loader
Foto

Амри-маъруф ва наҳйи-мункар иймондан эканининг баёни

Изоҳ: Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ мазкур бобда тўртта ҳадис келтирган.

Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ кўйган таржиматул боб жуда узун бўлиб, иймон зиёда бўлиб, камайиб турадими, деган масалани ҳам киргизиб кетган. Ҳолбуки, мазкур боб остида келган бирорта ҳадисда унга ҳеч қандай ишора мавжуд эмас. Иймонни камайиб, кўпайиб туриши борасида олимлар қуйидаги фикрларни билдиришган:

1. Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавий «Иймоннинг ҳаловати камайиб, кўпайиб туради», деган.

2. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ: «Ижмолий иймон камайиб-кўпайиб турмайди. Балки тафсилий иймон камайиб-кўпайиб туради», деган.

3. Иймон келтириладиган нарса эътиборидан иймон камайиб, кўпайиб туради.

4. Ваҳий нозил бўлаётган пайтда иймон камайиб, кўпайиб турган.

5. Имом Молик ва Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳлар «Иймон зиёда бўлади, лекин камаймайди», деганлар.

6. Иймоннинг асли зиёда бўлмайди, балки унинг нури зиёда бўлади.

7. Иймоннинг кайфиятида зиёдалик бўлади, лекин иймоннинг миқдорида зиёдалик бўлмайди.

Имом Бухорий «Саҳиҳул Бухорий» асарида иймоннинг зиёда ва камайиб туриши борасида алоҳида боб келтириб, унга доир кўплаб далилларни нақл қилиб келтирган. Имом Нававий эса ўшандан таъсирланиб, Имом Муслимнинг «Саҳиҳи Муслим» асарида шунга доир мазкур бобни келтирган. Бироқ ундаги бирорта ҳадис иймоннинг зиёда ва нуқсонига далолат қилмайди. Ҳар бир фаннинг ўзининг етук мутахассисиси бўлганидек, ҳар бир ўриннинг ҳам ўзига яраша, муносиб гап-сўзи бўлади.

Бу боб амримаъруф ва наҳйи мункарга бағишлангани учун у ҳақида тўлиқ маълумот келтиришга ҳаракат қиламиз. Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай деган:

«Сиз одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Амри маъруф қиласиз, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз. Агар аҳли китоблар иймон келтирганларида, ўзларига яхши бўлар эди. Улардан мўминлари бор. Кўплари фосиқдирлар» (Оли Имрон сураси, 110-оят).

Шаббир Аҳмад Усмоний ўзининг «Фатҳ ал-мулҳим» асарида амримаъруф ва наҳйи-мункарга тегишли бир неча қимматли гапларни келтирган. Бу ерда уларнинг хулосасини айтиб ўтамиз: «Амримаъруф ва наҳйи-мункар диннинг энг катта ҳукмларидан бири саналади. Аллоҳ таоло буни ривожлантириш учун пайғамбарларни кетма-кет юборган. Чунки улар инсонларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаришади. Акс ҳолда ер узра жаҳолат ёйилиб, мусулмонлар орасида фисқу фасод тарқаб кетади. Амримаъруф бўлмаса, обод жойлар вайрон бўлиб, инсонлар ёмонликка қараб кетади. Яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш бўлмаганида, инсонийликка тўғри келмайдиган ишларнинг нечоғлик ёмонлигини инсон Қиёматгача ҳис қилмаган ва идрок қила олмаган бўлар эди».

«Маъруф» сўзи «билиш», «таниш» деган маъноларни англатади. Ислом шариати маъруф деб айтган нарса, маъруф иш бўлади. Ислом шариати мункар деб айтса, у мункар бўлади. Маъруфнинг ичига энг кичик хайрли амал ҳам, энг олий хайрли амал ҳам кириб кетади. Худди шунингдек, мункарнинг ичига кичик гуноҳлар ҳам, гуноҳи кабиралар ҳам кириб кетади. Амру-маъруф ижобий ва наҳйи-мункар салбийдир. Улар бир-биридан асло ажралмайди. Бироқ баъзи инсонлар маъруф ишларнинг ўзи етарли, инсон маъруф ишларни қилса, ўз-ўзидан кайтариқлардан ҳам тийилиб қолади, дейдилар. Бу янглиш ва хато саналади.

Азият берадиган нарсаларни йўлдан олиб ташлашга буюриш, мусулмон киши биродарига очиқ чеҳра билан юзланиши амримаъруфнинг энг қуйи даражаси бўлса, калимаи шаҳодатни иқрор қилдириш, тавҳидга даъват килиш маъруф ишларнинг энг олийсига буюриш ҳисобланади. Шунингдек, чап қўл билан овқатланиш, ўнг қўл билан бурун тозалаш, тик туриб сув ичиш каби ишлар кичик мункар бў-либ, улардан қайтариш наҳйи-мункар деб номланади. Куфр, ширк, бидъат ва зиндиқлик мункар ишларнинг энг олийси бўлиб, улардан инсонларни қайтариш ҳам наҳйи-мункар ҳисобланади.

Амримаъруф ва наҳйи-мункарнинг бошланғич ва якуний дар-жалари бўлади. Инсон маъруф ва мункар ишларда қанчалар меҳнат қилиб, пешона терисини оқизса шунча савобга эга бўлади. Масалан, кимнидир макруҳ ишлардан қайтарса, унга шунга муносиб савоб бўлади. Борди-ю, кимнидир куфрдан қайтарса, бунга яраша ажру савобга эга бўлади. Маъруф ишлар ҳам айни шундай бўлади. Хуллас, киши қанчалар юксак ишларни амалга оширса, шунча савобга эга бўлади. Бироқ кичик амални бажаргани учун катта ишларнинг олий ажру савобларига эга бўлмайди. Балки қилган ишига мос савобга эга бўлади. Зеро, подшоҳнинг ойлиги темирчининг ойлигига солиштирилмайди. Киши амримаъруф ва наҳйи-мункар билан шуғулланмаса, асло бу иккисининг савобига эга бўла олмайди.

Бир киши: «Маъруф ишга буюришнинг ўзи кифоя қилади. Чунки маъруфга буюрилса, ўз-ўзидан мункардан тийилади», деб айтиши буткул хато ва янглиш эътиқод саналади. Зеро, Қуръони Карим маъруф ва мункар ишни бир жойда зикр қилиб, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарган. Бир киши амалиётда ҳикмат билан иш тутиб наҳйи-мункар қилмасдан ҳам одамларни ёмон ишдан қайтара олиши Қуръон ва ҳадисларда келган ҳукмни насх қилмайди. Масалан, бир киши: «Амримаъруф чироққа, наҳйи-мункар қоронғиликка ўхшайди. Чироқнинг ўзи билан ҳам қоронғиликни ёритиш мумкин. Демак, амримаъруфнинг ўзи билан инсон мункардан тийилади» деса, унга «Қуръон ва мутавотир ҳадисда келган ҳукм сизнинг бу фаразий мисолингиз билан бекор бўлиб қолмайди», деб жавоб берамиз.

Ҳикматуллоҳ Абиевнинг

"Саҳиҳи Муслим шарҳи" китобидан