loader
Foto

Рўзанинг аҳкомлари

Рўза тутмасликни ёки тутган бўлса ҳам, очишни мубоҳ қилувчи амаллар

Савол: Рўза тутмасликни ёки тутган бўлса ҳам, очишни мубоҳ қилувчи амаллар қайсилар?

Жавоб: Улар тўққизтадир:

1. Беморлик. Ҳалок бўлиши; бирор аъзосига талафот етиши; янги касалликнинг пайдо бўлиши; мавжуд беморлиги зиёдалашиши хавфи бўлса. Юқоридаги ҳолатларнинг узр бўлиш шарти - мусулмон, ўз касбининг моҳир устаси бўлган адолатли шифокор томонидан тавсия қилинишидир. Ғайридин, соҳасининг устаси бўлмаган, ибодатларга бепарво шифокорларнинг тавсиялари қабул қилинмайди.

«Бемор ўз жонига ёки бирор аъзосига талафот етишидан хавф қилса, билижмоъ (уламоларнинг ижмоъсига кўра) рўзасини очаверади» («Фатавои Ҳиндия»).

2. Сафар қилиш. Мусофир киши рўза тутиш-тутмасликда ихтиёрлидир. Имкони бўлса, тутгани афзалдир. Рўза тутмаса жоизлигига шариат томонидан рухсат берилган. Рўза тутганидан сўнг сафарга чиқса, рўзасини очишга рухсат берилмайди. Очиб юборса, қазо лозим бўлиб, каффорот вожиб бўлмайди. Рўза тутганидан сўнг сафарни ният қилса-ю, ўз шаҳридан чиқиб кетишидан олдин еб-ичиб юборса, каффорот лозим бўлади.

3. Мажбурланиш. Мажбурлаш икки турда бўлади: 1. Ҳалок қилиш ёки бирор аъзосига талафот етказиш, қаттиқ уриш; 2. Бу даражага етиб бормаган мажбурлаш.

Агар саломат ва муқим бир кишини ўлимтик, қон, тўнғиз гўштини ейишга мажбур қилинса, мажбурлаш биринчи турга оид, яъни ўлдириб юбориш, бирор аъзосига талафот етказиш ёки қаттиқ уриш каби бўлса, унга юқоридаги нарсаларнинг истеъмоли ҳалол бўлади. Сабр қилиб, емасдан ўлиб кетса, гуноҳкор бўлади. Биринчи турга оид мажбурлаш билан куфр сўзини айтишга, ибодатларни бажармасликка зўрланса, қалби иймонга хотиржам бўлиб, куфр сўзнини тилга олса, ибодатларни бажармаса, кофир, гуноҳкор бўлмайди, лекин тилга олмаса, ибодатларни бажарса ва натижада вафот этса, савобга эга бўлади.

Касал, мусофирлар биринчи турга оид мажбурлаш билан рўза тутишга мажбурлансалар, рўзаларини очадилар, ҳатто рўзани очиш уларга вожиб ҳам бўлади. Агар рўзасини очишдан бош тортиб ўлиб кетсалар, гу-ноҳкор бўладилар.

«Агар ўлакса, қон, тўнғиз гўштини ейишга ёки хамр ичишга ортиқча қийнамай зўрласа, - қамаш, уриш, кишанлаш каби - уларни ейиш ва ичиш ҳалол бўлмайди. Агар қаттиқ зўрласа, - ўлдириш, бирор аъзосига талафот етказиш, қаттиқ уриш каби ҳалол бўлади. Бу холатда «Сабр қиламан, емайман», деса-ю, ўлиб кетса, гунохкор бўлади. Шунингдек, куфрга шу каби қаттиқ зўрланса, қалби иймонга ҳотиржам бўлса, куфр лафзини айтишга рухсат берилади. Айтмаса, сабр қилса, савоб олади. Рўза, намоз каби Аллоҳнинг ҳақларини бузиш ҳам шунингдекдир» («Раддул мухтор»),

4. Ҳомиладорлик.

5. Сут эмизиш. Ҳомиладор ёки эмизикли аёл ўзининг ёки боласининг жонига нуқсон ёки ҳалокат етиш хавфи бўлса, рўза тутмаслигига, тутган бўлса, очиб юборишига рухсат берилади. Бу нарсалар тажриба ёки гумоннинг ғолиб бўлиши ёки мусулмон, ўз ишининг устаси бўлган шифокор тавсияси билан билинади.

«Ҳомиладор ёки эмизикли аёл ўз жонига ёки болаларига хавф сезса, рўзани қазо қилади. Унга каффорот вожиб бўлмайди. «Хулоса»да ҳам шундай келтирилган» («Фатавои Ҳиндия»).

6. Очлик.

