loader
Foto

VII аср 50 йиллари охиридаги воқеалар

650 йилларнинг охирида Али розияллоҳу анҳу қўшинни Шомга юриш қилишга чақирди. Бироқ унинг чақириғига куфаликлар жавоб бермади. Қанча уринмасин, халифа ҳеч қандай натижага эриша олмади. Шундан кейин у давлат ишларига аралашмай қўйди. Эҳтимол куфаликлар табиатида раҳбар сиёсатидан норозилик кайфияти уйғонгандир. Чунки улар халифа Усмон розияллоҳу анҳу даврида ҳам ўзларига қўйилган волийлар сиёсатидан норози бўлар эди. Басраликлар ҳам Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуга итоат қилмай қўйди. Шунинг учун ибн Аббос розияллоҳу анҳу вилоят бошқарувини Зиёд ибн Абиҳга топшириб Маккага жўнаб кетди.

Халифа Али ибн Абу Толибнинг бошқаруви заифлашганидан хабар топган Шом волийси Муовия ибн Абу Суфён бошқа вилоятларни ҳам қўл остида бирлаштиришга ҳаракат қилди. У ишни Мисрдан бошлади.

Али розияллоҳу анҳу халифалигининг аввалида Мисрга Қайс ибн Саъд волий этиб тайинланган эди. Бироқ у Ҳарбито исёнчиларига қарши курашдан бош тортиб, вилоятдан чиқиб кетганидан сўнг халифа Муҳаммад ибн Абу Бакрни волий этиб тайинлаган. 658 йил Амр ибн Осс Мисрни эгаллади. Миср волийси Муҳаммад ибн Абу Бакр қатл қилинди.

659 йили Муовия ибн Абу Суфён қўшинларини турли ҳудудларга юборди. Абдуллоҳ ибн Омирни Басрага, Нуъмон ибн Баширни икки минг кишилик қўшин билан Айнуттамрга, Даҳҳок ибн Қайсни Тадмир тарафга, Абдуллоҳ ибн Мусъадани Тимога юборди. Бу тадбир муваффақиятли тугамаган бўлса-да, аҳоли тинчлигининг бузилишига сабаб бўлди. Шомликларнинг юришларидан хабар топган куфаликлар халифага итоатсизлик қилганларидан афсусландилар. Бироқ энди кеч бўлган эди. Али розияллоҳу анҳу сиёсий жараёнларга қўл силтаган эди.

Халифа ҳокимияти заифлашганини билган Форс ва Кирмон аҳолиси хирож тўлашдан бош тортди ва бу ҳудудлар ҳокими Саҳл ибн Ҳанифни ҳайдаб чиқарди. Али розияллоҳу анҳу у ерга Зиёд ибн Абиҳни жўнатди. Зиёд келиб тинчлик ўрнатишга ва бошқарувни қўлга олишга муваффақ бўлди.

С.Умматалиевнинг

"Ислом тарихидан олтин саҳифалар" китобидан