loader
Foto

Катта ёлғон

Чунки дунё ёлғонларига алданиб қолмасдан, душманларимиз ва ўзимизнинг нодонлигимиздан омонликда тўғри йўлдан ўтиб олишига жуда муҳтожмиз. Албатта, бундай эътибор Роббиси тарафига, Унинг розилигини излаганлар учун. Агар У бирор-бир нарсани истаса, сабабларни яратади; агар У одамга яхшиликни ирода қилса, динни ўрганишда, нима фойда келтиршию, нима зарар қилишини англашга ёрдам беради. Мана шу ерда инсоннинг энг ашаддий душмани кутиб туради.

Ушбу душман Жаннатдан ҳайдалаётганида Одам авлодини залолатга бошлаши ҳақида қасам ичган. У айтди: «Қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли мудом сенинг тўғри йўлинг устида уларни (Одам болаларини) кутиб ўтирурман. Сўнгра уларга олдиларидан ва ортларидан, ўнгу сўлларидан келиб (тўғри йўлдан оздирурман) ва (оқибатда) уларнинг кўпларини (берган неъматларингга) шукр қилган ҳолларида топмайсан» (Аъроф сураси, 16-17). Шайтон баъзи одамларнинг охиратга бўлган иймонига шубҳа солади, баъзиларни эса бу дунё билан алдайди, учинчиларини диний масалаларда чалкаштириб ташласа, тўртинчиларига гуноҳларини чиройли қилиб кўрсатиб қўяди. Мўминлар учун қўйилган шундай тузоқларнинг бири – дунё ва дунёвий илмларнинг фойдасига шубҳа солишдир.

Шайтон мўминни дунё лаззатлари билан алдай олмаса, у бошқа тарафдан келишни бошлайди ва: "Дунёвий илмларнинг нима кераги бор, улар Қуръонни ўрганишдан чалғитиб, Аллоҳ таолони танишга халал беради. Бу ва унинг воситасида қўлга киритган барча нарсалар бу дунёда қолиб кетади.  Аллоҳ таолога тўғри ибодат қилсанг, Ўзи ризқингни беришини билмайсанми? Аллоҳ таолога қанчалик кам таваккул қиласан-а...?" деган маънодаги сўзларни айтади.

Шайтон мўминни чўчитиб қўймаслик учун унинг қалбига аста-секинлик билан яқинлашиб, иймон қўрғонларини бирма-бир вайрон қилишга ўтади-да. Аввалига мўминнинг қалбида дангасалик, бепарволик, масъулиятсизлик, бефарқлик уруғларини сочади. Унинг қалбига хушомад қилиб туради ва аста-секин шивирлаб, сенинг ибодатларинг дунё учун тер тўкаётганларникидан минг карра афзал, уларнинг бу хорлик ичра қилаётган ҳаракатлари фойда келтирмайди ва азобдан сақлаб қола олмайди, дейди.

Натижада жуда кўп ёш мусулмонлар тўғри йўлда бўлиш ниятида олий ўқув юртларидаги ўқишларини ташлаб, кунини биродарлари билан диний илмларнинг фойдаси ҳақидаги масалаларни баҳс қилиб ўтказади (аслида диний илмларни қандай эгаллашни ҳам билишмайди). Сўнг улғайиб, “катта биродар”ларга айланишади. Ҳаётда эса нари борса кичик тадбиркор бўлади, оиласига кам вақт ажратиб, асосий умрини жамоати билан ўтказади. Ёмон эр, ёмон қўшни, фойдасиз ишчилар ўзларининг юриш-туришлари билан ақлларини юритадиган, ўқимишли ва аниқ мақсадга интилувчи одамларни Исломдан бездиради.

Чаласаводлар доим бўлиб келган, бироқ ярим аср олдин одамлар ўзларининг чаласавод эканидан ҳаё қилар, ўқимишли одамлар ҳурматини жойига қўйиб, уларга ҳавас билан боқардилар. Бугун эса баъзи мўмин-мусулмонлар ўқимаганлигидан фаҳрланишга ўтиб олди. Буларни диндаги акалар-укалар, опа-сингилларимизнинг ҳиссиётига тегиш учун ёзаётганим йўқ. Шуни англаб олишларини истар эдимки, кунларнинг бирида, ва бу кун жуда кўп одамлар учун албатта келади, шайтон уларга бошқа тарафдан келиб, танлаган йўлни ёқимсиз қилиб кўрсатади. Бу ишлар ўша одам ёнида тўғри маслаҳат берувчи, йиқилишдан ушлаб қолиши мумкин одам қолмаганида рўй беради. "(У Кунда) шайтон (ҳаёти дунёда ўзига эргашган барча) инсонни ёрдамсиз қўйгувчидир (Фурқон сураси, 29).

Ислом бекорчиликдан қайтаради, жоҳилият ва дангасаликни  танқид қилади. Ўқишга, меҳнат қилишга ва ҳар қандай бошланган ишни чиройли тарзда адо этишга чақиради. Қуръони карим дунёга берилмаслик, бу дунёдаги насибамиздан воз кечмасликка чорлайди ва дунёни обод қилиб, унда тартиб сақлаш маъсулиятини ҳам зиммамизга юклайди. Шунинг учун ҳам дунёдан қочадиган мўминдан, солиҳ амаллари билан Аллоҳ таоло розилигини топмоқчи бўлган мўмин афзалдир. Тўғри йўлдаги одам жуда кўп меҳнат қилади, фақир-мискинларга ёрдам бериб, уларга фойдаси тегади. Баъзи ибодатларга ҳаддан зиёда берилган, яъни обид бўлиб олган одамлар эса ўзи ва аҳли оиласининг эҳтиёжларини ҳам қондира олмайди. Бироқ мол-дунё, бойликка ружу қўйиб, мўътадил ҳолатда қолиш жуда оғирдир. Шунинг учун ҳам Роббимиздан "Бизни тўғри йўлга бошлагин", душманимиз билан ёлғиз қолдирмагин, дея ёлворамиз, ялиниб сўраймиз.

Абу Муслим тайёрлади