loader
Foto

Қуръонда нозил қилинган оятлардан бошқа ҳам ваҳий кўрсатмалари мавжуддир!

Ҳадисларни инкор этувчилар Қуръонда тиловат қилинмайдиган, Қуръон мусҳафларига киритилмаган алоҳида ваҳий борлигини инкор этадилар. Уларнинг буни инкор этишлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шариат барпо бўлишида ҳеч қандай ўрни йўқ, у зотнинг гап-сўзлари шариатни белгилаб бермайди деган сафсаталарини асослаш учун керак эди. Бироқ бу гаплари мутлақо нотўғри эканлигини бир эмас, бир нечта ояти карималар билан исбот қила оламиз.

Қуйидаги ояти карима мавжуд:

«Инсон билан Аллоҳ (бевосита) сўзлашиши мумкин эмас. Фақат ваҳий орқали ё парда ортидан ёки элчи (фаришта) юбориб, изни билан хоҳлаган нарсани ваҳий қилиши мумкин. Албатта, У (шаъни) олий ва ҳикмат соҳибидир» (Шўро, 51).

Ушбу ояти каримадаги «элчи юбориш» иборасидан бош-қа ваҳий ҳам борлиги чиқяпти. «Элчи юбориш»дан биз «ваҳийи матлув»ни тушунамиз, «фақат ваҳий» ёки «парда ортидан» келадиган ваҳийлардан «ваҳийи ғайриматлув»ни тушунамиз.

Яна бир ояти карима бор:

«Сиз юзланган олдинги қиблани Биз фақат орқага қайтиб кетаётганлар ичида ким пайғамбарга эргашар экан деб қилдик (қайта тикладик). Албатта, бу (ўз қибласини ўзгартириш) Аллоҳ ҳидоят этган кишилардан ўзгалар учун оғир ишдир» (Бақара, 143).

Оятда «қибла» сўзи зикр қилинди, ундан Байт ал-муқаддас тушунилади. Байт ал-муқаддасга қараб намоз ўқишни, қибла сифатида юзланишни Аллоҳ таоло «жаъална» («қилдик») деб ўзига нисбат бермоқда. Ҳолбуки, бирон ояти каримада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Байт ал-муқаддасга қараб намоз ўқишга амр йўқ-ку! Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамда саҳобаи киромлар Байт ал-муқаддасга қараб бир қанча муддат намоз ўқиганлар. Бу тўғрида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Қуръонда тиловат қилинмайдиган, Қуръон мусҳафларига киритилмаган алоҳида бир ваҳий билан кўрсатма берилган деймиз. Бундан маълум бўляптики, «ваҳийи матлув»га амал қилиш вожиб бўлганидек, «ваҳийи ғайри-матлув»га ҳам амал қилиш вожиб бўлади.

Уларнинг гаплари пуч эканлигини исботлайдиган учинчи ояти карима ҳам бор:

«Сизларга рўза кечасида хотинларингиз билан қовушиш ҳалол қилинди. Улар сизлар учун либос, сизлар улар учун либосдирсиз. Сизларнинг ўзингизга хиёнат қилаётганингизни Аллоҳ билди ва тавбангизни қабул қилиб, сизларни афв этди. Энди улар билан (рўза ке-чаларида бемалол) қовушиб, сизлар учун Аллоҳ ёзган (тақдир этган) нарсани (фарзандни) умид этаверингиз» (Бақара, 187).

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таолонинг ўзи рамазон кечаларида жинсий алоқани хиёнат деб баҳоляпти. Кейин рамазонда жинсий алоқа қилишга ижозат ҳам берилмоқда. Яъни биринчи рамазон кечаларида жимоъ қилишдан қайтарилган эди, кейин бунга рухсат берилган. Бундан очиқ-ойдин маълум бўлмоқдаки, рамазон кечалари жимоъ қилмаслик тўғрисида ваҳий келган, бироқ бу Қуръони ка-римда йўқ. Демак, бу Қуръонда тиловат қилинмайдиган, Қуръон мусҳафларига киритилмаган алоҳида бир ваҳий билан бўлган. Яна бу ерда бу хилдаги ваҳийга ҳам амал қилиш вожиб экани маълум бўлади.

