loader
Foto

Инжил

Инжил Исо алайҳиссаломга Аллоҳ таоло томонидан туширилган муқаддас китобнинг номи. Инжил лафзининг маъносида турли фикрлар мавжуд. Баъзилар уни иброний (яҳудий) сўз, баъзилар сурёний (Сурия араб луғати) дейдилар. Баъзилар эса соф араб сўзи бўлиб, «нажл», яъни «асл» маъносида, деганлар. Баъзилар: «Инжил сўзи юнонча бўлиб, маъноси хушхабар келтирганга бериладиган суюнчидир, кейинчалик хушхабарнинг айни ўзига ишлатила бошланди», дейдилар.

Инжил китоби аслида иброний тилида туширилган бўлса ҳам, мазкур тилдаги асл нусхаси йўқ қилинган бўлиб, ҳозирда мавжуд бўлганлари юнон тилидадир. Юнонча «Евангилие» хушхабар деганидир.

Биз, мусулмонлар шунга имон келтирамизки, Аллоҳ таоло ўзининг пайғамбарларидан бири бўлган Исо алайҳиссаломга:

«Ўзидан олдин юборилган Тавротни тасдиқловчи ва қувватловчи бўлган, ўзидан кейинги келадиган Аҳмад исмли пайғамбарнинг башоратини берадиган» одамларга ҳидоят ва нур бўлган Инжил китобини нозил қилган. Қуръони каримда бу гапни тасдиқловчи ўнлаб оятлар мавжуд. Исо алайҳиссаломнинг ўз тиллари билан айтган гаплари эса ўша оятларнинг биридир:

«(Шу пайт чақалоқ тилга кириб) деди: «Мен Аллоҳнинг бандасидирман. (У) менга Китоб (Инжил) ато этди ва мени пайғамбар қилди». (Марям, 30)

Яна бир ояти каримада шундай дейди:

«Сўнгра уларнинг изларидан кетма-кет пайғамбарларимизни юбордик ва Исо ибн Марямни ҳам (уларнинг) ортидан юбордик ва унга Инжил ато этдик ҳамда унга эргашган зотларнинг дилларида менҳрибонлик ва шафқат (пайдо) қилдик».

Аллоҳ таоло бу ва бошқа ояти карималар орқали бизга ўзи тарафидан самовий китобни Исо номли пайғамбарига нозил қилганини, бу китобнинг номи Инжил бўлганини ва у оғзаки маърузалардан иборат бўлмай, балки саҳифаларга ёзилган ҳолда бўлганини хабарини бермоқда. Бунинг устига Инжил самовий китоб эканлигига Аллоҳ ишора қилиб, пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга насронийларга «аҳли китоблар», деб мурожаъат қилишни буюрди:

«Айтинг, (эй, Муҳаммад): «Эй, китоб аҳли (яҳудийлар ва насронийлар) биз билан сизнинг ўртамизда (аҳамияти) баробар бўлган бир сўзга келингиз—ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилайлик, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайлик ва Аллоҳни қўйиб, кечиб бир-бирларимизни илоҳ қилиб олмайлик!». (Оли Имрон, 64)

Бундай Инжилнинг аввалда мавжуд бўлганлигини Марк инжили ҳам тасдиқ этади: «Исо Жалилага қайтди. У Худонинг Шоҳяиги ҳақида хушхабар тарқатди. «Вақти-соати келди, Худонинг Шоҳлиги яқинлашиб қолди. Тавба қилинглар, Инжилга имон келтиринглар!», деб ваъз қилиб юрди».((Марк, 1:14,15).)

Ҳаворий Павел ҳам «Римликларга мактуб»ида Исо алайҳиссаломга тушган Инжилнинг мавжудлиги ҳақида ёзади: «Худо менга шоҳиддирки, мен унинг ўғлининг Хушхабарини тарғиб этишда сидқидилдан хизмат қилибгина қолмасдан, узлуксиз ибодатларимда сизларни хотирлайдирман».((Римликларга мактуб, 1:9).)

