Марвон ибн Муҳаммад 691 йили Жазирада туғилган. Унинг отаси Муҳаммад ибн Марвон Жазира волийси эди. Марвон вояга етганидан сўнг бир неча фатҳ юришларида қатнашди. У қўрқмас жангчи бўлиши билан бирга ҳарбий ҳийлалардан моҳирлик билан фойдалана билган. Шунинг учун оз сонли қўшин ёрдамида кўп сонли душман қўшинини енга олар эди. Марвон 724 йили Румга юриш қилиб, Кунё шаҳрини фатҳ этди. 732 йили халифа Ҳишом акаси Масламанинг ўрнига Марвон ибн Муҳаммадни Кавказ ҳудудларидаги қўшин қўмондони этиб тайинлади.
744 йил халифа Иброҳим қўшинлари Марвон қўшинидан енгилиб, ўзи қочиб кетганидан сўнг ғолиб қўшин Дамашққа кирди. Бу вақтда Валиднинг ўғиллари қатл қилинганлиги учун уларнинг тарафдорлари Марвонга байъат қилдилар. Марвон халифалиги 6 йил давом этди ва 750 йил умавийлар сулоласига барҳам берилиши билан унинг халифалиги ҳам ниҳоясига етди.
Марвон халқдан байъат олганидан сўнг Шом таркибига кирувчи Дамашқ, Ҳимс, Урдун ва Фаластин шаҳарларига амир тайинлашни истади. Бу ишда ўша шаҳарлардан танланган вакилларга танлаш ҳуқуқини берди. Чунки халифа яманий ва қайсий низоси келиб чиқишини хоҳламас эди. Шаҳарлар ўз вакилларини тақдим қилдилар. Марвон уларни бирортасига эътироз билдирмади. Фаластин аҳли Собит ибн Нуаймни ўзларига амир бўлишини истади. У Арманистон юришида Марвонга хиёнат қилган эди. Шундай бўлса-да, Марвон эски гиналарни хотирлаб ўтирмади. Уни Фаластин амири бўлишига рози бўлди. Ишлар ўз ўрнига тушганидан кейин Марвон Ҳарронга қайтди ва уни ўзига қароргоҳ қилди.
Марвон Ҳарронда турган вақтда турли ўлкалардан байъат бериш учун элчилар кела бошлади. 745 йили байъат бериш учун Иброҳим ибн Валид ва Сулаймон ибн Ҳишом келди. Марвон қариндош-уруғчилик алоқалари тикланиши учун уларни кечирди ва байъатларини қабул қилди. Айни пайтда Иброҳим ибн Валид Уммон вилоятига волий этиб тайинланди.
Шомдаги исёнлар
Марвон ибн Муҳаммад даври ички низоларга тўла давр бўлди. Чунки бу даврда яманийлар ва қайсийлар кураши кескин тус олган бўлиб, халифаликнинг аксар вилоятларида улар ўртасида кураш бошланди. Айни пайтда умавийлар ўртасида ҳам ички низо авж олди. Вазиятдан яманийлар фойдаланди. Улар умавий шаҳзодалар етакчилигида Марвон ибн Муҳаммадга қарши исён кўтардилар.
745 йили Шомнинг турли ҳудудларида қўзғолонлар бўлиб ўтди. Улардан бири Ҳимсда кўтарилган исён эди. Халифа Марвон уни тинч йўл билан ҳал қилишга ҳаракат қилди. Бироқ унинг имкони бўлмагач, халифа исённи бостириш учун Ҳимсга борди.
Марвон ибн Муҳаммад Ҳимс исёнини бостириш билан банд бўлган вақтда Дамашқнинг Ғавта номли минтақасида яманийлар исён кўтарди. Уларга Холид ибн Абдуллоҳ ал-Қасрийнинг ўғли Язид ибн Холид етакчилик қилди. Исёнчилар Дамашққа юриш қилиб, уни қамал қилдилар. Марвон Дамашққа Абул Вард ибн Кавсар бошчилигида ўн минг кишилик қўшин жўнатди. Мазкур қўшин исённи бостирди ва Язид ибн Холид қатл этилди.
745 йили яманийлар Фаластин волийси Собит ибн Нуайм бошчилигида исён қўтарди. Халифа Марвон Абул Вард ибн Кавсарга мактуб ёзиб у ерга боришга буюрди. Абул Вард Фаластинга борди ва Собит ибн Нуайм қўшинларини мағлубиятга учратди. Собитнинг ўзи қочиб кетиб, Фаластинда яшириниб олди. Кейинчалик халифа томонидан тайинланган шаҳарнинг янги волийси Собитни қўлга олиб, халифа хузурига юборди.
Марвон ибн Муҳаммад ниҳояси
Марвон ибн Муҳаммад Ҳарронга қайтганидан сўнг кўп ўтмай шаҳарда жияни Аббон ибн Язидни қолдириб, ўзи Қиннисринга кетди. Абдуллоҳ ибн Али Ҳарронга келганида Аббон унга таслим бўлди.
