Келинг, гапни кўпайтирмай саволни кўндаланг қўяйлик: нима учун мусулмонлар кучсиз? Ижтимоий жабҳада дейсизми, сиёсий ёки иқтисодии масаладами – фарқи йўқ – мусулмонлар аҳволи мақтагудай даражада эмас. Сабаб? Сабаба битта - илм. Илм ва фандаги турғунлик!. Замон шиддат билан ўтиб бормоқда, тараққиёт тасаввурга сиғмас даражада ривожланмоқда. Бунда мусулмонлар ҳиссасига келсак, муаммо бор бўйи билан намоён бўлади...
Маълумотларга кўра, ер юзидаги мусулмонларнинг сони тахминан 1,476,233,470 етган: Осиёда 1 миллиард, Африкада 400 миллион, Европада 44 миллион ва Америкада 6 миллион. Дунёдаги ҳар бешинчи киши мусулмон; хар битта ҳиндуга 2 та мусулмон тўғри келади, ҳар бир буддистга 2 та, ҳар бир яҳудийга 100 тадан мусулмон тўғри келади... Демак, сонда салмоқлимиз, салмоқда-чи?
Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти (ИҲТ)нинг 56 аъзо мамлакати бор. Уларнинг ҳаммасида биргаликда тахминан 500 та университети бор, яъни ҳар 3 миллион мусулмонга битта университет тўғри келади. АҚШда 5758 та ва Хиндистонда 8407 та университет бор. 2004 йилда, Шанхайдаги Jiao Tong Университети “Дунё Университетларининг Академик Рўйхати”ни тузди ва шуниси қизиқки, ахолисининг асосий қисми мусулмон бўлган давлатлардаги биронта ҳам университет биринчи 500 тани ичига кирмаган.
БМТнинг Ривожланиш Дастури томонидан тўпланган маълумотларга кўра, христиан оламидаги умумий саводхонлик даражаси тахминан 90 фоизни, 15 христиан давлатидаги саводхонлик даражаси 100 фоизни ташкил қилади. Аҳолисининг асосий қисми мусулмон бўлган давлатларда аҳвол оғриқли: уларда ўртача саводхонлик даражаси 40 фоиз атрофида. Янаям очмқ айтганда, аҳолисининг асосий қисми мусулмон бўлган давлатларнинг ҳеч бирида саводхонлик 100 фоиз эмас.
Христиан дунёсида “саводхон”ларнинг 98 фоизи ўрта мактабни тугатган, мусулмон оламида эса бу кўрсаткич 50 фоиздан кам.
Христиан оламидаги “саводхон”ларнинг деярли 40 фоизи университетда ўқийди, Мусулмон оламида эса “саводхон”ларнинг фақат 2 фоиздан ками шундай қилади.
Ўжар рақамларга мурожаат қилишда давом этамиз:
Аҳолисининг асосий қисми мусулмон бўлган давлатларда ҳар миллион мусулмонга атиги 230 та олим тўғри келади. АҚШда бу кўрсаткич 4000 тани, Японияда эса 5000 тани ташкил қилади.
Араб дунёсида, бутун кун олиб бориладиган изланишларнинг сони 35000 ташкил қилади ва ҳар миллион арабга фақат 50 та техник тўғри келади (христиан оламида ҳар миллионга 1000 та техник тўғри келади).
Бундан ташқари, Мусулмон олами изланиш ва ривожланишларга ўз ЯИМнинг фақат 0.2 фоизини сарфлайди, христиан олами эса ЯИМнинг 5 фоизини сарфлайди.
Ҳар 1000 кишига тўғри келадиган газета ва ҳар миллион кишига тўғри келадиган китоб номларининг сони – бу билим жамиятда қанчалик тарқалганини ифода этувчи иккита кўрсаткич. Покистонда ҳар 1000 кишига 23 та газета тўғри келса, Сингапурда бу кўрсаткич 360 тани ташкил қилади. Буюк Британияда, ҳар миллион кишига тўғри келадиган китоб 2000 та бўлса, Мисрда бу кўрсатги 20 та, холос.
Демак, мусулмон оламида билим олиш, унга тарғибот кам.
Барча экспорт салмоғига тўғри келадиган юқори технологик махсулотлар фоизи – билим талабининг муҳим кўрсаткичидир. Покистонда экспорт қилинадиган юқори технологик маҳсулотланинг барча экспорт махсулотларидаги салмоғи 1 фоизни ташкил қилади. Худди шу кўрсаткич Саудия Арабистонида 0.3 фоиз; Кувайт, Марокаш ва Жазоирда ҳам 0.3 фоиз бўлса, Сингапурда бу кўрсаткич 58 фоизни ташкил қилади.
Демак, мусулмон оламида билимга талаб, уни рағбатлантириш ва фойдаланиш кам.
Шуниси қизиқки, ИҲТ давлатларининг умумий ЯИМи $ 2 триллионга етмайди. Американинг бир ўзи $ 12 триллионлик товар ва хизматлар ишлаб чиқаради; Хитой $ 8 триллион, Япония $ 3.8 триллион ва Германия $ 2.4 триллион (сотиб олиш қобилияти кўрсаткичига асосан).
Нефтга бой Саудия Арабистони, БАА, Кувайт ва Қатар биргаликда $500 миллиардлик товар ва хизматлар ишлаб чиқаради (асосан нефт); Испания эса бир ўзи $1 триллион товар ва хизматлар ишлаб чиқаради, бу кўрсаткич католик Польшада $489 миллиард ва буддист Таиландда эса $545 миллиардни ташкил қилади.
Мусулмонлардаги турғунлик, тараққиётдан ортда қолиш сабаблари ҳақида тасаввур ҳосил қилган бўлсангиз керак. Юқорида оғриқли рақамлар келтирилди. Бу рақамлар ортида эса ёзиб бўлмайдиган, ҳатто айтиб бўлмайдиган гаплар борки, улар энди алоҳида мавзу.
Dr Farukh Saleem
Абу Муслим тайёрлади