Шайх Юсуфхонтўра Шокиров 1926 йилда Қирғизистоннинг Тўқмоқ шаҳрида диндор, зиёли оилада таваллуд топган. Унинг йигитлик даври II Жаҳон уруши йилларида кечган. У урушнинг сўнгги ва урушдан кейинги тикланиш йилларида жамоа хўжалигида тракторчи бўлиб ишлаган. Илмли инсонлар фарзанди бўлган Юсуфхонтўра болаликдан диний илмларни ўрганишга рағбатли эди. Унга отаси Олимхонтўра дастлабки диний сабоқни беради. Оила ўчоғида олган билимларини мустаҳкамлаш мақсадида 1948 йили Мир Араб мадрасасига ўқишга киради. Мадраса таълимининг учинчи йилида отаси Олимхонтўра муборак ҳаж сафарига боради. Яқинларига сафар таассуротларини сўзлаётиб, Мисрдаги дунёга машҳур Ал-Азҳар университети тўғрисида ҳам сўзлаб беради. Шу кундан бошлаб Шайх Юсуфхоннинг фикри-зикри ўша университетда ўқиш бўлиб қолади. Дилига туккан ниятига етишиш орзусида марказга, раҳбар ташкилотларга мактуб йўллайди. 1955 йилда унга жавоб хати келади. Бу пайтда ҳукуматнинг дин ва диндорларга муносабати анчайин юмшаган бўлиб, марказнинг ижозати билан Мир Араб мадрасаси битирувчиси Юсуфхонтўра Шокиров Ал-Азҳар университетига ўқишга юборилади. 1961 йили ушбу университетнинг араб тили ва адабиёти факультетини аъло баҳоларга тугаллаб, ватанига қайтади ва меҳнат фаолиятини диний идоранинг халқаро бўлими мудири вазифасида бошлайди.
Юсуфхонтўра билимларини янада мустаҳкамлаш ниятида 1962-1967 йилларда ТошДУнинг (ҳозирги ЎзМУ) шарқ филологияси факультетининг кечки бўлимида таҳсил олади. Кейин ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида “Ал-Азҳар университети - минг йиллик тарихга эга бўлган араб филологияси маркази” мавзусидаги диссертация иши устида ишлайди. Унинг араб, форс, турк, рус, инглиз тилларини пухта билиши илмий изланишларида қўл келиб, 1975 йилда Москвада номзодлик ишини ҳимоя қилишга муваффақ бўлади.
Шайх Юсуфхонтўра 1975-1997 йилларда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратида раис ўринбосари вазифасида, 1997 йилдан умрининг охиригача эса бош маслаҳатчи сифатида фаолият юритган. Шу йиллар мобайнида у Осиё ва Африка мамлакатлари ҳамкорлиги ташкилоти ва Тинчлик комитети аъзоси сифатида кўплаб хорижий мамлакатларда хизмат сафарида бўлиб, диний ва дунёвий ташкйлотлар билан халқаро дўстлик алоқаларини тиклашда ўз ҳиссасини қўшган йирик диний арбобдир. Шунингдек, хорижий мамлакатларга қилган сафарларида “Ислом тинчлик ва ҳамкорлик динидир”, “Ислом - тинчлик элчиси” каби мавзуларда сермазмун маърузалари билан қатнашган.
Диний идорада масъул вазифаларни бажариш баробарида Шайх Юсуфхонтўра Мир Араб мадрасаси ва ТИИда араб адабиёти,тафсир, ҳадис ва балоғат фанларидан дарс берган.Унинг илмий изланишлари самараси ўлароқ “Ислом - имон, эътиқод ва ҳаёт тарзи”, “Ал-Азҳар университети - минг йиллик тарихга эга бўлган араб филологияси маркази” (рус тилида) китоблари юзага келди.У, шунингдек, 1991-1992 йилларда табдил қилинган “Қисаси Рабғузий” китобидаги оят ва ҳадисларни таржима қилган,4 жилдлик“Алишер Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати”нинг 1-жилдида “Хазойин ул-маоний”асарининг “Б” ҳарфидан бошлаб луғатини тузган.
Диний ва дунёвий илмларни пухта эгаллаган етук олим Юсуфхонтўра Шокиров катта ҳаётий тажрибага эга моҳир ташкилотчи, меҳрибон мураббий сифатида таълим соҳаси ва дин равнақи йўлида қарийб ярим аср ҳалол хизмат қилди. Устоз таълимини олган кўплаб шогирдлари ҳозирда мамлакатимизда ва қўшни давлатларда масъул вазифаларда ишламоқдалар.
Шайх Юсуфхонтўра Шокиров 2000 йилнинг 28 сентябрида Тошкент шаҳрида вафотэтган.Жанозасини муфтий Абдурашид қори Баҳромов ўқиган.Тошкентдаги Минор қабристонига дафн этилган.
"Ўзбекистон Уламолари" китобидан