loader
Foto

Нима учун Исломга қарши уруш эълон қилинди?

2001 йил 11 сентябридаги воқеалардан сўнг иш ҳатто АҚШ ва унинг иттифоқчилари томонидан бевосита ҳарбий аралашувларгача бориб етди.

Дунёдаги баобрў сиёсий раҳбарларнинг босим ва баёнотлари ҳамда жаҳон ҳамжамияти ишонтирганидай, дунёни тубдан ўзгартириш, демократиялаш ва либераллаш йўлида Ислом тарқалган мамлакатларга куч ишлатишни ҳам истисно қилмай, буни ташқаридан амалга ошириш, ҳатто ушбу диннинг ўзини ислоҳ қилиш бўйича фаол ҳаракатлар очиқ намоён бўлмоқда.  

Натижада мусулмон оламида бирин-кетин қайноқ нуқталар алангаланяптики, булар ичида Ироқ, Афғонистон, Ливия унча эскирмаган мисоллардир. Воқеаларнинг бундай ривожи, кимдир тўғри топиб айтганидай, “Исломга қарши уруш” деган ном олди.

Бу истилоҳ Ислом дунёсининг оммавий идрокига хос равишда қанчалик эҳтиросли туюлмасин, моҳиятдан унча бехабарлик кўриниши ҳам эмас. Шу ўринда машҳур сиёсатшунос, АҚШ президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича собиқ маслаҳатчиси, Исломга самимияти борлигига унча ишониб бўлмайдиган Збигнев Бжезинский “Исломга қарши кураш” истилоҳидан АҚШ президенти Жорж Буш сиёсатини ва бу сиёсатнинг 2001 йил 11 сентябридан кейин унга яқин таҳлилчилар белгилаган ғоявий моҳиятини англатиш учун фойдалангани ҳам эътиборга моликдир. 

Бжезинскийнинг ёзишича, Буш фикрига кўра “Ислом ич-ичидан ушбу динга хос бўлган аксилғарбий, аксил демократик йўналишга эга ва табиатан ақидапарастлик экстремизмига мойилдир” ва у “Америкага террорчилик ҳужуми қилиш учун замин яратади”.

Уларнинг фикрича, “Муаммо илдизи Ислом маданияти ва ҳатто фалсафаси заминига жойлашган. Бу эса, Ғарб тамаддуни томонга улкан хавф йўналтирилган ва бу худди шу каби улкан аксилисломий ҳаракатларга чорлайди, демакдир” (З. Бжезинский. “Танлов: дунёга ҳукмронлик ёки глобал устунлик”, М. 2005 й., 45, 119-120-бетлар).

 Бу сўзларни бундан бир неча йил олдин АҚШнинг собиқ Давлат котиби ва америкалик йирик геостратеглардан бири Генри Киссинжер ҳам Ироққа қилинган босқинчиликнинг ҳақлигини исботлай туриб Россия телеканалига берган суҳбатида деярли айнан такрорлаган эди. Унинг фикрича, 11 сентябр воқеалари ортида Саддам Ҳусайн турмаган эди, бироқ у ўз сиёсати билан дунёда террорчилик учун зарур бўлган қулай муҳит яратди.

 Аммо Исломга қарши уруш авж олишининг бундан бошқа ҳам бир талай сабаблари бор. Булар ҳақида очиқ гапирилмайди, лекин улар тобора ойдинлашиб боряпти. Ушбу сабаблар қуйидагилардир:

1. СССР парчаланганидан кейин ва унга боғлиқ ҳолда жаҳон тараққиётининг янги либерал усули, капиталистик интернатсионаллашувинг умужаҳоний тус олиш (глобаллашув) хусусияти ва АҚШнинг ягона кучли давлатга айланиши натижасида мусулмон олами, агар шундай дейиш жоиз бўлса, Ғарб дунёси ва унинг стратегик манфаатлари қаршисида ёлғизланиб қолди. Шу муносабат билан Ғарб тарафидан ўз манфаатлари йўлида мусулмон оламига босим ва таъсир ўтказиш миқёслари сўзсиз кучайди.   

2. Биздаги ва хориждаги барча мутахассисларнинг умумий фикрига кўра, Ислом тарқалган ҳудудлардаги мамлакатларда авторитар тузумларнинг порахўрлик даражаси дунёда энг юқори бўлгани туфайли минтақа ва жаҳон ҳамжамияти тараққиёти умумий йўли ва тамойилларидан фарқлидир. 1990 йиллар бўсағасида мусулмон дунёсида ҳукмрон элитани алмаштириш жараёни бошланди ва бу кутилмаган самараларни ҳам бериши мумкин. Лекин бу жараён ҳозир жуда мураккаб ва оғриқли кечяпти. Жаҳоннинг етакчи сиёсатдонлари воқеалар ривожининг ўзларига мақбул бўлмаган тусга кириб кетишига йўл қўймаслик учун назоратни батамом ўз қўлларига олишга интилишмоқда.   

