loader
Foto

Умавийларнинг исломдан олдин вa расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида ҳошимийлар билан муносабати

Умавийлар сулоласининг тарихий илдизлари

Умавийлар (661-750) Умайя ибн Абдушшамс ибн Абдуманоф (тахминан VI асрда яшаган) нинг авлодларидир. Айнан Абдуманофда умавийлар шажараси Бану Ҳошим (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг қариндошлари) билан туташади. Абдуманоф авлодлари йиллар давомида Макка саййидлари бўлиб келишган. Ўша вақтда ҳеч ким уларга қарши чиқмас, Қурайш қабиласи уларни ўзларига раҳбар деб билиб, итоат этарди.

Умавийлар ва ҳошимийларнинг Ислом дини келишидан олдинги ўзаро муносабати

Абдуманоф Қусай ибн Килоб (400-480)нинг ўғли бўлиб, Маккада оқсоқоллик қилишга фақат унинг ав-лодлари ҳақли деб қаралган. Бошқа қабилалар айни масалада улар билан баҳслаша олмаган. Бироқ Қусай ибн Килобнинг бошқа ўғли Абдуддор фарзандлари ҳам Маккада раҳбарликни даъво қилар эдилар. V аср охирида юзага келган бу ҳолат сулҳ билан ўз ечимини топди. Унга кўра, Макка саййиди бажарадиган вазифалар икки уруғ орасида тақсимланиб, ар-рифада(Ар-рифада - Маккага келган ҳожиларга озиқ-овқат билан таъминлаш. Бу ишни бажариш учун Макка ахолисидан солиқ йиғилган.) ва ас-сиқоя(ас-сиқоя - Ҳожиларни сув билан таъминлаш вазифаси.) Абдуманоф уруғига, ал-ҳижаба(ал-ҳижаба - Каъбани назорат қилиш вазифасн. Каъба эшигининг калитлари унда сақланади.), ал-лива(ал-лива - Байрокдорлик вазифаси.) ва надва(надва - Қурайш қабиласи йиғилиш ўтказадиган жой.) Абдуддор уруғига ўтди. Ар-рифада ва ас-сиқоя вазифаларини Ҳошим ибн Абдуманоф назоратига олди. Абдушшамс ибн Абдуманоф сафарларга кўп чиққани сабабли Маккада кам бўларди. Ҳошим ибн Абдуманоф бадавлат одам бўлиб, Макка аҳолисига кўп ҳадялар тарқатиб, меҳр-ихлосига сазовор бўлган эди. Унинг бу одати Маккадаги сиёсий ҳокимиятни мустаҳкамланишига ёрдам берди. Ҳошим Маккада раислик қилган вақтда акаси Абдушшамс ёки унинг ўғли Умайя ўртасида ҳокимият учун деярли кураш бўлмаган. Баъзи ривоятларда улар ўртасида кескин низолар бўлгани ҳақида маълумотлар бўлса-да, уларнинг исноди жуда заиф ва ровийлари аниқ келтирилмаган.

Ҳошимнинг вафотидан сўнг Макка раҳбарлиги унинг укаси Мутталиб қўлига ўтди. Бироқ Мутталибнинг ҳокимияти узоқ давом этмади. Ҳошимнинг ўғли Абдулмуталиб вояга етгач, отаси эгалик қилган ар-рифада ва ас-сиқоя вазифаларини ҳамда Макка раҳбарлигини қайтариб олди. Бу даврда ҳам умавийлар ва ҳошимийлар орасида айтарли даражада адоват ва келишмовчиликлар юзага келмади. Абдул-мутталиб ҳошимийлар саййиди бўлиши баробарида умавийлар саййиди Ҳарб ибн Умайя билан қадрдон эди. Уларнинг фарзандлари Аббос ибн Абдулмутталиб ва Абу Суфён ибн Ҳарб ҳам яқин дўст бўлишган. XV асрда яшаган мисрликтарихчи Муҳаммад Мақризий ҳошимийлар ва умавийларнинг ўзаро алоқалари ҳақидаги китобида икки уруғ ўртасида низо ва келишмовчиликлар бўлганини келтириб ўтса-да, Аббос ва Абу Суфён орасидаги мустаҳкам дўстликни алоҳида эътироф этади. Бироқ Ҳошим даврида ҳам, Абдулмутталиб даврида ҳам умавийлар ва ҳошимийлар шон-шараф учун кимўзарга мусобақа қилишар эди. Бу исломдан олдинги бутун араб қабилаларига хос хусусият экани айни ҳақиқатдир. Умавийлар давлати асосчиси Муовия ибн Абу Суфёндан исломдан олдин икки уруғдан қай бирининг шарафи баланд бўлганлиги ҳақида сўралганда у: “Абдулмутталиб бўлган вақтда улар биздан шарафлироқ эди, унинг вафотидан сўнг шараф бизларга ўтди. Чунки биз улардан сон жиҳатдан устун эдик. Бу ҳолат улар: “биздан Набий чиқди” деган вақтгача давом этди. Улардан аввалгилар ва охиргилар эшитмаган пайғамбар чиқди. Бу шарафга ва фазлга ким ҳам эриша оларди(Муҳаммад Саллобий. Ад-давла ал-умавийя: авамил ал-издиҳар, тадаийят ал-инҳияр. 1 жуз. - Байрут: Дарул-маърифа, 2008. - Б. 22.)”, дея жавоб берган.