7. Чанқоқлик (бу ҳолатлар ҳалокат ёки беморликка олиб борса, рўзани очиш узр саналади);

8. Қарилик (эркагу аёл ёши улғайиб, рўза тутишга қудрати етмаса, бу ҳолат умрининг охиригача давом этса, рўза тутмасдан, бадалига фидя тўлашлари лозим бўлади). «Танвир»да: «Рўзадан ожиз қолган ёши улуғ киши рўза тутмаслиги жоиз бўлади ва фидя тўлай-ди», дейилган» («Фатавои Ҳиндия»).

Шунингдек, сурункали касалликка дучор бўлганлар ҳам.

«Соғайишдан умидини узган сурункали касалликка дучор бўлган бемор касаллиги сабабли ҳар кунлик рўзасининг эвазига фидя тўлаши вожиб бўлади» («Раддул мухтор»).

Агар юқоридаги тоифа кишилар ёзнинг узун кунларида тута олмай, қишнинг кисқа кунларида тутишга қудратлари етса, рўза тутишлари фарз бўлиб, фидя кифоя қилмайди.

9. Ҳарбий сафарбарлик.

Баъзилар беҳушлик ва жиннилик, нафл рўзаларда зиёфатни ҳам рўза тутмаслик учун узрлар сафига қўшганлар.

Савол: Рўза тутмасликка узрли кишилар узрлари тугаса нима қиладилар?

Жавоб: Узрлари сабабли неча кун рўза тута олмаган бўлсалар, ўша кунларнинг қазосини тутишлари вожиб бўлади.

Савол: Иш туфайли рўзани тарк қилса бўладими?

Жавоб: Иш туфайли рўзани тарк қилишга рухсат йўқ. Аммо рўзадорга иш чоғида рўзани очишга шаръий узр пайдо бўлса, рўзасини очади. Унинг зиммасига қазо лозим бўлади, каффорот эмас.

«Нафақага муҳтож бўлган касб эгаси иш билан шуғулланса, рўзани тутмасликни мубоҳ қилувчи зарар етишини билса ҳам, бемор бўлмай туриб рўзасини очиши харом саиалади» («Фатавои Ҳиндия»).

Лекин бошлиқларга Рамазонда қўл остидагиларга нисбатан ишни енгиллатиш зарурлиги айтилган.

Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Шаъбон ойининг охирги куни бизларга хутба қилиб шундай дедилар: «Ким Рамазон ойида қўл остидагиларга енгиллик яратиб берса, Аллоҳ уни мағфират қилиб, дўзахдан озод қилади».

Байҳақий «Шуъабул иймон»да ривоят қилгап.

Савол: Касали қайталаниб қолиш хавфи бўлса, рўза тутмаса бўладими?

Жавоб: Мусулмон, моҳир табиб маслаҳат берса, рўзасини кечиктириб, қазосини тутиши лозим бўлади.

«Агар касали зиёда бўлиши ёки чўзилиб кетиши хавфи бўлса, бизнинг наздимизда хам шундайдир (яъни рўзани очса бўлади). Шунда зиммасига қазо вожиб бўлади» («Фатавои Ҳиндия»).

Савол: Рўза тутмасликка бўлган рухсат барча турдаги касалликларга доирми?

Жавоб: Бу ҳукм барча турдаги касалликларга эмас, балки фақатгина рўза тутиш зарар қиладиган касалликларга оиддир.

«Рўза тутиш зарар қилмайдиган беморлик рўза тутмасликни мубоҳ қилмайди» («Шарҳи Мухтасар Таҳовий»),

Рўзани очмайдиган ва макрух, бўлмаган амаллар

Савол: Рўзани очмайдиган ва макруҳ бўлмаган амаллар қайсилар?

Жавоб:

1. Сурма қўйиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўзадор ҳолларида сурма қўяр эдилар;

2. Мўйлаб ва соқолларга ёғ суртиш;

3. Баданга, бошга ёғ суртиш;

4. Рўзадорнинг таҳоратдан ташқари пайтда оғиз-бурунларини чайиши, салқинлаш мақсадида ғусл қилиши, бошидан сув қуйиши, сувнинг ичига тушиб олиши, нам латтани баданига ёпиб олиши. Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳнинг наздида булар макруҳ эмас, фатво ҳам шунгадир. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам рўзадор ҳолларида чанқоқ босиш ва салқинлаш учун бошларидан сув қуяр эдилар. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо рўзадор ҳолида латтани намлаб, баданларига ўраб олар эдилар. Бу амалларни ибодатга кўмак бўлиши учун, фитрий бетоқатликни кетказиш мақсадида қилишда зарар йўқ.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ бу ишларни макруҳ санаганлар. Лекин макруҳлиги рўзани бузишга олиб борувчилиги эътиборидан эмас, балки ибодатни адо этишда сабрсизликни изҳор қилганлиги эътиборидандир.

