loader
Foto

Европанинг ўғирланиши

Кекса ва оқкўнгил Европани мигрантлар ўғирлашяпти. Аслида бундай ҳам эмас. Уни тасодифий пайдо бўлиб қолмаган мигрантлар оқими ортида турганлар ўғирламоқда. Мигрантлар оқими эса оқкўнгил ва бағрикенг Европани узоқларга олиб кетаётган, уни тарихга, кичикроқ тарих саҳифасига айлантираётган кимларнингдир шунчаки қўли эди. Ҳузурланиб бўлдингларми, етади!

Оқкўнгил, ҳузур-ҳаловатли, бағрикенг, кўплар ёқтирган, очиқ чеҳрали, рисоладаги, меҳмондўст, ҳуқуқий Европа – бу кўп асрлик Европа тарихидаги ёрқин бир доғ холос, бундан бошқа нарса эмас. Тарихий ўлчовларга кўра қисқагина бир фурсат. Европа тарихида тинчлик, тўкинлик, фаровонлик ва бирдамлик даврлари аслида кўп бўлганмиди? Бунақа нарсаларнинг умуман қачон бўлганини бир эсимга солиб қўйинг.

Европа тарихи – бу охири йўқ урушларнинг тарихи, тақчил бойлик-ресурсларни талашаётган европа итларининг доимий бир-бирини ғажиши тарихидир. Англия Германия билан, Германия Франция билан, Франция Англия билан ғажишади, Болқон, Швеция, Польша... Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврни ҳисобга олмаганда Европа ақалли ярим асргина урушсиз яшаганини эслай оласизми?

Европа тарихи – бу ифлосликлар, қон, ваболар, инквизация, салиб (хоч) юришларидир. Бу Гитлер ва Наполеон, бу Варфоломей туни, бу концлагерлар, гетто, босқинлар, қатллар, қатллар... Инсоният тарихидаги энг даҳшатли ядросиз боммбардимонни – Дрезденни бомбардимон қилишни ким уюштирди? Европаликларнинг ўзлари. Европаликларнинг айримлари бошқасини бомбардимон қилди.

Ифлосликлар, қон, барчанинг ҳамма билан ғажишиши, жодугарларни қириш, фашизм, бошқача фикрлайдиганларни йўқ қилиш, арзимаган бойлик, бир парчагина Европа ери, елкага бир чимдим офтоб тегиши учун инсонга хос бўлмаган усуллар билан кураш олиб бориш – мана шу асл Европа, у ҳамиша шундай бўлган ва кўз ўнгимизда шундай гавдаланади.

Биз сўнгги ўн йилликларда билган яхлит, хотиржам ва кенгбағир Европа – бу айнан қоидаларга сиғмайдиган истиснодир. Бу истисно ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолгани йўқ. Бу сунъий равишда ёзилган чиройли, аммо жуда сохта, яшаб қолишга қодир бўлмаган эртак эди. Нега бундай деб сўраяпсизми?

Шунинг учунки, Европада аҳоли жуда зич, бирга тинчликда яшаш учун эса бойлик-ресурслар жуда танқис. Европанинг одатдагидай яшаши – бу ифлос панжаралар ортидаги оч итларнинг бир-бирини ғажиши, Европанинг одатдагидай яшаши – бу оч каламушлар тўла қафасдир.

Европанинг фаровонлиги ва гуллаб-яшнаши ҳамиша ўзгалар ҳисобига жорий қилинган. Бу ёки мустамлакалар ҳисобига ёхуд бир-бирларининг ҳисобига деган гап. Агар Франция Германиянинг ҳисобига яшаса – у яхши яшайди. Агар Англия Франциянинг ҳисобига яшаса – у ҳам яхши яшайди. Агар Германия Шарқий Европанинг ҳисобига яшаса – у ҳам яхши яшайди.

