк ва бола-чақа ила мадад беради ва сизларга боғу роғлар ҳамда анҳорларни беради.
Аллоҳ азза ва жалланинг ушбу ояти шунга далолат қиладики, улар қийин ҳаёт ва танг ҳолатда эканларида Нуҳ алай-ҳиссалом (қавмига) шу сўзларни айтган бўлишлари мумкин. Нуҳ алайҳиссалом: «Улар куфрдан тийилиб, (пайғамбарлари) чақириғини қабул қилсалар, Аллоҳ уларнинг гуноҳларини мағфират қилиб, осмондан (баракали) ёмғир ёғдиради ва шу сабабли уларга кенгчилик берилади», деб ваъда қилдилар. Баъзи таъвил аҳлининг сўзига кўра, қирқ йил давомида Нуҳ алайҳиссалом қавмидан ёмғир тўсилиб, аёллари туғмайдиган ва чорвалари, боғроғлари нобуд қилиб қўйилган эди. Шундан сўнг улар ҳам ҳалок қилиндилар. Уларнинг барчаси кофир эдилар ва ораларида ёшлари йўқ эди. Шунинг учун ҳам Нуҳ алайҳиссалом уларга биз зикр қилган нарсаларни ваъда қилган эдилар. Валлоҳу аълам!
Улар Исломни қабул қилсалар, ўзларидаги неъмат узилиб, кенгчилик завол бўлишидан қўрққан бўлишлари ҳам мумкин. Одамлар орасида бундан қўрқиб имонга келмаганлари ҳам бор эди. Аллоҳ азза ва жалла улардаги тўкин-сочинлик Исломни қабул қилганлари сабабли узилиб қолмаслиги, балки уларга осмондан узлуксиз (баракали) ёмғир ёғдириши, боғроғлар ҳамда анҳорлар ато қилишидан ташқари, мол-дунё ва фарзандлар билан уларга мадад беришининг хабарини берди. Ақлли инсонлар ҳозирги ҳолатга эмас, балки гўзал оқибат ва ишнинг натижасига қарайдилар. Айни шу рағбат уйғотиладиган нарсадир. Шунинг учун ҳам Набий алайҳиссалом ўз умматларини турлича даъват қилганлар. Улардан айримларга мол-мулки ва фарзандлари кўпайтириб берилишини хушхабар қилган. Баъзиларида эса охиратга рағбат уйғотганлар. Жумладан, оятда бундай дейилган:
«Бас, ана шу билан хурсанд бўлсинлар. У улар жамлайдиган нарсалардан яхшидир» (Юнус сураси, 58-оят)(«Айтинг: «Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан, бас, (албатта) шулар сабабли (мўминлар) шодлансинлар! У тўплаган нарса (бойлик)ларидан яхшироқдир» (Юнус сураси, 58-оят).).
«Айтинг (эй Муҳаммад!): «Сизларга булардан ҳам яхшироқ нарса ҳақида хабар берайми? Тақводор кишилар учун Парвардигорлари ҳузурида....» («Айтинг (эй Муҳаммад!): «Сизларга булардан ҳам яхшироқ нарса ҳақида хабар берайми? Тақводор кишилар учун Парвардигорлари ҳузурида остидан анҳорлар оқиб турадиган, абадий яшаладиган боғлар (жаннат боғлари), пок хотинлар ва Аллоҳ тарафидан ризолик (мўминлар учун улуғ неъмат - ризвон) бор. Аллоҳ бандаларни кўриб (кузатиб) турувчидир» (Оли Имрон сураси, 15-оят).) (Оли Имрон сураси, 15-оят). Аввалги ҳолатга Аллоҳ азза ва жалланинг қуйидаги ояти ҳам киради:

«Агар қишлоқлар аҳллари имон келтирганларида ва тақво қилганларида эди, Биз, албатта, уларга осмону ердан баракотларни очиб қўяр эдик» (Аъроф сураси, 96-оят). Асл шуки, расуллар хушхабарчи, огоҳлантирувчи, даъватчи, қўрқитувчи, далил-ҳужжат келтирувчи ва ҳужжат билан рад этувчи этиб юборилганлар. Пайғамбарлар уларга тиловат қилиб берган нарса замирига мазкур уч кўриниш киради(Мазкур уч кўринишдан мурод «хушхабарчи» билан «огохдантирувчи», «даъватчи» билан «қўрқитувчи» ва «далил-ҳужжат келтирувчи» билан «ҳужжат билан рад этувчи»дир. Валлоҳу аълам!). Чунки «огоҳлантириш» билан «башорат бериш» баъзан синов тариқасида бўлса, баъзан қавмдан «тасдиқловчилари» ҳамда «ёлғончига чиқарувчилари»нинг оқибати қандай бўлганини зикр қилиш орқали бўлган. Худди шунингдек, раҳмат чақириғи ҳам баъзан даъват ва қўрқитув билан бошланса, бошқа ўринда, ўтган умматлар ва расуллар уларни қандай даъват қилганларини зикр қилиш билан бўлган. Валлоҳу аълам!

[13] Сизларга нима бўлдики, Аллоҳнинг азаматини ўйлаб кўрмайсизлар?!

