loader
Foto

Диний илмларни ўрганиш

Диний кўрсатмаларни мукаммал ўзлаштириб, олим бўлиш барча мусулмонлар учун мажбурий эмас. Лекин, диний илмларни эҳтиёжини қондиришга етадиган даражада эгаллаш ҳар бир мусулмонга фарздир. Бунга намоз, рўза, закот ва ҳаж ибодатларининг зарур арконлари ҳамда кундалик ҳаётда учрайдиган олди-берди масалаларда ҳалол, ҳаром, жоиз ва ножиз ҳукмларни ўрганиш кабилар мисол бўлади.

Аллоҳ таоло қачон зарурий диний илмларни ўрганишни шарт қилиб белгилаган бўлса, ўша заҳоти бу амални қилганлик учун ҳам катта ажру савоб ваъдасини берган. Диннинг ҳар бир амали мустақил ибодатдир. Уларнинг фазилати Қуръон ва ҳадисда келган.

Қайс ибн Касирдан ривоят қилинади:

“Мадинадан бир киши Абу Дардо розияллоҳу анҳу ҳузурига келди. У Дамашкда эди. Шунда, у: “Эй, иним! Сени нима олиб келди?”, деди. “Ҳадис. Менга етиб келишича, уни сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилаётган экансан”, деб жавоб берди. У (Абу Дардо): “Бирор юмуш билан келмадингми?”, деди. “Йўқ”, деди. У: “Тижорат ниятида келмадингми?”, деди. “Йўқ”, деди. У: “Фақат шу ҳадисни излаб келибсанда”, деб: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни: “Ким илм талабида бир йўлни тутса, Аллоҳ таоло унга жаннат йўлини тутқазади ва фаришталар толиби илмдан хушнуд бўлиб, ўз қанотларини ёзадилар....”, деяётганини эшитганман”, деди”. (Имом Термизий ривояти)

Диний илмни ўрганиш мақсадида уйдан чиққан ҳар бир талаба мазкур ҳадис доирасига киради. Шунингдек, эҳтиёжига яраша диний илм ўрганиш мақсадида бирор жойга бориш, олим ёки муфтийдан масала сўрашга отланиш, диний илм ўрганиш ниятида имомнинг мавъизасида иштирок этиш каби ишлар учун ҳам, ин ша Аллоҳ, юқорида келган фазилатдан наасибадор бўлинади.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким илм талабида (уйдан) чиқса, то қайтгунича, Аллоҳ йўлида бўлади”. (Имом Термизий ривояти)

Диний илм ўрганиш мақсадида ташланган ҳар бир қадам учун, ин ша Аллоҳ, талаби илмнинг савоби бўлади. Дини ва нафсини тарбиялаш мақсадида китобларни мутолаа қилган киши ҳам мазкур ажру савобдан умид қилиши мумкин. Лекин, бунда ўқилаётган китоб ишончли ва мўтабар бўлиши, уни танлашда бирор олим билан маслаҳатлашиш, илм ўрганиш учун ҳар бир фурсатни ғанимат билиш лозим. Бу, ҳам диний маълумотни оширади, ҳам ҳаётни ислоҳ қилишга кўмак беради ва номаи аъмолдаги яхшиликлар захирасини кўпайтиради. Зеро, илм чексиз бир денгиздир. Инсон қанчалар олим бўлмасин, у доимо илмини зиёда қилишга интилади. Аслида ҳам шундай бўлиши керакда! Шу боис, ҳадисларда ким илмга ҳарис бўлса, унинг қорни илмга ҳаргиз тўймайди, деб келтирилади. Инсон юксалгани сари илм излаш истаги шунчалик ортади ва яхшилик ҳосил қилишнинг бу занжири ҳаргиз тўхтамайди.

Муҳаммад Тақий Усмонийнинг

"Енгил амаллар"китобидан