Ислом дини тарихида худоликка даъвогарлик қилган гуруҳлардан бири бу - Муқанниядир. Мазкур фирқанинг асосчиси Муқанна саналади. Муқанна - тарихий шахс бўлиб, у мураккаб тарихий даврда яшаган бўлиб, ўша даврнинг ўзига хос ўта мураккаблиги, инқирозларга мойиллиги, жамиятдаги адолатсизликнинг кучайиши, ички низолар ва турли уруш ҳамда қарама-қаршиликлар, хусусан халифаликка қарши курашнинг авж олиши Муқанна шахсияти ва фаолиятида ўз аксини топган. Афсуски, собиқ шўролар даврида Муқанна шахсини миллий озодлик ҳаракатини олиб бориб, халифаликка қарши курашган инсон сифатида талқин қилиш кучли бўлган. Шу боис, бугунги замондошларимизнинг Муқанна шахсиятига бўлган муносабати ва тарихий баҳоси ранг-баранг бўлиб, турли қарашлар ичида маълум фарқлар, тафовутлар мавжуддир.
Муқанна шахсияти, бир томондан, ислом дини ақидаларини бузиб кўрсатиш асосида ўзини илоҳий шахс сифатида тарғиб қилган бўлса, бошқа тарафдан, икки хил ақида ҳукмронлиги даврида, яъни мусулмонлар ва номусулмонлар қарама-қаршилиги даврида томонлар курашини ўзида акс эттирган шахс сифатида, учинчидан эса халифаликка қарши курашган оқим сифатида тарихда из қолдирган.
Биз эса мазкур ўринда Муқанна шахсиятига нисбатан ислом манбаларида мавжуд бўлган тарихий фактлар асосида, шунингдек, Муқаннанингўзи илгари сурган ғоялари, шу жумладан худоликни даъво қилиши нуқтаи назаридан холис баҳо берамиз. Мазкур ўринда ислом дини тарихи бўйича сақланиб қолган асарлар асосида тарихий ҳақиқатни баён қилиш усулидан фойдаланамиз.
Муқанна ислом эътиқоди тарихида ўзини аввал пайғамбар, кейинчалик, Худо ўрнида тарғиб қилган, Яратган номидан ислом ақидаларини ислоҳ қилишни даъво қилиб, турли нотўғри фатволар чиқариб, уларни янги дин номи билан ташвиқ қилишга уринган, кўпчилик фатволари боис кундалик ислом амалиётини бадном қилишга саъй-ҳаракат қилган инсон сифатида танилган.
Муқанна ўз ҳаёти ва фаолиятини ўзи яшаган давр ва жамиятни қайта қуришдан бошлайди. Муқаннанинг бош мақсади мавжуд ижтимоий бойликларни қайта тақсим этиш билан боғлиқ ҳолда амалга оширилади. Мана шу мақсадда одамларни ўз атрофида бирлаштириш учун Муқаннага бирор бир ғоя керак эди. Шу боис, Муқанна ислом эътиқоди ва унинг турли ақоидларидан ўз мақсадларида фойдалана бошлайди. Муқанна ўз шахсиятининг улуғлиги, тарихийлиги ва асослигини, муҳими унинг илоҳийлигини кўрсатиш учун пайғамбарлик, худолик ғояларидан устамонлик билан фойдаланиб, ислом арконлари ва асосларини яхши билмаган оми одамларни ўз ортидан эргаштира бошлайди. Жамиятдаги тенгсизлик, адолатсизликдан хориган одамлар Муқаннанинг янги жамият барпо қилиш ғояси ортидан эргаша бошлайди.
Муқаннанинг ислом дини арконлари ва ислом таълимотига қарши олиб борган фаолияти ва ғоялари ҳаммага яхши маълум.