Янги динга муносабат

Маккада VII аср бошларида ислом дини тарқала бошлаган вақтда умавийлар янги динга бошқа араб қабилалари каби муносабатда бўлди. Ҳошимийлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга қариндош бўлганликлари учун уни ҳимоя қилган бўлсалар-да, исломни қабул қилишда етакчи бўлмадилар. Уларнинг орасида ҳам бу динни қабул қилувчилар ва ундан юз ўгирувчилар, Муҳаммад алайҳиссаломни ҳимоя қилувчилар ва бошқа қабилалар каби унинг даъватига қарши чиқувчилар бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиси Абу Лаҳаб ибн Абдулмутталиб ва унинг хотини Умму Жамил бинти Ҳарб Муҳаммад алайҳиссаломга фақат сўз билан қаршилик қилибгина қолмай, турли йўллар билан азият етказиш билан танилган эдилар. Қурайш қабиласи Ҳошим уруғига қамал эълон қилган вақтда ҳам ана шу амакилари Абу Лаҳаб ўз уруғи билан бирга бўлмади. Шунингдек, Бадр жангига ўзи бора олмаган бўлса-да, ўрнига Ос ибн Ҳишомни тўрт минг дирҳам эвазига ёллаб жўнатди. Бу ишлари унинг исломга ва Набий алайҳиссаломга умрининг охиригача қаршилик кўрсатганининг далилидир.

Ҳошим уруғидан баъзилари исломни қабул қилиб, баъзилари исломни қабул қилмаса-да, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилди. Бадр ғазотида мушриклар тарафида жанг қилган Аббос ибн Абдулмутталиб, Ақил ибн Абу Толиб ва Навфал ибн Ҳорис ибн Абдулмутталиб мусулмонлар томонидан асир олинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни тўлов эвазига қўйиб юбордилар. Аббос Бадр ғазотидан кейин исломни қабул қилди, бироқ Мадинага ҳижрат қилмади. Фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккани фатҳ этиш учун йўлга чиққан вақтларидагина ҳижрат қилди.

Абу Суфён ибн Ҳорис ҳам мушриклар билан Бадрда қатнашди. Лекин у асир тушмай Маккага эсон-омон етиб келди. Абу Суфён Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эмикдош биродарлари ва амакиларининг ўғли бўлиб, исломдан олдин у зот билан яқин дўст эди. Ислом келганида у душманлар сафида туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаларни масхараловчи шеър ёзиши билан танилган эди. Абу Суфён ибн Ҳорис Макка фатҳи арафасида исломни қабул қилди.

Пайғамбар алайҳиссаломни амакилари Абу Толиб кўп ҳимоя қилиб, ҳаётининг охиригача жиянини Қурайш қабиласининг тазйиқларидан муҳофаза қилди, бироқ аждодларининг динидан воз кечмади.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу, Ҳамза ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу ва Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу каби Ҳошим уруғи вакиллари ҳижратдан олдин исломни қабул қилиб, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ва Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу каби етакчи мусулмонлардан бўлди.

Абдушшамс уруғи вакиллари бўлган умавийлар исломга бошқа уруғлар каби муносабатда бўлди. Баъзилари исломни қабул қилди, баъзилари васания (кўпҳудолик)да қолишни ўзига маъқул кўрди. Тарихчилар янги дин даъватига қарши чиқувчиларнинг олдинги қаторида Робиъа ибн Абдушшамснинг икки ўғли Утба ва Шайбани ҳамда Абу Суфён ибн Ҳарбни кўрсатадилар. Утба ва Шайба умрининг сўнги нафасигача исломни қабул қилмади ва Бадр ғазотида ҳалок бўлди. Абу Суфён Макка фатҳи арафасида исломни қабул қилди ва ундан кейинги ҳаёти давомида мусулмонларнинг фатҳ юришларида қатнашди.