3. Ғарбда Ислом асосан тараққиётнинг ҳар қандай фойдали дастурига бир тўғаноқ, марксча таъбир билан айтганда, “ишлаб чиқаришнинг осиёча усули”га устқурма, қандайдир бир хил, қотиб қолган, доимо назорат қилиб, тўсиб турилиши ва имконияти туғилса йўқ қилиниши лозим бўлган феномен сифатида қабул қилинади.

 Бундай фикрларни бошқа кўплаб таҳлилчилар ва мутахассислар ҳам айтишади.

Ғарбнинг бу соҳада тутган йўли устозлик ва айни пайтда назоратчиликдан иборат. 

 4. Ислом ҳаётнинг барча жабҳаларини тартибга солишнинг ахлоқий-маънавий жиҳатларинигина эмас, балки қадриятлари ва дунёқараши тизимининг таклиф этилаётганидан ҳам аълороғига эгалиги учун энг аввало АҚШнинг янгича либераллаш ва  тубдан ўзгартириш, яккаҳокимлик интилишларига тўсқинлик қилмоқда. 

Бу эса, жаҳондаги “умуминсоний қадриятлар” устига қурилган янгича либерал тартибнинг, Ғарбнинг ўз табиатига кўра оммавий саналган маданияти маҳсулотларини истеъмол қилиш ва қайта ишлашнинг бутун режасини бузиб юборяпти.

Замонавий услубдаги глобаллашувни  ғарблаштириш ва «анъанавий» қадриятларни «замонавий»лари билан алмаштиришни назарда тутувчи тубдан қайта ўзгартиришсиз англаш қийин. Ислом эса бундай лойиҳага мутлақо мос келмайди. 

Ислом дунёсида инсон шахсиятини дин, анъаналар, оила, тарих ва жамият шакллантиради. Глобаллашув эса буларнинг ҳаммасини “оммавий маданият” билан алмаштиришга, яъни, назорат қилиниши мумкин бўлган янги инсон шахсиятини шакллантиришга уринади.

Устига-устак бундай одамнинг ўзи ушбу тузумнинг иштирокчисига айланади ва унинг қонунларига асосланган ўз фаолиятида тузумни қўллаб-қувватлайди, мустаҳкамлайди ва ривожлантиради.

 Шу муносабат билан тўқсонинчи йиллар бошида “тарихнинг интиҳоси”ни, яъни ғарб либерал-демократик қадриятларнинг тўла ғалабасини эълон қилган америкалик етакчи таҳлилчилардан бири Фрэнсис Фукуяма бундай дея таъкидлаган эди: “Афсуски, биз қаршисида турган асосий тўқнашув тушунчаси анча кенгроқ ва фақат у террорчиларнинг кичикроқ гуруҳларинигина эмас, балки радикал исломчилар ва мусулмонларнинг бутун жамоасини қамраб олади. Улардаги диний ўхшашлик бошқа барча сиёсий қадриятларни ювиб кетади” (Ф. Фукуяма. “Тарих яна бошландими?”, “Огонек”, 2002 йил 2 декабр, М.)

 Бу ерда Фрэнсис Фукуяма айтаётган “диний ўхшашлик” ҳар қандай мусулмон учун аниқ ифодаловчи саналади, чунки бу мусулмон эътиқодининг ажралмас қисми эканига эътибор қаратиш лозим бўлади. У мазкур гапи билан “асос тўқнашув” бугун айнан Ислом ва у тарқалаётган дунё ўртасидадир, демоқчи бўлади.

 Америкалик бошқа бир мўътабар сиёсатшунос, Гарвард университети қошидаги Ж. Олин номидаги стратегик тадқиқотлар институти директори, “тамаддунлар тўқнашуви”  ғояси муаллифи Самуэл Хангтинтон ҳам шунга ўхшаш хулоса чиқаради.

Унинг илмий ишларида бугунги кундаги энг муҳим дунё муаммоларидан бири Ислом шиори остидаги террорчилик ёки экстремизмда ва ҳатто Ислом ақидапарастлигида ҳам эмас, балки Исломнинг ўзидадир, деган фикрни учратиш мумкин.

