loader
Foto

Шайх Алоуддин Мансур (роҳимаҳуллоҳ): Рўза ибодати ҳақида

- Аввало, мунаввар рамазон ойи ҳақида айтиб ўтсак. Бу ой Оллоҳ таоло наздида энг улуғ ойдир.

"Рамазон ойида Қуръони карим нозил қилиниб, Осмондан Ерга туширилган. Бу Қуръон одамлар учун ҳидоят, йўлбошчи, маёқ, тўғри йўлни кўрсатувчи раҳбар бўлиб ҳамда мана шу ҳидоятни, ҳақ билан ботилни ажратишликни баёноти бўлиб нозил бўлган. Ҳақ таолонинг Ўзи бу ҳақда муқаддас Каломи орқали билдирган: "Сизлардан қайси бирингиз мана шу ойга гувоҳ бўлса, (ҳозир бўлса, шу ойнинг) рўзасини тутсин!" (Бақара сураси, 184-оят}.

Ҳақиқатан ҳам, осмоннинг Ер билан туташуви, инсоният ўз ҳаёти учун тўғридан-тўғри Оллоҳдан Кўрсатма олиши, демакки, бутун олам жаҳолат зулматларидан, нодонликдан, динсизлик иллатларидан иймон нурига чиқиши мана шу Қуръон билан, Оллоҳнинг кўрсатмаси билан бўлган экан, шундай улуғ Кўрсатма нозил бўлган ой, албатта, шарафли, улуғ ой бўлиши аниқдир. Чунки Худойи таоло бандалари учун берган, энг катта инъоми бўлган, Иймон ва Дин деган неъматнинг асоси бўлган Қуръон шу ойда нозил бўлган.

Ҳақиқатан, Қуръоннинг нозил бўлиши башариятнинг ҳайвонот даражасидан инсоният мақомига чиқишига кафолат бўладиган, то Қиёмат адашмай, Тўғри Йўлда кетадиган инсон бўлиши учун кафолат бўладиган Оллоҳнинг неъматидир.

Яна шу оятнинг тафсири ўлароқ, Расулуллоҳнинг бир муборак ҳадислари бор: "Рамазон келганида жаннат дарвозалари очилур". Жаннат дарвозалари чиндан ҳам рамазонда очилади, чунки рамазонда Қуръон нозил бўлди ва Қуръонга амал қилган, унга иймон келтирган одамлар учун жаннат ваъда қилинди. Демак, жаннатнинг дарвозаси аввало Қуръондир, Исломдир.

Мазкур ойнинг улуғлиги яна шундаки, бу ойда минг ойдан яхшироқ бир кеча бор. Бу Қадр кечасидир. Оллоҳ таоло Ўз Қуръонида бу кеча ҳақида алоҳида сура нозил қилган ва бу кечани Оллоҳ таоло рози бўладиган ҳолда

ибодатлар билан ўтказган кишилар учун бериладиган савоблар минг ойлик ибодат билан топилмайдиган савоблар экани ҳакида хабар берган. Қадр кечаси тўғрисида кейинроқ яна тўхталамиз.

Рамазон ойида рўза тутинглар, деди Оллоҳимиз: "Бас, сизлардан ким мана шу ойга гувоҳ бўлса, (ҳозир бўлса, шу ойнинг) рўзасини тутсин!” (Бақара сураси, 185-оят). Бу Яратганнинг амри, фармони эди. Мана шу фармонга асосан мўмин-мусулмонман, деган ҳар бир банда рўза тутиши фарздир. Чунки, Оллоҳ бизларга ўша Нури Илоҳийни - Қуръонни нозил қилган ойнинг шукронасига бу ойни рўза билан ўтказинг, деди.

- Рўза ўзи нима? Яъни, унинг асл моҳияти нимада? Бу ибодат инсонларга нимаучун фарз қилинди?

- Бу ҳакда Оллоҳ таоло Ўзининг Қуръонида мана бундай марҳамат қилади: "Эй мўминлар, сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди. Шояд тақводор бўлсаларингиз". (Бақара сураси, 184-оят).

Мана, рўзадан бўлган мақсад нима эканлиги шу улуғ оятда баён қилинди.

Биринчидан, Исломгача бўлган муваққат динларда ҳам рўза ибодати буюрилгани ва сўнгги мангу қоладиган Ислом динида ҳам рўза ибодати бор эканлиги бу оятдан маълум бўлди.

Иккинчидан, бир умр эмас, саноқли кунларгина, яъни ўн икки ойда бир ой рўза тутишимиз ҳам бу оятдан маълум бўлди.