Шуниси диққатга сазоворки, ҳаворий Павел Инжилнинг нисбатини айни Исо алайҳиссаломга берган. «Коринфликларга мактуб»ида эса шундай дейди:

«Заифларни эргаштирай деб, улар учун заиф бўлдим. Ҳеч бўлмаса баъзиларни қутқарай деб, ҳаммага ҳамма нарса бўлдим. Буларнинг ҳаммасини Инжил учун қиляпман, токи унинг қут-баракасида менинг ҳам ҳиссам бўлсин».(9:22,23).

Павел Исо алайҳиссаломнинг Инжиллари мавжуд эканлигини исбот этибгина қўймасдан, масиҳийларнинг бу муқаддас Инжилдан юз ўгирганларини, уни таҳриф қилиб, бузиб ўзгартирганларини ҳам исбот қилади: «Ҳайронман, сизлар қанчалик тез Масиҳнинг иноятли даъватидан юз ўгириб, бошқа бир «Инжил»га сажда қилдингизлар! Аслида бошқа инжил йўқ. Фақат баъзилар сизларни чалғитиб, Масиҳ хушхабарини бузиб кўрсатишни хоҳлайдилар».(Павел. Галатияликларга, 1: 6,7).

Аллоҳнинг Қуръони каримдаги ва насронийларнинг инжилларидаги хабарларга қараганда яҳудийлар ва насронийлар ўзларига берилган китобнинг кўп жойларини ошкор қилмай яширганлар, асл инжилни ўзгартирганлар, кўп жойларини ўзлари қўшиб, ифтиро ва ихтиро қилганлар:

«Сўзларнинг ўринларини ўзгартирдилар, уларга эслатилган нарсадан бир (катта) қисмини унутдилар». (Моида, 13)

Шу тариқа бир-бирига бутунлай мос келмайдиган, балки инкор қиладиган инжиллар сони юзтадан ҳам ошди.

Император Константин Исо алайҳиссаломдан 325 йил кейин Исо алайҳиссалом келтирган динини расман қабул қилди ва ҳозирда қўлимизда мавжуд бўлган тўрт инжилни қолдириб, қолганларини йўқотишга буюрди. Тўрт инжил қуйидаги ҳаворийлар ва уларнинг шогирдларига нисбат берилади:

Матто Инжили. Бу Инжил 12 ҳаворийнинг бири бўлган Маттога нисбат берилган. Матто ибрий тилидаги «Шит» сўзидан олинган бўлиб, унинг маъноси «Атиятуллоҳ», яъни Аллоҳбердидир. Уни қавмлари Лово ибн Ҳалфо деб атардилар. Ловонинг миллати яҳудий бўлган. Ўзи эса Кафарнаҳум шаҳрида солиқ йигувчи вазифасида ишлаган. Кейин Исо алайҳиссалом ўзларига шогирд қилиб олганлар.

Исо алайҳиссалом осмонга кўтарилиб кетганларидан сўнг даъват мақсадида кўп шаҳарларга борган ва Ҳабашистон диёрида шаҳид бўлган.

Баъзи насроний олимлар: «Матто ўз инжилини аввал ибрий тилида ёзиб, кейин юнон тилига таржима қилган, ҳозирда мавжуд бўлган юнон тилидаги инжил ҳақиқий Матто инжилидир», дейдилар.

Матто инжилининг асл тили ва унинг таржимони ҳақидаги ихтилоф сингари, унинг ёзилиш тарихи ҳам ихтилофлардан холи эмас.

Марк Инжили. Маркнинг исми Юҳанно бўлиб, Марк унинг лақабидир. Бу сўз лотинчасига «болга» демакдир. Марк Исо алайҳис-саломга аввалда имон келтирганлардан бўлса ҳам, Исо алайҳиссаломнинг доимий шогирддари бўлган 12 ҳаворийдан бири эмас. Аммо даъват учун танланган 70 ҳаворийнинг бири ҳисобланади, ҳамда ҳаворий Пётрнинг шогирди, ўзи яҳудий миллатидан бўлган. Марк мисрликларни биринчи бўлиб насроний динига даъват қилган, ўша ерда Искандария патриархиясини ташкил этган. Марк Исо алайҳис-салом худодир, деган даъвони инкор қилган. Бутпарастлар томонидан зиндонга солиниб, кейин 67-милодий йилда азоблаб ўлдирилган.

