loader
Foto

Динга зўрлаб (киритиш) йўқдир...

Муқаддас Динимиз - Дини Ислом ҳужжат-далиллари бекаму кўст, оятлари очиқ-равшан Дин бўлгани учун, ақл ҳам, илм ҳам тан оладиган, инсон табиатига - яралишига ўта муносиб Ҳикмат Дини бўлгани учун, мусулмонни салоҳиятли инсон қилиб тарбиялайдиган ислоҳ Дини бўлгани учун, бир сўз билан айтганда, Ҳақ ва Тўғри Дин бўлгани учун бу Динга ўзгаларни зўрлаб - мажбурлаб киритишга мутлақо муҳтож эмасдир. Яъни, Ислом инсонларга муҳтож эмас, балки аксинча, инсонлар Исломга муҳтождирлар. Демак, Исломга зўрлаб киритиш йўқдир. Чунки Қуръони Азим ва Суннати Набавийя нима ҳақ, нима ноҳақ, нима яхши-ю нима ёмон, нима оқ-у нима қора, нима ҳалол-у нима ҳаром, нима савоб-у нима гуноҳ эканини очиқ равшан баён қилиб қўйди, яъни, Ҳақ Йўл залолатдан ажраб бўлди, бирон кимса учун ушбу Динга қарши асосли ҳужжат ёки уни қабул қилмаслик учун узр қолгани йўқ. Энди ким Исломни қабул қилмай, динсизлик йўлини танласа, у кимса Ҳақ Йўл қолиб, залолатни танлаган бўлади, яъни, дунёда ҳам, Охиратда ҳам бахтсизликни танлаган бўлади. “Айтинг:    "(Бу Қуръон)

Парвардигорингиз томонидан (келган) Ҳақиқатдир. Бас, хоҳлаган киши иймон келтирсин, хоҳлаган кимса кофир бўлсин". Аниқки, Биз золим — кофирлар учун алангалари (дўзахиларни) ўраб-чирмаб оладиган дўзахни тайёрлаб қўйгандирмиз. Агар улар (ташналик шиддатига чидамай) сув сўрасалар, уларга эритилган (доғланган) ёғ каби юзларни куйдиргувчи сув берилур. Нақадар ёмон ичимлик у, нақадар ёмон жой у! Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар эса, шак-шубҳасиз, Биз (улар каби) чиройли амаллар қилган кишнларнинг ажр-мукофотини зое қилмасмиз. Улар учун остларидан дарёлар оқиб турадиган абадий жаннатлар бор бўлиб, улар у жойда олтиндан бўлган билакузуклар билан безанурлар ва ипак-шойилардан бўлган, яшнаб турувчи либослар кийиб, сўриларда ястаниб ўтирурлар. Нақадар яхши мукофот у, нақадар гўзал жой у!” (Қаҳф сураси, 29-31 -оятлар), “Агар Парвардигорингиз хоҳласа эди, бутун Ер юзидаги барча кишилар иймон келтирган бўлур эдилар. Ахир Сиз одамларни мўмин бўлишга мажбур қилурмисиз? (Яъни, бундай қилиш дуруст эмасдир. Чунки киши ўз ихтиёри билан келтирган иймонгина ҳақиқий мақбул иймондир)”. (Юнус сураси, 99-оят), “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), эҳтимол Сиз (Макка мушриклари) мўмин бўлмаганлари учун ўзингизни ҳалок қилгувчидирсиз. (Ундоқ қилманг, чунки); Агар Биз (уларнинг мўмин бўлишларини) хоҳласак уларга осмондан оят-мўъжиза нозил килиб шу билан бўйинлари эгилиб қоларди. (Лекин Биз буни истамаймиз, зеро, иймон-ишонч ночор-ноиложликдан эмас, балки қалб қаноати билан ихтиёрий бўлиши лозимдир)”. (Шуаро сураси, з-4-оятлар). “Ким Менинг Эслатмамдан юз ўгирса, бас, албатта унинг учун танг — бахтсиз ҳаёт бўлур ва Биз уни Қиёмат Кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз". У: "Парвардигорим, нега мени кўр қилиб тирилтирдинг, ахир мен кўрар эдим-ку", деган эди, (Оллоҳ) айтди: "Шундай. Сенга Бизнинг оят-мўьжизаларимиз келганида уларни ("кўрмадинг") — унутдинг. Бугун сен ҳам ана шундай "унутилурсан". Ҳаддан ошган ва Парвардигорининг оятларига иймон келтирмаган кимсаларни мана шундай жазолармиз. Охират азоби шак-шубҳасиз, қаттиқроқ ва давомлироқдир”. (Тоҳа сураси. 124-127-оятлар).

Аммо ким шайтондан - унинг минг турли ботил йўлларидан юз ўгириб, Оллоҳ таолога иймон келтирса, яъни, ўз ихтиёри билан сидқидилдан Ислом Динини қабул қилса ва унинг кўрсатмаларига амал қилса, ана ўша инсон Тўғри Йўлни топиб - ҳеч қачон ажраб кетмайдиган мустаҳкам халқани, уии жаннатларга олиб чиқадиган, ҳеч қачон узилиб кетмайдиган арқонни ушлабди. Чунки Исломдан бошқа ҳамма йўллар чириган арқон каби узилиб - уланиб туради. Фақат Ислом Динигина Оллоҳ таолонинг ҳифзу-ҳимояси билан, кофирлар унга қанча тош отмасинлар, жароҳатлар етказмасинлар, жоҳиллар унга қанча бидъат - хурофотларни қўшишга ҳаракат қилмасинлар, то Қиёмат узилмайди-бузилмайди. Бунга тарих гувоҳ бўлиб турибди, иншооллоҳ, келажак ҳам гувоҳ бўлади.

