loader
Foto

Ҳаким Ат-Термизий

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али Ҳаким ат-Термизий машойихларнинг киборларидан, олам шайхи, ҳиммат ва саховат соҳиби, илми Раббоний эди.

Ҳаким ат-Термизий тахминан 138/755 йилда Термизда таваллуд топган. Ўзи ёзган таржимаи ҳолига кўра, саккиз ёшидан диний илмларни ўрганишни бошлаган. Алломанинг «Бадувв уш-шаън» асари унинг ҳаёт йўли ва фаолияти ҳақида аниқ маълумот беради: «саккиз ёшда бўлганимда барчанинг шафқатли ва мехрибони бўлмиш Аллоҳ таоло ўз иноятини мендан дариғ тутмади. Шайх менга илм сирларини ўргатиб, тинмай илм олишни тарғиб қилди. Иш шу даражага етиб бордики, бутун вужудим билан сабоқ олишга интилдим. Гўдаклик чоғимданоқ ўйин ўрнини китоб мутолаа қилиш машғулоти эгаллади. Шу тариқа ёшликдан ҳадис илмини ўрганишни бошлаган эдим. Иигирма етти ёшда бўлганимда ирфоиий илмларни чунон ўргандимки, қалбимда Аллоҳ таоло уйи - Маккани зиёрат қилиш ишқи уйғонди. Сафарга чиқиш имкони туғилганиданоқ, йўлга отландим. Ирокда муҳаддис сифатида танилдим. Сўнг Басрага, Басрадан ражаб ойида Макка сари йўл олдим. Шаъбон ойининг охирларида Маккатуллоҳга етиб келдим ва Худонинг амри бйлан ҳаж ойигача ўша ерда бўлдим. Ҳаж зиёратини бажо этиб, Ватанга қайтдим».

Ҳаким ат-Термизий ҳадис илмини Абу Муҳаммад Сиддиқ Солиҳ ибн Муҳаммад ибн Наср ат-Термизий, Солиҳ ибн Абдуллоҳ ат-Термизийдан ўрганган. Али ибн ал-Ҳасан ат-Термизий, Суфиён ибн Воқиъ, Умар ибн Шақиқ ал-Балхий, Аҳмад Ҳузравия, Яҳё Маъоз, Яқуб ибн Шайба каби машҳур мутасаввифлардан дарс олган. Ҳаким ат-Термизий Нишопур, Бағдод, Миср, Макка ва Мадинада, Шомда бўлиб, замонасидаги барча илмий ва адабий жараёнларда иштирок этган. Абу Туроб Нахшабий, Ах,мад Хузравия ва Ибн Жалло билан ҳамсуҳбат бўлган.

Ҳаким ат-Термизий Абу Муҳаммад Мансур Козий, Абу Мансур Али Ҳиравий, Абу Али Ҳасан Журжоний, Абу Бакр Варроқ, Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Исо, Муҳаммад ибн Жаъ-фаржаби ўнлаб буюк машойихнинг устозидир.

Ҳаким ат-Термизий ҳикмат ва фаросат бобида қилни қирқ ёргани учун уни «Ҳаким ул-авлиё» деб улуғлашган.

Ҳаким Термизий яшаган даврда валийлик ва валоят масаласи долзарблик касб этиб, тасаввуфда марказий ўринни эгаллаган. Бу таълимот бутун Хуросон, айниқса, Термиз ва Балхда кенг тарқалган(Караматов Х.С. Аскетические и суфийские течения в Хорасане. - Т.: «Фан», 1991.С. 27 .) ҳамда кўплаб тасаввуф назариётчиларининг эътиборини тортган. Баъзи уламолар Ҳаким Термизийни «валийликни набийликдан афзал кўрди» деб айбланган. Айниқса, «хотам ул-анбиё» бўлганидек, «хотам ул-авлиё» ҳам бор, деган фикр шариат аҳлига ёқмаган.

Ҳаким Термизий «Аллохдинг валийлари ернинг таянчидир»(Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али Ҳаким ат-Термизий. Манозил ул-ибод мин ал-ибода. — Т.: «Мовароуннаҳр», 2003. 19-бет.) дейди. Унинг «Хатм ул-авлиё» асари валоят ва авлиёлик масалаларига бағишланган илк мукаммал асар бўлиб, тасаввуф тарихида биринчи марта авлиёлик даражалари, «хатм ул-анбиё» ва «хатм ул-авлиё» масалалар тахлил этилган. Валоятнинг ўн хусусияти, авлиёлик аломатлари, ваҳий, илҳом, каромат, фаросат, қурб каби масалалар Қуръон ва ҳадисдан келтирилган далиллар асосида ёритилган.

