Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Сабр нурдир», дея марҳамат қилганлар. Ҳар бир киши ўз ҳаётида истаса-истамаса қийинчилик ва машаққатларга дуч келади. Мусулмон киши шу каби учраган мусибат ва қайғулардан сабр билан чиқиб олиши лозим. Мусулмон киши ўз динида барқарор бўлиши ва дунёда тўғри ҳаёт кечириши учун «сабр» деган фазилатга албатта суянади. Мусулмон киши ҳар қандай қийин ва машаққатли ишларга бардош беришда ва унинг натижаларини ишонч билан кутишда ўзини чиниқтирсин! Аллоҳ таоло бу дунё имтиҳондан иборатлигини ва уни таҳликага солиб қўядиган ҳолатларга дуч келишини ҳамда ана шу вақтда фақат Ўзига илтижо қилиши лозим эканини айтиб қўйган:
«Албатта, Биз, то сизларнинг орангиздаги жиҳод қилувчи ва сабр қилувчиларни билгунимиз-ча ҳамда сизларнинг хабарларингизни синаб бўлгунимизча, сизларни имтиҳон қилурмиз» (Муҳаммад сураси, 31-оят).
Демак, киши ҳар қандай ҳолатда довдираб қолмай, унга сабр-тоқат ва пухта тайёргарлик билан пешвоз чиқиши мақсадга мувофикдир.
«...Агар сабр қилсаларингиз ва тақволи бўлсаларингиз, албатта, бу ишларнинг пухталиги-дандир» (Оли Имрон сураси, 186-оят).
Сабр икки хил бўлади: биринчиси, шу дунё ҳаёти билан алоқадорлик. Маълумки, Аллоҳ бу дунёни инсон учун абадий маскан қилиб эмас, балки вақтинчалик имтиҳон-синов маскани этиб яратди. Ҳар бир инсон ўз ҳаёти мобайнида бир-бирига туташ ҳалқалардан ўтиб боради. Натижада, бир-бирига қарама-қарши ҳолатларда имтиҳон қилинади, бир имтиҳондан чиқиб, иккинчи имтиҳонга ўтади. Бу гўё темирни тоблаш учун аввал ўтга солиб, кейин сувга ташлашга ўхшайди. Шунинг учун ҳам то қиёматгача ҳеч кимга насиб этмаган бойлик ато этилган Сулаймон алайҳиссалом бу дунё ҳақида шундай деган эканлар:
«Китобдан (Исми Аъзамдан) хабардор бўлган зот эса: «Мен кўзинг ўзингга қайтгунича (кўз очиб юмгунингча) уни сенга келтирурман», -деди. Бас, унинг (тахтнинг) ўз ҳузурида турганини кўргач, деди: «Бу Раббимнинг шукр қиламанми ёки ношукурлик қиламанми, имтиҳон этиш учун берган фазлидандир. Ким шукр қилса, бас, албатта у фақат ўзи учун шукр қилур. Ким ношукрлик қилса, бас, албатта, Раббим (ҳамма нарсадан) беҳожат ва карамлидир» (Намл сураси, 40-оят).
Модомики, бу дунё имтиҳон экан, нажот топиш учун бор кучни сарф қилиш керак. Ҳаётдаги тўсиқ ва ғовларга тўла йўлдан эсон-омон ўтиш учун киши сабрли бўлиши керак. Иккинчиси, имонга алоқадорлик.
Имон инсонни Аллоҳ билан боғловчи риштадир. Киши ўз имони қай даражада эканини синовлар ва ҳар хил ҳолатлардан билиб олади. Шунда имон ё ҳақиқий, ёки сохта бўлиб чиқади.
«Одамлар: «Имон келтирдик», - дейишлари билангина, синалмаган ҳолларида қолдири-ладилар, деб ўйладиларми?! Биз улардан ол-динги (имонли) кишиларни синаган эдик-ку! Бас, (шу синов билан ва усиз ҳам) албатта, Аллоҳ (имонда) содиқ кишиларни билур ва (шунингдек,) ёлғончиларни ҳам аниқ билур» (Анкабут сураси, 2-3-оятлар).