[14] Ҳолбуки, у сизларни ҳолатма-ҳолат яратди!
Аллоҳ азза ва жалланинг ушбу ояти ҳақида Абу Бакр Асом раҳматуллоҳи алайҳ: «Унинг таъвили: «Нима учун сизлар Аллоҳдан савоб умид қилмайсизлар? Унга ибодат қилинглар, шунга кўра ажр-савобингизни беради. Барча яхшилик Узининг изнида эканини, Аллоҳдан ўзга сиз ибодат қилаётган (бут-санам)лар сизларга ҳеч қандай фойда бермаслигини ва сизлардан бирор зарарни даф қилмаслигини биласизлар-ку!» бўлади, деган. У (Абу Бакр Асом) оятдаги «улуғлаш» сўзини «ибодат» маъносида изоҳлаган. Валлоҳу аълам!
Ундан бошқалар мазкур оят маъносини: «Нима учун сизлар Аллоҳ ҳузурида ўзларингиз учун даража, шараф ва қадр умид қилмайсизлар?!» деб тушунганлар. Яна бошқалар: «Нима сабабдан Аллоҳнинг азаматидан ва сизларнинг устингиздаги қудратидан қўрқмайсизлар! (Қўрққанларингизда) сизларни қайтарган нарсадан тийилиб, буйруғини бажо келтирар эдингиз?» деганлар.
[ар-ражо] - «умид» сўзининг [ал-ховф] - «қўрқув»га нисбат берилиши биз юқорида айтган, яъни мутлақ ражо (умид) хавфни ҳам, умидни ҳам ифодалайди, деган маънога кўрадир. Шунингдек, мутлақ хавф (қўрқув) ражони ҳам ифодалайди. Валлоҳу аълам!
Бизнинг наздимизда таъвилга энг муносиб маъно шуки, ражо (умид) Аллоҳ таоло учун бўлади. Худди ғазаб, муҳаббат ва ёмон кўриш Аллоҳ учун бўлгани каби. Яъни нима учун сизлар Аллоҳ таолонинг неъматлари, осмонлару Ерни яратиб, Қуёш ва Ойни бўйсундириб қўйиши ва ўқиётган оятларингизда зикр қилинган бошқа инъомлардан иборат эҳсонини кўрганингиздан кейин ҳам Унинг ҳузуридаги нарсанинг азамати ва ҳайбатини умид қилиб ҳаракат қилмайсизлар?! Бунинг сабаби шуки, киши бошқа учун умидсиз ҳаракат қилса ёки ҳеч кимдан умид қилмай, саъй-ҳаракат қилса, ҳаракати билан таҳқирланган бўлади. Нуҳ алайҳиссалом ўз қавмини, худди воқеликда подшоҳлар ва киборларнинг азамати ва ҳайбатига риоя қилган киши каби, Аллоҳ таолонинг азамати ва ҳайбатини ўйлаб, ҳаракат қилишга ундади. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг: «Ҳолбуки, у сизларни ҳолатма-ҳолат яратди!» сўзига келсак, ким «Сизларга нима бўлдики, Аллоҳнинг азаматини ўйлаб кўрмайсизлар?!» оятини ҳақиқий маънодаги «умид» деб талқин қилса, унинг таъвили бундай бўлади: «Нуҳ алайҳиссалом сизларни даъват қилган нарсани қабул қилсангизлар, қандай қилиб Аллоҳ таолонинг ҳузурида қадрингиз баланд бўлишини умид қилмайсизлар!?» Аллоҳ таолонинг бандаларни ҳолатма-ҳолат яратганини зикр қилишида, уларни бир ҳолдан бошқа ҳолга ўзгартириб, ҳозирги ҳолатга келгунларича яратишида Аллоҳнинг гўзал феълини эслатиш бордир. Аллоҳ таолонинг ибодатига юзланганларидан сўнг, у (ибодат) билан машғул эканлар, қандай қилиб ҳар он Унинг эҳсонидан умид қилмайдилар?!
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Сизларга нима бўлдики, Аллоҳнинг азаматини ўйлаб кўрмайсизлар?!» деган сўзи хавф маъносида бўлса, «Ҳолбуки, у сизларни ҳолатма-ҳолат яратди!» деган оятида (Аллоҳнинг) азамати, ҳукмронлиги ва қудратини эслатиш бордир. Яъни У Зот сизларни учта зулмат ичра гўзал яратган(Муаллиф раҳимаҳуллоҳ Аллоҳ таолонинг ушбу сўзига ишора қилмоқца: «У сизларни оналарингизнинг қорнида уч (қават) зулмат ичида аста-секин яратур» (Зумар сураси, 6-оят). Уч қават зулмат бу - онанинг бачадонидаги, ҳомилани ўраб турувчи парда остидаги ва қорин ичидаги қоронғуликлар. Уч зулмат таъви-лини «Таъвилот ал-Қуръон» (12/303)дан қаранг.). Ўша (уч зулмат)да сизларнинг ҳолатингиз Унга сира махфий қолмаган. Балки У сизларни хоҳлаганидек, бир ҳолдан бошқа ҳолга ўтказиб турган. Энди барчага намоён ва зоҳир бўлганларингизда, амалларингиз қандай қилиб Унга махфий бўлиб қолиши мумкин? Демак, ушбу оят замирида Аллоҳ таолога махлуқотларнинг амалларидан бирортаси махфий эмаслиги ҳақида эслатма бордир. Бу эса Аллоҳнинг (белгилаб қўйган) чегаралари бузилмаслиги, ҳақлари зое бўлмаслиги учун муроқабага чақириб, ҳар бир ҳолатда сергаклик ва теран назарга чорлайди. Акс ҳолда, ҳалокат ва жазо юборилади.
Таъвилни(Аллоҳ таолонинг «Сизларга нима бўлдики, Аллоҳнинг азаматини ўйлаб кўрмайсизлар?!» оятини ражо (умид) маъносида таъвил қилиш назарда тутилмоқда.) ражо (умид) деб талқин қилсангиз, хавф деб таъвил қилиш натижасида ҳосил бўлган маънодан ўзга мазмунни ифодалайди. Чунки уни ражо (умид) деб таъвил қилсангиз, оятда Нуҳ алайҳиссалом қавмини илк яратишидан то охиригача Унинг улкан неъмати борлигини эслатиш маъноси бўлади. Бу эслатма Аллоҳ таолонинг ҳузурида қадрларини баланд ва оқибатларини гўзал қиладиган нарсани излашга уларни ундайди.
Мазкур оятни хавф маъносида таъвил қилинса, ундан Аллоҳ таолонинг қудрати ва ҳукмронлигини эслатиш кўзланади. Бу ҳам уларни ҳар онда муроқабага ва тақвога ундайди.
Аллоҳ азза ва жалланинг [вақоро] - «улуғлик» сўзини ким ибодатга бурса, «хавф» ва «ражо» деб таъвил қилинганида, биз қайд қилган икки маънодан ўзгасини англатади. Гўё Аллоҳ таоло бундай демоқда: «Сизларни босқичма-босқич яратган Зот -ҳикматли эканини биласизлар. Ҳикматли Зот нодонлик қилмайди. Сиз бандаларни буйруқсиз, қайтариқсиз ва неъматларнинг шукрини талаб қилмай, ўз ҳолингизга ташлаб қўйиш аҳмоқликдир». Бу маънони зикр қилишда ибодатга тарғиб ва тоатга ихлос бордир. Яна уни зикр қилишда рубубиятни исбот қилиш ва Аллоҳ таолони яккаю ягона деб тасдиқлашга ундаш бордир. Чунки У бандаларни дастлаб нутфа, сўнг алақа, сўнг музға ҳолатидан бошлаб, то тўкис инсон бўлгунича мукаммал суратда барпо этган(Аллоҳ таоло бу ҳакда шундай деган: «Қасамки, батаҳқиқ, инсонни лой сулоласидан яратдик. Сўнгра уни мустаҳкам қароргохда нутфа қилдик. Сўнгра нутфадан алақа яратдик, алақадан чайналган гўшт яратдик, чайналган парча гўштдан суяк яратдик, бас, суякка гўшт қопладик, сўнгра уни бошқа бир жонзот этиб пайдо қилдик. Бас, яратгувчиларнинг энг яхшиси Аллоҳ баракотли ва буюкдир» (Муъминун сураси, 12 - 14-оятлар).). Агар ал-Мудаббир (барча ишларнинг тадбирини қилувчи) ва ал-Муншиъ (йўқдан бор этувчи) Зот ягона бўлмаса, инсонни бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтказишдан ожиз қолган бўлар эди. Чунки у нутфадан алақа (лахта қон)ни, алақадан музға (бир парча гўшт)ни пайдо қилмоқчи бўлса, бошқаси унга қаршилик қилиб, алақа ва музғани яратишга имкон бермаган бўлар эди.
Унга қаршилик қилувчининг йўқлиги Ундан ўзга тадбир қилувчи ва яратувчи йўқлигига далилдир. Биз зикр қилган нарса билан Аллоҳ таолонинг ягоналиги собит бўлса, махлуқотларнинг ибодатига Унинг Узигина лойиқ экани ҳам маълум бўлади. Баъзилар Аллоҳ таолонинг: «Ҳолбуки, у сизларни ҳолатма-ҳолат яратди!» оятини: «Аллоҳ таоло инсонларни турли хулқ-атвор, сурат, ранг, лафз, овоз, оҳангда яратди. Ҳатто ҳеч кимнинг бутун хилқатда бошқа бировга ўхшашини кўрмайсиз. Бу Унинг қудрати ва ҳикматига энг катта далиллардан биридир», деб ифодалаганлар. Тавфиқ Аллоҳдандир!