Марк инжилининг ёзилиши ҳақида икки хил фикр бор. Биринчиси, ҳаворийлар бошлиғи Пётр инжил ёзган ва Марк номига нисбат берган. Иккинчиси, насроний олимларидан бири Эриюнуснинг айтишича: «Маркнинг ўзи Пётр ва Павелнинг вафотидан сўнг инжил ёзган».

Аммо насронийларнинг иттифоқ қилишларича Марк инжили аслида юнон тилида ёзилган. Лекин бу тилда ёзилган қадимий инжил 8-бобгача мавжуд. 9-бобдан 20-бобгача эса сақланмаган.

Лука Инжили. Лука (Луқо) лотинча исм бўлиб, Луқонус ёки Лукюс сўзининг қисқартмасидир. Мазкур инжил Исо алайҳиссаломнинг динларига эргашган Лука исмли кишига нисбат берилади. Унинг ўзи ҳаворий бўлмаган, бироқ ҳаворий Павелнинг шогирди ва сафарларда рафиқи бўлган. У инжилини Товфил исмли кишига атаб ёзган. Бу ҳақда Лука инжилининг биринчи боб, биринчи бандида Луканинг ўз тили билан айтган сўзлари бор. Насроний тарихчиларининг айтишларига қараганда Лука антокиялик табиб бўлган. Лекин доктор Бўстнинг фикрича, учинчи инжил соҳиби Лука римлик бўлган ва Италияда яшаган. Луканинг туғилган жойида, миллатида ихтилоф бўлганидек, унинг касбида ҳам ихтилофлар бор. Баъзилар уни табиб эди, десалар, баъзилар рассом эди, дейдилар. Аммо франциялик шифокор Морис Букай, Лукани аввал адиб ва бутпараст бўлгани, кейин Исо алайҳиссаломнинг динларига имон келтирганини айтади. Лука инжили баъзиларнинг фикрича, юнонларга атаб ёзилган. Баъзилар айтадилар: «Лука ўз инжилини мисрликларга атаб ёзган, чунки Товфил мисрлик эди, юнонлик эмас эди. Лекин инжилнинг тили юнонча эканлигига тарихчилар иттифоқ қилганлар. Лука Юнонистоннинг Беота шаҳрида 84 ёшида шаҳид бўлган.

Юҳанно Инжили. Юҳанно 12 ҳаворийнинг энг улуғларидан бўлиб, Масиҳга биринчилардан имон келтирган Забадийнинг ўғли эди. Насаб жиҳатидан Исо алайҳиссаломга холавачча, яъни Юҳаннонинг онаси Салумия Марямнинг синглисидир. Исо алайҳиссалом Юҳаннони жуда яхши кўрганлари учун, уни «севикли ҳаворий» ёки «севикли шогирд» деб атардилар. Юҳаннога эътимодли тўрт инжилнинг энг охиргиси, касуликияликларга ёзилган учта мактуби ва Юҳаннонинг туши (Ваҳий) нисбат берилади. Оддий христианлар тўртинчи инжилнинг котиби Юҳанно эканлигига шубҳа қилмайдилар.

Аммо масиҳий тадқиқотчиларнинг аксарияти тўртинчи инжилнинг ўзига хос жиҳатлари мавжуд эканлигини қайд этадилар. «Библия қомуси»да бу ҳақда шундай дейилади: «Аввалги уч Инжил орасида катта ўхшашлик мавжуд бўлиб, Юҳанно номидан келтирилган Хушхабар эса ҳам мазмунига, ҳам умумий талқин руҳига кўра улардан кескин фарқ қилиб туради».