Исломни энг аввал қабул қилган Умайя уруғи вакили Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу бўлиб, Аффоннинг отаси Ос Умайя ибн Абдушшамснинг ўғли эди. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу дастлабки мусулмонлардан бўлиб, бу давр махфий даъват даври дейилади. Холид ибн Саид ибн Ос розияллоҳу анҳу ҳам уч йил давом этган махфий даъват даврида исломни қабул қилди. Абдушшамс уруғидан Утба ибн Робиъанинг ўғли Абу Ҳузайфа ва Шайба ибн Робиъанинг қизи Рамла янги динга илк иймон келтирган мусулмонлар сифатида зикр қилинади. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ва Абу Ҳузайфа ибн Утба розияллоҳу анҳу Ҳабашистон ҳижратида иштирок этган.

Умавийлар ва Ҳошимийлар ўртасидаги қариндошлик алоқалари

Ислом дини келганидан кейин ҳам умавийлар ва ҳошимийлар ўртасида кескин келишмовчиликлар юзага келмаган. Баъзи тарихчилар улар ўртасида адоват бўлганини келтиради. Бироқ тарихий ҳақиқат уларнинг орасида мустаҳкам қариндошчилик алоқаси бўлганини кўрсатади. Бунга далил сифатида икки уруғ ўртасидаги қуда-андачилик алоқаларини келтириш мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўрт қизларидан уч нафарини Умайя уруғига узатган эдилар. Тарих китобларидан икки уруғ ўртасидаги қариндошлик ришталарига кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Қуйида улардан баъзиларини айтиб ўтамиз:

- Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Руқайяга, унинг вафотидан сўнг иккинчи қизлари Умму Гулсумга уйланган.

- Умайя уруғидан Абу ал-Ос ибн Робиъ Пайғамбар алайҳиссаломнинг қизлари Зайнабга уйланган.

- Ҳадича бинт Али ибн Аби Толиб. Унга Абдураҳмон ибн Омир ибн Курайз ал-Умавий уйланган.

- Рамла бинт Али ибн Абу Толиб. Унга Муовия ибн Марвон ибн Ҳакам уйланган.

- Зайнаб бинт Ҳасан ибн Ҳасан ибн Али ибн Абу Толиб. Унга Валид ибн Абдулмалик ибн Марвон уйланган.

- Фотима бинт Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб. Унга Абдуллоҳ ибн Амр ибн Усмон ибн Аффон уйланган.

Умавийларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида сиёсий жараёнларда иштироки

Умавийлардан кўпчилиги исломнинг дастлабки даврида шаҳодат калимасини келтириб, мусулмон бўлишди ҳамда Ҳабашистон ва Мадинага ҳижрат қилдилар. Макка фатҳида барча Умавийлар исломни қабул қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг исломга кирганларидан жуда хурсанд бўлдилар. Чунки, улар янги давлат равнақи учун хизмат қилар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳи арафасида Абу Суфённинг уйига кирган кишига омонлик берилишини эълон қилганларидан кейин у қабила раҳбарларидан бири бўлиб қолишига ишонч ҳосил қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ўзини Нажрон ҳокими, ўғли Муовияни ваҳий котиби этиб тайинладилар. Имом Муслим “Саҳиҳи Муслим” китобида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Абу Суфён розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўзини амир, ўғлини ваҳий котиби қилишларини сўраган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ўзини Нажрон ҳокими, ўғлини котиб қилганлар.

Макка фатҳ этилгандан кейин унинг биринчи волийси умавийлар уруғидан Атаба ибн Усайд бўлди. Шунингдек, умавийлардан яна Амр ибн Саид (ваф. 634)ни Ҳайбар, Водил-қуро, Тиймо ва Табукка, Холид ибн Саидни Санъога, Аббон ибн Саидни Баҳрайнга ҳоким қилиб тайинладилар. Умавийлар вакили Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ҳам ваҳий котибларидан бири эди.

Хулоса қилиб айтганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этган вақтларида умавийлар ҳокимлик ва котиблик вазифаларида фаолият юритган. У зот қурайшнинг бирор уруғидан умавийлар каби кўп вазифага тайинламаганлар. Умавийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида ҳам рошид халифалар даврида ҳам ислом жамиятининг мустаҳкам пойдеворга эга бўлишида катта ҳисса қўшдилар.

С.Умматалиевнинг

"Ислом тарихидан олтин саҳифалар" китобидан