Шу муносабат билан Исломнинг ўзини ислоҳ қилиш, қандайдир “мўътадил Ислом”ни яратишга уриниш ишлари анча фаоллашди.

 5. Бошқа томондан Ғарбда тўртинчи Интернатсионал ва маочиликнинг “жаҳон коммунистик инқилоби” лойиҳаси инқирозидан кейинги ҳозирги шароитда Ислом, аниқроғи унинг сиёсий таълимоти “жаҳон инқилоби” ғояси учун ниқоб бўлишидан хавфсирашяпти.

 Россиялик сиёсатшунос Борис Межуев бундай таъкидлайди: “Айнан шу ниқобнинг танланиши сабаби, афтидан, Исломнинг дин сифатидаги хусусиятлари билан жуда кам даражада ҳисоблашишдадир. Асосий масала шундаки, марказдан узоқдаги халқларни оламшумул камситиш Ислом дунёсини махсус маданий усулда хўрлаш билан бир хил чиқиб қолди. 

“Жаҳон инқилоби”нинг айни ниқоби афзаллиги яна шундаки, Исломнинг тамаддун сифатида “ядро” давлати, геосиёсий таъсир ўтказа оладиган ва шу сабабга кўра Ислом ўзининг тарихий тақдирини боғлайдиган қудратли салтанати бўлмаган. Агар Исломнинг обрўсини диннинг барча мухлислари эътироф этадиган худди шундай давлати, ўзининг Учинчи Рими бўлганида эди, у билан қандайдир шартномалар тузса бўларди. Лекин ҳамма муаммо шундаки, Исломда бундай давлат йўқ ва бу нарса мазкур динни дунё тартибини тубдан ўзгартиришни истаган кучлар қўлида яхшигина қурол қилиб қўяди” (Б. Межуев. “Политический журнал”, 42 (45)-сон, 2004 йил 15 ноябр).

 6. Ислом тарқалган ҳудудларга эътибор кўп жиҳатдан унинг иқтисодий ва хомашё салоҳияти билан боғлиқдир. Ушбу салоҳият турли-туман сабабларга кўра, шу жумладан айнан мусулмонларнинг айби билан  ишга солинмаётир.

   Фақат араб дунёсида қишлоқ хўжалигига яроқли ерларнинг майдони 500 миллион гектар атрофида. Бундан атиги 70 миллион гектаридан, шу жумладан суғориладиган ерларнинг 10 миллион гектаридан фойдаланилмоқда, холос.  

  Сув захиралари деярли 390 миллиард кубометрни ташкил этади, бундан фақат 175 миллиардигина ишлатилади.

 Деҳқончилик самарадорлигини салгина яхшилаш ҳар йили 200 миллион тоннагача ғалла йиғиб олиш имконини берган бўлур эди, ҳозир эса атиги 27 миллион тонна ҳосил олинади.

Нефт араб давлатларининг умумий хазинасига ҳозирги 84 миллиард ўрнига йилига 300 миллиард долларгача маблағ тушириши мумкин. Яна шуниси муҳимки, яқин келажакда куррамизнинг бошқа минтақаларида нефт тугаши натижасида Ислом дунёси деярли нефт яккиҳокими (монополисти) бўлиб қолади. Ҳозирги пайтнинг ўзидаёқ Яқин Шарқнинг нефт захиралари жаҳон нефтининг учдан икки қисмини ташкил этади. 1997 йил кўрсаткичларига кўра, Яқин Шарқ мамлакатларининг нефт захиралари жаҳондаги умумий неефтнинг 65,2 фоизини ташкил этди. Таққослаш учун маълумотлар: Шимолий Америка жаҳон жами нефтининг 8,3 фоизини, Марказий ва Жанубий Америка мамлакатлари – 7,6, собиқ Совет Иттифоқи мамлакатлари – 6,4, Африқо – 6,4, Осиё ва Тинч океани ҳавзаси  – 4,1, Оврупа мамлакатлари эса атиги 2 фоизини беради (British Petroleum Statistical Review of World Energy, London, 1997, стр. 4).

 Қайта тикланмайдиган энергия ресурслари устидан назорат муаммоси умуман куррамиздаги вазиятни тўғри англашда ўта муҳим омил ҳисобланади. Мутахассисларнинг турли тахминларига кўра, Ердаги нефт ва газ захиралари бир неча ўн йилларга етади, холос. Агар энергиянинг янги манбалари очилмаса, жаҳон иқтисодиётини жиддий муаммолар кутиб турибди.