Бир киши салқинлаш мақсадида сувга шўнғиса, рўзаси очилмаслигига учала имом ҳам иттифоқ қилганлар;

5. Рўзадор ҳолида, заволдан олдин бўлсин ёки кейин, мисвок ишлатиш макруҳ эмас. Имом Аҳмад, Имом Молик, Имом Шофеъий наздларида заволдан кейин мисвок ишлатиш макрухдир;

6. Рўзадорнинг мушк, атир каби хушбўйликларни ҳидлаши макруҳ эмас (исириқ ва бошқа нарсанинг тутунини ичига ютиш билан рўза очилади);

7. Заифлаштирмаса, қон олдириш;

8. Қасддан ейилмайдиган ва ундан сақланиш қийин бўлган нарсаларнинг ҳалқумдан ўтиши макруҳ эмас. Масалан: ҳавода учиб юрадиган майда ҳашаротлар, тутун, чанг:

9. Эркакларнинг пешобни тўхтатиш, даволаниш мақсадида жинсий аъзосига бирор нарса киргизиб олишлари (бу каби ишни аёллар қилсалар, рўзалари очилади);

10. Саҳарликдан кейин тишнинг ораларида қолган нарса нўхат микдоридан кичикроқ бўлиб, уни ютиб юборса, зарари йўқ. Лекин оғиздан ташқарига чиқариб, сўнг оғизга қайта солиб ютса, рўзаси очилади. Тишнинг орасидаги нарса нўхат миқдорича ёки ундан каттароқ бўлиб, уни ютиб юборса, рўзаси очилади;

11. Эсдан чиқариб, одатий ёки ғайриодатий ишларни бажариш. Масалан: еб-ичиш, яқинлик қилиш ёхуд клизма қилдириш, қулоғига дори томизиш каби (эсига тушиши билан бу амаллардан тўхташ лозим).

Қари, заифҳол рўзадор киши эсидан чиқиб овқатланаётган бўлса, у огохдантирилмайди. Агар ёш, қуввати бор одам бўлса, огоҳлантирилади. У эса огохлантирувни эшитгач, оғзидаги нарсаларни ютмаслиги, дарҳол чиқариб ташлаши лозим бўлади. Ютиб юборса, рўзаси очилади. Қазоси вожиб, каффороти хусусида эса уламолар бир неча қавллар айтганлар:

12. Эркагу аёл тушида булғаниши;

13. Субҳи содиқни жунуб ҳолда қарши олиш.

Рўзани очмайдиган, лекин макруҳ бўлган амаллар

Савол: Рўзани очмайдиган, лекин макруҳ бўлган амаллар қайсилар?

Жавоб:

1. Рўзадор тупугини оғзида тўплаб, сўнг ютиб юбориши;

2. Гапираётган, зикр қилаётган, ўқиётган чоғида лаблари ҳўл бўлса, сўнг ўша ҳўлликни ютса;

3. Оғзидан оқаётган сўлакни қайтадан ютиб юборса;

4. Оғизни чайгандан сўнг қолган намликни тупуги билан бирга ютиб юборса;

5. Шамоллаш туфайли оққан балғам оғиз ёки бурундан ташқарига чиқса, сўнг нафас олиб, уни ичкарига тортса (ичкарига ютгандан кўра ташқарига чиқариб юборган афзал);

6. Узрсиз бирор нарсани татиб кўриш (ютиб юборса, рўзаси очилади);

7. Узрсиз чайнаш (ютиб юборса, рўзаси очилади);

8. Оғиз-бурунни чайишда ва истинжо қилишда муболаға қилиш;

9. Рўзадор сувнинг ичида турган ҳолда ел чиқариши;

10. Маний тўкилиб кетиш хавфи бўлса, қучоқлашиш, ўпиш ва ушлаш каби шаҳватни қўзғатадиган ишлар;

11. Кийимсиз ҳолда баданларни бир-бирига теккизиш;

12. Лабдан тишлаш, сўриш, ўпиш;

13. Заифлашишга олиб борадиган қон олдириш;

14. Ғийбат ва шу каби ишларни қилиш;

15. Аёлга қараб, хаёл суриб, маний тўкилса, рўза очилмайди, лекин макруҳ.

Савол: Рўзадор ўзининг аёлини қучоклаб, ўпса ва жинсий аъзосидан бирор нарса чиқса, рўзаси бузиладими?

Жавоб: Бу каби ҳолатларда жинсий аъзодан чиққан сув мазий дейилади ва бу билан рўза очилмайди. Агар шаҳват билан маний отилиб чиқса, рўза очилади.

«Рўза очилиб кетишидан қўрқиб туриб ўпиш, ушлаш, қучоқлаш, кийимсиз ҳолда бир-бирларига баданларини теккизиш макруҳдир. Агар қўрқмаса, макруҳ эмас» («Раддул мухтор»).

Пошшохон Эшонхон қизининг

«Аёл – мўътабар зот» Аёлларга оид энг зарур фиқҳий масалалар китобидан