Учинчидан, бу ойда сизларга рўзани фарз қилдик, токи тақводор бўлсангизлар, дейди Оллоҳ таоло.

Демак, рўзадан мурод - бизнинг тақволи бўлишимиз экан. Оллоҳдан қўрқишимиз, Унинг ҳар бир буйруғига итоат қилишга ўрганишимиз - мана шу мақсадлар учун Оллоҳ бизга рўза ибодатини фарз қилган. Яъни, рўза биз мусулмонлар учун бир синов, имтиҳондир. Исломдаги барча рукнлар - намоз, закот ва суҳбатимиз мавзуйи - рўза имтиҳонлардир. Шу имтиҳонлардан йиқилмай ўтган бандалар бу дунёда ҳам, Охиратда ҳам Оллоҳнинг ризолигига эришадиган бахтли кишилар бўлар эканлар.

Оллоҳ таоло инсоният учун бутун оламларни ва оламдаги бор неъматларни яратиб, шунинг шукронасига Мени эслаб тургин деб, кунда беш маҳал тоза, таҳоратли ҳолда Ўзига сажда қилишимизни буюрди. Бу бир имтиҳон эди. Ундан ҳамма ҳам ўта олмайди. Шу ибодатни адо этаётганларнинг ҳаммалари ҳам мазкур синовнинг қадрига етолмайди.

Закот ибодати ҳам бир имтиҳондир. Ҳар биримизнинг фикримизни, кучимизни, жисмимизни ишлатиб, пешона теримиз билан топган молу дунёимиздан бир қисмини Мен учун бергин, деб имтиҳон қилади Оллоҳ таоло. Чунки бу молу дунёни сенга Мен берганман, деб буюради.

Худди шунингдек, йилда бир ойгина Оллоҳ берган неъматлардан - ейиш-ичишдан, шаҳвоний хоҳишлардан ўз ихтиёримиз билан, Оллохдан савоб умид қилиб оч ва ташна юришимиз - рўза ойида кундузлари рўза тутишимиз ҳам бир илоҳий имтиҳондир. Мана бу имтиҳондан ўтиш бизларнинг Оллоҳ хузурида ваъда қилинган катта неъматларга етишимизга сабаб бўлади. Бу имтиҳон шу дунёнинг ўзида ҳам инсоний ҳаёт кечиришимизга сабаб бўлади. Рўзанинг бошқа ибодатлардан фарқли яна бир жиҳати бор. Оллоҳ таоло "Рўза мен учун", дейди. Бу ҳолат Рўзанинг нақадар улуғ ибодат эканлигига далолатдир. Бир ҳадиси муборакда Расулуллоҳ алайҳиссалом Оллоҳ таолонинг сўзларини етказганлар: "Ҳар бир яхшиликка 10 баробардан 700 баробаргача мукофот бераман". Демак, Оллоҳ йўлида холис ихлос билан, савоб умидида, иймон билан қилинган ҳар бир катта ёхуд кичик ишимиз эвазига Оллоҳимиз бизга 10 баробардан 700 баробаргача мукофот бераман, деб ваъда беради, лекин рўза ибодати ундай эмас, чунки рўза Мен учун бўладиган ибодатдир, унинг мукофотини қандай беришни ҳам Ўзим биламан, дейди Оллоҳ таоло. Бу Илоҳий фикрни шундай тушунишимиз мумкинки, рўза инсон адо этаётган ибодатлар орасида ёлғиз ибодат қилгувчи билан Оллоҳ ўртасидаги бир сирдир. Бошқа ибодатлар - намоз ўқиганингизда, закот берганингизда, ҳажга борганингизда гувоҳлар бўлиши мумкин, лекин рўза тутганингизни ўзингиз айтмагунингизча биров билмайди. Рўза ички ибодатдир. Шунингучун бу ибодатга риё аралашмайди. "Мен учун қилинади бу ибодат, шу сабабли рўзанинг мукофотини ўзим бераман, - дейди Оллоҳ таоло. Яъни 700 баробар ҳам камлик қилади. Бунинг миқдорини сизлар билмайсизлар, ёлғиз Ўзим биламан", дейди меҳрибон Оллоҳимиз.

Бирҳадиси муборакда Расулуллоҳ алайҳис-салом: "Рўза сабрнинг ярмидир”, дедилар. Бошқа бир ҳадисда: “Сабр иймоннинг ярмидир", дедилар. Демак, рўза - иймоннинг тўртдан бири экан. Мўъмин-мусулмон эканлигимизга, иймонли эканлигимизга тутган рўзамиз ҳам далолат бўлар экан.