Бутун Европанинг бир вақтнинг ўзида яхши яшаши, у либерал зиёлилар севганидай оқкўнгил ва кенгбағир, баракали ва меҳмондўст бўлиши учун у дунёнинг қолган қисми ҳисобига, Африка ва Яқин Шарқ ҳисобига, Ҳиндистон ва Хитой ҳисобига яшаши керак.

Ҳамиша шундай бўлиб келган. Тарихнинг ҳар қандай даврида бирор ёки бир неча Европа мамлакати гуллаб-яшнаган ва фаровонликка кўмилган бўлса – бу албатта ўзгалар ҳисобига бўлган. Англия Ҳиндистонни талаган, Испания Жанубий Америка ҳиндуларини қон қақшатган.

Кейинги ярим аср мобайнидаги Европанинг тўкис ҳаёти кимнинг ҳисобига бўлган? Осиё, Африка ва Яқин Шарқ ҳисобига. Иккинчи жаҳон урушидан кейин АҚШ ва Буюк Британия Ғарбий Европани капитализм ютуқларининг ўзига хос кўргазмасига айлантиришди. Бу нарса СССР ва совет блокига кирган мамлакатлар билан иқтисодий ва ғоявий курашда ютиб чиқиш учун керак эди. Бу эса Лотин Америкасидан тортиб Хитойгача бўлган дунёнинг қолган қисми ҳисобига таъмин қилинди.

Дунё зўравони ва капиталистик дунёнинг етакчиси сифатида АҚШ Осиё, Африка, Лотин Америкаси, Яқин Шарқ мамлакатларини қул қилиб ишлатди, айни пайтда Европа бирлиги ва фаровонлигини ҳам қўллаб-қувватлади. Бу билан у алоҳида олинган минтақада, Европа қитъасида, социалистик лагерь чегараларида капитализмнинг социализм устидан афзаллигини кўрсатиб қўймоқчи эди.

Ва бу ҳисоб-китоб тўғри чиқди. У ишга тушиб кетди.

Совет Иттифоқи бир неча сабабларга кўра бирлашган Европа, Буюк Британия ва АҚШ ўзида жорий қилган фаровонликни ўз таъсири доирасида ярата олмас эди. Аммо бунинг асосий сабаби капитализмнинг яхшилигию социализмнинг ёмонлигида эмас эди. Гап шундаки, Европа бошқаларнинг ҳисобига кун кўраётган бир пайтда Совет Иттифоқининг қонини бир қанча мамлакатлар сўриб ётарди.

Европанинг ярим асрлик фаровонлиги, яхлитлиги, кенгбағирлиги ва европача бошқа имтиёзлари – буларнинг бари ўзгалар ҳисобига яратилган эди. Лекин энди бу ўтмиш бўлиб қоляпти. Энди Ғарб капитализмнинг ютуқларини, капиталистик фаровонликнинг сохта дунёсини, озодлик ва демократияни кўз-кўз қиладиган социалистик лагерь йўқ бўлган эди. Социалистик лагерни яксон қилиш иши қойиллатиб уддаланди. Совет блокининг парчалари ямламай ютиб юборилди. Бозорлар эгаллаб олинди. Совет давридаги саноат сезиларли равишда ишдан чиқарилди.

Оқкўнгил ва фаровон Европанинг энди кераги йўқ.

Унинг келгусида гуллаб-яшнаши учун ресурслар ҳам тугаган. Африка талон-тарож қилиб бўлинди. Яқин Шарқнинг ярми талон қилинди ва уруш ёқасига олиб бориб қўйилди. Ишлаб чиқариш Осиёга – ишчи кучи энг арзон бўлган минтақаларга кўчирилди. Бундан кейин бошқа чора ҳам йўқ. Нима қилиш керак?

Энди битта йўл қолди, у ҳам бўлса Европани олдинги табиий тарихий ҳолатига, ифлос катакдаги итларнинг ғажишиши ва каламушхона ҳолатига қайтариш қолди. Токи европаликлар бир-бири билан курашда қарзга ботишсин, уни узиб бўлгандан кейин яна қарзга ботишсин. Токи бутун Европа тарихнинг у ёки бу даврида кучлироқ чиқиб қолган кимгадир – Англияга ёки Германияга хизмат қилсин. Ва албатта АҚШга ҳам.

Энди Европа капиталлари, бойлик ва қадриятлари, энг яхши олимлар, муҳандислар, маданият арбоблари тимсолидаги инсон ресурслари – буларнинг бари тезроқ АҚШга қараб қочиши керак. Шимолий Америка штатларининг ички муаммоларини фақат шу йўл билан, ички америка инсоний ва моддий ресурслар тақчиллигини фақат шу йўл билангина ҳал этиш мумкин бўлади.

Европани – ўша биз билган Европани ким ўғирлаётган экан?

Яқин Шарқнинг ярмини ким вайрон қилди ва Евроиттифоққа йўналтирилган кўп мингли, ҳатто кўп миллионли мигрантлар оқимини ким пайдо қилди?

Бунда албатта табиий тарихий жараённинг ҳам улуши бор. Европа ўтмишдаги мустамлакачилик сиёсатининг, бошқа минтақаларни иқтисодий қарам қилишининг натижаси сифатида мигрантларни қабул қилиши керак.

Лекин ҳамма нарсани табиий сабабларга тўнкаб бўлмайди. Мигрантлар оқимида анча сунъий омиллар ҳам бор. Ахир Ироқ бекордан-бекорга қуламагандир? Сурия ўзича уруш очмаган бўлса керак? ИШИД ҳам йўқ ердан пайдо бўлмагандир? Ливия ҳам ўз ҳолича парчаланмагандир? Қаззофий ҳам осонгина ўз жонига суиқасд қилмагандир?

Лекин ишлар наҳот шунчалар қайғули бўлса? Наҳотки Европа икки миллионгина мигрантни ўзига сиғдира олмаса?

Йўқ, сиғдира олмайди. Бунинг устига мигрантлар бундан ҳам кўп бўлади. Бугунги кунда биз кўриб турган оқим ишнинг бошланиши, холос. Жараён ишга тушиб кетди ва яқин орада уни тўхтатишнинг иложи йўқ. Мигрантлар оқимини тўхтатиш учун Сурия, Ливия, Ироқ, Африка ва Яқин Шарқнинг бошқа айрим мамлакатларига тинчлик ва осойишталикни қайтариш керак. Бу қачон амалга ошади? Уни ким рўёбга чиқаради? Умуман бу билан кимлар шуғулланмоқчи?

Европа миллионлаб, ҳозиргача қабул қилганидан ўнлаб баравар кўп мигрантларни қабул қилишга мажбур. Мигрантлар сони ўнлаб баравар ортганида эса кампиршонинг юзидан бағрикенглик ниқоби тушиб кетганини ва унинг остидан фашизмча бужмайиш билан қийшайган яхши таниш юзни кўрамиз.

Ҳозирнинг ўзидаёқ мигрантлар учун орол ташкил қилиш каби ғоялар илгари сурилмоқда. Бу эса янги кўринишдаги концлагернинг ўзгинаси эмасми?

Европадаги оддий аҳолининг аксарияти мигрантлар туфайли ўз даромадларидан маҳрум бўлганида, кўчалардаги қочоқлар ва жиноятчиликнинг ортиб бориши, ҳамма ерда ҳозиру нозир араблар ва ҳижобдаги аёллар, ҳар томондан янграётган арабча гаплар туфайли оромини йўқотганда нима бўлишини биласизми? Шунда оддий европалик Гитлер ва Муссолинининг ғояларини жуда тезда хотирга келтиради.

