loader
Foto

Ислом ва психология муаммолари

Психология ва ахлоқ муаммолари Исломга нисбатан турлича муносабатга эга. Бир томондан, у ғарбда яшаётган мусулмонлар ҳақида хато фикрлар, уларнинг феъл-атвори ва менталитети ҳақида стереотип (бир ёқлама) тасаввурлар билан боғлиқ. Бошқа тарафдан, аксарият ҳолларда фундаментализм ва мутлақ ҳукуматга таянишга ўрганган мусулмонлар жамиятида фикр хилма-хиллиги, қарама-қаршилиги ҳамда конструктив баҳс-мунозара юритишга ҳалақит беради. Замонавий ғарб психология назариялари тамаддунлар тўқнашувига қурилган манбаларга, чуқур ўрнашиб қолган хато қарашлар ва хурофотларга мурожаат қилади. Айни пайтда, ушбу назариялар ислом фундаментализмига «ташхис» қўйиб, у ҳақида сиёсий ва маданий жиҳатларни этиборга олмаган ҳолда мулоҳаза юритади. Муаммонинг яна бир томони шунда-ки, ғарбий таълимотларга муқобил равишда мўминларга  психологик ёрдам кўрсатиш ёки бу йўналишда бугунги жамият муаммоларини таҳлил қилишга хизмат қилувчи исломий психологик назариялар йўқ ҳисоби.

Ўрта асрларда яшаб ўтган Киндий, Ибн Сино, Фаробий ва Ғаззолий каби олимлар инсон хулқ-атворини ислом нуқтаи назаридан ўрганишга катта эътибор қаратган. Бироқ замонавий психология бу ёндашувни писанд қилмайди, ҳатто, уни инкор этади. Таассуфки, ислом психологияси пойдеворига асос солган мусулмон олимлари VIII аср бошларидаёқ инсон фаровонлиги, хулқ-атвордаги муаммолар ечими, ўз устида ишлашга оид руҳий машғулотларни таклиф қилган бўлсалар-да, келгусида бу назариялар ривожлантирилмади. Аслида, исломнинг психология билан чамбарчас боғлиқлиги, эътиқод ва илоҳий таълимотни руҳий саломатлик калити эканини англаш руҳий саломатликка катта ёрдам беради.

Эътиқод етакчи ролда бўлмоғи шарт! Ислом психологиясини унинг замонавий аналогидан ажратиб турадиган асосий жиҳат айнан шунда бўлиши лозим.  Замонавий дунёвий психология инсон хулқ-атворининг руҳий пойдеворини назарига илмайди. Бу ҳолат фикрлаш жараёнлари, инсон хулқ-атвори, йўл-йўриқлар ва мотив-ниятларни хато тушунишга олиб келади.

Аслида, психологиянинг асосий мақсадларидан бири – одамни ички зиддият ва дарддан халос қилиш, гарчи дунёвий психология услуби бошқача бўлсада булар ислом таълимоти мақсадларига ҳам мос келади. Замонавий психология ахлоқийлик ва хулқ-атвор тушунчаларини универсал атамалар билан изоҳлайди, рухий ҳолатнинг маънавий ва маданий ўзига хослигини инобатга олмайди. Бошқа томондан, Исломда одоб-ахлоқни дин ва тақвога богғлайди.

Киндий, ибн Сино, Розий, Ғаззолий каби ўрта аср Ислом олимлари шахсиятни ўрганиб, руҳий хасталик муаммосини эгоистик-моддий «Мен» билан руҳий «Мен» ўртасидаги низо сифатида таҳлил қилганлар. Баъзи манбаларда бу интеллект орасидаги низо деб ҳам аталади. Уларнинг фикрича, одоб-ахлоқ билан илоҳий кўрсатмаларга амал қилишга инсон руҳи жавобгардир. Агар «Мен» ёки руҳ онгли равишда руҳий эҳтиёжларни устун қўйиб, моддий истакларини жиловлашни ўрганса, инсон ижобий ривожланишга, саломатликка, бахтга эришади.

Ислом психологияси билан боғлиқ мазкур муаммо Ислом нуқтаи назаридан бошқа замонавий фанларни қабул қилишидаги каби анъанавий мусулмонлар билан уларнинг ислоҳатчи биродарлари ўртасидаги умумий муаммосини акс эттиради.

Аксар мусулмонлар ғарб илм-фанларини ўз диний қадриятларига бегона, зид деб ҳисоблайди. Уларнинг фикрича, ғарб фанлари исломий қадриятлар ва ахлоқийликни издан чиқаради. Айрим олимлар буни ҳимоя реакцияси, мустамлакачилик даврида таҳдид солинган ўзликни асрашнинг йўли деб ҳисоблайди. Ислом дунёсига хос консерватизм ва ортодоксаллик мустақил танқидий фикрлаш ва мулоқотга кириш жараёниларини мураккаблаштиради. Натижада, инкор этилаётган ғарб қарашларига муносиб туриб берадиган воситаларни жамиятга тарқатиш янада қийин кечади. Догматизм (ақидапарастлик) – замонавий мусулмон дунёсининг яна бир катта муаммоси. Ақидапарастлар ўз қарашлари ва нуфузининг барқарорлиги, мустаҳкамлигига ишонади. Ижтиҳод ёки Қуръонни замонавий реал воқеликка мувофиқ талқин қилишга бўлган ҳар қандай ҳаракатни инкор этади.

Ривожланиш йўлидаги яна бир тўсиқ мусулмонлар жамиятларининг мавжуд илмий-тадқиқот базаси ғарб билан рақобат қила олмаслигида, халқаро стандартларга жавоб бермаслигидадир.  Шубҳасиз, ислом оламининг бу каби ички муаммолари, шунингдек, ташқи муаммоларни келтириб чиқарувчи ғарб билан муносабатлар консерватизм ҳукмронлиги, инсонлар ҳаётини тартибга соладиган ахлоқий меъёрларни белгилашда исломнинг ролини жуда жўн тушуниш билан изоҳланади. Ислом деганда асосан Қуръонни ёдлаш ҳамда ундаги ахлоқий таълимотни ўрганиш каби анъанавий масалалар фаҳмланадиган бўлиб қолган. Гарчи кўплаб мусулмонлар ибн Сино, Ғаззолий, Розий каби олимларнинг  тамаддун тараққиётида тутган муҳим ўринлари  ҳақида эшитган бўлсалар-да, билимлари шу билан чекланиб қолади, одатда.

Замонавий ислом жамиятининг яна бир муаммоси - руҳий ҳолатнинг издан чиқишини нотўғри тушуниш. Хусусан, сеҳр-жоду, ирим-сиримларга оммавий берилишни ислом психологиясининг фан сифатида мавжуд эмаслиги билан изоҳлаш мумкин.

Мусулмонлар орасида ирим-сиримлар, турли хил бидъат маросимлар кенг тарқалгани сир эмас. Мусулмонлар бор жойда сеҳр-жоду билан шуғулланадиган одам топилади. Бу борада замонавий интернет-ресурслар ва кабелли каналлар ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Халқ ўртасида донғи кетган «табиб»ларга алоҳида иззат кўрсатилади. Қуръон ўқиш, ибодат қилиш каби руҳий даволаш муолажаларидан тортиб, ошкора хурофот маросимлар – ирим-сирим, сеҳр-жоду, турли дамламалар тайёрлашгача (заҳарли бўлиши ҳам мумкин) уларнинг “иш қуроли”га айланган. Экстремал «даволаш»нинг бир кўриниши ичига жин кириб олган дея ҳисобланмиш беморни калтаклашдан иборат.

Ислом психологияси соҳасидаги тадқиқотлар  инсон руҳиятига ижобий таъсир этувчи илмий усуллар ишлаб чиқишга хизмат қилган бўларди. Бу эса, ўз навбатида, мусулмонлар орасида ҳам психологияга фан сифатида ишончнинг ортишига, бинобарин хурофот, бидъатларнинг йўқолишига олиб келар эди.

Ва ниҳоят, анъанавийчилик тарафдорлари – консерваторлар Исломнинг замонавий илм-фан билан кесишув нуқталарини тан олмасликлари, бунга кўз юмишлари боис Ғарбда Ислом борасида янглиш фикрлар кўпаймоқда. Жаҳон ОАВда мусулмон кишиларни нодон, жаҳолатпараст-террорчи сифатида тасвирлаб, негатив қарашларнинг кучайишига сабаб бўлмоқда.

Фан сифатида ижтимоий психологиянинг ўзаги Ғарб ва ислом олами ўртасидаги бу каби тафовутларни бартараф қилиш, «биз» ва «улар» орасидаги зиён келтирувчи қарама-қаршиликларни йўқотиш – хурофот, стереотиплар, дискриминация ва этноцентризм шаклланиши негизида ётадиган когнитив жараёнларини ўрганиш ва «ўзгалар» ҳақида нотўғри фикрларни йўқотишга ҳаракат қилмоқликдан  иборат.

Манба: CILE Center

Абу Муслим таржимаси