Муқаннанинг ишлари ва таълимотини ҳеч бир замонда ислом дини, хусусан ортодоксал ислом динини кучайтирган ва ёки уни тарғиб қилишга йўналтирилган саъй-ҳаракат сифатида баҳолаб бўлмайди. Чунки ислом арконларига биноан инсон худоликни даъво қилишга мутлақо ҳақли эмас, пайғамбарлик масаласида охирги пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.) эканлиги борасида ижмоъ қилинган. Муқанна эса мавжуд ислом арконларига қарши чиқади ва уларни ислоҳ қилишга уринади. Муқанна шахси ва унинг фаолияти борасида тарихий манбаларда(Studies. Browne, LHP, 1,318-323; Barthold, Turkestan, 199-200; Gh. H. Sadighi, Les mouvements religieux iraniens aux II et III siecles de I’hegire, Paris 1938; S. Moscati, Studi storichi sul califatto di al-Mahdi, in Orientlia, N.S., xiv (1945), 333-344; A. Yu. Yakubovskiy, Vosstaniye Mukanni - Dvizeniye L’udey v. belikh odezdakh, in Sov. Vostok, v (1948), 35-54; B. Spuler, Iran in fruh-islamischer Zeit, Wiesbaden 1952, 198-199; H. Laoust, Les schisms dans L’lslam, Paris 1965, 74; B.Scarcia Amoretti, in Camb. hist. Iran, iv, 495-503; E.L. Daniel, The political and social history of Khurasan under Abbasid rule 747-820, Minneapolis and Chicago 1979, 137-147; Шаҳобиддин Аҳмад ибн Абдулваҳҳоб ан-Нувайрий. Ниҳоят ал-араб фи фунун ал-адаб. Нашрга тайёрловчи Муҳаммад Жобир Абдулолий ас-Суҳайний. 1404-1984. - Ж. 22. - Б. 109-111; Атиф Шукрий Абу Авд. Аз-зандақа ва аз-занадиқ. -Уммон. Дор ал-фикрУммон. 1938. - Б. 127; Тарихи Табарий. - Ж. 8. - Б. 135-138.) қуйидаги фикрларни тасдиқловчи тарихий фактлар билан бир қаторда кўплаб афсоналар ҳам сақланиб қолган. Тарихий манбаларда муқаннаия фирқаси ҳақида қуйидаги маълумотлар мавжуд.
Худоликни даъво қилган бу фирқа разомия йўлидан борган. Ақидаси - фақат ўз замонасининг имомини таниб олиш кифоя, шунда зиммасидаги омонатни адо этган бўлади. Кимки шу икки ишнинг уддасидан чиқса, улар зиммасидан барча вожиботлар соқит бўлади, яъни улар барча бошқа вожиб бўлган амаллардан озод саналади. Шунингдек, фирқа эргашувчиларига барча ҳаром саналган нарсаларни ҳалол деб фатво берилган. Шу асосда, намоз, рўза ва бошқа ибодатлардан озод қилинган.
Муқанна худолик даъво қилиб, ўзининг юз кўринишини оддий халқдан яшириш учун юзига ипакдан ниқоб тақиб юрган. Унинг асл исми Ҳошим ибн Ҳаким бўлиб, Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар Наршахийнинг ёзишича, у кўп ўқиган, ғоят зийрак бўлиб, кимёгарлик, сеҳр ва тилсим илмларини ўрганган. Араб, форс тилларини яхши билган. Бир кўзи кўр, боши кал ва башараси хунук бўлганлигидан боши ва юзига кўк парда тутиб юрган. Шунингучун ҳам «Муқанна», яъни «Ниқобдор» лақаби билан машҳур бўлган. Яъқубийнинг тасвирлашича, Муқанани Ҳошим ул-аъвар, яъни бир кўзли Ҳошим деб ҳам атаганлар.
Муқанна ёшлик чоғида кудунгарлик (матоларга оҳор берувчи) касби билан шуғулланган. Хуросон ноибларидан Абу Муслим даврида сарҳанглик (кичик лашкарбоши) ва Абдулжаббор Аздий даврида (140/757-142/759) эса вазирлик даражасига кўтарилган. Хуросон амири Абдулжабборнинг 142/759 йилда халифага қарши исёнида қатнашгани учун зиндонга ташланган. Бир неча йилдан сўнг зиндондан қочган.