Ҳар қандай ишнинг зоҳири ҳам, ботини ҳам Аллоҳга маълум. Демак, инсон ўтиши лозим бўлган имтиҳон Аллоҳнинг чексиз қудратини кашф этиш учун эмас. У охиратда ўз амалига қараб ҳисоб беради. Охират кунида гуноҳкор кимсалар ўзларининг ёмон амалларидан тонганларида уларга қарши имтиҳон-ҳужжат бўлади ва уларга қарши ўз аъзолари гувоҳлик бериб, қилган амалларини гапириб берадилар:
«Уларнинг ҳаммасини йиғиб, кейин ширк кел-тирганларга Биз: «(Аллоҳ деб) ҳисоблаб юрган шерикларинг қани?» - дейдиган Кунни (эсланг!) Сўнгра уларнинг фитнаси («узри») фақат: «Раббимиз бўлмиш Аллоҳга қасамки, (биз) мушрик бўлмаганмиз!» - дейишлари бўлур. Ўзлари номидан ёлғон гапиришларини ва тўқиб юрган (сохта маъбуд)ларнинг улардан йўқолиб кетганини кўринг!» (Анъом сураси, 22-24-оятлар).
Сабр дунё ҳаётига алоқадор ҳақиқат ва имонга қараб бўлади. Одам, одатда, ҳақиқатни инкор этиб, қийинчиликлардан қўрқувга тушади, беморлик етса, озор чекади. Бирор иш, мусибат ёки кор-ҳол туфайли қийналиб қолса, Ер юзи торайиб, ҳаётдан умидини узади. Мусулмон бундай ҳолларда ўзини қўлга олиши ва унинг оқибатини сабр билан кутиши мақсадга мувофиқроқдир. Аллоҳтаоло айтади:
«(Ҳақиқатан) инсон шошқалоқ қилиб яратил-гандир. Яқинда Мен сизларга ўз аломатла-римни кўрсатурман. Бас, (Ўзим ирода этгунимга қадар) Мени шошилтирмангиз!» (Анбиё сураси, 37-оятлар).
Аллоҳнинг гўзал исмларидан бири Собурдир. Одам боласи қанча гуноҳ ишларни қилса ҳам, Аллоҳ унга азобни дарҳол юбормай сабр қилади.
«Улар Сиздан (истеҳзо билан Аллоҳ ваъда этган) азобни қистамоқдалар. Ҳолбуки, Аллоҳ ваъдасига сира хилоф қилмас. Дарвоқе, Раббингиз наздидаги бир кун сизларнинг ҳисобингиздаги минг йилга баробардир» (Ҳаж сураси, 47-оят).
Ҳаёт қийинчиликларига тоқат қилиш учун одам паҳлавон бўлиши керак. Зотан, оғир юкни кўтариш учун кучли йигитлар ёрдамга чақирилади-ку! Ҳаёт ҳам шундай. «Имтиҳон қандай одамларга оғир бўлади?» деган саволга Расулуллоҳ алайҳиссалом шундай жавоб бердилар: «Авввало пайғамбарларга, кейин улуғ инсонларга. Одамлар имонларига яраша синовда бўладилар. Кимки динида маҳкам бўлса, синов ҳам қаттиқ бўлади. Динида маҳкам бўлмаган одамга имтиҳон ҳам қаттиқ бўлмайди. Ер юзида инсонга шундай синовлар келаверади, ҳатто унда гуноҳ қолмайди». Бу каби синовлар уларнинг сабр-бардошларига яраша берилади. Ҳаёт ташвишлари баъзан инсон устидан ғолиб келса, баъзан инсон ундан ғолиб келади. Сабрли кишиларга Аллоҳ таоло ҳозирлаб қўйган савоблар бошқа ибодатлар учун белгилаб қўйилган савоблардан каттадир. Уқба опасининг ҳажга пиёда бормоқчи эканини айтганида, Расулуллоҳ унга шундай дедилар: «Опангнинг пиёда бориши Аллоҳга керак эмас. Бирор от ёки туяда борсин. Курбонлик сўйсин». Бу ҳақда Қуръони каримда Аллоҳ ҳам шундай марҳамат қилади:
«Агар шукр қилсангиз ва имон келтирсангиз, Аллоҳ сизларни азоблаб нима ҳам қилади?! Аллоҳ шукрни қабул этувчи ва билувчи зотдир» (Нисо сураси, 147-оят).
