Ҳақиқий мусулмон Муслим ривоят қилган ҳадисда айтилганидек Аллоҳга, Китобига, Расулига, бутун мусулмон умматга холис бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Дин - насиҳатдир”. - Бизлар “кимга?” - деб сўрадик, У зот: “Аллоҳга, Китобига, Расулига, бутун мусулмон умматга”, - дедилар, Демак, биродарига ҳам холис бўлиши, уларни алдамаслиги табиийдир.
Мусулмоннинг холис бўлиши Ислом қоидаларининг асосийларидандирки, аввалги мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мана шунга байъат қилганлар. Буни Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг сўзлари тасдиқлайди: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга намозни барпо қилишга, закотни беришга ва ҳар бир мусулмон учун холис бўлишга байъат қилдим.
Юқоридаги ҳадисда билиб ўтганимиздек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам динни бир сўз билан тушунтирдилар “Дин - насиҳатдир”. Бу сўз насиҳат холислик диннинг асл маркази, унинг мустаҳкам асоси эканига далолатдир. Зеро, бусиз кишининг иймони соғлом, Исломи гўзал бўлмайди, бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзлари далилдир: “Инсон биродарига ўзи яхши кўрган нарсани яхши кўрмагунча комил мўмин бўлмайди” (Бухорий ва Муслим ривояти).
Инсон холис бўлмагунча биродарига ўзи яхши кўрган нарсани яхши кўра олмайди.
Инсон биродарига ўзи учун яхши кўрган нарсани яхши кўриш етиб бўлмайдиган қийин даража бўлиб кўринсада, бундай хулқ - ўзига яхши кўрганни биродарига яхши кўриш хулқи иймон шартларидан экани қалбида ўрнашган инсон учун қийин эмасдир. Дин - насиҳатдир. Балки у қалбига Ислом самимияти аралашган чинакам мусулмоннинг феъл-атворида табиий нарсадир. Қадим тарихимиз ва яқин ўтмишимиз чинакам мусулмонлар биродарларига ўзлари учун севган нарсани севганларига мисол бўладиган воқеаларга тўладир. Шу ўринда ёши улуғларимиз Шом шаҳрининг савдогорлари ҳақида қилган нақллари ёдимга келади. Атторчилик, бўёқчилик, тикувчилик расталари каби бир бозорда савдо қиладиган савдогарларнинг биридан харидор келиб нарса олса, иккинчи харидор келганда, агар кейингиси ҳали савдо қилмаган бўлса харидорга: “Бориб қўшнимдан сотиб олгин. Мен бир дона бўлса ҳам нарса сотдим. У ҳалибери ҳеч нарса сотмади”, дер эди.
Ё, Аллоҳ! Бундай биродарлик, бундай меҳр-оқибат соясида ҳаёт нақадар ёрқин! Уларда Ислом руҳи сузган, муомалаларида Ислом ахлоқи ҳукмронлик қилган пайтда нақадар бахтиёр бўладилар! Улар Дин - насиҳатдир ҳамда биродарига ўзи учун яхши кўрган нарсани яхши кўрмагунча мўмин бўлмайди, деб ўргатган мана шу диндан соя олган пайтдагина инсон етиши мумкин бўлган юксакликда яшайдилар. Мана шу муҳаббат ва холисликдан иборат юксаклик сабабли улуғ саҳоба Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: “Мўмин - биродарининг ойнасидир. Агар унда айбни кўрса уни ўнглаб қўяди”.
Абу Ҳурайра бу сўзларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларидан иқтибос олиб айтди: “Мўмин - биродарининг ойнасидир. Мўмин мўминнинг биродаридир, уни ҳалокатдан тийиб, ортидан муҳофаза қилиб туради”.
Ҳақиқий мусулмон мусулмон биродарига мана шундай улуғ муносабатда бўлиши табиийдир, бундан бошқа ўринда туришга ҳам қодир бўлмайди. Зеро, мана шундай нурли, олий уфқда яшаётган инсон худбинлик, ўз манфаатини ўйлашлик даражасига тушиб олмайди. Албатта гул хушбўй ҳидни таратади, хуш ер хуш ўсимликни ундириб чиқаради.
Муҳаммад Али Ҳошимийнинг
"Мусулмон ахлоқи" китобидан
Заҳириддин Мансур таржимаси