Тўртинчи далил:

«Бадр (жанги)да (ҳарбий) кучингиз оз бўлса-да, Аллоҳ сизларни ғолиб қилди-ку! Бас, Аллоҳдан қўрқиб, зора, шукр қилсангиз. Мўминларга: «Раббингиз (осмондан) туширилган уч минг нафар фаришта билан сизларга мадад бергани кифоя эмасми?!» - деган пайтингизни эсланг! Йўғ-э (кифоя қилур)! Агар сабрли бўлиб, Аллоҳдан қўрқсангиз, улар (душманлар) бехос ҳужум қилиб қолсалар, Раббингиз сизларга беш мингта белгили фаришта билан мадад берур. Буни (мададни) Аллоҳ сизларга хушхабар бўлиши ва дилларингиз у билан таскин топиши учун берди. Ғалаба эса фақат Аллоҳ ҳузуридадирки, У Азиз ва Ҳакимдир» (Оли Имрон, 123 - 126).

Ушбу ояти карималар Уҳуд жанги вақтида нозил бўлган бўлиб, унда Бадр ғазотида фаришталар тушгани маълум бўлади. Уларнинг Бадрда тушгани ҳақида биронта оятда айтилмаган. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга махсус ваҳий билан баён қилинган эди. Бадр ғазотида фаришталарни туширганимиз каби бу жангда ҳам туширамиз демоқда Аллоҳ таоло.

Бешинчи далил:

«Аллоҳнинг «икки тоифадан бири сизларнинг фойдангизга бўлади», - деб ваъда қилганини эсланг. (Сизлар эса) шавкатли бўлмагани сизларга бўлишини истайсиз. Аллоҳ (эса) ўз калима (амр)лари билан ҳақни ҳаққа чиқариш ва кофирларни тор-мор қилишни хоҳлайди. Жиноятчилар (мушриклар) ёқтирмасалар ҳам, (Аллоҳ) ҳақни ҳақ, ноҳақни ноҳақ (эканини исбот) этиш учун (шу ишларни қилади)» (Анфол, 7 - 8).

Бадрда битта ваъда берилган эди: ё карвонни ўлжа олиш, ё жангда ғалаба қилиш. Бу ердаги оятдан маълум бўляптики, бу башорат қилинган ваъда - оят Қуръонга тиловати киритилмаган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларига махсус юборилган ваҳий орқали баён қилинган эди.

«Пайғамбар хотинларидан бирига (Ҳафсага) бир гапни (чўриси Мория талоғи ва халифаликни) хуфёна айтганини эсланг! Бас, қачонки (Ҳафса) у (сир) ҳа-қида (Ойшага) хабар бергач, Аллоҳ уни бундан воқиф қилди ва у (Ҳафсага ўзи билган нарсанинг) баъзисини билдирди ва баъзисидан юз ўгирди (билдирмади). Бас, қачонки (Пайғамбар Ҳафсага) хабарни айтгач, у: «Ким Сизга бу хабарни берди?» - деди, (Пайғамбар): «Менга Билувчи ва Хабардор (Аллоҳ) хабар берди», - деди» (Таҳрим, 3).

«Таҳрим» сурасида тўлиққисса бор: Аллоҳтаоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Ойша онамиз розияллоҳу анҳо ва Ҳафса онамиз розияллоҳу анҳо қилган ишларининг хабари ва уларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муносабатларини алоҳида ваҳий, Қуръонга тиловати киритилмаган оятлар орқали билдирган эди. Бунинг хабар берилгани Қуръони каримда йўқ.

Яна оят бор:

«Ҳали сизлар (Хайбар жангидаги) ўлжаларни олиш учун кетаётган вақтингизда (жиҳодга чиқмай уйда) қолган кимсалар: «Бизларга ҳам (ўлжа олиш учун) сизларга эргашишимизга (йўл) қўйингиз», - дерлар. Улар Аллоҳнинг каломини ўзгартирмоқчи бўладилар. Айтинг: «Сира ҳам бизларга эргашмайсиз. Аллоҳ илгари мана шундай дегандир». Бас, улар: «Балки, сизлар бизларга ҳасад (бахиллик) қилаётгандирсиз», - дерлар. Йўқ, улар камдан-кам (нарсаларнигина) англарлар» (Фатҳ, 15).