Ҳаким ат-Термизий баъзи мухолифларнинг иғвою туҳматларига қарамай, муттасил ижод билан шуғулланган. Ҳаким Термизийдан «Наводир ул-усул фи маърифат ах-бор Расул», «Китоб ҳақиқат ул-одамия», «Адаб ун-нафс», «Китоб ус-салот ва мақосидуҳо», «Китоб ул-ҳажж ва асрориҳи», «Китоб ул-иҳтиётот», «Китоб ул-жума ал-лозим маърифатиҳо», «Китоб ул-фуруқ ва манъ ут-тародуф», «Ки-тоб урс ул-муваҳаддийн», «Китоб ул-аъзо ван нафс ва йу-саммо казолика ғавр ул-умур», «Китоб манозил ул-ибод мин ал-ибода», «Китоб ул-ақл вал-ҳаво», «Китоб ул-амсол мин ал-китоб вас суннат», «Китоб ул-маноҳий», «Хатм ул-авлиё» каби каби элликдан зиёд асар мерос қолган.

Ҳаким ат-Термизий 256/869 йилда вафот этган. Унинг мақбараси Термиз қалъсининг ёнида, дарё соҳилида жойлашган. Қабр устига Шоҳрух Мирзо даврида мармар қабртош ўрнатилган.



Ривоятга кўра, Ҳаким икки дўсти билан ўқиш мақсадида сафарга отланган маҳалда, онаси шундай деди:

- Эй фарзанди аржумандим, мен бир кимсасиз, нотавон ва заифман. Суянчиғим ўзингсан, мени кимга ташлаб кетмоқчисан?

Онанинг бу сўзларидан ўғлининг қалбига титроқ тушиб, сафарни тарк этади. Кунларнинг бирида Ҳаким қабристонда ўтириб зор-зор йиғлайди:

- Мен бу ерда зое қолдим. Эрта-индин дўстларим олим бўлиб қайтишади.

Бир нуроний келиб, унинг йиғиси боисини сўради. Ҳаким бошидан кечирганларини баён этди.

Нуроний деди:

- Агар хохдасанг, мен ҳар куни сенга сабоқ бераман ва тезда олимликда дўстларингдан ўзиб кетасан.

Шу тариқа нуроний Ҳакимга уч йил таълим берди. Бу зотнинг Хизр алайҳиссалом экани ҳақида ривоятлар бор.

Ҳаким Термизий дер экан:

- Мен бу давлатга онам ризолигини қозонганим туфайли эришдим.



Ийсор (бағишлаш, инъом қилиш) - бошқаларнинг насибасини ўзингникидан ортиқ кўришингдир.



Яқин қалбнинг Аллоҳ ва унинг амрлари билан қарор топишидир.



Шукр - қалбни саховатли неъмат соҳиби - Аллоҳга бағишлашдир.



Ҳақиқатга етишликда илм ва ақлдан бошқа яна бир учинчи, илоҳий нарса - валийлик ҳам бор.



Ҳаким ат-Термизийнинг аёлидин сўрадилар:

- Шайхнинг аччиғи келганини қандай биласиз?

Аёл деди:

- Биздан озор топган кунлари шайх дарҳол тавбага юзланади: «Илоҳо, мен тавба қилдим, сен буларни ҳам салохд а еткургил». Биз шайхни бу ҳолда кўргач, дарҳол тавба қилиб, узр айтамиз ва шайхни озурдаликдан халос этамиз.



Сўрадилар:

- Илмнинг асли нима?

Ҳаким ат-Термизий деди:

- Илмнинг асли «ибтидо»ни билиш, яъни «азал»ни ва «интиҳо»ни билиш ва «ахди мийсоқ»ни билиш ва «илми ҳуруф»ни билишдир. Ва «илми ҳуруф» ҳикмат илмидир. Олимлар илми ҳикмат илмидир. Бу илмлар авлиёларнинг улуғларига унинг мартабасига шайтоннинг макри ожиз бўлсагина зоҳир ва ошкора бўлади.