 Шу муносабат билан жаҳон сиёсатининг катта ва кичик ўйинчилари нефт ва газ захиралари устидан назоратни қўлга олишга интилмоқда. Бугунги кунда можаро ва тўқнашувларнинг асосий майдони айнан асосий нефт захиралари жойлашган ҳудудлар бўлаётгани бежизга эмас.

Шу жиҳатдан “Янги юз йиллик учун АҚШ миллий хавфсизлиги стратегияси” (A national Security Strategy For a New century, 1998, Wash, 1998 г.) расмий ҳужжатида табиий ресурслар тугашининг умумжаҳон келажаги мутлоқ Қўшма Штатларнинг хавфсизлиги нуқтаи назаридан кўриб чиқилгани эътиборга молик.

“Бошқа мамлакатларнинг” ўз табиий ресурсларидан чекланмаган ҳолда фойдаланишлари эҳтимоли миллий манфаатларга хавф тарзида баҳоланади. Шу тариқа Вашингтон бутун дунё табиий ресурсларини ўзининг муҳим ҳаётий манфаатлари тоифасига киритади. Бунинг устига ўша “Стратегия” муаллифлари АҚШ бу манфаатларни ҳимоя қилиш учун ҳамма ишни қилишга, шу жумладан, зарур бўлиб қолганида ўз ҳарбий қудратини “қатъий ва бир томонлама” қўллашга ҳақли, деб ҳисоблашади. 

 7. Ислом тарқалган ҳудудлар глобал геосиёсий зиддиятлар марказига тушиб қолди. АҚШ бошқа барча куч марказларини ортда қолдириб, стратегик жиҳатдан бу муҳим минтақада тобора кўпроқ ўрнашиб оляпти. Чунки бу ҳудудлар устидан назорат ўрнатилиши Оврупа, Осиё ва Африқо, Атлантика, Ҳинд ва Тинч океанларини туташтирувчи йўлларни назорат қилишни таъминлайди.

 Шу муносабат билан Самир Амин бундай ёзади: “Глобал иқтисодиётда АҚШ улуши бир неча ўнйилликлар мобайнида камайиб боряпти. Лекин шунга қарамай, дунёдаги жами қурол-яроғнинг тенг ярми Америка ҳиссасига тўғри келади. АҚШ Ғарбий Оврупа, Япония ва Лотин Америкасининг айрим йирик мамлакатларидан фарқли ўлароқ саноатнинг на“анъанавий”, на янги тармоқларида иқтисодий ўсишга эришмаётир. Шунинг учун Қўшма Штатлар иқтисод соҳасидаги муваффақиятсизликларини ўзининг ҳарбий имкониятлари билан қопламоқчи бўлаётир. Бу режани амалга ошириш учун биринчи ҳужум майдони ҳам тайёрлаб қўйилди: бу Болқондан Ўрта Шарқ ва Марказий Осиёгача чўзилган ва мусулмон мамлакатларини ҳам қамраган минтақадир. АҚШ бу минтақани биринчи ҳужум учун танлагани бежизга эмас: у шу йўл билан Ягона Оврупа, Россия, Хитой ва Ҳиндистон каби супердавлатлар, яъни ўз рақобатчиларининг шаклланиш жараёнига тўсқинлик қилмоқчи. Америка бу мамлакатларнинг жаҳон айвонида мустақил куч-қудрат марказлари бўлишларига халақит беришга интилмоқда.

Ироқнинг ҳужум объекти сифатида танланиши унинг Қўшма Штатларнинг маданий душмани бўлмиш минтақанинг марказида экани билан белгиланади. Бу танловни тамаддунлар можароси деб бўлмайди. Бу содда тушунчаларнинг бирортаси ҳам ҳақиқатга тўғри келмайди, гап фақат бу минтақанинг халқаро тизим занжиридаги бўш ҳалқа эканида. Айнан шу минтақага ортидан кучли жавоб зарбаси келишидан қўрқмай ҳужум қилиш мумкин”.

 Қўшма Штатлар томонидан Яқин Шарқни қайта тузишни амалга ошириш бир неча лойиҳалар асосида, шу жумладан, сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳалардаги бир қатор тадбирларни ўз ичига олган “Катта Яқин Шарқ” лойиҳаси доирасида режалаштирилмоқда. Бу режалар АҚШнинг халқаро тартибларни ўз раҳбарлиги остига олиш доирасида мусулмон дунёсининг ягона хўжалигини шакллантириш бўйича олдинги лойиҳаларидан ўсиб чиқди.

Йигирма биринчи асрда Яқин Шарқнинг барча минтақаларини бошқаришнинг қўмондонлиги вазифаси гоҳ “Исроил”га, гоҳ бошқа айрим марказларга топширилади. 