Қатор тадқиқотчилар умуман бу матнни ҳаворий Юҳанно ёзганлигига шубҳа билдириб, уни иккинчи аср бошларида Юҳанно исмли бошқа киши ёзган, дейдилар. Бунга далил қилиб, айни юқоридаги далилни, яъни Юҳанно инжилининг жуда кўп жойлари бошқа уч инжилга мухолафатда эканлигини кўрсатадилар.

«Тўртинчи Инжил ҳаворий Юҳанно томонидан ёзилган эмас. Ушбу асар унинг баъзи шогирдлари томонидан 100-йиллар атрофида ёзилиб, унга нисбат берилган. Бу асардаги Исо номидан келтирилган ваъзлар деярли тамомила тўқиб чиқарилган, лекин воқеъалар баёнида қисман ҳаворий Юҳаннодан етиб келган қимматли ривоятлар бор».

Доктор Юсуф ад-Дабусий «Туҳфатул жийл» китобида шундай деган: «Юҳанно ўз инжилини умрининг охирида осиёлик христиан олимларнинг илтимоси билан ёзган. Ўша пайтларда Исонинг илоҳийлигини инкор этувчи қавм бор эди. Олимлар Юҳаннодан Матто, Марк ва Лука ёзмай қолдириб кетган жойларини алоҳида эслатишни талаб қилдилар».

Мана шундан кўриниб турибдики, Юҳаннонинг инжили христианлаштиришга хизмат қилсин, деб атайлаб ёзилган. Бу инжил ҳам юнон тилида ёзилган. Юҳанно яҳудий миллатидан бўлиб, овчилик билан шуғулланган. Даъват ишларини Туркия ғарбидаги Эфес шаҳрида олиб борган, I аср охирларида узоқ яшагандан сўнг вафот этган. Ушбу тўрт китобни «Тўрт Инжил» деб номланади. Инжил лафзи мазкур тўрт китобга хосдир. Аммо гоҳида «Янги аҳд» ва «Қадимий аҳд»нинг Ибтидо, Забур китоблари ва баъзи ҳаворийларнинг ёзган мактубларига ҳам мажозан «инжил» деб ном берилади.

Мазкур китобларнинг бирортаси Исо алайҳиссаломга нозил қилинган Инжил эмас. Балки улар Исо алайҳиссалом кўтарилишларидан сўнг ёзилган бўлиб, асосан Исо алайҳиссаломнинг тарихлари, мўъжизалари ва баъзи сўзларини, шунингдек, мавъизаларини ўз ичига олади. Оз бўлсада никоҳ, талоқ каби масалаларга тегишли ҳукмлар учраб туради. Инжилларда инсонларни ихлос-эътиқодга, яхши хулқлар ва фазилатли амалларга тарғиб қилувчи сўзлар кўп учрайди. Бироқ бу китоблар жамият хаётини тартибга солувчи мукаммал диний низом бўла олмайди. Негаки бу китоблар аслида Исо алайҳиссаломнинг фаолиятларини баен қилишга қаратилган, қўли билан ижод этилган адабий асарлар намунасидир.

Барча пайғамбарларга берилганидек, худди шундай мўъжизаларни Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломга ҳам ато этди. Исо алайҳиссаломга берилган биринчи мўъжиза — ҳали кўкрак эмиб ётган чақалоқлик пайтларидаёқ бийрон тил билан сўзлаб, ўзларининг қандай инсон эканликларини айтиш билан бирга оналари Марямнинг покдомон эканлигини исбот қилиш учун гувоҳлик беришлари эди.

Иккинчи мўъжиза, аввалги пайғамбарларга туширилган муқаддас китобларни тан олган ва тасдиқ қилган ҳолда, уларда зикр этилган аҳкомларнинг баъзиларини ўзгартириш, баъзи ман этилган нарсаларга рухсат бериш ёки рухсат берилган нарсаларни ман этиш учун юборилган дастур-Инжил китобининг соҳиби бўлишлари эди.

Учинчи мўъжиза, Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломга шундай имконият ва қудрат бердики, мутлақо давосиз ҳисобланган шабкўр, туғма кўр, пес касаллари у Зотнинг бир назарлари ёки бир қўл билан силашлари натижасида тузалиб кетарди.

