Атиф Хўжа ва унинг яқинлари миршаблар қандайдир арзимас нарса бўйича келган деб ўйлашди, бироқ улар адашаётган эдилар. Хўжа акани бир неча ҳафта ҳибсда ушлаб туришди ва қариндошлари билан учрашишни ҳам ман қилишди. Шундан сўнг, унинг маҳкамаси бўлиб ўтди. Маълум бўлишича, домла икки йил олдин ёзган “Франкларга тақлид ёки Шапка” (Frenk Mukallitliği ve Şapka) деб номланган рисоласи унинг жинояти экан.
“Франк” дейилганда мусулмонлар кўпинча европаликларни тушунишган. Бу ном салибчилар юриши давридан бошлаб давом этиб келмоқда. Атиф Хўжа учун ғайридинларнинг шапкаси (фуражка, кепка, соябонли шляпа) франкча яшаш тарзининг тимсоли бўлган.
Анъанавийликка содиқ қолган мусулмонлар баъзи ватандошларининг анъанавий салла ва дўппи ўрнига ғайридинларнинг бош кийимларига ўтаётганидан асло хурсанд бўлишмаган. Бундан ташқари, уларнинг наздида бундай бош кийимлар намоз вақтида сажда қилишга халал берар ва шунинг баробарида бундай бош кийимда юрганлар мусулмонлар учун фарз бўлган намозларга ҳам бепарво деган хулосага келса бўларди.
Атиф Хўжа ўзининг рисоласида ўша вақт мусулмонлари орасида кузатилаёган ғарбга тақлид қилишни танқид остига олиб, уларни бундай қилмасликка чақирган. У мусулмонлар ғарбдан билим ва технологияларни олиши мумкин, бироқ шу билан бирга ўз дини ва унинг хусусиятларини сақлаб қолиши лозим, деб ҳисоблаган.
1925 йил ноябридан бошлаб Атиф Xўжа танқид қилган нарса Туркияда мажбурий дресс-коднинг бир қисмига айланди. Туркиянинг янги ҳукумдори Мустафо Камол соябонли шляпаларни янги миллий бош кийим ва қолган анъанавий бош кийимларни эса исломий, деб эълон қилди.
Атиф Хўжанинг рисоласи янги Туркия ҳукумати олиб бораётган сиёсатга зид бўлиб қолди.
Шундай қилиб, бу “жиноят” мафкуравий тус олди.
Бироқ, унинг ишида унинг фойдасига хизмат қилиши мумкин бўлган бир салмоқли жиҳат бор эди: Атиф Хўжа ўзининг рисоласини “Шапка инқилоби” дан бир ярим йил олдин ёзган эди. Ўзи аслида уни фикри учун маҳкамага тортиш инсофдан бўлмас, янги ислоҳотлар кучга кирмасидан бир ярим олдин билдирган фикрлари учун маҳкамага тортиш адолатсизлик эди.
Шунинг учун ҳам уни биринчи мартасида суд оқлаб, ҳибсдан озод қилди.
Бироқ янги сиёсий режим шапкаларга қарши бўлганларни янчиб ташлашга тайёр эканини кўрсатди. Бу ишда ҳукумат ўзига мухолиф бўлганларга бир дарс бериб қўймоқчи бўлди. Янги мамлакатнинн янги пойтахти бўлган Анқарадан Атиф Хўжани ҳибсга олиб, уни махсус Мустақил Трибунал – сиёсий рақибларни йўқ қилиш учун махсус ташкил қилинган суд органида ишини кўриш ҳақида буйруқ келди. Қисқа маҳкамадан сўнг Трибунал ўз ҳукмини эълон қилди, ҳукмдан эса кўпчилик шокка тушди. Атиф Хўжа ва унинг “жиноятчи шериги” ҳисобланган яна бир уламо Али Ризо жиноятчи деб топилди ва ўлимга ҳукм қилинди. Улар 1926 йил 4 февралда дорга осилди. Уларнинг бошқа ҳамфикрлари ва шериклари ҳам турли хил муддатларга озодликдан маҳрум қилинди.
Бир неча ойдан сўнг “Шапка инқилоби” янги қурбонликларга сабаб бўлди. Мараш, Эрзурум ва Ризода миршаблар ҳукумат жорий қилган дресс-кодга қарши намойишга чиққан одамларни ўққа тутди. Қурбонлар сони аниқ маълум эмас, бироқ 50 дан ошиқ одам ўлган деб ҳисобланади.