Бас, "Сабр иймоннинг ярми" экан, иймонли киши учун сабр қилмоқлик энг асосий вазифалардан бири эканига шубҳа йўқ. Масалан, иймонли киши бутун динсизларнинг хуружларига, бу дунёдаги адолатсизликларнинг ҳаммасига Оллоҳ йўлида сабр қила олади. Иймонли киши ўзи севган Оллоҳнинг дийдорига етиш учун Қиёматгача сабр қилади. Зотан, Ҳақ таолонинг дийдорига муяссар бўлмоқ бу дунёда бериладиган неъмат эмас. Оллоҳ ваъда қилган жаннатга етиш учун ҳам сабр қиламиз. Демак, иймонимиз сабр билан биргадир. Бесабрлар ҳозирнинг ҳузурини ўйлайдилар ва шунга суянадилар. Мўъмин одам Охиратга ишонади ва Охиратдаги неъматларга, энг катта мукофот бўлган Оллоҳнинг дийдорига сабр билан етади. Шу сабрни бизга ўргатадиган ибодат рўзадир. Тирик жоннинг табиий эҳтиёжлари бўла туриб, Оллоҳ йўлида ейиш-ичишдан, шаҳвоний хоҳишдан, умуман, нафсоний ҳар қандай истаклардан кечгача тийилиб сабр қилмоғи иймоннинг бир белгиси экан.

- Рўза тонгдан шомгача оч юриш билангина белгиланадими ёки рўзадорнинг зиммасида бошқа масъулиятлар ҳам борми?

- Ибодатимиз комил бўлиши учун бу саволнинг ҳам жавобини билишимиз керак. Рўза ибодати инсонларни тарбиялаш воситаси эканлигини айтдик. Демак, бизларнинг фақат оч-ташна юришимизга Оллоҳ муҳтож эмас. Балки иймон билан, Худонинг буйруғи деб қабул қилиб савоб умидида шу ибодатни адо қилсаккина тутган рўзамиз қабул бўлади. Бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ алайҳиссалом: "Рўзадорман, деб рўза тутиб юрганлардан қанчалари борки,уларга тутган рўзаларидан очлик, ташналик қолади, холос”, дейдилар. Демак, рўза - фақат очлик ва ташналикда юриш дегани эмас. Ёки яна бир ҳадисларида: “Қайси бир одам рўза тутса-ю, аммо ёлғон сўздан, гуноҳ ишлардан тийилмаса, бу одамнинг ейиш-ичишни тарк қилишига Оллоҳ муҳтож эмас", деганлар. Яна бир ҳадисларида: “Рўза қалқондир, (яъни, рўза инсонни бу дунёда гуноҳлардан муҳофаза қиладиган ва Охиратда дўзах азобидан сақлайдиган қалқондир). Бас, рўзадор бехуда, хунук сўзлар сўзламасин ва жоҳиллик қилмасин, (яъни, бировларга озор берадиган сўзларни айтмасин). Агар бирон киши у билан урушадиган ёки ҳақорат қиладиган бўлса, (ўшанда ҳам сабр қилсин, фақатўшандай бадхулқ кишиларга) "Мен рўзадорман”, деб икки бор айтсин”.

Демак, рўзадор одам, гўё намозда тургандек, ўзининг ҳар бир ҳаракати, ҳар бир сўзи, инсонлар билан бўладиган муомалаларида ибодат устида эканлигини унутмаслиги лозим.

Рўза тутиб, кишиларга озор берса, ёлғон гапирса, бировларни ғийбат қилса ёки рўзадор ҳолида тижорат пайтида одам алдаса, бундай инсон рўза тутган ҳисобланмайди. Чунки рўза инсонни покликка етаклайдиган ибодат экан, ибодат устидаги одам нопок бўлса, бундай кишининг тутган рўзаси Оллоҳ хузурида қабул этилмайди. Бу ҳақда кўп хабарлар Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам томонларидан бизларга етиб келган.

Ўша хабарлардан бири мана бу: Икки рўзадор аёл кун ярмидан оққандаёқ ҳеч сабр қилолмасдан, яъни рўзани ифторгача тута олишларига кўзлари етмай, Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламга одам юбордилар. "Биз оғриб қолдик, жуда оғир ҳолатдамиз, рўзани очишга ижозат борми", деб илтимос қилишди. Уларнинг бундай аҳволга тушиб қолишларига ўзлари сабабчи эканликлари Пайғамбар алай-ҳиссаломга Оллоҳ таоло томонидан маълум бўлган эди.

Оллоҳнинг ваҳийси билан Расулуллоҳ алай-ҳиссалом бу икки аёлга бир косани юбордилар ва оғизларига олганларини қайтаришни буюрдилар. Иккала аёл қайт қилдилар. Шунда уларнинг оғизларидан қон ва гўшт парчалари чиқди. Пайғамбар алайҳиссалом шунда: "Мана сизларни нима касал қилган. Рўза тутиб, Оллоҳҳалол қилган нарсаларни ейишдан ўзингизни тийдингиз-у, лекин Оллоҳ ҳаром қилган нарса билан - бировларни ғийбат қилиш билан машғул бўлдингиз. Оғизларингиздан чиққан гўшт парчалари ва қон ўша сизлар ғийбат қилган кишининг гўшти ва қонидир, сизлар рўзадор эмассизлар” дедилар.

Демак, тутган рўзамиз қабул бўлиши учун зиммамизга ўзига яраша қатор шартлар юкланади.

Рўза оддий парҳез эмас. У касал одамнинг соғайиши ёхуд семиз одамнинг озиши учун тутилмайди. Бундай ниятлар билан тутилган рўза - рўза эмас, балки шунчаки бир муолажадир. Рўза Оллоҳ таолонинг розилиги учун тутилсагина ибодат ҳисобига ўтади.

Рўза ейиш-ичишдан ўзни тийиш, ёмон сўзларни айтмаслик, бировнинг дилини оғритмаслик билангина белгиланмайди. Балки рўзадорнинг кўзи ҳам ёмон нарсаларга тушмасин, Қуръон ўқисин, Оллоҳ ижозат берган нарсаларгагина қарасин, унинг қулоғи ҳам ҳаром нарсаларни эшитишдан сақлансин. Чунки Расулуллоҳ алайҳиссалом: "Ғийбат қилувчи билан ғийбат эшитувчининг гуноҳи баробардир” деганлар.

Рўзанинг яна бир ҳикмати бор. Бу ибодат кишининг бир йил давомида ишлаб келган ички аъзоларининг бир ой дам олишлари учун ҳам буюрилган. Биз бунга кўпинча эътибор бермаймиз. Демак, рўза тутаётган одам саҳарликда ҳамда, ифторда рўза тутгани баҳона одатдагидан кўра кўпроқ овқат ер экан, бу ҳам унинг рўзасига кароҳият етказади. Яъни, инсон Оллоҳ учун рўза тутар экан, рўза тутмаган кунлардаги каби, балки унданда озроқ таом еса, тўғри бўлади. Баъзилар орасида рўза пайтида дастурхонга қанча кўп нозу неъмат қўйилса, шунча савоб бўлади, деган бемаъни гaп юради. Бу, албатта, мутлақо нотўғри қарашдир.

"Расулуллоҳнинг тутадиган рўзалари олдида еган таомни кўрсангиз у киши мутлақо рўза тутмайди, дер эдингиз”, - дейдилар Оиша онамиз. - "Ифторда еган таомини кўрсангиз, яна у киши рўза тутмаганми, деб ўйлар эдингиз".

Мана шу ҳадисдан бизларга маълум бўладики, тушлик қилмайман деб, саҳарликда тушлик ҳисобига ейиш, ифторда ҳам тушлик ҳисобига ейиш - бу рўза тутиш эмас, балки бир ой давомида ўзини яхшилаб парвариш қилишдир.

Демак, ўзимизнинг турли хоҳиш-истакларимизни бир қадар камайтирган ҳолда саҳарлик ва ифторлик қилсак, рўзамизнинг Оллоҳ олдида қабул бўлишига сабаб бўлар экан.

Рўзадор билиб қўйиши лозим бўлган яна бир иш бор. Ифтор қилиб олгандан сўнг, мен рўза тутдим, деб хотиржам бўлмасдан, менинг гунохдарим ювилди деган даъволарга ўтмасдан, балки Оллоҳ ибодатимни қабул қилсин, деб кечаларни ҳам ибодат билан ўтказиш рўзадорга ярашадиган ишдир. Бу Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламнинг суннатларидандир. Шунинг учун ҳам рамазони шарифда таровеҳ намози суннат бўлиб қолган, яъни, одатда ўқиладиган хуфтон намозига яна 20 ракат қўшиб ўқилади. Демак, рамазон ойида имкон қадар кечаларни бедорлик билан ўтказишимиз рўзамизнинг хусни қабул бўлишига сабаб бўлади иншаоллоҳ.

- Кимлар рўза тутишдан озод қилинади?

