loader
Foto

Нефт қуроли ва Ислом душманларининг маккорликлари

Роппа-роса бир ойдан кейин Файсал ижтимоий янгиланиш дастурини таклиф этди. Қирол ўз ҳаётининг янги босқичига шундай жасорат ва ғайрат билан қадам қўйди.

Бироқ, Файсални яхши биладиганлар учун бунинг ажабланарли жойи йўқ эди. Бўлғуси қирол ёшлигида ҳам ажойиб қобилиятлари билан ажралиб турарди. 1918 йил Файсал 14 ёшли ўсмирлик пайтида отаси Абдул Азизнинг топшириғига биноан дунёдаги кўплаб мамлакатларга ташриф буюрди. 29 ёшида эса Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирлигини бошқара бошлади. Бироқ на Абдул Азиз оиласининг ҳашаматли ва эркалатиб юборилган ҳаёти, юксак мартаба уни бузмади. Қироллик фуқаролари уни камтарлиги, таъсирчанлиги ва оддий ҳаёт тарзи учун севарди. У болалигидан Исломга садоқатли бўлиб, тез-тез мусулмон олимлари билан мулоқот қиларди. Қирол тақводор, солиҳ инсон эди.

Лекин ҳукумат тепасига келгач, Файсал қиролликнинг турғун ҳаётидаги зерикарлилик ва бир хилликни фан-техника тараққиётининг ёрқин рангларига алмаштиришга киришди. Қиролликнинг шарқий қирғоғида дастлабки сувни тозалаш заводи қурилди, тўғонлар барпо этилди, бутун бошли автомобиль йўллари тармоқлари қурилди, замонавий портлар, нефтни қайта ишлаш заводлари ва металлургия заводлари барпо этилди, оммавий ахборот воситалари сўнгги техникалар билан модернизация қилинди. Қисқа вақт ичида бутун мамлакат бўйлаб олий таълим муассасалари, жумладан, ҳарбий-авиация олий билим юрти, металлургия ва нефть университети ташкил қилинди.

Ғарб учун Файсал эпга солиб бўлмайдиган одам бўлиб чиқди. қирол дарҳол Саудия Арабистони ташқи сиёсатидаги устувор йўналишларни айтиб ўтди: араб мамлакатларини интеграция қилиш ва Исроил агрессиясига қарши кураш. Ислом эса, қиролнинг фикрига кўра, ғарбпарастлик кучайиб бораётган шароитларда ўз маданиятини сақлаш кафолати ва араб дунёсини бирлаштириш омили бўлиши лозим эди. 1965 йилнинг апрелида Маккада Файсалнинг ташаббуси билан Бутунжаҳон Ислом конференцияси чақирилди.

1967 йил Исроилнинг араб мамлакатларига қарши уруши Саудия Арабистони сиёсатига жиддий тузатишлар киритди. Уруш шароитларида Файсал барча араб мамлакатлари билан муносабатларни мустаҳкамлади. Иордания ҳудудига саудияликлар қўшини жўнатилди. Хавф-хатар олдида араб дунёсидаги деярли барча қарама-қаршиликлар иккинчи даражали аҳамият ксб эта бошлади.

1969 йилнинг августида ал-Ақсоса масжидига ўт қўйилди. Ғазаб ўтига минган Файсал олий даражада мусулмон мамлакатлари конференцияси чақириш таклифи билан чиқди. Анжуман 1969 йил сентябрда Марокашда бўлиб ўтди. Қуддусни қайтариш ва Фаластин халқини ҳимоя қилиш масаласида якдилликка келинди.

1971 йил Буюк Британия Форс кўрфази ҳудудидаги бир қатор амирликлар устидан протекторатни тўхтатди ва у ердан ўз қўшинларини олиб чиқди. Бахрайн, Қатар, БАА, Уммон каби мустақил давлатлар ташкил этилди.

Бундай янгича шароитларда қирол Файсал Ислом Яқин Шарқ мамлакатларини бирлаштирадиган платформа бўла олиши ҳақида айтди.

1973 йил 6 октябрда араб-исроил уруши яна авж ола бошлади. Қирол Файсал зудлик билан Исроилни қўллаб-қувватлайдиган мамлакатларга нисбатан нефть эмбаргоси эълон қилади. Барча араб давлатлари қиролнинг чақириғига лаббай деб жавоб берди. Ғарб мамлакатларида кескин инқироз бошланди. Ғарбнинг ҳукмрон доиралари ҳайратда қолдилар. Қирол очиқасига уларнинг қоидаларига кўра ўйнамади. Қўшма Штатлар ва Саудия Арабистони раҳбарлари ўртасида жиддий музокаралар бошланди. Файсал бир сўзли эди. Қиролга яқин одамлар кейинчалик бу кунларнинг энг муҳим тафсилотларини эслатиб ўтдилар. АҚШ элчиси билан қирол ўртасидаги музокаралар энг жиддий нуқтасига бориб етди. Элчи Файсалга иқтисодий эмбарго билан таҳдид солди. Шу ерда қирол бирдан жим қолди. Узоқ сукунат чўмди. Бирдан Файсал ўрнидан туриб, элчига саройдан ташқарига чиқишни таклиф қилди. Улар лимузиндан чиққанда кўз ўнгида бепоён чўл ястаниб ётарди. Қайноқ ҳаво ўпкани куйдириб юборадигандай эди гўё. Элчи савол берган каби қиролга қаради. Файсал уни баъдавийлар чодирига таклиф қилди. Чодир ичида бир кўза Замзам суви ва бир неча дона ҳурмони кўрсатиб, қирол мағрурлик билан деди: «Бизнинг ота-боболаримиз мана шундай яшаб ўтганлар. Сиздан фарқли равишда – биз жон сақлай оламиз!» Элчи уйига ғамгин хабарлар билан қайтди. Нефть қуролининг дастлабки синовлари шу тариқа муваффақиятли якун топди. Қиролнинг бутун араб дунёсдаги нуфузи ва машҳурлиги янада ўсди.

Бироқ ҳамма учун кутилмаганда қирол Файсалнинг умри фожиали якун топди. Фожиа 1975 йил 25 март куни, қирол эндигина АҚШдан қайтиб келган пайт рўй берди. Қиролнинг жияни расмий маросим пайтида уни отиб ўлдирди. Севимли қиролнинг ўлими бутун Саудия Арабистони халқини чуқур қайғу ва ғам-ғуссага ботирди. Ҳамма қотилликда Марказий разведка бошқармаси ва Исроилнинг Моссад ташкилоти қўли борлигидан шубҳа қиларди. Бироқ, мансабдор шахслар ўлими сабаби ҳақида сукут сақлашди. Файсалнинг фожиали ўлими ҳақидаги сир Абдал Азиз Сауд оиласининг сарой деворлари ортида қолди. Қиролликнинг бўронли ҳаёти бир лаҳза тўхтаб қолгандай туюлди ва ... ортга қараб оқишни бошлади.

Абу Муслим таржимаси