loader
Foto

Нур сураси, 19 ("Қуръони азим тафсири"дан)

Ушбу ояти карима жамиятда бузуқ муҳит яралишини истайдиган кимсалар учун - фоҳишалар ва фоҳишабозлар учун, турли йўллар билан одамлар орасида фаҳш-нопок ишларни ёйиб, бузуқликка кенг йўл очиб берадиган кимсалар учун ва ниҳоят, мунофиқ Абдуллоҳ ибн Убай ва унинг ҳам товоқлари каби, қавмдаги покиза инсонларни ёмонотлиқ қилиш мақсадида уларга бўҳтон ва туҳмат тошларини отадиган кимсалар учун ниҳоят даражада қаттиқ Илоҳий огоҳлантиришдир. Ҳақ таоло ундай кимсаларни дунёда жиноятларига яраша жазо бериш ва эл аро шарманда қилиш билан азоблаши, Охиратда бўлса, албатта дўзах азобига гирифтор қилиши ҳақида огохлантиради. Чунки мўминлар орасида бузуқ сўзларни (ҳозирги замонда бузуқ суратларни ҳам) тарқатадиганлар, бузуқликлар халқ орасида ёйилиши учун хизмат қиладиганлар, жумладан аёлларни авратларини очиб юришга мажбур қиладиганлар аслида жамиятда бузуқлик томир отишига хизмат қиладиган, тузуклар ҳам бузилишларига шароит ҳосил қилиб берадиган ашаддий жиноятчилардирларки, уларнинг дунё-ю Охиратда энг ашаддий азобга гирифтор қилинишлари албатта Илоҳий Адолатдир. Зотан, уларнинг қилган гуноҳлари нақадар улкан эканлигини ҳам, уларнинг қандай жазога лойиқ эканликларини ҳам “Оллоҳ билур, сизлар, (эй инсонлар), билмассиз”.

Шайх Алоуддин Мансур, роҳимаҳуллоҳ

Қуръони азим тафсири, Нур сурасидан