Наршахий ўзининг «Бухоро тарихи» номли асарида Муқанна қўзғолонини тасвирлашда Иброҳим исмли муаллифнинг «Ахбори Муқанна» («Муқанна ҳақидаги хабарлар») асаридан фойдаланган.
Ўша даврда Бухорога Тағшода исмли аёл подшоҳлик қилган. Унинг ўғли Бунёд отаси ислом динини қабул қилганидан сўнг туғилган. Бир қанча вақт мусулмон бўлиб турди. Муқанна пайдо бўлиб оқ кийимлилар қўзғолони Бухоро қишлоқларига тарқалгач, Бунёд уларга мойил бўлиб ёрдам берди ва натижада оқ кийимлиларнинг қўллари узайиб, улар ғалаба қозондилар. Алоқа (хат-хабар) ишлари бошлиғи бу ҳақда халифага хабар юборди, халифа Махдий ибн Мансур эди. Маҳдий ибн Мансур Муқанна ва оқ кийимлилар ишларидан воқиф бўлганидан кейин муқанниячилар ҳаракатини бўйсундириш учун (Бухорога) отлиқ аскарлар юборди.
Бунёд Фарахший 166/783 йили қасрида мажлис (тузиб) шароб ичар ва дарчадан қараб ўтирар эди. У узоқдан шошилинч билан келаётган отлиқларни кўрди ва улар халифа томонидан эканликларини фаросат билан англаб, қарши чора кўришга киришар-киришмас отлиқлар етиб келдилар ва ҳеч бир сўз айтмасдан қиличларини қиндан суғуриб, унинг бошини кесдилар. Бунёд ибн Тағшоданинг ўлимидан сўнг барча одамлари қочиб кетди, (халифа юборган) отлиқлар ҳам қайтди.
«Ахбори Муқанна» (номли китоб)нинг муаллифи Иброҳим ва Муҳаммад ибн Жарир Табарийларнинг айтишларича, Муқанна Марв атрофи аҳолисидан, Коза деб аталган қишлоқдан бўлиб, номи Ҳошим ибн Ҳаким бўлган. У аввалига хунармандчилик билан шуғулланиб, сўнг илм ўрганишга машғул бўлади. У кўзбўямачилик, сеҳр ва тилсим илмларини ўрганди. Кўзбўямачиликни яхши билиб олиб, пайғамбарлик даъвосини ҳам қилди ва уни Маҳдий ибн Мансур 167/784 йилда ўлдирди.
Муқанна кўзбўямачиликни ўрганган ва ғоятда зийрак бўлиб қадимги (олимлар) илмларига оид кўп китобларни ўқиган ва жоду-гарликда устоз бўлган эди. Унинг отасининг исми Ҳаким бўлиб, у Абу Жаъфар Давонақий давридаги Хуросон амирининг Балхдан чиққан лашкарбошиларидан бири эди.
Ҳошим ибн Ҳакимни Муқанна дейишларига сабаб шу эдики, у жуда хунук, боши кал ва бир кўзи кўр бўлганидан ҳамиша боши ва юзига кўк парда тутиб юрар эди. Шу Муқанна Аббосийлар даъватчиси Абу Муслим замонида Хуросон лашкарбошиларидан бири бўлиб, Абдулжаббор Аздийга вазир бўлди ва пайғамбарлик даъвосини қилди ва бир қанча вақт шу даъвода турди. Абу Жаъфар Давонақий одам юбориб, уни Марвдан Бағдодга олдириб келди ва бир неча йил давомида зиндонда тутди.
