loader
Foto

Умар розияллоҳу анҳу ва Қуддуси шариф

Қуддуси шариф мусулмон, насроний ва яҳудийларнинг муқаддас шаҳри ҳисобланади. Бу шаҳар минг йилдан зиёд тарихга эга бўлиб, ўз ўтмиши давомида турли номларга эга бўлган: Иерусалим, Ал-Қудс, Йерушалаим, Илия. Буларнинг барчаси шаҳар тарихининг ранг-баранглигидан дарак беради. Жуда кўп пайғамбарлар, хусусан Сулаймон ва Довуд алайҳиссаломдан бошлаб Ийсо алайҳиссаломгача мазкур шаҳарни ўзларининг уйи деб билишган.

Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам Маккаи мукаррамадан Қуддуси Шарифга кечанинг бир қисмида сайр қилганлар. Бу воқеа Исро ва меърож номи билан машҳурдир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам  ҳаётлик вақтларида Қуддуси шариф мусулмонларнинг назоратида эмас эди. Барчаси Умар розияллоҳу анҳу, иккинчи рошид халифа даврларига келиб ўзгарди.

Шомга

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам  ҳаётлик чоғларида Византия янги дин тарқалмаслиги учун баъзи ҳаракатларни бошлаб юборди. Ҳаттоки, император Ираклий Мадинани босиб олиш режасини тузди. Шу боис Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам 630 йили ўттиз минглик қўшин йиғиб, Табук ғазотини амалга оширдилар. Ушбу унча катта бўлмаган жанг мусулмонлар ва византияликлар ўртасидаги узоқ йиллар давом этган урушларнинг бошланиши эди.

Халифа Абу Бакр розиллоҳу анҳу даврида (632-634 йиллар)  мусулмонлар Византияга қарши йирик юришлар уюштирмади. Умар розияллоҳу анҳу даврида эса шимолдаги византияликлар ҳудудига кириш ҳаракатлари бошланди. Умар розияллоҳу анҳу бунинг учун Холид ибни Валид ва Амр ибн Ос розиллоҳу анҳу каби иқтидорли ҳарбий қўмондонларни юборди.

636 йил Ярмук яқинидаги ҳал қилувчи жанг мусулмонлар ғалабаси билан якунланди. Византияликлар минтақада муҳим ҳисобланган Дамашқ ва яна бир неча шаҳарларни бой берди. Аксар ҳолатларда маҳаллий аҳолидан иборат яҳудий ва насронийлар мусулмонларни кенг қулоч очиб кутиб олди. Насронийларнинг аксари монофизит фирқасидан бўлиб, уларнинг таълимоти Ислом таълимотларига яқин эди. Уларнинг эътиқоди Византия расмий черкови қарашларига зид бўлиб, ораларида жиддий ихтилофлар бўлгани боис улар мусулмонлар ҳукмронлигини бажонудил қабул қилди.

Қуддуси шарифнинг фатҳ этилиши

637 йил Холид ибн Валид ва Амр ибн Ос бошчилигидаги мусулмонларнинг кўп сонли қўшинлари Қуддуси шариф шаҳри деворлари олдида турар эди. Қуддуси шариф қамали беш ой давом этди. Сўнг қамалдагилар сулҳ сўради, бироқ "Умарнинг ўзи билан сулҳ тузамиз", деб шарт қўйди. Буни эшитган Умар розияллоҳу анҳу Мадинадан чиқиб келди.

Умар розияллоҳу анҳуни Қуддус патриархи Софроний кутиб олди. Мусулмонлар амири, дунёнинг энг қудратли ҳукмдорларидан бирининг либослари оддий одамларнинг кийимиидан фарқ қилмаслигини кўриб, ҳайратини яшира олмади. Эртаси куни Умар розияллоҳу анҳу шаҳарга кирди. Унга шаҳарнинг эътиборли ибодатхоналарини кўрсатишди, хусусан насронийларнинг энг асосий канисасини кузатаётганида намоз вақти бўлиб қолди. У киши патриархга: «Намоз ўқимоқчиман», дедилар. «Ўша жойингда ўқиб олавер», деди патриарх. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу намозни у ерда ўқишни истамадилар ва ташқарига чиқиб, эшик пиллапоясида ёлғиз ўзлари намоз ўқиди. Сўнг патриархга: «Агар канисанинг ичида намоз ўқиганимда, мендан кейин мусулмонлар шуни ушлаб олиб, Умар шу ерда намоз ўқиган, дер эди», деди. Бироқ вақт ўтиши билан мусулмонлар Умар масжиди деб танилган масжидни қуриб олишди.