Тўртинчи мўъжиза, жонсиз нарсалар бир пуфлашлари билан жонлига айланар, қадимий ўликлар у кишининг буйруқлари билан тирилиб, қабрдан бош кўтарар эдилар.

Буларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг Исо пайғамбарга берган қувватловчи мўъжизалари эди. Аллоҳ бу ҳақда шундай дейди:

«Эсланг, Аллоҳ: «Эй, Исо ибн Марям! Сенга ва онангга берган неъматимни ёдингга ол, қайсики,Сени Руҳул-Қудус (Жаброил) билан қувватладим, одамларга бешикда ва вояга етганингда гапирдинг. Сенга ёзувни, ҳикматни, Таврот ва Инжилни таълим бердим. Менинг изним билан лойдан қуш шаклини ясадинг. Сўнгра унга дам урганингда у Менинг изним билан (чинакам тирик) қушга айланди. Менинг изним билан кўр ва песни тузатдинг. Менинг изним билан ўликларни (қабрлардан тирик ҳолда) чиқардинг. Шунингдек, Исроил авлодига хужжатларни келтирганингда, сени улар (ғазаби)дан асраганимни эсла. Уларнинг кофирлари: «Бу аниқ сеҳрдан бошқа нарса эмас», деган эдилар». (Моида, 110)

Исо алайҳиссаломга тазйиқ кучайгандан кейин, Бани Исроилга хитоб қилиб, душманлар орасидан ўзларига эргашадиган, имонлари мустаҳкам, Аллоҳ йўлида сувдан ҳам, ўтдан ҳам қўрқмайдиган, ҳидоят йўлини топган кишиларни ажратиб олмоқчи бўлдилар. Шу ерда Бани Исроил яҳудийлари орасида иккига бўлиниш бўлди. Уларга хитоб қилганларида бир гуруҳлари Исо алайҳиссаломнинг таклифларини қабул қилдилар. Чунки Аллоҳ таоло уларнинг қалбига илҳом солиб, ҳақ йўл, нажот йўли — Исонинг айтганларига бўйсуниш эканлигини билдирган эди. Шу сабабли улар Исо алайҳиссалом билан бирга юборилган нурга — муқаддас Инжилга имон келтириб, Исонинг содиқ ёрдамчилари, дўстлари ва мусулмон умматларига айланган эдилар.

Ҳаворийлар орасидан ҳам 12 кишини Исо алайҳиссалом танлаб олдиларки, улар Исо алайҳиссаломнинг доимий шогирдлари ва ҳамроҳлари, Исо алайҳиссаломнинг номларидан даъватга борадиган элчилари эдилар. Улар: Фома, Юҳанно, Яъқуб Забадий, Павел, Таддей, Яъқуб Алфей, Матто, Яҳудо, Андрей, Симон, Варфоломей ва Филипп, деб номланадилар. Нима учундир улуғ ҳаворий Барнабонинг номи булар орасида эсланмаган. Христианлар ҳаворийларнинг ўзлари ҳам пайғамбар, яъни Аллоҳнинг расули бўлишган, деб даъво қиладилар. Уларни Мусо алайҳиссалом ва бошқа кўпгина пайғамбарлардан улуғроқ ҳисоблайдилар.

Мусулмонлар эътиқодича, ҳаворийлар Аллоҳ таолонинг эмас, Исо алайҳиссаломнинг элчилари бўлишган, чунки уларга Аллоҳ томонидан ваҳий келмаган эди. Уларнинг «ҳаворийлар» деб аталиши ҳақида турли фикрлар бор.

Баъзилар дейдилар: «Улар оқ либос кийиб юрардилар, шунинг учун ҳаворий дейилган». Бошқалари — улар кир ювувчи бўлганлари учун,— десалар, яна бирлари: Улар овчи эдилар» деганлар. Энг тўғриси эса луғатда айтилишича «ҳаворий» сўзи — насиҳат қилувчи ва ёрдам берувчи» маъносидадир.