Шундан кейин у зиндондан қутулиб яна Марвга қайтиб келди ва одамларни йиғиб: «Менинг ким эканимни биласизми?» - деб сўради. Одамлар: «Сен Ҳошим ибн Ҳакимсан», - дедилар. У: «Янглишдингиз, мен сизнинг ва бутун оламнинг Худосиман» ва яна: «Ўзимни қандай ном билан аташни истасам атайбераман», деди ҳамда: «Мен халққа ўзимни Одам (Ато) суратида, кейин Нуҳ суратида, кейин Иброҳим суратида, кейин Мусо суратида, сўнг Исо суратида, кейин Муҳаммад мустафо суратида, кейин Абу Муслим суратида кўрсатган зотман, энди эса мана ўзингиз кўриб турган суратдаман», - деди. Одамлар: «Бошқалар пайғамбарлик даъвосини қилган эдилар, сен эса худолик даъвосини қиляпсан», - дедилар. Муқанна: «Упар нафсоний эдилар, мен эса руҳонийман ва уларнинг (баданлари) ичида эдим, менда шундай қудрат борки, ўзимни қандай суратда кўрсатишни истасам, шундай суратда кўрсата бераман», - деди.
Муқанна ҳар бир вилоятга нома ёзиб, уни ўзининг ташвиқотчиларига берди. Номага мана шуларни ёзди: «Раҳмли ва меҳрибон тангри номи билан, саййидлар саййиди Ҳошим ибн Ҳакимдан фалончи ўғли фалончига, ҳамд Худога бўлсин, ундан бошқа Худо йўқ. У Одамнинг ҳам Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Исо, Муҳаммад ва Абу Муслимларнинг ҳам Худосидир. Сўнгра (сўз шуки), қудрат, эгалик, иззат ва ҳужжат Муқаннаникидир; менга имон келтиринг ва билингки, подшоҳлик менга хос, азизлик ва худолик меники, мендан бошқа Худо йўқ, кимки менга имон келтирса, жаннат ўшаники, кимки менга имон келтирмаса дўзах уники».
У ҳали Марвда турган вақтидаёқ ҳар ерга даъватчиларини юборди ва кўп халқни йўлдан оздирди. Марвда араблардан Абдуллоҳ ибн Амин номли бир киши бор эди, у Муқаннага имон келтирди ва қизини унга хотинликка берди. Ана шу Абдуллоҳ Жайҳундан ўтиб Нахшаб ва Кеш шаҳарларига келди ва ҳар ерда халқни Муқанна динига чақириб, кўп кишини йўлдан оздирди. Муқаннага эргашганлар Кеш шаҳрида ва унинг қишлоқларида кўпроқ эди.
Дастлаб Муқанна динига эътиқод қилиб, унга кирган ва унинг динини юзага чиқарган қишлоқ Кешга қарашли бўлган Субах номли қишлоқ бўлади. Мазкур қишлоқ аҳолисининг энг улуғ кишиси - Умар Субахий эди. Улар халифаликка қарши қўзғолон кўтарадилар. Қишлоқнинг амири араблардан бўлиб, солиҳ бир киши бўлади, бироқ қўзғалончилар уни ўлдирадилар. Сўғднинг кўпчилик қишлоқлари Муқанна динига киради. Бу давр мазкур ҳудудга эндигина ислом дини кириб келган, ҳали у чуқур илдиз отмаган давр бўлиб, Бухоро қишлоқларида кўпчилик аҳоли ҳали яккахудоликка эътиқод қилмаган давр бўлади. Шу боис, улар ислом эътиқодига ишонмайдилар. Ниҳоят мазкур фитна кенгайиб кетади, чунки муқанначилар ва мусулмонлар орасида қаттиқ қарама-қаршилик вужудга келади. Муқанна ўз тарафдорлари учун атрофдаги мусулмонларнинг қони ва молини ҳалол деб хукм чиқарди. Шунга кўра, муқанначилар карвонларни, қишлоқларга бостириб кириб, уларни вайрона қилар эди. Муқанна тарафдорлари вилоятларни талар, мусулмонларнинг хотин ва болаларини асир қилиб, қарияларни ва ўзларига қаршилик кўрсатган барча эркакларни ўлдирар эдилар.
