loader
Foto

Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг енгилиши сабаблари

Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу қўшинининг Ҳажжож қўшинидан енгилишига бир неча омиллар сабаб бўлди. Улардан баъзиларини келтириб ўтамиз:

Биринчиси: Макка шаҳрининг марказ сифатида танланиши. Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу Макка шаҳрини ўзига марказ қилиб олди. Бироқ мазкур шаҳар муҳим сиёсий ва иқтисодий аҳамиятга эга бўлган Шом ва Ироқ минтақаларидан узоқда жойлашган. Бу эса ушбу минтақалар бошқарувини қийинлаштирди. Бундан ташқари, Макка шаҳри ҳар тарафдан улкан тоғлар билан ўралган бўлиб, душман томонидан қамал қилинган вақтда бошқа ҳудудлардан ёрдамчи кучлар келишига имкон бермас эди.



Иккинчидан: Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳунинг умавийларга нисбатан эътиборсиз бўлиши. Марвон ибн Ҳакам ва унинг фарзандлари Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу халифалигининг аввалида Мадинадан чиқариб юборилган эди. Ўша вақтда Марвонда халифа бўлиш истаги йўқ эди. Бироқ Шомда ундан халифа бўлишини сўрадилар. Шундан сўнг у халифа бўлиб, 686 йили Мисрни эгаллади. Бироқ унга нисбатан Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу ҳеч қандай чора кўрмади ва умавийларнинг кейинги даврда кучайиши учун имкон берди.



Учинчидан: Ҳажжож ибн Юсуфга Ториқ ибн Амр бошчилигида ёрдамчи кучлар келган ҳолда, Абдуллоҳ ибн Зубайрга ҳеч қандай ёрдамчи куч келмади. Бу вақтда унга ёрдам берадиган куч ҳам қолмаган эди.

С.Умматалиевнинг

"Ислом тарихидан олтин саҳифалар" китобидан