Марвон Қиннисринга, сўнг Ҳимсга борди. У ерда яманийлар уни ўлдиришга ҳаракат қилди. Бироқ Марвон уларни мағлубиятга учратиб, Баолбек орқали Дамашққа келди. Шаҳар волийси Валид ибн Муовия унинг куёви эди. Марвон бу ерда ҳам узоқ вақт турмай Фаластинга, у ердан эса Мисрга жўнаб кетди. Абдуллоҳ ибн Али Дамашққа келди. Валид ибн Муовия унга қаршилик кўрсатди, лекин Абдуллоҳга укаси Солиҳ ибн Али бошчилигида 10 минг кишилик қўшин ёрдамга келди. Натижада Валид ибн Муовия кўп сонли қўшин олдида мағлуб бўлди ва Дамашқ эгалланди. Валид ибн Муовия ва унинг тарафдорлари қатл қилинди.
Абдуллоҳ ибн Алига халифа Абул-Аббос мактуб жўнатди. Унда Солиҳ ибн Алини Марвон ибн Муҳаммадни изидан юборишни буюрган эди. Абдуллоҳ ибн Али Шом волийси бўлиб қолди.
Марвон ибн Муҳаммад Мисрнинг Бусиро қишлоғидаги ибодатхонага яширинган эди. Солиҳ ибн Муҳаммад 750 йил июль ойида уни қўлга олди. У билан бирга оиласи ва Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламнинг ридолари, идишлари ва асолари бор эди. Солиҳ ибн Муҳаммад Марвонни қатл қилди ва Пайғамбар алайҳиссаломга тегишли нарсаларни олиб кетди.
Марвоннинг ўлими билан умавийлар давлати заволга юз тутди. Бу сулола вакилларидан 12 киши халифа бўлди. Уларни даврида халифаликда бир неча шаҳарлар, қасрлар ва масжидлар қурилди. Умавийлар сулоласидан Абдураҳмон ибн Муовия мағрибга қочиб кетди ва 756 йили Андалусда аббосийлардан мустақил давлат тузди. Шу жиҳатдан умавийлар давлати мусулмон ғарбида яшашда давом этди.
Умавийлар давлатининг заволга юз тутишига умавий шаҳзодалар ўртасидаги ички низо, хорижийлар ҳаракати ва бошқа омиллар сабаб бўлди. Айрим халифаларнинг ислом шариати қоидаларидан четла-шиши ва кўнгилхушликка берилиши аббосийлар ҳаракати ривожланишига сабаб бўлди. Шунингдек, қабилавий низолар умавийлар давлати инқирозининг омили бўлиб хизмат қилди.
Марвон ибн Муҳаммад даврида Шимолий Африка ва Андалус
Умавийлар сулоласи ҳукмронлигининг сўнгги йилларида хорижийлар шимолий Африкада янада фаоллашди. Улар араблар ва барбарлар ўртасидаги тўқнашув ва умавийлар мавқеининг тушишидан фойдаландилар. 745 йил бошларида шимолий Африкадаги раҳбарлик Уқба ибн Нофеъ наслидан Абдураҳмон қўлига ўтди.
Вазият Андалусияда кескин тус ола бошлади. У ерда яманийлар ва қайсийлар ҳамда ҳижозликлар ва шомликлар ўртасида келишмовчиликлар юзага келди. Араблар ва барбарлар ҳам бир-бирлари билан келиша олмасдилар. Халифа томонидан тайинланган волий Абул Хаттор Андалусда шомликлар катта таъсирга эга эканлигини билгач, уларни тарқатиб юборишни хоҳлади. Улардан Дамашқ, Ҳимс, Фаластин ва Урдун аҳолисини Андалуснинг турли шаҳарларига кўчирди. Абул Хаттор яманийлардан эди. Бу эса қайсийларни қўзғолон кўтаришга ундади. Улар Сумайл ибн Хатам бошчилигида исён кўтардилар. Икки ўртадаги жангда қайсийлар ғалаба қозонди. Сумайл ибн Хатам ҳокимиятни эгаллади, Абул Хаттар эса Бажу(Бажу - Туниснинг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган шаҳар.)га қочиб кетди.
Абул Хаттар ўз атрофига тарафдорларини тўплаб, 748 йил Андалусга қайта ҳужум қилди. Юз берган жангда Абул Хаттар ўлдирилди. Бошқарувни Сумайлга яқин кишилардан Юсуф ибн Абдураҳмон қўлга олди. Бир неча йилдан сўнг Андалусга аббосийлардан қочиб келган умавий Абдураҳмон ибн Муовия етиб келди. Уни Испаниядаги кўпчилик гуруҳлар қўллаб-қувватлади. Абдураҳмон Андалусиянинг биринчи мустақил умавий амири бўлди.
С.Умматалиевнинг
"Ислом тарихидан олтин саҳифалар" китобидан