Муқанна ўз тарафдорларига мусулмонларнинг қони ва молини улар учун ҳалол деб хукм чиқарди. Унингтарафдорлари вилоятларни талар, мусулмонларнинг хотин ва болаларини асир қилиб, қария ва уларга қаршилик қилган эркакларни ўлдирар эдилар.
Муқаннанинг ҳаммаслаклари бўлган оқ кийимлилардан бир гуруҳи 159/776 йилда Нумижкат қишлоғига бориб, у ернинг барча аҳолисини ва кечаси масжидга кириб ўн беш кишини ҳамда муаззинни ҳам биргаликда ўлдирдилар.
Маоз ибн Муслим Сўғд ва Самарқандга бориб, оқ кийимлилар билан икки йилгача кўп урушлар қилди, гоҳу ва гоҳ душман ғалаба қозонар эди. Икки йилдан кейин у Хуросон амирлигидан истеъфо берди ва Мусайяб ибн Зухайр Забий Хуросонга амир бўлди ва Бухорога келди. Шу вақт Бухоро амири Жунайд ибн Холид эди, уни Хуросон амири Хоразмга юборди.
Бухорода Муқанна саркардаларидан бўлган Кулортегин номли бир саркарда бор эди, у лашкар ва мулозимлар тузиб Мусайяб билан урушлар қилди.
Муқанна ўзига қароргоҳ қилиб Сом тоғидаги қалъани (Шаҳрисабз шаҳри яқинида) танлади. Самарқанд, Бухоро, Кеш, Наршах шаҳарлари қўзғолон марказига айланган. Халифа Мансур Жаброил ибн Яҳёни Озарбайжондан катта ҳарбий куч билан Мовароуннаҳрга юборган, аммо Жаброил муқанначилардан енгилган. 10 минг аскар билан Жаброилга ёрдамга юборилган Уқаба ибн Салим биринчи марта Кеш ва Самарқандда Ғарича бошлиқ, иккинчи марта 14 минг аскар билан Термиз яқинида Сархама ва Кай ёки Ғузий бошлиқ муқанначилар томонидан тор-мор келтирилди. Натижада Нахшаб ва Чағониён вилоятлари муқанначилар қўлига ўтди. Қўзғолон 159/776 йилдан Бухоро воҳасида кучайиб кетди.
Наршах қалъаси қўзғолончиларнинг қўрғонига айлантирилган. Бунда «оқ кийимликлар»нинг катта қисми тўпланган. Шу йили Наршах қалъаси яқинида «оқ кийимликлар» билан араблардан Бухоро амири Ҳусайн ибн Маоз ва Самарқанд ноиби Жаброилнинг бирлашган қўшинлари ўртасида 4 ой мобайнида жанг бўлди. Жангда «оқ кийимликлар»нинг қўли баланд келди, аммо сон жихатдан кўп бўлган араб қўшинлари Наршах қалъаси девори остидан узунасига 50 газли лаҳим кавлаб, уни қулатгач, қалъага бостириб кирганлар. Қалъа ичида давом этган шиддатли жангларда муқанначилар енгилган, қўзғолон бошлиқларидан Ҳаким ибн Аҳмад ва Ҳашвийлар ўлдирилган. Наршахдаги қўзғолон бостирилгач, араблар асосий кучни Муқаннанинг маркази бўлган Самарқанд ва Кешга ташладилар. Халифа Маҳдий 160/777 йилда Муқаннага зарба бериш учун Нишопурга келди. Хуросон ноиби Маоз ва Ҳирот амири Сайд Хараший бошлиқ катта кўшин Самарқандга юборилди. Муқанначилар билан бўлган жангда араб қўшинлари мағлубиятга учради. Натижада Маоз Хуросон ноиблигидан истеъфога чиқди. Самарқанд 2 йиллик тўқнашувлардан сўнг таслим бўлди. Сўнгра арабларнинг бирлашган қўшинлари Муқаннага қарши ташланди. Наршах ва Самарқандда «оқ кийимлилар» енгилгач, Муқаннанинг Com тоғидаги истеҳкоми қамал қилинди. Узоқ давом этган қамалдан сўнг тинкаси қуриган муқанначилар таслим бўлдилар. Муқаннанинг укаси Қабзам 3000, Сом қўрғони мудофаасига қўмондонлик қилаётган Сархама 3300 кишилик қўшини билан Сайд Харашийга таслим бўлдилар.