Ҳатто иккинчи жаҳон урушидан сўнг, нацистларнинг сиёсати ҳаммага аён бўлиб қолганида, дунё Учинчи Рейхнинг жиноятларидан хабар топганида ҳам немисларнинг каттагина қисми Гитлерни ҳақ деб билар эди.

Кейинги ўнйилликларда европаликларни бағрикенглик ва меҳмондўстликка қунт билан ўргатишди. Аммо бу Европа аҳолиси ўзгариб қолди, дегани эмас. Кўплар янги ғояларга индамай кўнишди. Аммо европаликлар уларни тан олишармикин?

Кўнгилдагидек иш топиб, яхшигина маош, ижтимоий имтиёзлар, масканга эга бўлсанг, энг асосийси – кўчаларда араблар бўлмаса ёки камёб бўлса, кенгбағир бўлиш осон. Турклар ёки Яқин Шарқдан келганлар ажабтовур тарзда сенинг тилингда чулдираб турса ва пештахталар ортида турли фойдали молларни сотиб турган бўлса, кенгбағир бўлиш осон.

Аммо онда-сонда учрайдиган турклар ва араблар ўрнига кўчаларда ҳар ерда ҳозиру нозир қочоқлар изғиса, улар тиланиб ёки ўғирлик қилиб юрса, атрофингда ҳамма сенга нотаниш тилда гаплашса ва уларнинг бари сенинг ҳисобингга яшаса, мана шуниси алам қилади.

Европа мамлакатлари ҳозирнинг ўздаёқ ким мигрантларни кўпроқ қабул қилиши кераклиги ҳақида баҳслашишяпти. Ҳатто деворлар тиклаш ва мигрантларни бир-бирларига ўтказиш ҳақида ҳам гап-сўзлар бўляпти. Ҳозир-ку шундай, аммо кейинчалик нима бўлади? Европа мамлакатлари мигрантларни бир-бирларига ошириб юборишда жанг бошлаб юборишади, оддий европаликлар ўртасида норозилик пайдо бўлади ва сиёсий партиялар ушбу ҳолатни пеш қилиб, миллатчилик томонга юз буриб кетишади.

Европадаги ана шу кураш давомида янги фашизм аста-секин етилиб, олдинги маррага чиқиб олади. Кейинги ўн йилликлар мобайнида у шунчаки савлат кўринишида эди, энди ҳақиқий башарасини кўрсатади. Бу дарров, эртага ёки шу йилнинг ўзида содир бўлмайди. Аммо вақт ўтиши билан биз янги европача фашизмнинг асл башарасини кўрамиз.

Бу Украинадаги каби ўйинчоқ фашизм эмас, ичи кетган фашизм эмас. Ҳақиқий, темиртан фашизм. Биз кейинги ўн йиллар ичида билган-таниган Европанинг ўғирланиши шундай содир бўлади. Лекин буни умуман ўғирлаш деб аташ мумкинмикин?

Менимча, бундай деб бўлмайди. Бу ўғирлаш эмас. Бу шунчаки Европани одатий тарихий ҳолатига – каламушхона ҳолатига, ҳар бири шеригини ғажишга тайёр турган ифлос ва қонли қафас ҳолатига қайтариш, холос. Ундагиларнинг ҳар бири бойлик-ресурс учун, елкасига офтоб тегиши учун, шахсий фаровонлиги учун, ҳаёт кечиришга майдон учун, ўзининг Улуғ Рими ва Буюк Рейхи учун жон-жаҳди билан курашади.

Яхлит ва фаровон Европа деганлари шунчаки бир афсона, чиройли афсона, ўзгалар ҳисобига кун кўраётган сунъий тузилмадир. Ҳамма учун бирдай севимли бўлиши учун Европа жуда қашшоқлик қилади. Европа фақат қайсидир бирортасига яхши бўлиши мумкин. Шунинг учун уни ҳамиша кимдир ўғирлайверади...

Интернет материаллари асосида

Аҳмад Муҳаммад тайёрлади