Ким ўз нафсининг ҳисобини олиб, Худойи таоло учун парҳезкорлик қилса, азиз ва улуғ бўлади.



Ҳар киши Худодан қўрқса, Худога қочсин ва Худодан паноҳ топсин.



Юз шайтоннинг инсонга қиладиган фасодидан нафснинг инсонга қиладиган фасоди ёмонрокдир.



Бир сурув қўй ичига кирган оч бўри билан бўладиган ғавғодан бир соатлик шайтоннинг инсонга қилган фасоди зиёдадир. Ва юз шайтоннинг одамзодга қиладиган фасодидан нафснинг одамзодга қиладиган фасоди ёмонроқдир.



Тавба манзили - Аллоҳни изловчилар ва унга талпинувчиларнинг энг аввалги манзилидир. Бу манзилга етишиш шарафига муяссар бўлган бандалар Аллоҳнинг буйруқларига сўзсиз итоат этгувчи, унинг ман этган нарсаларидан ҳеч иккиланмай тийилувчи бўлиб қолади. Бундай қалб соҳиблари эзгу амалларни беихтиёр бажарадиган, ёмон ишлардан сакданадиган бўлишади.



Ҳаким ат-Термизий дейди:

- Расули акрам (с.а.в.) айтадиларки, ҳар ким Қуръон ўқиса ва Аллоҳ амрини тутса пайғамбарлик нишони икки қошининг ўртасида кўринади.

Сўрадилар:

- Хоксорлик нима?

Ҳаким ат-Термизий деди:

- Шаҳват ўтини сўндириш ва таъзим нурларини кўнглига келтиришдир. Шундай бўлса, шаҳват ўти сўниб, кўнгил тирилган бўлади.



Одамларнинг азизроғи ўз нафсини хор қилган кишидир.



Ҳар ким ҳақиқат сирига етса, ҳаргиз гуноҳ аҳлини инкор қилмайди.



Аллоҳ даргоҳида мақбул бўладиган ёқимли ишлар кофирлар билан жангда қилич уриш, олимлар даргоҳида илм ўрганиш, очлик билан Каъба йўлида сафар қилиш, кўнгил ҳузури билан Аллоҳга муножат қилишдир.



Сўрадилар:

- Кўнгилнинг ниҳояти борми?

Ҳаким ат-Термизий деди:

-    Ҳар қачон кўнгилнинг истаги маълум бўлса, кўнгилда қарор топади. Аммо йўлнинг ниҳояти йўкдир.



Бир зоҳид бор эди. Ҳаким ат-Термизийга ранжу балолар унинг муораза (тортишув)лари сабабли эди. Зоҳиднинг бойлиги кўп, Ҳакимнинг бир капасидан бошқа бойлиги йўқ эди. Бир куни Ҳаким капага келса, ит ухлаб ётибди. Итга озор бермаслик учун Ҳаким аста-секин капани тебрата бошлади. Аммо итни кападан қувиб чиқаришга кўнгли бўлмади. Ит кападан чиқмади. Термизий бир қоянинг остида тонг орттирди. Шу кеча зоҳид тушида Пайғамбар (с.а.в.)ни кўрдики, у зот дедилар:

- Эй ғофил, сен шундай маърифат кишисига жафо қилганинг ҳолда, саксон марта капани тебратди. Ит чиқиб кетмагач, бир қоя остида қўним топди. Сен шунча мол-давлатинг билан абадий саодатга эришмоқчимисан? Бор, унинг хизматига камарбаста бўл ва ундан озорларинг учун узр сўра. Зоҳид уйғонди. Термизийнинг ҳузурига борди. Қолган умрини унинг хизматига бағишлади.



Сўрадилар:

- Дунёда адабдан яхши нарса йўқ дейсиз. Ўз адабингиз-дан бизга баён қилинг.

Ҳаким ат-Термизий деди:

- Шунча йилдан бери аҳли аёлим, оилам ва яқинларим олдида бурун қоқмадим.



Ҳар ким Худодан қўрқса, қўрқувдан холи бўлади.



Инсондаги иллатларнинг энг ёмони кибрдир.



Ҳақиқий жўмард шундайки, унинг қошида мусофир ҳам, муқим ҳам тенг бўлади.

Ҳамиджон Ҳомидийнинг

"Тасаввуф аломатлари" китобидан