[15] Аллоҳ етти осмонни қандоқ қилиб табақама-табақа яратиб қўйганини кўрмадингизми?
Аллоҳ таолонинг: «...кўрмадингизми» деган сўзи «бандалар кўра-била туриб, ундан ибрат олишмаган ишни эслатишини англатади», деб юқорида зикр қилдик. Баъзан у бандалар олдин билмаган ажойиботларни эслатишни ҳам ифода этади. Аллоҳ таоло айтади: «Улар Аллоҳ таоло етти қават осмонни устидан осиб қўймай, остидан устунларни тирамай, яратганини кўрдилар. Бунга ўхшашини яратишга қодир бўлган Зот хоҳлаган нарсасини яратишга, албатта, қодирдир». Бунда қайта тирилиш сўзини тасдиқлаш бордир. Чунки ақлларингиз ўлчовига кўра, уларни қайта тирилтириш осмонларни яратишдан қийин эмас. Демак, уларни яратишга қурби етган Зот, албатта, қайта тирилтиришга ҳам қодирдир. Тавфиқ Аллоҳдандир!

[16] Ва улар ичида Ойни нур ва Қуёшни чироқ қилиб қўйганини кўрмадингизми?
Баъзилар: «Аллоҳ таоло Ойни дунё осмонига нур қилиб, барча осмонларга нисбатини берди», дейишган. Чунки бир нарса ададнинг фақат бир қисмида топилса, ўша нарсанинг нисбатини умумий ададга ҳам бериш мумкин бўлади. (Шунингдек, сўзлашувда) масжид битта бўлиб, у еттита қабила ичида эмас, битта қабила ичида бўлса: «Еттита қабилада битта масжид бор», дейилади. Яна: «Фалончи бир қавмнинг уйларида яшириниб юрибди», дейилади. У ўша қавмнинг барчасининг уйида яширинган бўлмайди, балки улардан бирининг уйида яширинган бўлади-ю, «яшириниш» феълининг нисбати барча уйга берилади. Худди шунингдек, Ойнинг нури битта осмонда бўлса ҳам, унинг нурининг нисбати еттита осмонга берилди.
Баъзилар Ойнинг нури барча осмонни қамраб олганини зикр қилганлар. Улар Ойнинг юзи (олд тарафи) осмонларга, орқаси эса, Ердагиларга қараб турган деб ўйлаганлар. Шунинг учун булут ва шунга ўхшаш тўсиқлар унинг нурини тўсиб қўяди. Аммо унинг олд тарафидаги нурини ҳеч қандай тўсиқ беркита олмайди.
Лекин бу (Ой ҳақидаги маълумотлар) каби нарсалар хабар орқали билинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу ҳақда саҳиҳ хабар келган бўлса, қабул қилинади, акс ҳолда, бу каби (сўз)лардан тийилиш муносиброкдир.
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Қуёшни эса чироқ қилиб қўйди» оятидаги «чироқ» сўзи бошқа оятдаги «зиё» сўзи ўрнида қўлланган. У Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятидир:
«Қуёшни зиё (таратувчи) этган»(«У Қуёшни зиё (таратувчи) ва Ойни нур (сочувчи) этган Зотдир» (Юнус сураси, 5-оят).) (Юнус сураси, 5-оят). (Ушбу оятда) Ойда нур, Қуёшда эса зиё борлиги зикр қилинди. Чунки Ой нурга эҳтиёж тушган пайт, яъни тун зулматида чиқади. Аллоҳ таоло тунни сакинат (ором) топишимиз учун пайдо қилган. Лекин инсонларда тунда амалга ошириш керак бўлган бошқа ҳожатлар бор. Шу сабабдан Аллоҳ таоло уларга Ой нурини ато этди, токи унинг нури ила ҳожатларини битирсинлар. Ёруғлиги тун нурини тортиб олиб, уни мағлуб қилиши учун қуёшни зиё қилди. Кундузининг нури қуёш нурини тортиб ололмайди. Валлоҳу аълам!