Муқаннанинг ҳаёти, хусусан унинг ўлими борасида турли афсоналар тарихий манбаларда сақланиб қолган.
Масалан, Муҳаммад ибн Жаъфарнинг ривоят килишича, Муқанна лашкаридан мовароуннаҳрликлар, турклар ва бошқалардан иборат эллик минг киши унинг қалъаси дарвозасига йиғилиб, сажда ва зорий қилиб ундан дийдор кўрсатишни сўрадилар. Ҳеч бир жавоб ололмагач, яна сўрашда давом этиб: «Ўз эгамизнинг дийдорини кўрмас эканмиз, бу ердан қайтиб кетмаймиз», - дедилар.
Муқаннанинг Ҳожиб номли бир қули бор эди, Муқанна унга: «Бандаларимга, айт, Мусо мендан дийдор кўрсатишни сўради, тоқат қилолмаслиги сабабли кўрсатмадим. Мени кўрган ҳар бир киши тоқат қилолмай дарҳол ўлади», - деди. Улар ялиниб-ёлвориб яна сўрайвердилар ва: «Биз дийдор истаймиз, агар ўлсак, бу айни муддао», - дедилар. Муқанна: «Фалон куни келинг, сизга дийдор кўрсатаман», деб ваъда берди.
Шундан кейин Муқанна қалъада ўзи билан турадиган хотинларга буюрди, улар Сўғд, Кеш ва Нахшаб деҳқонларининг қизларидан иборат бўлиб, юзта хотин эдилар. Муқаннанинг шундай одати бор эди: қаерда хушрўй хотин бўлса, унга хабар берар эдилар ва Муқанна уни олдириб келиб ўзи билан бирга сақлар эди. Қалъада у билан бирга шу хотинлар ва ўша хос қулдан бошқа ҳеч ким бўлмас эди. Қалъадагиларнинг озиқ-овқат каби эҳтиёжлари бўлса, ҳар куни бир марта қалъа дарвозаси очилар, ташқари томонда эса бир вакил бўлиб, у керакли нарсаларни тайёрлар, ҳалиги қул вакилни чақириб у нарсаларни қалъа ичкарисига олиб киргач, яна қалъа дарвозасини беркитар эди.
Шундай қилиб, у ўша хотинларнинг ҳар бирига ойна олиб қалъанинг тепасига чиқиб бир-бирининг рўбарўсига туришга ва қуёш нури ерга тушган пайтда барча ойналарни қўлга олиб, бетафовут бир-бирига рўбарў қилиб тутишга буюрди. Халқ тўпланган эди. Қуёш нури ойналарга тушгач, унинг акси билан ўша жой нурга тўлиб кетди. Шу вақт Муқанна қулига: «Ана қаранг! Худо ўз юзини кўрсатяпти деб, бандаларимга айт», - деди.
Тўпланган халқ қараб, бутун жаҳоннинг нурга тўлганини кўриб қўрқдилар ва ҳаммалари бирдан сажда қилиб: «Эй Худо! Қудратинг ва улуғлигингни шунчалик кўрганимиз етади, бундан кўпроқ кўрсак юрагимиз ёрилади», - дедилар. Улар ҳануз саждада эканлар, Муқанна яна қулига: «Саждадан бошларингизни кўтаринг! Худо сиздан рози ва гуноҳларингизни кечди, деб умматларимга айт», - деди.