 8. Дунёдаги мусулмон аҳоли сонининг ўсиши, энг аввало кўп туғилиш ҳисобига кўпайиши ва яна бир жиҳатдан Исломга кирувчилар сонининг ортиши Ғарбда жиддий хавф туғдирмоқда. Чунки бу нарса қизиққонликка бориб, ғоя йўлида ҳамма нарсага тайёр ёшлар ва ўсмирларнинг бошқариб бўлмайдиган ҳаракатларига олиб бориши мумкин.

Умуман Ислом дунёси эргашувчилари даражасининг юқорилиги билан қўрқитмоқда. Сотсиолог олимлар йигирма биринчи асрда Ислом бошқа динларга қараганда тез тарқалишини таъкидлашяпти. Ҳозирнинг ўзида мусулмонлар сони 1,2 – 1,4 миллиардга етган, бу рақамнинг йилига тахминан 2,75 фоиздан кўпайиши кутилмоқда. Бу маълумотларни протестантларнинг Исломга хайрихоҳлиги ҳам бўлмаган “Худо учун яшаш” номли нашри келтиради.

Бошқа маълумотларга кўра, 2025 йилга бориб дунёдаги мусулмонлар сони бутун инсониятнинг 30 фоизини ташкил этади (А. Уткин. “Мировой порядок ХХI века”, М., 2001 й. 433-бет).

 Бу ўринда БМТ маълумотларини ҳам эътиборга олиш ортиқчалик қилмайди. Уларга биноан 2020 йилга бориб аҳолининг энг кўп ўсиши асосан мусулмон мамлакатларида кузатилади. Булардаги ёшлар ҳиссаси 57 фоизни ташкил этади, аммо уларнинг ижтимоий муҳитга уйғунлашиб кетиши учун етарли шароит бўлмайди. Бунинг устига Оврупа ва Шимолий Американинг тубжой аҳолиси камайиб кетади ва қарийди. (Қаранг: «UN, Population Division, Department of Economic and Social Affairs» // «World Population Prospects: 2000 Revision». – 02.2001. New York).

9. “Совуқ уруш” тугаганидан кейин Ғарбга, энг аввало АҚШга геосиёсий душман тимсоли керак эди, чунки шуни баҳона қилиб ресурсларни ўз манфаатларини ҳимоя қилишга сафарбар этиш имкониятини топиш мумкин бўларди. Бир пайтлар Англия Бош вазири Маргарет Тэтчер НАТО қўшилмасини асраб қолиш заруриятини асослаш мақсадида: “Ғарб тамаддунига коммунизмдан ҳам каттароқ хавф  бор ва бу Исломдир”, деган эди.

10. Жаҳон сиёсатининг етакчи ўйинчиларини анъанавий Ислом тарқалган ҳудудларнинг портлаб кетиш хавфи ҳам қўрқитади. Чунки улар наздида бу нарса Ер куррасининг катта қисмини пароканда қилиб ташлашга етарлидир. Бунинг устига бу минтақаларда уларнинг манфаатлари мос келса ҳам, кўп ҳолларда тўқнашиб туради.

11. Исломда клерикал уюшма (мамлакат сиёсий ва маданий ҳаётига таъсир ўтказувчи оқим) ва ягона бош руҳоний тизимининг йўқлиги ҳам ташвишга солади. Чунки умумжаҳоний элита томонидан Ислом дунёсини бошқарилишини пировард мақсад қилган сиёсий ўйинларни ташкил этишда бунга “суяниш” мумкин бўлур эди. 

12. Ислом рибонинг (судхўрликнинг) барча шаклларини, яъни фоизга қарз бериш, молиявий найранглар асосига қурилган иқтисодиётни қатъиян рад этади. Бу билан у бутун умумжаҳон (глобал) иқтисод тизимига ўзини қарши қўяди.

13. Исломнинг бесоқолбозлик каби иллатларни кескин қоралаши ҳам айрим юқори мартабали доираларда жиддий безовталик пайдо қилади. Сиёсатдаги хизмати тобора катталашаётган бу омилни ҳам эътибордан четда қолдириш ярамайди.

Назаримизда, Ғарб дунёсининг Исломга қарши кенг кўламда уруш бошлашига сабаб бўлувчи омиллар ана шулардан иборат. Яна ким билади дейсиз, балки Ғарбнинг ғашига тегаётган нарсалар фақат шуларгина эмасдир?!

Абдуллоҳ Ринат МУҲАМЕДОВ

Абу Муслим таржимаси