Умар ибни Ҳаттоб розияллоҳу анҳунинг Қуддус аҳолисига омонлик хати

Мусулмонлар фатҳ қилган барча шаҳарлар билан шартнома тузар эди. Унда маҳаллий аҳоли ва мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқлари қайд қилинарди.  Қуддуси шарифда ҳам шунга ўхшаш иш қилинди. Мусулмонлар шаҳар аҳолисига омонлик хатини ёзиб берди:

 «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Ушбу Аллоҳнинг бандаси, мўминларнинг амири Умар Илия аҳлига берган омонликдир. У уларнинг жонларига, молларига, черковларига, хочларига, беморларига ва соғларига ҳамда барча миллатига омонлик берди. Уларнинг черковлари маскан қилинмайди, бузилмайди ва черковлар, улардаги нарсалар, хочлар ҳамда уларнинг молу мулкларидан бирор нарса камситилмайди. Улардан бирор кишига зарар етказилмайди. Илияда улар билан бирга бирорта ҳам яҳудий маскан тутмайди. Илия аҳли зиммасида худди Мадоин аҳли берганидек жизя бериш бордир. Румларни ва ўғриларни чиқариш уларнинг зиммасидадир. У ердан ким чиқса, то омонлик ерига етиб олгунича жони ҳам, моли ҳам омонда бўлади. Улардан ким муқим қолса, у ҳам омондадир. Унинг зиммасига ҳам Илия аҳлига бўлган жизя лозим бўлади. Илия аҳлидан ким жони ва моли ила Румлар билан кетишни ва ибодатхона ҳамда хочларини қолдиришни истаса, улар омонлик жойларига етиб олгунларича ўзларига ҳам, ибодатхона ҳамда хочларига ҳам омонлик бор. У ерда ким ер аҳлидан бўлган бўлса, улардан ким қолишни истаса, қолаверади. У Илия аҳли ўтаган жизяни ўтайди. Ким истаса, Рум аҳли билан кетаверади. Ким истаса, аҳлига қайтиб келаверади. Ҳосилларини йиғиб олмагунларича улардан ҳеч нарса олинмайди. Қачон улар ўз зиммаларидаги жизяни берсалар, ушбу мактубдаги нарсаларда Аллоҳнинг аҳди, Унинг Расулининг зиммаси, халифаларнинг зиммаси ва мўминларнинг зиммаси бор». ("Ҳадис ва Ҳаёт"дан)

Бу ўз даври учун прогрессив ҳужжат эди. Қиёс учун: бундан 23 йил олдин Қуддусни форслар босиб олганида, қирғин уюштирган эди, 1099 йили салбчилар ҳам шаҳарни эгаллаганида шаҳар аҳолисининг қонлари дарё бўлиб оққан эди.

Умар розияллоҳу анҳунинг омонлик хати шаҳар насронийларига Қуръон ва Суннат асосидаги дин эркинлигини берди. Инсоният тарихида диний эркинликларни атрофлича кафолат берадиган илк ҳужжат эди.

Бўйсундирилган халқ билан тузилган ушбу прогрессив ва адолатли битим озчилик ҳуқуқини ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан улкан аҳамиятга эга бўлиб, собиқ Византия империясининг бутун ҳудуди бўйлаб мусулмонлар ва насронийлар ўртасидаги муносабатларнинг қандай бўлишини белгиловчи намунага (қолип) айланди. Шу билан бирга, мағлубларнинг ҳуқуқлари барча вазиятларда ҳимоя қилинган, Исломга мажбурлаш эса ҳеч қачон қонуний дея тан олинмаган.

Шаҳарнинг тикланиши

Умар розияллоҳу анҳу ишни пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам самога кўтарилган жой - масжидул Ақсо ҳудудини тозалашдан бошлади. Яҳудийларни ҳақоратлаш учун насронийлар бу жойни ахлатхонага айлантирган эди. Умар розиллоҳу анҳу эса шахсан ўзлари, сўнг унга эргашган мусулмонлар ёрдамида ўша жойни бир зумда тозалади. Сўнг шу ерга масжид қуришга амр қилди. Шу тариқа масжидул Ақсо қурилди.

Умар розиллоҳу анҳу ва уммавийлар даврида Қуддуси шариф йирик савдо ва зиёрат марказига айланди. 691 йили эса масжидул Ақсога қўшимча сифатида Қуббат ус-Саҳро масжиди ҳам барпо қилинди. Шаҳарнинг турли хил жойларида ҳар хил бинолар ва янги-янги масжидлар барпо этилди.

637 йили халифа Умар розиллоҳу анҳу томонидан Қуддуси шарифнинг фатҳ қилиниши шаҳар тарихида муҳим нуқта бўлган. Бундан кейинги мусулмонлар бошқарган 462 йил ичида Умар розияллоҳу анҳу тарафидан ёзиб берилган омонлик хатига мувофиқ шаҳарда диний эркинлик тўлиқ ҳукм сурди.

Ҳатто, Қуддуси шарифнинг келажакдаги мақоми бўйича курашлар давом этаётган бугунги кунларимизда ҳам аксар мусулмон, насроний ва яҳудийларнинг айтишича, Умар розияллоҳу анҳунинг омонлик хати нуфузли ҳуқуқий ҳужжат сифатида Муқаддас шаҳар атрофидаги муаммоларни ечишда ёрдам беришига шубҳа йўқ.

Манба: Lost Islamic History

Абу Муслим таржимаси