[17] Ва Аллоҳ сизларни ердан ўстириб чиқаради.
Аллоҳ азза ва жалланинг мазкур оятидаги «ўстириб чиқаради» феълининг нисбатини ерга бериш мумкин. Бу эса, тупроқдан яратилган асл, яъни Одам алайҳиссаломга оид ҳисобланади. Фаръ (инсонлар)нинг асл (Одам алайҳиссалом) яратилган нарса (тупроқ)га нисбат берилиши барча (инсонлар)нинг тупроқдан яратилгани (маъносини таъкидлаш) учун эмас, балки (Одам алайҳиссалом) ўша (нарса)дан пайдо бўлгани учундир. Буни Аллоҳ азза ва жалланинг ушбу ояти мазмуни ҳам тасдиқлайди:
«Осмонда эса сизларнинг ризқларингиз бордир» (Зориёт сураси, 22-оят). Осмондаги биз учун бўлган нарса ёмғирдир. Биз ундан ризқланмаймиз, лекин биз ризқланадиган нарсаларнинг асли (сабабчиси) ёмғир ҳисобланади. Ёмғир ризқларга эришишда асл нарса бўлгани учун оятда «ризқ» сўзининг нисбати ёмғирга берилди. Худди шунингдек, инсонларнинг барчаси Одам алайҳис-салом наслидан ва у зот инсонларнинг асли бўлгач, асл нимадан пайдо қилинган бўлса, ўшанга (оятда) наслнинг нисбати берилди.
Оят маъноси ҳар бир инсонга тегишли бўлиши ҳам мумкин, чунки инсон танасининг тириклиги ва барқарорлиги ердан чиқадиган, ундан унадиган турли хил озиқ-овқатлар билан бўлади. Нафсларнинг барҳаётлиги ердан унадиган нарсалар ила бўлса, гўё Аллоҳ таоло бизни ердан ундиргандек бўлади. Демак, униб-ўсиш нисбатини ерга бериш тўғри ҳисобланади. Бу худди дарахтларда пайдо бўлган мевалар етилишининг нисбати ерга берилиши тўғри бўлгани каби. Чунки дарахтларнинг барқарорлиги ва мавжудлиги ерга боғлиқ. Умуман олганда, биз қайд қилган маънога кўра, ердан чиқадиган нарсаларнинг нисбати унга берилади.
Аллоҳ таолонинг: «Ва Аллоҳ сизларни ердан ўстириб чиқаради» оятининг биринчи таъвилига кўра, оятда «қайта тирилтиришга қодир қудрат борлиги ва уни инкор қилганларга қарши ҳужжат тақдим қилиш» маъноси бордир. Чунки Аллоҳ азза ва жалла уларга: «Улар ҳеч нарса эмасликларида, Аллоҳ уларни ердан пайдо қилди», дейиш орқали Уз қудратини эслатди. Тупроқ бўлганларидан кейин ердан уларни яратишга қудрати етган Зот, уларни асл ҳолатда, яъни гарчи суяк ва (чирик) мурдаларга айланиб кетсалар ҳам, албатта, уларни тўкис инсон суратида яна тирилтиришга қодирдир. Чунки у (қайта тирилишга ишонмайдиган кофир)лар тупроққа айланиб кетганларидан кейин, қандай қилиб янгидан халқ қилинишлари борасида ўйлардилар?(Муаллиф раҳимаҳуллоҳ Аллоҳ таолонинг ушбу сўзига ишора қилган бўлса керак: «(Эй Муҳаммад!) Улар Сизнинг ҳақингизда (сеҳрланган, мажнун, шоир деб) қандай мисол келтирганларини, бас, адашиб, сўнг йўлни топа олмаётганларини кўринг! Улар: «Суяк ва (чирик) мурдаларга айланиб кетгач, ҳақиқатан ҳам янгидан яралиб, тирилармиканмиз?!» дейдилар» (Исро сураси, 48-49-оятлар).) Аллоҳ таоло уларга биз зикр қилган кўринишда ибтидо (дастлабки яратилиш)нинг қандай бўлганини ҳужжат сифатида келтирди.
Оятнинг маъноси иккинчи таъвилга кўра бўлса, унда бандалардан шукр талаб қилиш учун Аллоҳ таоло уларнинг маишатлари ва тирикчилик ўтказишларига ердан чиқариб қўйган неъматларини эслатиш бор. Ва яна унда Аллоҳнинг азобидан бандаларни қўрқитиш учун Унинг қуввати ва ҳукмронлигини эслатиш бор. Шунда Унинг ғазабидан сақланадилар ва розилигини талаб қиладилар.

[18] Сўнгра сизларни унга қайтаради ва сизларни яна чиқаради.
Аллоҳ таоло «қайтариш» ва «чиқариш»ни ушбу оятда жамлаш ҳарфи, яъни «вов» билан жамлади. Аллоҳ азза ва жалланинг [ва юхрижукум] - «ва сизларни яна чиқарди», деган каломи [сумма] - «кейин» сўзи ўрнида келган. Чунки бу «қайта чиқариш» ерга қайтарганидан сўнг бўлади. Бунда иккала ҳарфдан бири, яъни [ва] - «ва» ҳарфининг [сумма] - «кейин» сўзи ўрнида ишлатилишига далил бордир.

[19] Ва Аллоҳ сизларга ерни гиламдек тўшаб қўйди.
Аллоҳ азза ва жалла ерни тўшалиши билан манфаат келтирадиган нарса каби қилди. Шундай қилмаганида, бандалар эҳтиёжларини қондира олмас ва ундан фойдалана олмас эдилар. Буни зикр килишда Аллоҳ таолонинг уларга улуғ неъматини эслатиш бор.

