loader
Foto

Язидга байъат қилиниши

Умри охирлаб қолганини сезган халифа Муовия ўзидан кейин ким халифа бўлишини кўрсатиб кетишга қарор қилди. У халифалиги даврида давлат арконларини мустаҳкамлашга, ички низоларга чек қўйишга ҳаракат қилди. У вафотидан кейин яна кимнинг халифа бўлиши масаласида келишмовчилик пайдо бўлишини хоҳламас эди. Шунинг учун ўзи муносиб кишини кўрсатиб қўйишни маьқул топди. Зеро, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳам Умар ибн Хаттобни халифаликка тайинлаган эди.

Шом бу вақтда халифалик маркази бўлиб, ҳарбий салоҳияти жиҳатидан бошқа вилоятлардан анча устун эди. Муовия розияллоҳу анҳу Шомнинг халифалик маркази бўлиб қолишини истарди. Шом турли фитна ва низолардан холи бўлиб, аркони давлат ҳам шу ерда эди. Аммо Ироқ фитначилар билан тўла эди. Волийлар уни қаттиқўллик ва куч билан бошқарар эди. Мисрни ҳоким ёки амир лавозимига эга бўлган ҳар қандай киши бошқара оларди. Бироқ Шомни алоҳида иқтидор ва қобилият эгаси бўлган киши идора этиши мумкин эди. Вилоятлар ичида Мадина шаҳри алоҳида мавқега эга бўлиб, у ерда саҳобийлар ва уларнинг фарзандлари истиқомат қилган ва халифа бўлишни истаган киши Мадина аҳолисининг розилиги билан шаръий халифа мақомини олган. Мадиналиклар кимни қўллаб-қувватласа, у мустаҳкам бошқарувга эга бўлар, кимни инкор қилса, у қийинчиликларга дуч келар эди. Айни пайтда халифалик ишини мадиналиклар ҳукмига ҳавола қилиш мусулмон жамиятида ихтилоф келтириб чиқариши мумкин эди. Шунинг учун Муовия розияллоҳу анҳу халифаликка номзод кўрсатиш ва унинг халифалигига биринчи навбатда Мадинадан байъат олишни маъқул топди.

Халифа Муовия Шомнинг марказ бўлиб қолишини хоҳлагани учун бўлажак халифа Шомдан бўлишини ва унга ҳаётлигидаёқ вилоятлардан, жумладан, Мадина шаҳридан байъат олишни хоҳлади. Бироқ ота-лик меҳри устун келиб, ўғли Язидни халифа бўлишига қарор қилди. Унинг катта ўғли Абдураҳмон ёшлигида вафот этган, иккинчи ўғли Абдуллоҳ ақлан заиф эди. Халифаликка ўғиллари орасида Язиддан бошқа номзод йўқ эди. Ривоятларда Муовия розияллоҳу анҳунинг аъёнларидан бири Язидни халифаликка муносиб кўргани айтилади. Хусусан, 670 йил вафот этган Куфа волийси Муғийра ибн Шўба розияллоҳу анҳу вафоти олдидан Язидни ижобий сифатлар билан зикр қилгани, шу сабабли Муовия розияллоҳу анҳу уни халифаликка танлагани ривоят қилинган.

Язид ибн Муовия амирлик ва халифалик саройида вояга етган йигит эди. Ҳарбий ва ижтимоий соҳада жуда ғўр эди. Отаси унинг маҳоратини ошириш учун 670 йили Константинополга юбориладиган қўшинга қўмондон этиб тайинлади. Бироқ қўшин сафида улуғ саҳобалар бўлгани учун у етарли тажриба орттира олмади. Шом, Миср ва Ироқ аҳолисидан Язидга байъат олиш қийин бўлмаса-да, Мадинадан байъат олиш осон эмас эди.

676 йили Муовия розияллоҳу анҳу барчани ўғлига байъат беришга чақирди. Шом аҳолиси унга байъат берди. Халифа Мадина волийси Марвон ибн Ҳакамга аҳолидан байъат олишни буюриб мактуб ёзди. Бироқ Марвон бу ишда норозиликларга учради. Шундан сўнг Муовия розияллоҳу анҳу умра қилиш учун Маккага бориб қайтишда Мадинага кирди. У одамларни тўплаб, улардан Язидга байъат беришларини сўради. Мадиналиклар унга байъат қилишга ваъда бердилар. Фақат беш киши - Ҳусайн ибн Али, Абдураҳмон ибн Абу Бакр, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Зубайр ва Абдуллоҳ ибн Аббос ваъда бермади. Муовия розияллоҳу анҳу уларнинг ҳар бири билан алоҳида гаплашди. Улар халифага: “Агар сендан кейин барча мусулмонлар бир кишига рози бўлсалар, мен ҳам унга рози бўламан” дедилар.

680 йили Убайдуллоҳ ибн Зиёд бошчилигида Басра шаҳри вакиллари Шомга йўл олди. Муовия розияллоҳу анҳу улардан ўғли учун байъат олди. Халифа касал бўлган вақтда Язидни олдига чақириб, деди: “Ўғлим, мен сенга кўп насаларни тайёрлаб қўйдим, Сенга барча арабларни бўйсундирдим. Мен сенга юклатилган халифалик ишида Қурайшдан бўлган тўрт кишидан бошқа киши норози бўлишидан қўрқмайман. Улар - Ҳусайн ибн Али, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Зубайр ва Абдуллоҳ ибн Аббос”.

Муовия розияллоҳу анҳу 680 йили вафот этди. Жанозасини Даҳҳок ибн Қайс ўқиди. У вафот этган вақтда Язид Шомда эмас эди. Келган вақтда отаси дафн этилган эди. Муовия розияллоҳу анҳу улуғ саҳобий эди. Бироқ тарихчилар уни Али розияллоҳу анҳуга қарши чиққани ва ўғлининг халифа бўлиши учун байъат олганини хато иш деб ҳисоблайдилар. Чунки айнан шу икки иш кўплаб низоларни келтириб чиқарди. Шундай бўлса-да, у ислом тарихида қилган бошқа хайрли ишлари билан алоҳида из қолдирди.

Муовия розияллоҳу анҳу биринчи бўлиб ҳайит намозидан олдин хутба қилишни ва ҳайит намозида азон айтишни жорий қилди. Шунингдек, почта тизимини, муҳр девонини, Каъба устига ёпиладиган ёпинчиқни алмаштиришни жорий этди. Шу билан бирга у фитналарга барҳам берди. Халифалиққа бош кўтарган низолар ва фирқаланишга чек қўйди.

С.Умматалиевнинг

"Ислом тарихидан олтин саҳифалар" китобидан