Яҳудийлар Исо алайҳиссаломни ўлдирмоқчи бўлдилар. Аллоҳ таоло улардан қутқариб, Исо алайҳиссаломни осмонга кўтарди. Изларидан келганлар Исо алайҳиссаломни тутиб бермоқчи бўлган Шамъун Юдо деган кишини Исо деб ўйлаб, уни хочга осдилар. Аллоҳ таоло Қуръонда шундай дейди:

«Аҳдни бузганлари, Аллоҳнинг оятларини инкор этганлари, пайғамбарларни ноҳақ ўлдирганлари ва «Дилларимиз берк» деганлари сабабли (уларни жазоладик). Йўқ! Балки, куфрлари туфайли Аллоҳ уларнинг дилларини муҳрлаб қўйгандир. Шунинг учун озчиликдан ташқарилари имон келтирмайдилар. Яна куфрлари ва (Марям) шаънига айтган улкан бўҳтон гаплари сабабли, шунингдек, Аллоҳнинг пайғамбари Исо Масиҳ ибн Марямни биз ўлдирдик, деган гаплари туфайли (жазоладик). Ҳолбуки, уни ўлдирганлари ҳам, осганлари ҳам йўқ. Фақат (бошқа бир киши Исога) ўхшатиб қўйилди, холос. Албатта, унинг тўғрисида баҳслашганлар у ҳақда шубҳаланадилар. Уларда гумонга эргашишдан бошқа бирор (тўғри) маълумот йўқ. Аниқки, уни ўлдирмаганлар. Балки, уни Аллоҳ Ўз ҳузурига кўтарди. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгасидир». (Нисо, 155-158)

Исо алайҳиссаломнинг номлари билан боғлиқ бўлган қавмга ҳозирги кунда бир неча исмлар ишлатилади:

Масиҳий. Масиҳ сўзи араб тилида «силовчи» деган маънони билдиради. Исо алайҳиссалом силаш орқали турли касалликларни даволар ва ўликларни тирилтирар эдилар. Бу нарса у кишига берилган пайғамбарлик мўъжизаси эди. Шу сабабли ўзларини Масиҳ деб, у зотга эргашганларни эса масиҳийлар, деб аталади.

Исавий. Бу сўз Исога эргашган деганидир.

Ясуъий. Исо сўзи қадимги юнон тилидаги инжилларда Ясуъ шаклида келган, шунинг учун ясуъий сўзи ҳам Исога мансуб деган маънони билдиради.

Насроний. Масиҳийларнинг ривоятларига қараганда Исо алайҳиссалом Носира шаҳрида катта бўлганлар. Ҳаворийларнинг кўплари ҳам шу шаҳардан чиқишган. Шунинг учун уларни Насроний ёки Насоролар дейилади.

Христиан. Бу сўз Иисус Христос деган номдан келиб чиққан. Христоснинг маъноси эса Масиҳдир. Бу ерда санаб ўтилган беш қисмдан фақат биттаси насоро ва насроний тарзида Қуръони каримнинг бир неча жойида зикр этилган. Масалан:

«Имон келтирганларга нисбатан яқинроқ дўст — «Биз насронийлармиз» деганлар эканини (ҳам) кўрасиз».    (Моида, 82)

«Иброҳим яҳудий ҳам, насроний ҳам бўлмаган». (Оли Имрон, 67)

Аҳли китоб. Қуръоннинг кўплаб оятларида «Аҳли китоб» сўзи келтирилган бўлиб, бу сўздан баъзида яҳудийлар, баъзида масиҳийлар, баъзида эса ҳар иккови ҳам назарда тутилган. Яна баъзи оятларда «китоб юборилганлар» деб ҳам хитоб қилинган.

Насроний дини, унинг пайғамбари Исо алайҳиссалом ва муқаддас китоблари Инжил ҳақида янада батафсил маълумотни муаллифнинг «Қуръони каримда Исо пайғамбар сиймоси» китобидан олиш мумкин.

Раҳматуллоҳ қори Обидовнинг

"Пайғамбарлар тарихи исломият тариҳидир" китобидан