[20] Токи ундаги кенг йўлларда юрасизлар.
Оятдаги [фижажун] сўзи «кенг йўллар» деган маънони англатади. Яна бир қарашга кўра, [ас-субулу] сўзи «текисликдаги йўллар» деган маънони англатса, [ал-фижажу] деб «тоғлардаги йўллар»га айтилади. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг бандаларига берган энг катта неъматларидандир. Чунки Аллоҳ таоло одамларнинг ризқини турли юртларга сочиб қўйган. Уларга ерда йўллар қилиб қўймаса, юриш ва баданларини тутиб турадиган нарсага эришиш учун йўл топа олмас эдилар. Шундай қилиб (ер) биз юрадиган йўлларга айланган. Бизга бўйсундирилган чорвалар каби (ер туфайли) эҳтиёжларимизга ва маишатимизга эришамиз ва у сабабли ҳожатларимизни раво қиламиз. Бу сизга Ер юзидаги барча юртларнинг эгалиги ҳам, тадбири ҳам ал-Воҳид (Ягона) ва ал-Қаҳҳор (барча яратганларини тутиб, уларни Ўз ҳукмига юритиб ва қудрати билан бўйсундириб турувчи) Зотга тегишли эканини билдиради. Чунки У Зот ўз тирикчиликлари учун одамларни турли юртларга тарқалишга эҳтиёжли қилиб қўйди ҳамда бунга етиб борадиган сабабларни ҳам пайдо қилди. Демак, (бундан) барча юртларнинг соҳиби Ягона (Аллоҳ) экани собит бўлади.

[21] Нуҳ (яна) айтди: «Эй Раббим! Дарҳақиқат, улар менга итоатсизлик қилдилар ҳамда (топган) мол-дунёси ва фарзандлари ўзига фақат зиённи оширадиган кимсаларга эргашиб кетдилар».
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Нуҳ (яна) айтди: «Эй Раббим! Дарҳақиқат, улар менга итоатсизлик қилдилар» деган сўзи «Уларга буюрган ёки уларни даъват қилган нарсамда менга итоатсизлик қилдилар», маъносидадир. Аллоҳ таолонинг «ҳамда (топган) мол-дунёси ва фарзандлари ўзига фақат зиённи оширадиган кимсаларга эргашиб кетдилар», деган сўзидаги (оддий одамлар) эргашган кишилар мол-дунёлари ва мулозимлари кўп бўлган кофир кимсалар бўлиши мумкин. Бу кофирлар ўзларидан қуйи даражадаги кишиларни эргашишга мажбурлаганлар ва улар Нуҳ алайҳиссаломни қўйиб, уларга эргашганлар. Ҳолбуки, Нуҳ алайҳиссалом уларни ўзига эргашишга чақираётган эдилар. Аллоҳ таоло улар Нуҳ алайҳиссаломга эргашиш ўрнига мол-давлати, бола-чақаси ва мулозимлари кўп кимсаларга эргашиб кетганлари ҳақида хабар берди.
Ушбу оят қавмнинг аслзодалари ва бошлиқлари ҳақида эмас, балки уларга эргашиб кетган кимсалар ҳақидадир. Юқоридаги оятларда Нуҳ алайҳиссаломнинг қавмидаги аслзода ва бошлиқларни тавҳидга ва (Аллоҳ таоло буюрган) бошқа (иш)ларга даъват қилгани ҳақида айтилди. Мазкур оят ҳам аслзодалар, ҳам заиф кишилар ҳақида бўлиши мумкин.
Аллоҳ таолонинг: «...эргашиб кетдилар» деган сўзи «улар бойлик ва кенгчиликда ўзларидан юқори бўлганлар, дунё берилганлар ва ризқи кенг қилиб қўйилганларга «улар Аллоҳ таолога ҳақли ва Унга мартабада яқин» деган гумонда эргашиб кетдилар», деган маънони англатади. Уларни бунга ундаган нарса воқеликда улардан ҳеч бири ўз яқини билан алоқани узиб, душмани билан алоқа қилганини кўрмаганлари эди. Бошлиқларига дунё берилиб, Аллоҳ таоло (ризқда) уларга кенглик ато қилиб, ўзларига эса танглик берса, уларни (Аллоҳга) яқин даражада ва юқори мартабада деб билишар ва уларни Аллоҳнинг дўстлари деб ҳисоблашар эди. Ҳолбуки, улар охиратга ҳам, охиратдаги савобга ҳам имон келтирмаган эдилар.
Улар авлиёлар ва яхшиларга Аллоҳ таоло дунёда мукофотни мўл-кўл қилиб беради ва кимга дунёда тўкин-сочинлик берилса, ўша одам Аллоҳ таолога дўст бўлишга ҳақли деб ўйлашар эдилар. Мана шу гумон уларни (Нуҳ алайҳиссаломдан ўзгага) эргашишга ундади.
Аллоҳ таолонинг: «...фақат зиённи оширади» ояти «ўша эргашилган (мулкдор ва бой) кимсага фақат-фақат ҳалокатни зиёда қилади», деган маънони англатади. Қилган ишлари туфайли уларга илтифот сифатида берилган деб ўйлаган неъматлар ўзларининг зиёнларига сабаб бўлди. Аллоҳ таолонинг: «...ҳамда (топган) мол-дунёси ва фарзандлари ўзига фақат зиённи оширадиган кимсаларга эргашиб кетдилар» ояти Унинг қуйидаги сўзига ўхшайди:
«Бас, Сизни уларнинг мол-мулклари ҳам, фарзандлари ҳам ажаблантирмасин! Зеро, Аллоҳ ўшалар сабабли дунё ҳаётида уларни азоблашни ирода қилади» (Тавба сураси, 55-оят). Нуҳ алайҳиссаломнинг Аллоҳ таолога қавмидан шикоят қилишларининг таъвилини баён қилдик. Бу ва юқоридаги оятлар Аллоҳ таолога қилинган шикоятнинг таъвили маъносида бир хилдир.