Ҳаётда қийинчилик ва машаққатларга сабр-бардошли бўлганларни динимиз мақтайди. Чунки динимизда хасталиклар ва касалликлар инсон учун бир имтиҳон экани ва бунга ирода ва куч-қувват билан пешвоз чиқиш зарурлиги, ғазабланиш мумкин эмаслиги таъкидлаб қўйилган. Расулуллоҳ алайҳиссалом бир бемор аёл ҳузурига кириб шундай дедилар: «Эгов темир зангини кетказгани каби бу иситма ҳам кишининг хатоларини кетказади».
Мусулмон киши бирор мусибатга дучор бўлса: «Аллоҳ мени унутиб, Ўз раҳматидан йироқ қилиб қўйди», дейиши нотўғридир. Афсуски, кейинги пайтларда баъзи мусулмонларда шундай тушунча мавжуд. Айтиб ўтганимиздек, ҳаёт қийинчиликлари одам билан ҳамиша бирга юради. Сабр ҳар хил бўлади: Аллоҳга итоатда сабр қилиш, мусибатларга сабр қилиш ва ҳоказо. Аллоҳга итоатда сабр қилиш бу Ислом рукнларига риоя қилишда намоён бўлади. Масалан, намоз ҳар куни такрор-такрор бажарилиши лозим бўлган фарз амал. Шунинг учун Аллоҳ таоло Ўз Китобида айтади:
«Аҳлингизни намоз (ўқиш)га буюринг ва (ўзингиз ҳам) унга (намозга) бардошли бўлинг! Сиздан ризқ сўрамаймиз, (аксинча), Биз сизга ризқ берурмиз. Оқибат (яхшилиги) тақво (аҳли)гадир» (Тэҳа сураси, 132-оят).
Мўминларнинг бир-бирлари билан дўст ва аҳил бўлиб яшаши, уларнинг баъзи хатоларидан кўз юмиши учун ҳам катта сабр керак:
«Сиз ўзингизни эртаю кеч Парвардигорлари «юзи»ни истаб, Унга илтижо қиладиган зотлар билан бирга сабр қилишга унданг!..» (Каҳф сураси, 28-оят).
Бошқаларни сабр-тоқатли бўлишга чақириш ҳақиқатга чақириш билан баробардир. Башариятнинг нажоти ҳам айнан мана шу фазилатларга боғлиқлиги ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади:
«Аср билан қасамёд этурманки, (ҳар бир) инсон зиёнда (бахтсизликда)дир! Фақат имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган, бир-бирларига ҳақиқатпарвар бўлишни тавсия этган ва бир-бирларига сабрли бўлишни тавсия этган зотларгина бундан мустаснодирлар» (Вал-аср сураси).
Гуноҳлардан сақланишда сабрли бўлиш бу инсоннинг ҳар қадамда ўша гуноҳларга қарши тура олишидир. Зеро, Расулуллоҳ алайҳиссалом бундай деганлар: «Дўзах ёқимли нарсалар ва Жаннат эса ёқимсиз нарсалар билан ўралгандир». Бу лаззат ва роҳатлардан юз ўгириш, манфур нарсаларга иқбол қилиш фақат сабрли кишидагина содир бўлади. Сабр - мустаҳкам имон ва Аллоҳни рози қиладиган амалларга юзланиш шарофатидир. Бундан ташқари, у мўминни ёмонлик ва пасткашликдан ҳимоя қилувчи бир руҳдир.