- Қуръони каримда Оллоҳ таоло марҳамат қилади: "(Кексалик ёки заифлиги сабабли) рўза тутишга қийналадиган кишилар бир мискин-бечоранинг (бир кунлик) таоми миқдорида эваз тўлашлари лозим” (Бақара сураси, 184-оятдан). Яъни, рўза ибодати ҳамма учун эмас, балки уни тута оладиган кишиларгагина фарз қилинди. Рўза тутишга қодир бўлмаган синфлар ҳам борки, улардан рўза соқит бўлади. Мусулмонларнинг орасидаги кексалар ("шайхи фоний”лар дейилади араб-ларда), яъни, нафақа ёшидагиларнинг орасида рўза тутишга қийналадиган, оч юришга табиблар томонидан рухсат берилмайдиган, касалликлари бор бўлган кишилар агар шу рўза кунларида рўза тутишга қодир бўлмасалар, бир мискин-бечорага бир кунлик таомни ҳадя қилсинлар, шунда улар ҳам рўза тутганлик савобига эга бўладилар. Демак, бундан қари одамлар рўза тутиш ўрнига фидя берса бўлади, деган мазмун чиқади.

Шу ўринда бир нарсага эътибор беришимиз лозим. Бизларда узоқ йиллар "намозхон" деганда қариялар ва "масжид” деганда эса фақат нафақа ёшидаги кишилар йиғилиб намоз ўқийдиган бино тушунилган. Буларнинг ҳаммаси динимизнинг моҳиятидан бехабар кишиларнинг уқтиришлари ва балки динимиз душманларининг гапларидир. Аслида, балоғат ёшига етишимиз биланоқ дин зиммамизга вазифаларни юклайди. Кексайганимизда эса, ҳозиргина айтганимиздек, бу вазифалардан баъзилари зиммамиздан олиб қўйилиши ҳам мумкин. Демак, динимиздаги барча ибодатларни бизлар куч-қувватга тўлиқ ёшимизда адо этиб олишимиз лозим. Ёшлигимизда, яъни баъзи бир гуноҳ ишларни қилишга майл ҳам, имкониятимиз ҳам бор пайтда Худодан қўрққанимиз учун савобли йўлни танлашимиз ҳам ибодатдир. Қариб, гуноҳ қилишга қодир бўлмаган ҳолатдагина тавба-тазарру қилиш эмас, балки дунёга берилиб кетиш хавфи бўлган ёшлик йилларида, балоғат ёшида ҳам гунохдан юз ўгириб, Оллоҳ учун ибодат қилмоқлик ҳар бир мусулмоннинг вазифасидир.

Нафақа ёши 55-60 ёшдан белгиланади. Шу ёшга етмаганлар орасида рўза тутишга имкон бермайдиган хасталикка гирифтор бўлганлар (қўли ёки оёғи оғриганлар бундай касаллар сирасига кирмайди), яъни айни ички аъзолари, масалан, ошқозони оғриганлар, умуман овқат емаганлиги ёхуд сув ичмаганлиги туфайли ётиб қолиши эҳтимоли бўлганлар ҳам рўзадан озод қилинадилар. Лекин вақтинча озод қилинадилар, холос. Яъни, бундайлар агар рамазон ойида касал бўлиб қолиб рўза тутишга қодир бўлмасалар, соғайганларидан сўнг тутиб берадилар.

Шунингдек, мусофирлар ҳам рамазон рўзасини тутишдан озод қилинадилар. Яъни, рамазон ойида сафарга чиққан кишилар сафар чоғида рўза тутиш масъулиятидан озод бўладилар, лекин сафардан сўнг қазо бўлган рўзаларини тутиб берадилар.   

Дарҳақиқат, рамазони шарифда адо этиладиган рўза ибодати - биз мўмин-мусулмонларнинг катта бахтимиздир. Ички аъзоларимизнигина эмас, балки қалбимизни ҳам поклаб оладиган ойдир бу. Бу ойда рўза тутиш насиб қилган бахтли кишилар агар Оллоҳ уларнинг рўзаларини қабул қилса, Расулуллоҳ алайҳис-саломнинг ваъдалари билан бутун қилиб ўтган гуноҳларидан холи бўладилар.

Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: "Рўза тутгувчи учун икки шодлик бор. У оч, ташна ҳолда кун ўтказиб, қуёш ботгандан сўнг кайфияти чоғ бўлиб ифтор қилади, Оллоҳга шукроналар айтади. Бу биринчи шодликдир. Аммо иккинчи шодлик рўзадор Қиёмат Куни Парвардигорига рўбарў бўлгандаги шодлиқдир”.

Мана шу буюк шодликлар барчамизга насиб этсин.

Шайх Аллоуддин Мансур роҳимаҳуллоҳнинг

"Осмонингдан узилма, эй дил" китобидан