[22] (Улар) жуда катта макр қилдилар.
Аллоҳ азза ва жалланинг бу сўзи ҳақида баъзилар бундай деганлар: «Улар қавмни куфрга ва Аллоҳ таолонинг йўлидан тўсишга чақирганларида, тиллари ила макр қилар эдилар». Уларнинг тиллари билан айтган сўзларига оятда Аллоҳ таоло «макр» деб киноя қилди ва уни катта макр, яъни оғир сўз деди. Оятдаги «макр» сўзи ўзининг ҳақиқий маъносида бўлиши ҳам мумкин. Яъни уларнинг бошлиқлари ўзларига эргашганларга: «Анавилар Аллоҳ таолога биздан кўра ҳақли бўлганларида уларга кенглик ато этилиб, бизга танглик берилган бўлар эди. Модомики, бизга кенглик ато этилиб, уларга торлик берилган экан, бошқаларни эмас, айнан бизнинг дўст ва танлаб олинган эканимиз маълум бўлди», дейиш билан макр қилдилар. Мана шу (сўзлар) улардан чиққан «катта макр» эди. Сабаби шуки, ушбу сўзлар заифларнинг қалбларини эгаллаб, уларни Аллоҳ таоло йўлидан тўсади.
Уларнинг макри шундай бўлиши ҳам мумкин: «Зикр қилинишича, улар кичкина болаларини Нуҳ алайҳиссалом олдига олиб келишиб, уларга: «Сен мана бу кимсага эргашишдан эҳтиёт бўл, чунки у ўзи ҳам адашган, бошқаларни ҳам адаштиради», дер эдилар». Бу эса қавмнинг ёш болалари билан қилган макрлари бўлган.

[23] Ва улар: «Олиҳаларингизни ҳеч тарк қилманглар ва албатта Ваддни ҳам, Суваъни ҳам, Яғусни ҳам, Яъуқни ҳам ва Насрни ҳам тарк қилманг», дедилар.
Оятдаги бу гап эргашувчилар уларга бўйсуниб, бут-санамларга ибодат қилиш ҳақидаги чақириқларига ижобат қилганларидан кейин айтилган. Шундан сўнг улар яна айтганлар: «Олиҳаларингизни ҳеч тарк қилманглар!», яъни уларга ибодат қилишни сира тарк қилманглар! Аллоҳ азза ва жалланинг: «Вад»ни ҳам, «Суваъ»ни ҳам, «Яғус»ни ҳам, «Яъуқ»ни ҳам ва «Наср»ни ҳам тарк қилманг», деган сўзидаги исмлар (Нуҳ алайҳиссалом қавми) ибодат қилган санамларнинг номларидир.
Уларни бут-санамларга ибодат қилишга ундаган нарса муфассирлар зикр қилган қуйидаги сабаб бўлиши ҳам мумкин: Нуҳ алайҳиссалом қавми ушбу санамларни дастлаб обид кишилар суратида қабул қилганлар. Оятда зикр қилинган исмлар ўша обидларнинг исмлари бўлган. Улар бут-санамларга қараганларида ибрат олишиб, ибодатга ғайрат қилишлари учун обидларнинг исмлари билан номлаганлар. Бир аср, яъни ибрат олиш учун санамларни ясаган авлод ўтиб, ортларидан авлодлари ўринбосар бўлишгач, шайтон уларга: «Сизлардан олдингилар мана шу санамларга ибодат қилишар эди. Энди сизлар ҳам уларга ибодат қилинглар», деди.
(Муфассирлар) орасида бундай деганлар ҳам бор: «Одам алайҳиссаломнинг жасади Нуҳ алайҳиссалом ҳузурида эди. У мўминларнинг Одам алайҳиссалом жасадини кўришларига изн бериб, бошқаларга рухсат бермас эди. Шунда шайтон кофир кимсалар ҳузурига келиб: «Нуҳ ва унга имон келтирганлар Одам жасади билан сизларга фахрланадими? Ахир барчангиз унинг авлодларисиз-ку!» деб ҳар бир қавмга Одам алайҳиссалом суратида санам ясаб берди ва улар унга ибодат қилдилар.
Уларни бу ишга ундаган нарса ўзларини оламлар Парвардигорига ибодат қилишга ярамайди деб ҳисоблашлари бўлиши ҳам мумкин. Воқеликда аслзодаларга хизмат қилаётганларнинг ҳаммаси ҳам подшоҳларга хизмат қилишни умид қилмаганлар ва ўзларини уларнинг хизматига лойиқ деб билмаганлар. Балки подшоҳга яқин қилар деган умидда дастлаб улардан қуйи даражадаги зодагонларга хизмат қилганлар. Худди шу каби, улар ўзларини оламлар Парвардигорининг хизматига ҳақли деб билмас эдилар. Улар бирор яхши нарсани кўрсалар, унинг яхшилиги Аллоҳ таоло ҳузуридаги даражаси сабабли деб билар эдилар. Шунда улар Аллоҳ таолога яқинлаштиради деган умидда унга ибодат қилишга юзланар эдилар. Шу тариқа улар бут-санамларни энг яхши ўринга қўйиб, ўзларини Аллоҳ таолога яқинлаштиради деган умидда уларга хизмат ва ибодат билан машғул бўлганлар. Аллоҳ таоло улар ҳақида бундай деган:
«Ундан ўзга авлиё-дўстлар тутганлар: «Биз уларга фақат бизларни Аллоҳга жуда ҳам яқин қилишлари учунгина ибодат қилурмиз», (дерлар)» (Зумар сураси, 3-оят).
«...Ана шулар Аллоҳ ҳузурида бизнинг шафоат қилувчиларимиз», - дейдилар» (Юнус сураси, 18-оят). Мана шундай ўй уларни бутларга ибодат қилиш ва уларни улуғлашга ундаган бўлиши мумкин. Валлоҳу аълам!

[24] Дарҳақиқат, улар кўпларини адаштирдилар ва Сен золимларга залолатдан бошқани зиёда қилма, (деди Нуҳ).
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Дарҳақиқат, улар кўпларини адаштирдилар», деган сўзидан (қавмдаги) зодагонлар ирода қилинган бўлиши мумкин. Чунки улар кўпчиликни йўлдан оздирганлар, яъни залолатга ундаб, қалбларида уни зийнатлаб кўрсатган, шу билан эсипастларини адаштирганлар. Оятдан мурод бут-санамлар бўлиши ҳам мумкин. Лекин (оят) бут-санамларга тегишли бўлганида [ва қод азлална касийрон] - «Дарҳақиқат, у бут-санамлар кўп кишиларни йўлдан оздиришди» тарзида (муаннас шаклда) ифодаланган бўлар эди. Зеро, Иброҳим алайҳиссалом бундай деган:
«Эй Раббим! У (санам)лар кўп одамларни йўлдан оздирди» (Иброҳим сураси, 36-оят). Лекин йўлдан оздириш имтиҳон қилинадиганлар феълидандир, бут-санамларда эса феъл ва ҳаракат мавжуд эмас. Оятда киши феълининг нисбати бут-санамларга берилгач, хитоб ҳам феъл соҳибига қаратилган бўлади. Буни Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти тасдиқлайди:
«Кўпгина қишлоқлар ўз Раббисининг амрига саркашлик қилди» (Талоц сураси, 8-оят). Бу оятда Аллоҳ таоло қишлоққа унинг аҳли феълининг нисбатини берди. Феъл нисбати (қишлоқ) аҳолисининг ўзига берилганда, музаккар жинсда берилган бўлар эди. Қишлоқ аҳолисининг феъли қишлоққа нисбат берилгани учун бу ўринда феъл муаннас жинсда ифодаланди(Араб тилида ҳар бир сўз икки жинс, яъни музаккар (эркак) ёки муаннас (аёл) жинслардан бирида бўлади. Тушуниш учун буни рус тилидаги «мужской род» ва «женский род»га ўхшатиш мумкин. Сўзларнинг қайси жинсда эканига кўра, гап тузилишида уларга тааллуқли бўлган олмош, сифат ва феълларнинг жинслари ҳам ўзгаради. Оятда келган «шаҳар» сўзининг араб тилидаги кўриниши муаннас жинсда бўлгани учун унга нисбат берилган феъл ҳам муаннас жинсда ифодаланган.). Фаразан қишлоқнинг ўзидан қандайдир феъл содир бўлганида, албатта, хитоб музаккарда эмас, муаннас жинсда ифодаланар эди. Шунинг учун қишлоқнинг ўзидан бирор феъл содир бўлганида муаннас жинсда ифодалангани каби аҳолисининг феъли кишлоққа нисбат берилганда муаннас жинс шаклида берилди.

[25] Улар хатолари сабабли ғарқ қилиндилар ва дўзахга киритилдилар. Бас, ўзларига Аллохдан ўзга ёрдамчи топа олмадилар.
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Улар хатолари сабабли ғарқ қилиндилар ва дўзахга киритилдилар», деган оятидаги (ма) ҳарфи зиёдадир. Шунда оятнинг маъноси бундай бўлади: «Уз хатолари сабабли (сувга) ғарқ қилиниб, охиратда дўзахга киритиладилар» ёки «Баданлари ва жасадлари ғарқ қилиниб, руҳлари дўзахга қайтарилади». «Бас, ўзларига Аллоҳдан ўзга ёрдам берувчиларни топмадилар», яъни Аллоҳдан ўзгага ибодат қиладиган кимсалар ибодат қилганлари сабабли маъбудлардан ёрдам берувчини топа олмайдилар. Чунки Аллоҳдан ўзгага ибодат қиладиган кимсалар санамлар уларни Аллоҳга яқинлаштириши, ўзларига шафоатчи ва азизлик бўлиши учун уларга ибодат қилишар эди. Улар ишнинг асло ўзлари ҳисоб-китоб қилган тарзда содир бўлишини топмайдилар.

[26] Ва Нуҳ: «Эй Раббим, Ер юзида кофирлардан бирорта ҳам ҳаракатланувчини қўймагин.
Ушбу оятнинг таъвилида айтилади: «Ер юзининг манзил-маконларида яшовчи кофирлардан бирортасини қолдирмагин. Агар манзил-маконларда яшовчи бирортаси қолмаса, демак, уларнинг барчаси ўлиб, ҳалокатга учраган бўлади». Гўё Нуҳ алайҳиссалом: «Утардан ҳеч кимни қолдирмагин», деяётган бўладилар.

