Бироқ кенг доирадаги америкалик, фаластинлик ва исроиллик экспертлр учун Бахрайн пойтахти Манамада бўлиб ўтган тадбир Оқ Уйнинг Яқин Шарқда тинчлик борасида ёндашувларида нималар нотўғри эканлигини намойиш этди.
Қоғозда Кушнернинг минтақа учун бизнес-лойиҳалар ва инфратузилмага 50 млрд доллар миқдорида инвестициялар жалб қилиш бўйича режаси ишонарли бўлиб кўриниши мумкин. Лекин бу молия манбаси ноаниқ бўлиб қолавермоқда ва бу ҳафта аниқлашмаса керак.
Бундан ташқари, Оқ Уйнинг 96 саҳифадан иборат ҳужжатида тақдим этилган жуда кўп сонли таклифлар қачонлардир хорижий ҳукуматлар ёки Жаҳон банки томонидан ишлаб чиқилган эски режаларни қайта тузишдан иборат. Клэр Паркер таъкидлаганидек, бу режалар аксарият ҳолларда "исроилликлар ва фаластинликлар ўртасида ўзаро сиёсий келишув мавжуд эмаслиги сабабли" муваффақиятсизликка учради.
Ҳозир бундай мавжуд эмаслик ҳар қачонгидан ҳам зиёда. Оқ уйнинг иқтисодий тафаккурни ёритувчи ҳужжатида Фаластин давлатчилиги ёки Фаластин ҳудудларининг Исроил томонидан оккупация қилинишини тугатиш - камида сўнгги ўттиз йил давомида аввалги АҚШ маъмуриятлари тан олган Фаластиннинг икки асосий талаблари ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.
Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу, Доналд Трамп ёки унинг Яқин Шарқ вакиллари мустақил Фаластин давлатини ташкил этишдан манфаатдор эмас. Трампнинг Исроилдаги элчиси Дэвид Фридман яқинда Ғарбий соҳилнинг бир қисмини Исроил томонидан қўшиб олишни ҳам рағбатлантирди.
Фаластин расмийлари сиёсий қарорларсиз иқтисодий ёрдам ҳақида гапиришдан бош тортиб, Манамадаги ташаббусни бойкот қилишни афзал кўрганлиги ажабланарли эмас.
Фаластин бойкоти натижасида Исроил ҳам ўз делегациясини Баҳрайнга жўнатмади. – «Танго учун икки томон керак, бу ерда эса иккита томон мавжуд эмас», - дейди Манамадаги Ғарб дипломатларидан бири.
Бизнес вакиллари ва ХВЖ раҳбари Кристин Лагард, Буюк Британия собиқ Бош вазири Тони Блэр каби муҳим шахслар Баҳрайндаги конференцияга ташриф буюрди. Баъзи араб мамлакатлари ҳукуматларининг делегациялари ҳам, асосан, Вашингтон билан яқин алоқалар белгиси сифатида ташриф буюрди.
«Тадбирга ташриф буюрганлар буни асосан сурбетлик сабабларига кўра қилдилар», - қайд этди собиқ америка дипломати Джералд Фейерштейн.
Кўплаб таҳлилчилар Оқ уй Нетаняху лагери билан қалин алоқада бўлиб, Исроил томонидан жиддий ён беришларни кўзда тутадиган ҳеч қандай режани ҳеч қачон таклиф қилмайди деб шубҳаланади, оккупацияни расман тўхтатиш ҳақида эса гапирмай қўя қоламиз.