loader
Foto

Биродарлик

Динимиз инсонларни тарқоқликдан қайтариб, бир-бирлари билан танишиш ва ўзаро аҳил ва иноқ бўлиб яшашга буюради. Зотан, бутун башар аҳлининг ўзаро самимий ва бир-бирларига ёрдам бериш руҳида яшашида катта ҳикмат бор. Аллоҳ атоло ҳамма инсонларнинг бир ота-онадан тарқалганини шундай баён этади:

«Эй инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир» (Ҳужурот сураси, 13-оят).

Яхшилаб мулоҳаза юритилса, дўстлик ва биродарлик ўзаро муомала қилиб тинч-тотув ҳаёт кечириш учун зарур асосдир. Баъзан бу биродарлик йўлида тўсиқлар учраб, маълум бир ҳақиқатни англаб етиш ва яхшиликни ёмонликдан ажратишда баҳс-тортишувлар юзага келади. Лекин булар инсонни яралишидаги ҳикматдан ва ер юзини обод қилиш заруратидан чалғитиб қўймаслиги керак. Мана шу биродарликни мустаҳкамлайдиган, бу йўлда ҳар қандай тўсиқларни бартараф этадиган дўстлик ришталарини боғлаш ва ундан унумли фойдаланиш зарур. Динимиз кишиларни шунчаки бирлаштириб қўядиган робита эмас, балки ин-сонларни Парвардигори билан, сўнгра уларни бир-бирлари билан боғлаб қўядиган риштадир. Мусулмонлар қалбларидаги тавҳид ақидасининг улуғлигини ва биродарликни мана шу ақида билан боғлаш зарурлигини ҳис этсинлар! Шунингдек, Ислом таълимотида ер юзидаги барча инсонларнинг оталари Одам алайҳиссалом экани таъкидлаб ўтилади. Бу эса Ернинг шарқ ва ғарбида яшаётган барча одамлар бир-бирига улфат ва биродар бўлиб қолишларига асосдир. Худбинлик инсон учун катта офат бўлиб, инсоний фазилатларни барбод қилади. Бандани худбинлик қамраб олса, биродарлик туйғусини бой бериб, ундан фақат ёмонликлар содир бўлади. У ҳеч кимни танимайди, ўзидан бошқани танишни истамайди. Агар бир яхшиликни кўрса, хурсанд бўлиб, ёмонликни кўрса, хафа бўлмайди. Динимиз бундай худбинликни рад этиб, инсонга қуйидаги тушунчаларни беради: «Ҳаёт фақат сен учун эмас, уни хоҳлаганингча тасарруф эта олмайсан, дунёда сендан бошқа кишилар ҳам бор. Улардаги ҳақингни эслаганингдек, уларнинг ҳам сендаги ҳақларини эсла. Шунингдек, уларга етаётган ёрдамингни эслаганингдек, уларнинг ҳам сенга етказаётган ёрдамларини эсла. Шундагина сендан худбинлик кетади ва фақат ўзингни эмас, бошқаларни ҳам танийсан».

Дўстнинг ҳақи шуки, унга бирор зарар етишини хоҳламаслик, унга етган зарарни кетказишга ёрдам бериш ҳамда ҳар қандай қийинчилик ва машаққатларида ўз ҳолига ташлаб қўймасликдир. Бундай мусибатлар ўзингда йўқлиги учун унга эътибор бермаслик тўғри эмас. Бу айни худбинлик бўлиб, биродарлик ришталари узилишига катта сабаб бўлади. Расулуллоҳ алайҳиссалом айтганлар: «Мусулмонлар ўзаро биродарлашувида, меҳрибонликларида ва раҳм-шафқат кўрсатишларида танага ўхшайди. Инсон танаси шундайки, ундаги бирор аъзо оғриса, бошқа аъзолар унга иситма билан бедор бўладилар». Заҳмат чекаётган биродарга раҳминг келса, унга ёрдам бер, заҳматдан қутулиши учун уни ҳар тарафлама қўллаб-қувватла. Шунда биродаринг олдида юзинг ёруғ ва равшан бўлади. Расулуллоҳ алайҳиссалом бу ҳақда шундай деганлар: «Мусулмон мусулмон учун биродардир. Мусулмон биродарига зулм ва хиёнат қилмайди. Ким биродари ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким биродари қайғусини кетказса, Аллоҳ унинг қайғусини кетказади. Ким биродарининг бир айбини беркитса, Аллоҳ қиёмат куни унинг айбини беркитиб қўяди».