У жамоа қўрққан ва вахммага тўлган ҳолда бошларини саждадан кўтардилар. Шу вақт Муқанна: «Ҳамма вилоятларни сизлар учун ҳалол қилдим. Кимки менга имон келтирмаса, унинг қони, моли ва фарзандлари сиз учун ҳалол», - деди. Шундан кейин у жамоа талончиликка берилиб кетди. Бу жамоа бошқалар олдида фахрланиб: «Биз Худони кўрдик», - дер эди.
Муҳаммад ибн Жаъфарнинг Кеш деҳқонларидан бўлган Абу Али Муҳаммад ибн Ҳорундан ривоят қилишича, Абу Али шундай деган: «Менинг бувим Муқаннанинг ўзи учун олиб келиб қалъада сақлаб турган хотинлари жумласидан бўлган экан.
У шундай ҳикоя қилар эди: «Бир куни Муқанна хотинларни ўз одати бўйича овқат ейишга ва шароб ичишга ўтирғизиб, шароб ичига заҳар солди-да, ҳар бир хотин учун биттадан хос қадаҳ тутқизиб айтди: «Мен ўз қадаҳимдаги шаробни ичганимда, сизлар ҳам қадаҳларингизни бутунлай бўшатишингиз лозим». Ҳамма хотинлар ичдилар, мен эса ичмасдан шаробни кўйлагим ёқасига тўкдим, Муқанна буни пайқамади.
Ҳамма хотинлар (ҳушсиз) йиқилиб ўлдилар; мен ҳам ўзимни уларнинг орасига ташлаб ўлганга солиб ётдим. Муқанна менинг ҳолимдан бехабар эди. Кейин Муқанна ўрнидан туриб қараб, ҳамма хотинларнингўлиб ётганини кўрди-да, ўз қулининг олдига борди ва қилич билан унинг калласини кесди. Муқаннанинг фармони билан уч кундан бери тандир қизитаётган эдилар. Муқанна ўша тандир ёнига бориб кийимини ечди ва ўзини тандирга отди. Тандирдан бир тутун чиқди. Мен у тандир олдига бориб унинг вужудидан ҳеч асар кўрмадим. Қалъада бирор тирик киши йўқ эди.
Унинг ўзини ўзи куйдиришига сабаб шу эдики, у ҳамиша: «Қачон бандаларим менга бўйсунмасалар, мен осмонга чиқиб у ердан фаришталарни олиб келаман ва уларни бўйсундираман», дер эди. «Халқ Муқанна фаришталарни олиб келиб, бизга осмондан ёрдам бериш учун осмонга чиқиб кетди; унинг дини дунёда (абадий) қолади», десин деб Муқанна ўзини ўзи куйдирди. Кейин у хотин қалъа дарвозасини очди ва Саъид Ҳараший кириб у ердаги хазинани олди».
Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Наср шундай дейди: «Бу қавмдан Кеш ва Нахшаб вилоятида, Кушки Умар, Кушки Хиштивон ва Зармон қишлоғи каби Бухоро қишлоқларида ҳозирда ҳам сақланиб келмоқда. Улар ўзлари Муқаннанинг ким эканлигидан бутунлай хабарсиз бўлсалар ҳам унинг ўша динидалар. Уларнинг тутган йўллари шуки, намоз ўқимайдилар, рўза тутмайдилар ва жунуб бўлганларида ғусл қилмайдилар, лекин омонатга хиёнат қилмайдилар. Бу одатларининг ҳаммасини мусулмонлардан яширин тутадилар ва мусулмонлик даъво қиладилар.
Бундан минг йил олдин вафот этган машҳур олим Абдулқоҳир Бағдодийнинг ёзишича ўша пайтда муқанначилар Иблоқ тоғларида одамлардан ажраган ҳолда ваҳшиёна ҳаёт кечириб ўтганлар. Ибодатсиз, ҳаром-ҳариш фарқига бормай, аёллардан умумий фойдаланишиб, ўлимтик ва чўчқа гўштларини еб дунёдан ўтиб кетишган.
Айдарбек Тулеповнинг
"Ислом ва ақидапараст оқимлар" китобидан