[27] Албатта, Сен уларни тек қўйсанг, бандаларингни адаштирурлар ва фожиру кофирдан бошқа туғмаслар.
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Албатта, Сен уларни тек қўйсанг, бандаларингни адаштирурлар...» деган оятига тўхталсак. Бу сўз зоҳирдан Нуҳ алайҳиссаломдан чиққан қўпол сўздир. Чунки Аллоҳ таоло уларни ҳалок қилмай, ўз ҳолига ташлаб қўйса, гўё бу сўз Уни айблаш тариқасида айтилган бўлиб қолади. Бу фаришталарнинг ушбу сўзига ўхшайди:
«Улар: «Унда фасод қиладиган, қон тўкадиган кимсани яратмоқчимисан?» (Бақара сураси, 30-оят). Бу жумла ҳам (зоҳиран) Аллоҳ таолони айблаш услубида баён қилинган. Яъни уларни қолдирсанг, бу бандаларнинг тўғри йўлдан озишларига олиб боради. Бу сўзда Аллоҳ таолонинг ҳузурида катталик қилиш бордир. Бу қўштирноқ ичидаги улкан ишдир. Чунки феъли ўзгаларни йўлдан оздириш бўлган кимсаларни ҳалок қилиш улуҳият шартига кирмайди. Иблис лаъин ва унга эргашганларга қарасангиз, уларнинг асосий ҳаракатлари одам авлодини адаштиришдан иборат. Шундай бўлса ҳам, улар қириб, йўқ қилиб ташланмадилар, балки маълум вақтгача тирик колдирилдилар. Лекин Нуҳ алайҳиссаломга уларнинг ҳалокати ва йўқ қилинишларини сўраб, дуо қилишга изн берилганидан сўнг дуо қилган бўлишлари мумкин. Шунда қавмнинг ҳалокатини сўраб, дуо қилиш одобга кўра ифодаланган бўлади.
Аслида, пайғамбарлар (уларга Аллоҳнинг саломи бўлсин) одамларни Исломга даъват қилиш учун юборилганлар. Улар қавмнинг Исломга киришини умид қилиб, куфрда бардавом бўлишларидан хавотирда бўлиб даъват қилганлар. Нуҳ алайҳиссаломга «Қавмингдан (ҳозиргача) имон келтирганларидан бошқа ҳеч ким энди имон келтирмас» дейилганидан сўнг (шу кунгача) имон келтирмаганларнинг Исломидан умид узганлар. Натижада Исломга даъват қилиш якунига етган. Шундан сўнг у зотга уларнинг ҳалокатини сўраб дуо қилишга изн берилган ва ўша онда дуо қилган бўлишлари ҳам мумкин. Нуҳ алайҳиссаломнинг: «Албатта, Сен уларни тек қўйсанг, бандаларингни адаштирурлар» деган сўзи у зотга эргашган мўминларга раҳм-шафқат ўлароқ айтилган. Чунки куфрда бардавом бўлган кимсалар ўз ҳолларига ташлаб қўйилса, мўминларни йўлдан оздириб, ўз миллатларига қайтаришлари мумкинлигидан хавфсираганлар. У зотнинг мўминларга меҳрибонлиги, уларни йўлдан оздиришга эриша олмасликлари учун кофирларнинг ҳалокатини сўраб, дуо қилишга ундаган.
Аллоҳ азза ва жалланинг: «...ва фожиру кофирдан бошқа туғмаслар» деган ояти уларга синов ва имтиҳон етган вақтга тегишлидир. Бу сўздан кофир ва динсизларни туғадилар деган маъно эмас, балки ўша вақтда улардан фужур ишлар содир бўлиши тушунилади. Чунки ўша (туғилган) вақтда уларнинг ҳеч қандай амаллари бўлмайди. Бу худди Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятига ўхшайди:
«Албатта, Биз инсонни имтиҳон қилиб, аралаш бир нутфадан яратдик» (Инсон сураси, 2-оят). Яъни Биз уни яратилаётган вақтда эмас, улғайганида синов ва офат ила имтиҳон қиламиз. Ушбу оятда «куфр» сўзи ўрнида гоҳида «фожирлик» сўзи ишлатилишига далолат бордир. Чунки оятдаги [каф-фарон] - «кофирлар» сўзини Аллоҳ таолонинг [фажирон] -«фожир» сўзининг тафсири дейилса, Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятидаги [фужжарун] сўзининг таъвилини «кофирлар» маъносига буриш тўғри бўлади:
«Фожирлар эса дўзахдадирлар» (Инфитор сураси, 14-оят).

[28] Раббим, мени мағфират қилгин, менинг ота-онамни ҳам ва уйимга мўмин бўлиб кирганларни ва мўминлару мўминаларни ҳам. Ва золимларга ҳалокатдан ўзга нарсани зиёда қилмагин», деди.
Аллоҳ азза ва жалланинг ушбу оятига кўра, банда дуо ва истиғфорни аввало ўзидан, сўнг ота-онаси, кейин мўминлардан бошлаши лозимдир. Оятдаги «уйимга» сўзини баъзилар «кемамга», баъзилар «динимга» деб тафсир қилганлар. Шунда сўзи «дин» маъносини ифодалаш учун кўчма маънода қўлланган.
Баъзилар, у Нуҳ алайҳиссаломнинг ўзи яшайдиган уйи бўлиб, Аллоҳ таоло у зотнинг уйига мўмин ҳолида кирган киши куфрга қайтмаслиги хабарини берган, дейди.
Шайх раҳматуллоҳи алайҳ: «Мўминларга охиратдаги энг умидли ишлар пайғамбар ва фаришталарнинг дунёда улар учун қилган (хайрли) дуоларидир. Чунки улар изн берилганидан сўнггина дуо қиладилар. Аллоҳ таоло уларга изн бериб, сўнг дуоларини ижобат қилмаслиги мумкин эмас», деганлар.
Зикр қилинишича, Ибн Аббос розияллоҳу анҳу бундай деган: «Нуҳ алайҳиссалом икки маротаба дуо қилганлар. Биринчиси, мўминларга мағфират ва тавба тилаб; иккинчиси, кофирларга ҳалокат ва талафот сўраб. У зотнинг кофирлар ҳақида қилган дуолари мустажоб бўлган. Икки дуонинг ёмони ижобат қилиниб, улардан яхшиси ижобат қилинмаслиги мумкин эмас (яъни мўминларга мағфират тилаб қилган дуоси ҳам ижобат бўлади)»(Оятнинг тўлиқ шакли: «Улар (кофирлар): «Бизлар ер (ости)да гумдон бўлиб кетгач, ҳақиқатан ҳам яна янгитдан яралурмизми?» - дедилар. Иўқ, улар Парвардигорларининг (улар билан бўладиган) мулоқотини инкор қилувчидирлар».).
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Ва золимларга ҳалокатдан ўзга нарсани зиёда қилмагин» деган сўзи ҳақида бундай дейилган: «(Уларга) шикаст, пастлик ва хорликни (зиёда қил)». Чунки у [ат-табр] - «ҳалокат» сўзидан олингандир. (Араб тилида) хар бир синган, шикастланган нарса «табр» дейилади. Гўё Нуҳ алайҳиссалом: «Золимларнинг куч ва шавкатини синдир!» деган. Бу таъвилнинг маъноси ихтиёр этилса, бу (дуойи бад) Нуҳ алайҳиссалом давридаги ва ундан кейинги барча золимларга тегишли бўлади. (Оятдаги) [ат-табару] сўзи «ҳалокат» деган маънони англатади ҳамда у Нуҳ алайҳиссалом замонасидаги золимларга тегишли бўлади. Чунки пайғамбар алайҳиссаломларга изн бўлганидан кейингина, бирор қавм ҳақига дуойи бад килишлари мумкин. Нуҳ алайҳиссаломга қавми ҳақида (дуо қилишга) изн берилди-ю, лекин бошқа қавмлар ҳақига дуойи бад қилишга рухсат бўлмади. Бу борада фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мутавотир тарзда келган хабар билангина гапириш мумкин бўлади. Валлоҳу аълам!

Орқага Олдинга