«Эй Раббимиз! Устимизга сабр (ёмғирини) ёғдир ва бизни мусулмонлик ҳолимизда вафот эттир!» (Аъроф сураси, 126-оят).
Мусибатларга сабр қилиш. Бу мўминнинг ўз жони, моли, обрўси ёки аҳли оиласига етган мусибатларга сабр қилишидир. Аниқки, бундай мусибатлар вақтинча. Мусулмон киши Аллоҳгагина илтижо этиб, ҳеч қандай мусибатни писанд қилмайди. Модомики, мўмин киши ўз динида бўшашмас ва имонидан тоймас экан, уни мусибатлар асло енга олмайди.
«Сизларни бир оз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар бе-ринг (эй Муҳаммад)! Уларга мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва ал-батта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз», -дейдилар. Айнан ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот (мағфират) ва раҳмат бордир ва айнан улар, ҳидоят топувчилардир» (Бақара сураси, 155-157-оятлар).
Умми Аъло айтади: «Касал бўлиб ётганимда Расу-луллоҳ алайҳиссалом менга шундай дедилар: «Эй умми Аъло, агар мусулмон киши бетоб бўлса, Аллоҳ унинг хатоларини олов темир зангини кетказгани каби кетказади». Яна бир ҳадисда: «Мўмин банда энг яқин кишисидан айрилганда сабр қилиб, шуни деб савоб умид қилса, Аллоҳ унга фақат жаннатни насиб қилади», дейилган.
Шуни унутмаслигимиз керакки, ўзимизга тегишли, деб ҳисоблаган нарсаларга Аллоҳ ҳаммамиздан ҳам ҳақлироқдир. Айтайлик, инсонга ўз фарзандидан ҳам яқинроқ кимса йўқ. Зотан, фарзанд инсон учун энг мўътабар, энг маҳбубдир. Ўз пуштикамаридан дунёга келиб, бағрида вояга етган, наслининг давомчиси, жигарпораси. Агар шундай фарзанди оламдан ўтса, ота болам, деб фарёд қилади. Шу ўринда дод-фарёд чекиш ўрнига: «Ота фарзандини йўқотган бўлса, уни эгаси бўлган Зот қайтариб олди. Ҳаётда кўзини очган бўлса, ўзи юмдириб қўйди. Ушбу танани ўстириб, вояга етказиб, аслига - тупроққа қайтарди», деб айтишимиз керак. Зеро, ота боласига болам, деса, уни яратган Зот бандам, дейди. Қосим ибн Муҳаммад айтади: «Менинг аёлим қазо қилган эди. Муҳаммад ибн Каъб таъзия изҳор этишга келиб, бир воқеани айтиб берди: «Бани Исроил қавмидан бир олим, обид, мужтаҳид кишининг гўзал аёли вафот қилади. Обид қаттиқ хафа бўлганидан уйига қамалиб, ҳузурига ҳеч кимни қўймади. Бундан хабар топган бир аёл келиб: «Олимга бир саволим бор эди», деб эшиги олдидан кетмай туриб олади. Олимга аёл ҳақида хабар айтилганида, киришга рухсат беради:
- Бир масала билан келган эдим.
- Хўп, нима экан?
- Қўшнимдан бир тақинчоқни омонатга олиб, узоқ вақт тақиб юрдим. Энди эса у тақинчоқларини талаб қиляпти. Қайтиб беришим шартми?
- Албатта!
- Ахир, у тақинчоқлар менда узоқ вақт турган эди-ку?!
- Нима бўпти? Унга қайтар. У бунга ҳақли.
- Баракалла! Аллоҳ сенга омонатга берган инсонни сендан қайтариб олса, шунга ўкиняпсанми? Ахир, У Зот аёлингга сендан кўра ҳақлироқ эмасми?!» деганида олимнинг кўзи очилган экан...».
Анвар қори Турсуновнинг
"Фазилатлар китоби" китобидан