Биродарлик аломатларидан яна бири шуки, мусулмон ўз биродарига яхшиликни раво кўриши, бир яхшилик етганида ўзига етгандек хурсанд бўлмоғидир. Бу амали билан мусулмон киши Аллоҳга яқин бўлади. Дунёнинг азоб ва машаққатлари кўп. Бу машаққатларга инсон бир ўзи сабр-тоқат этиши қийин. Бироқ у машаққатларни кўтаришда барибир дўстлар ёрдамига муҳтож бўлади. Мусулмон ўз биродарлари кўрсатаётган ёрдамларини унутмаслиги лозим. Яна бир ҳадиси шарифда: «Мўмин мўмин учун иморатда бир-бирини тутиб турган ғиштга ўхшайди», дейилган. Демак, биродарлик мусулмонлар учун Аллоҳ томонидан берилган улуғ неъматдир. «Ҳаммангиз Аллоҳнинг «арқони»ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг. Унинг неъмати туфайли биродарларга айландингиз...» (Оли Имрон сураси, 103-оят).

Биродарлик қоидаларидан бири шуки, ҳақиқат юзага чиқиши, ботил зойил бўлиши учун мусулмонлар бир-бирларига ёрдам қилишлари ва золимларни инсофга чақириб, мазлумларни қутқаришдир. Ҳар қанақа ҳолатда ҳам мусулмон биродарини ўз ҳолига ташлаб қўймайди, қандай бўлмасин унга ёрдам беришга интилади. Агар адашса, тўғри йўлга даъват этади. Агар ҳаддидан ошса, дарҳол уни бу йўлдан қайтаради. Душманларидан ҳимоя қилади ва бир-бирларига ёрдам қўлини чўзади. Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Биродаринг золим бўлса ҳам, мазлум бўлса ҳам унга ёрдам бер», дедилар. Шунда бир саҳобий: «Ё Расулуллоҳ, мазлум биродаримга ёрдам беришни тушундим. Золим биродаримга ёрдам бериш қандай бўлади?» дея сўраганида, у зот бундай жавоб қилдилар: «Биродарингни бошқаларга зулм қилишидан тўхтатишинг унга берган ёрдамингдир».

Мусулмоннинг ёмон ҳолга тушиши бу катта фалокат. Бу барча мусулмонларни ноқулай ҳолатга солиб қўяди. Бу ҳолдан хорланганида бошқаларнинг: «Бунга менинг алоқам йўқ», дея бепарво бўлиши мўмин бандаларга хос эмас. Натижада бу хорланиш барча мусулмонларга умумий бўлади. Динимиз мусулмонлар хорланишини ёқламайди ва шундай вақтларда беркиниб оладиган кимсаларга лаънат айтади. Расулуллоҳ алайҳиссалом айтганлар: «Бир мусулмонни зулм билан уришаётган жойда тек турманглар. Уни ҳимоя қилмай тек турманглар. Уни ҳимоя қилмай тек ўтирганларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин». Бир биродаринг бошига мусибат етса, у мусибат кетгунича, унга ёрдам қил.

Агар Аллоҳ жамиятда бир кишига обрў-эътибор ва нуфуз ато этган бўлса, шу нуфузи туфайли мусулмонларга ёрдам беришни ўйлаши керак. Чунки мол-дунё ва бойликдан закот бериш лозим бўлганидек, нуфузли бўлишнинг ҳам закоти бор. Албатта, бу фазлни сизга Аллоҳ бошқалар ҳожатини раво қилиш учун бериб қўйганини унутмаслик керак. Акс ҳолда: «Мусулмонлар ҳожатларини раво қилиб юрган кимсаларга Аллоҳ бир неъматни ато этгандир. Ҳожатбарор кимсалар у неъматни қадрламаса, Аллоҳ уни бошқаларга олиб беради». Ўз обрўси ва нуфузидан қандайдир ҳадя учун фойдаланганлар Аллоҳ даргоҳида катта савобдан маҳрум бўлиб қоладилар: «Ким бировга ёрдам берса ва эвазига ҳадяни тама қилса, қаттиқ гуноҳкор бўлади».

Биродарлик қоидалари ва одобларига зид баъзи бир ёмонликларни динимиз қаттиқ рад этади. Жамиятда ҳар бир инсонга ўз ўрнини белгилаб берадиган, ҳаётда ортда қолаётганларга ғайрат-шижоат бағишлайдиган, илдамлаб кетаётганларни эса ўз ўрнига қайтарадиган туйғу - биродарликдир. Мусулмонлар орасида пайдо бўладиган низолар ва шовқин-суронларни биродарлик туйғуси бартараф қилиши ҳам аниқ:

«Албатта, мўминлар динда ўзаро биродардирлар. Бас, сизлар икки биродарингиз ўртасини тузатиб қўйингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, шояд, раҳм қилинсангиз» (Хужурот сураси, 10-оят).

Бундай ёмонликдан Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳам қайтарганлар: «Бошқалар ҳақида бадгумон бўлишдан эҳтиёт бўлинглар. Чунки бу гапларнинг энг ёлғонидир. Жосуслик ва душманлик, ҳасад ва ғазаб қилманглар. Аллоҳ сизларга амр қилганидек дўст-биродар бан-далардан бўлинглар. Мусулмон мусулмонга оға-инидир, у биродарига зулм қилмайди, уни хорлаб ҳақоратламайди. Мусулмонга мусулмоннинг мол-дунёси, қони ва обрўси ҳаромдир. Албатта, Аллоҳ сизларнинг ташқи суратларингизга ва қоматингизга қарамайди. Балки қалбларингиз ва амалларингизга яраша мукофотлайди. Огоҳ бўлинглар, бировнинг савдосини бузманглар. Мусулмоннинг мусулмонга уч кундан ортиқ гина сақлаши ҳаромдир. Тақво бу ерда. Тақво бу ерда. Тақво бу ерда», деб кўкракларига ишора қилар эдилар. Аллоҳ йўлида дўст ва биродар бўлиш биринчи бўлиб мусулмонлар томонидан татбиқ этилган. Расулуллоҳ алайҳиссалом мушрик хусуматчиларнинг қаршиликлари ва жабр-ситамларига бардош бера оладиган умматнинг келиб чиқишида ҳам мусулмонларнинг биродарлигига суянганлар. Расулуллоҳ алайҳиссалом даврларида кишилар ўз динини сақлаш ва ёйиш учун Ясриб (ҳозирги Мадина) шаҳрига ҳар томондан оқиб келишган. Исломни қабул қилган Мадина аҳолиси муҳожирларга ҳурмат ва муҳаббат билан муомалада бўлдилар. Улар орасида насаб ва жинсда ҳамма баробар эди.

«Улардан (муҳожирлардан) илгари (Мадинадек) диёрда яшаган ва имонни сақлаганлар (ансор-лар) эса ўзлари (ёнлари)га ҳижрат қилиб келган кишиларни суйгайлар ва дилларида уларга бе-рилган нарса (ўлжалар) сабабли ҳасад сезмаслар ҳамда ўзларида эҳгиёж бўла туриб, (эҳсон қилишда бошқа муҳтожларни) ихтиёр қилурлар. Кимки ўз нафси бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар (охиратда) нажот топувчидирлар» (Ҳашр сураси, 9-оят).

Дунё матоҳлари ва манфаатлари учун эмас, балки Аллоҳнинг розилигини топиш йўлидаги биродарлик ҳақиқий биродарлик бўлади. Ислом айнан шундай биродарликни ёқлайди. Токи мусулмон киши бирорта биродарини ҳақоратлаб, шаънига доғ тушириб қўй-масин. Бу борада Расулуллоҳ алайҳиссалом шундай деганлар: «Мўмин мўминни қўрқитиши ҳалол эмас». Яна бир ҳадиси шарифда: «Кимки бир мусулмонга уни хатарга соладиган назар билан қараса, қиёмат куни Аллоҳ уни хатарга солиб қўяди». Динимиз олий мансабни кўзлаб, биродарларига зулм қиладиган золимларни қиёмат кунида хорлик кутиб турганини айтиб, уларни огоҳлантиради. Пайғамбаримиз алай-ҳиссалом айтадилар: «Мутакаббирлар қиёмат куни чумоли мисол одам суратида, уларни чор тарафдан хорлик ўраган ҳолда тирилтирилади». Биродарлик ришталарига футур етказадиган сабаблардан яна бири мусулмонлар бир-бирларини хўрлаб, масхара қилишларидир. Бу эса асло жоиз эмас.

«Эй мўминлар! (Сизлардан) бирор миллат (бошқа) бир миллатни масхара қилмасин! Эҳтимолки, (масхара қилинган миллат) улардан яхшироқ бўлса. Яна (сизлардан) аёллар ҳам (бошқа) аёлларни (масхара қилмасин)! Эҳтимолки, (масхара қилинган аёллар) улардан яхшироқ бўлса...» (Ҳужурот сураси, 11-оят).

Мусулмонлар орасида биродарлик туйғуси бардавом бўлиш сабабларидан яна бири - миллатчиликка йўл қўймасликларидир. Ҳар бир кишининг ўз ватани ва миллатини севиши табиийдир. Лекин миллатни ҳамда ватанни севиш миллатчилик ва фитналар чиқишига сабаб бўлмаслиги керак.

Анвар қори Турсуновнинг

"Фазилатлар китоби" китобидан