Икки шайх - имом Бухорий ва имом Муслим раҳимаҳумаллоҳ ривоят қилган ҳадиси шарифда Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анху айтди: “Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам даври саодатларида бир туш кўрдим: Ям-яшил бир боғда турган эмишман. Боғнинг ўртасида ердан кўкка бўй чўзган узун темир устун бўлиб, унинг учида бир ҳалқа бор эмиш. Менга: “Ўша ҳалқага чиққин”, дейилди. Мен: “Қўлимдан келмайди”, дедим. Шунда олдимга бир хизматкор келиб, ортимдан кийимларимни кўтаришиб менга ёрдам қилди ва: “Чиқавергин”, деди. Мен кўтарилиб бориб, ҳалиги ҳалқага етдим. У менга: “Ушлагин”, деди. Шу пайт, ҳалқа қўлимда ҳолда уйғониб кетдим ва дарҳол Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бориб, кўрган тушимни айтиб берганимда у зот: “Сен кўрган боғ Ислом боғидир, устун Ислом устунидир, ҳалқа эса жуда мустаҳкам ҳалқадир. Сен то умрингнинг сўнггигача Исломда бўлурсан”, дедилар.

Демак, ким шайтоннинг йўлига кириб, чириган арқонларни ушлаб юрибди, ким Оллоҳ таолога иймон келтириб, ҳеч қачон узилмайдиган, ажраб кетмайдиган мустаҳкам ҳалқани тутиб турибди - барчасини Оллоҳ Эшитгувчи, Билгувчидир.



257. Оллоҳ мўминларнинг Дўстидир. Уларни зулматлардан нурга чиқаради. Кофирларнинг дўстлари эса шайтонлардир. Улар (кофирларни) ёруғлик-нурдан қоронғу-зулматларга чиқарадилар. Ана ўшалар дўзах эгаларидир ва улар ўша жойда мангу қолурлар.

“Оллох, мўминларнинг Дўстидир”. Ушбу муборак жумла аҳли иймонни кўкларга кўтаради. Ахир Оллоҳ таоло дўст бўлган инсондан ҳам бахтлироқ ким бор?! Ўша Буюк Дўст Ўз дўстларини - мўмин бандаларини динсизлик зулматларидан иймон нурига - ёруғликка чиқаради. Дарҳақиқат, куфр йўли қоронғи йўлдир. Бу йўлга кирган одам қаёққа кетаётганини ҳам, қаерда кетаётганини ҳам билмай, инсонийликдан ажраб, охир-оқибат дўзах чоҳига қулаши муқаррардир. Иймон йўли эса ёруғ - мунаввар йўл бўлиб, унинг белгилари аниқ. Бу Йўлнинг Раҳнамоси -мўминларнинг Буюк Дўсти бўлмиш Оллоҳ таолонинг Ўзидир. У мўмин бандаларига бу Йўлда қандай амаллар қилиш кераклигини, қаерда тўхтаб, қаерда юриш кераклигини кўрсатиб туради. Мана шу Илоҳий кўрсатмаларга амал қилган мўмин банда адашмай -қоқилмай, охир-оқибатда йўлнинг поёнига - жаннатларга етади.

Эътибор қилинса, ояти каримада нур бирлик шаклида, зулматлар эса кўплик шаклида келди. Бу албатта бежиз эмас. Чунки Ҳақ Йўл ягонадир, аммо куфр йўлларининг эса тури, шакли жуда кўп. “Албатта мана шу Менинг Тўғри Йўлимдир. Бас, Унга эргашинглар! (Бошқа) йўлларга эргашмангизки, улар сизларни Унинг Йўлидан узиб қўяр. Шояд тақво қилсангизлар, деб (Оллоҳ) сизларни мана шу нарсаларга буюрди”. (Анъом сураси, 153-оят).

“Кофирларнинг дустлари эса шайтонлардир. Улар (кофирларни) ёруғлик - нурдан қоронғулик зулматларга чиқарадилар. Ана ўшалар дўзах эгаларидир. Улар ўша жойда мангу қолурлар”. Яъни, ким куфр йўлини танлаган бўлса, унинг ҳам “дўстлари” бор бўлиб, улар шайтонлардир. Шайтонларни дўст деб билганларни энди улар ҳар кўйга соладилар. Аввало ўша адашганларнинг қалбларида йилт этган иймон шуъласини қолдирмай, қоп-қоронғу қилиб қўядилар. Сўнгра ҳаёт йўлларини зулматга чўмдириб, кўзларини боғлаб, гуноҳни савоб, қорани оқ, зулмни адолат қилиб кўрсатиб, зулматларнинг зулмати бўлган дўзахга олиб бориб ташлайдилар. Энди улар ҳеч қачон дўзахдан чиқа олмайдилар. Зотан, Чин Дўстдан юз ўгириб, очиқ душманни дўст деб билганларнинг жазоси шудир.

Шайх Алоуддин Мансур (роҳимаҳуллоҳ)

Қуръони азим тафсири, 1-жилд, Бақара сураси, 256-257