Бу ояти каримада Хайбар ғазотида мунофиқлар шерик бўлмаганлигининг хабари берилмоқда. Аллоҳ таоло уларни Хайбар ғазотида иштирок этмайди деб олдиндан хабар берган. Оятда: «Аллоҳ илгари мана шундай деган», - деб эслатилмоқда. Бироқ бу башоратнинг хабари Қуръони каримда келмаган, бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шахсан ўзларига махсус ва алоҳида ваҳий орқали билдирилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳозирги биз ўқиётган Қуръони каримдаги ваҳий қилинган ояти карималардан бошқа ҳам ҳукмлар ваҳий орқали юборилганига энг кучли далилимиз бор. Қуръондаги оятлардан бошқа ҳам ваҳий қилинган оятлар бўлганини саҳобаи киромлар ҳам яхши билишган. Ҳаммага маълумки, Ислом динида зинокорга бериладиган жазо Аллоҳ таоло томонидан белгиланган. У Қуръони карим ояти билан амалга киритилган:

«Зинокор аёл ва зинокор эркакнинг ҳар бирига юз дарра урингиз» (Нур, 2).

Мазкур оятда уйланмаган ва турмуш қурмаган эркак-аёл агар зино қилиб қўйишиб, ана шу зиноси устида тўртта одам гувоҳлигида қўлга тушиб қолса, бериладиган жазо ҳукми келган. Агар эркак уйланган, аёл эса турмуш қурган, оилали бўла туриб зино қилишса, уларга тошбўрон қилиш билан жазо берилганини кўпчилик эшитган. Бу жазо ҳам илоҳий амр бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга у ваҳий орқали билдирилган. Буни, айтганимиздек, саҳобалар жуда яхши билганлар. Жумладан, саҳобаларнинг энг кучли қориси Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу шундай деганлар:

«Қуръондаги «Аҳзоб» сураси «Баҳара» сураси билан баробар бўлган. Унда «Қари чол ва қари кампир агар зино қилсалар, уларни албатта тошбўрон қилингиз» деган оят бўлган» (Ҳоким, 3/3554).

Мазкур ҳадиснинг саҳиҳлиги олимлар томонидан таъкидланган.

Муҳаддис Ибн Можа раҳимаҳуллоҳнинг ривоят қилиши-ча, Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу минбарда туриб шундай деган эканлар:

«Замонлар ўтиб одамлар орасидан бирортаси: «Аллоҳнинг китоби Қуръонда тошбўрон қилиш ҳақида(ги ҳукмни) тополмадим», - деб Аллоҳнинг фарзларидан бирини тарк ҳилиб, адашиб кетишларидан кўрҳаман. Огоҳ бўлинг! Агар эркак уйланган бўлса, зино ҳилганига ҳужжат топилган бўлса ёки зинокор аёл ҳомиладор бўлиб қолса ёўзлари шуни эътироф этсалар, тошбўрон қилиш ҳукми ҳақиқатдир! Ҳақиқатдан мен бир пайтлар «Қари чол ва қари кампир агар зино қилсалар, уларни албатта тошбўрон қилингиз» деган оятниўқиганман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тошбўрон қилганлар, биз ҳам ундан кейин тошбўрон қилаверамиз» (Ибн Можа, 2/2553).

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу буни ҳали барча улуғ саҳобалар ҳаётлик пайтларида ҳамманинг олдида айтганлар. У зотнинг гапларини ҳеч ким инкор қилмаган. Демак, ҳақиқатан ҳам хотини ёки эри бор эркак ва аёл зино қиладиган бўлса, тошбўрон қилиниши тўғрисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга алоҳида махсус ваҳий қилинганлигини барча саҳобалар билганлар ва ушбу Қуръонга киритилмаган ҳукмга амал қилганлар.

Демак, юқоридаги барча ояти карималар шуни тасдиқлайдики, бугун биз ўқиётган ва тиловат қилаётган Қуръони каримдаги ояти карималардан алоҳида ваҳийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил бўлиб турган. Уларда шариат аҳкомлари билдирилган. Шунинг учун саҳобалар ҳам, кейинги авлодлар ҳам уларга худди Қуръони каримга амал қилгандек амал қилиб келишган. Гарчи ушбу хабарлар, кўрсатмалар Қуръонда учрамаса ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифларида мавжуддир. Хулоса шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифлари ҳам Аллоҳ таолонинг Қуръони карими сингари зарурий, шариатнинг асосий манбасидир.

Абу Исо Ат-Термизийнинг

"Сунани Термизий шарҳи" китобидан

 

 

 

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР