loader
Foto

Абдуллоҳ ибн Зубайр

Онаси Асмо ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг қизи, отасининг онаси (бувиси) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аммаси Софиядир. Ҳижратдан йигирма ой кейин Мадинада туғилган. Ҳижратнинг биринчи йили туғилган деганлар ҳам бор. У муҳожирларнинг ҳижратдан кейинги туғилган биринчи чақалоғи. У туғилганда мусулмонлар беҳад суюнган эдилар. Чунки яҳудлар, биз уларни сеҳрлаб қўйдик, энди улар бола кўришмайди, дегандилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чайнаган хурмолари билан танглайини кўтарганлар ва бобосининг исми ва кунясини исм ва куня қилиб қўйдилар. Кўп рўза тутадиган, кўп намоз ўқийдиган одам эди. Узун намоз, қариндошпарвар, жуда шижоатли бир киши эди. Бир кеча қиёмда туриб тонг откизса, бир кеча рукуъда ва яна бир кечани сажда билан ўтказур эди. У пайғамбар алайҳиссалоту вассалломдан 33 та ҳадис ривоят қилган. У Язид ибн Муовияга байъат беришдан бош тортди ва Маккага қочди. Ўзига байъат беришга даъват этмади, лекин ўзи ҳам байъат бермади. Язид бу иши учун ундан жуда ғазабланди.

Язид ўлгач, унга байъат берадилар. Ҳижоз, Яман, Ироқ ва Хуросон ахди унинг итоатига ўтдилар. У Каъба биносини янгилади. Каъбани Иброҳим алайҳиссалом пойдеворидан кўтариб эшигини иккита қилди. Холаси Оиша розияллоҳу анҳодан эшитган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисига асосланиб, унга 6 зирў (газ) узунликда “Ҳижр” тарафдан қўштиради.

Фақат Шом ва Мисрда Муовия ибн Язидга байъат берилди. Аммо Муовия кўп турмади, вафот этди. Шундан кейин у ерларда ҳам Ибн Зубайрга итоат этиб байъат бердилар. Кейин Марвон ибн Ҳакам исён кўтариб аввал Шом, сўнгра Мисрни қўлга олди. Бу ҳолат 65 йил у вафот этгунга қадар давом этди. Марвон ўғли Абдулмаликни валиаҳд этиб қолдирган эди. Заҳабийнинг айтгани тўғри: Марвон мўминларнинг амири (амиралмўминин) ҳисобланмайди, балки Ибн Зубайрга исён қилган боғийдур. Ўғлини валиаҳд қилгани ҳам нотўғри (нодуруст). Абдулмаликнинг халифалиги эса фақат Ибн Зубайр қатл этилганидан кейин тўғри деб ҳисобланади.

Маккадаги Ибн Зубайрнинг халифалиги Абдулмалик уни енггунга қадар давом этди. Абдулмалик бунинг учун Ҳажжож бошчилигидаги қирқминг аскарни қуроллантириб жангга юборди. Улар Маккани бир неча ой қамал қилиб, унга манжаниқлардан отдилар. Ибн Зубайрнинг сафдошлари унга хиёнат қилишди ва яширинча Ҳажжожнинг томонига ўтдилар. Натижада, Ҳажжож уни қўлга олди ва ўлдириб, хочга боғлаб, осиб қўйди. Бу воқеа 73 (692-93) йили, сешанба куни 17-жумодул аввал ёки жумодул охирда рўй берган.

Ибн Асокир Муҳаммад ибн Зайд ибн Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилади: “Ибн Зубайрга қарши манжаниқ қўйилганда мен Абу Қубайс тоғида эдим. Бир маҳал осмондан чақмоқ тушиб, манжаниқчилардан эллик кишини ёндириб юборди”.

Ибн Зубайр ўз замонасида қурайшнинг номи чиққан, моҳир чавандозларидан эди.

Абу Яъло “Муснад”идида ривоят қилади:“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қон олдирдилар. Кейин унга: “Эй Абдуллоҳ, бу қонни одам кўрмас жойга ташлаб кел”, дейдилар. У бўлса қонни олиб бориб, ичиб юборади. Келгандан кейин қонни нима қилдинг деб сўраганларида, “Уни жудаям яширин ерга тўкдим, ё Расулаллоҳ”,деди. “Ичиб юбордингми?” десалар, “Ҳа, Расулаллоҳ, ичвордим”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва-саллам: “Энди одамларга ҳам, сенга ҳам бало бўлади”, дедилар. Унда бўлган куч-қувватни ўша қондан деб ҳисоблайдилар”.

Абу Яъло Навф Биколий (тобеин)дан ривоят қилади: “Аллоҳ нозил қилган китобдан халифалар чавандози Ибн Зубайр бўлганлигини топганман”.

Амр ибн Динор (тобеин) ривоят қилади: “Намозга Ибн Зубайрчалик ихлосли одамни кўрмадим, манжаниқдан отилган ўқлар кийимининг четларига тегиб ўтаётганига ҳам этибор бермай Ҳижрда туриб намоз ўқийверди”.

Мужоҳид (машҳур тобеин) ривоят қилади: “Баъзида одамлар қилолмаган ибодатларни Ибни Зубайр қийинчилик билан бўлса-да бажарарди. Сел келиб Каъба атрофини сув босганда у сузиб тавоф қилган”.

Усмон ибн Толҳа (саҳоба) ривоят қилади: “Ибн Зубайрга уч нарсада тенг келиб бўлмасди: шижоатда, ибодатда, балоғатда (нотиқликда). Довушлик одам эди, хутба ўқиганида тоғлардан акс садо келарди”.

Ибн Асокир Урвадан ривоят қилади: “Нобиға Жаъдий Ибн Зубайрга атаб шу шеърни айтган: (маъноси) Сиддиқ, Форуқ, Усмонга ўхшадинг ҳукмдорликда, йўқҳсиллар топди роҳат, ҳуқуқда тенглаштирдинг одамларни ва қора тананг оппоқ бўлиб қолди сенинг”.

Ҳишом ибн Урва (тобеин) ва Хубайбдан ривоят қилади: “Биринчи Каъбага ипак кисва ёпган Ибн Зубайр, олдингиси дағал мато ва теридан бўлган”.

Умар ибн Кайсдан ривоят қилади: “Ибн Зубйрнинг 100 та ғуломи бўлган. Ҳар бири билан ўз тилида гаплашарди. Дунёвий ишни қилаётганини кўрганингда бу одамни Аллоҳ билан мутлақо иши йўқ экан деган бўлардинг, охирати ишини қилганини кўрганингда бу одамни дунё билан мутлақо иши йўқ экан деган бўлардинг”.

Хишом ибн Урвадан ривоят: “Амаким Абдуллоҳ ибн Зубайр тили келган биринчи сўзи қилич бўлган. Оғзидан қилич сўзи тушмасди. Отаси ундан буни эшитганда айтардики: “Аллоҳга қасам, сенга бундан кўп (оғир) кунлар тушса керак!”

Абу Убайдадан ривоят: “Абдуллоҳ ибн Зубайр ҳузурига Абдуллоҳ ибн Зубайр Асадий келиб деди: “Эй амиралмўминин, мен билан сен фалончи аёл орқали қариндошмиз.

-    Тўғри, айтасан, тўғри ўйлабсан. Одамлар бари бир ота, бир онадан тарқаган.

-    Эй амиралмўминин, пулим тамом бўлиб қолди.

-    Уйга етиб олишингга пул бераман деб, оилангга мен кафиллик бермаганман.

-    Эй амиралмўминин, туямни тинкаси қуриди.

-    Ундоқ бўлса, оёғига дам бер, юкини камайтир, эрта-кечда -салқинда юр!

-    Эй амиралмўминин, мен сендан ёрдам сўраб келдим, маслаҳат эмас! Сени олдингга мени кўтариб келган туяга минг лаънат!

-    Эгасигаям!

Шундан кейин у бир шеър айтган, унда Ибн Зубайрни ёмонлаб Бани Умайяни мақтаган”.

Абдураззоқ “Мусаннаф”да Зуҳрийдан ривоят қилади: “Мадинада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига ҳеч вақт одам боши кесиб келтирилмаган. Бадр жангида ҳам бундай қилинмаган. Абу Бакрга калла келтиришганда бу ишни қоралаганлар. Каллалар биринчи бўлиб Абдуллоҳ ибн Зубайрга олиб келинган.

Ибн Зубайрнинг вақтида пайғамбарликни даъво қилиб Мухтор каззоб чикди. Ибн Зубайр у билан жанг қилиб, охири 67 (686-87) йили уни енгиб, қатл қилади. Аллоҳ лаънатласин.

Ибн Зубайрнинг даврида вафот этганлар: Усайд ибн Ҳузайр, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос, Нўъмон ибн Башир, Сулаймон ибн Сурад, Жобир ибн Сумра, Зайд ибн Арқам, Адий ибн Ҳотам, Ибн Аббос, Абу Воқид Лайсий, Зайд ибн Холид Жуҳаний, Абул Асвад Дуалий ва бошқалар.

Жалолиддин Суютийнинг

"Тарихи ал-хулофо" китобидан

Абдуллоҳ Шокиров таржимаси