loader
Foto

Миллатчилик

Ўз мустақил маънавий, амалий, сиёсий ва ижтимоий тизимига эга бўлган Ислом ҳам миллатчилик илгари сурган ғояларга муқаррар равишда зид келади. Насронийлик, буддизм ва бошқа динлардан фарқли ўлароқ Ислом фақат диний маросимлар ва метафизик ғоялар билангина чегараланиб қолмайди. Агар Ислом фақат яхши хулқ ҳақида қайғурувчи дин бўлганида, балки миллатчиликка эътироз билдирмаган бўларди. Аммо Ислом ўзининг ижтимоий ва фалсафий дунёқарашига эга бўлган диндир, ўзининг иқтисодий ва сиёсий принциплари мавжуддир. Миллатчилик ҳам ўзининг ижтимоий ва сиёсий принципларига эга, бироқ, улар турлича ғоя ва ўлчовларга асослангандир. Бинобарин, Ислом ва миллатчилик орасида зиддият келиб чиқмасдан иложи йўқ. Мусулмонларнинг шахсий ва ижтимоий хаётдаги мустақиллиги масаласида Ислом мафкураси бошқа ҳеч бир мафкура билан муштарак бўла олмайди. Мусулмон одам бир вақтнинг ўзида ҳам мусулмон, ҳам политеист (мушрик) ёки ҳам мусулмон, ҳам коммунист бўла олмайди. Содиқ ва қалбан миллатчи бўлган кимсага ҳам Исломда ўрин йўқдир. Бу - мансублик масаласи бўлиб, бир томон иккинчи томонни тўла инкор қилади.

Миллатчилик Исломга мутлақо зиддир, зеро уларнинг мафкураси мутлақо қарама-қаршидир. Улар ўз руҳияти, моҳияти, йўналиши ва мақсадлари жиҳатидан мутлақ карама-қарши икки қутбдир.

Қуръон инсонларнинг тили, терисининг ранги ва ирқи уларни бирлаштирадиган ва устунлик берадиган мезон эмаслиги таъкидлаб, бу билан миллатчиликнинг асосини тўлиқ рад этади. Ягона мезон – иймон ва тақводир. Ислом уммати бирлигининг асоси ҳаргиз ирқ, мамлакат, тил ва ҳатто маданият эмас, балки умумий мафкура, умумий ғоядир.

Миллатчиликнинг мақсади – миллий уюшмалар тузишдан иборат бўлса, Исломнинг мақсади эса – умумий бирдамликдир. Миллатчилик учун энг муҳим нарса  ватанга содиқлик ва боғлиқлик бўлса, Исломдаги энг муҳим нарса – Аллоҳга ва динга содиқликдир. Миллатчилик географик чегаралар ва ирқий тафовутларга боғлиқ бўлса, Ислом бу нарсаларни рад этади. Миллатчилик чегараланишга ва ирқий табақаланишга мойил бўлса, Ислом учун умумий дунёқараш хосдир.

Миллатчилик учун фақатгина ўз миллатининг тарихий анъаналари, маданияти, цивилизацияси, ғоялари ва тарихий шахслари қандайдир қийматга эга бўладиган бўлса, исломий тасаввур учун ҳеч қандай чегаралар, ирқлар, қабилалар ва миллатлар мавжуд эмасдир. Мусо, Ийсо, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам), Али (розиаллоҳу анҳу) лар бутун инсониятга тегишлидирлар. Ислом барча халқлар Қуръонни ўз китоби деб, Каъбани ўз қибласи деб, ҳақиқий Ислом арбобларини ўз арбоблари деб билишларини истайди.

Миллатчилик учун бу қарашларни қабул қилиш жуда ҳам қийиндир. Унинг чегараланган дунёқарашига кўра, исломий кўринишлар тартибни бузади ва маълум хавф-хатар яратади. Унинг учун миллат дегани Муҳаммад ва Али билан эмас, Кисро ва Доро каби подшоҳлар билан намоён бўлади. Миллатчилик қадимий ўтмишни қайта тиклашга уринади, Ислом эса буни жоҳилият деб атайди. Ислом Фиръавнни лаънатлайди, миср миллатчилиги эса уни сиғинишга муносиб миллий қахрамонга айлантиради.

Бундай позициянинг мантиқий натижаси – миллий эътиқодларни тиклашга интилишдир. Паҳлавийнинг миллатчилик хокимияти даврида эронликлар дини деб қаралувчи зардуштийлик ва баҳоийликни рағбатлантирилганлигининг ҳайрон бўладиган жойи йўқ. Гитлер хокимияти даврида фашист-нацист мафкурачилари қуйидаги икки оқимдан бирига мансуб бўлишган: бир гурухдагилар Ийсони фаластинлик яхудий деб қараган ва шу боис уни инкор қилган, бошқалари эса, аксинча, христианликни қабул қилишган ва Ийсо яхудий эмас, шимолий ирқ вакили бўлган, деб исботлашга уринишган.

Ислом эса, бутун дунё мусулмонлари ўзларининг ирқий ёки миллий мансублигидан, ёки қайси мамлакат фуқароси бўлишлигидан катъий назар, ягона умумбашарий умматни ташкил этишларини таъкидлайди. Аммо миллатчилик эса диний бирдамликни миллий ва маҳаллий мансублик нуқтаи назаридан хатар сифатида баҳолайди.

Шундай қилиб, миллатчиликнинг жамият ва сиёсат хақидаги тасаввурлари Ислом тасаввурларига мутлақо зид бўлиб, иккаласи ҳеч қачон иттифоқчи бўла олишмайди. Айнан шунинг учун ҳам, баъзи мусулмон мамлакатларидаги миллатчилар ўз ҳаракатларининг муваффақияти учун Исломдан узоқлашиш керак деб ўйлайдилар. Уларнинг ҳаракат ва амаллари, айниқса, уларнинг қўли баланд келиб қолса,  Исломга содиқ қолганларга  нисбатан чексиз нафратларини намойиш этадилар.

Интернет маълумотлари асосида Абу Муслим тайёрлади

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР