loader
Foto

Ҳозирги даврда ҳадис санадлари

«Сиҳоҳи ситта» ва бошқа ҳадис тўпламлари икки жиҳатдан тўпланиши мумкин. Ҳар бир мусанниф ривоят қилган ҳадис ривояти то Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламгача етказилган. Мазкур муаллифдан то Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламгача оралиқдаги ровийлар силсиласи «санад» («иснод») деб аталади. Ушбу силсила ҳадисни айтаётган бизнинг давримиздаги ровий томонидан тўлиқ зикр қилиниши мумкин. Лекин ҳадис тўпламлари «мутавотир» даражада машҳур бўлгани боис у тарк этилиб, ҳадис тўплами муаллифи зикр қилиниб, «Бу ҳадисни фалончи муҳаддис ривоят қилган», - дейиш билан кифояланиш одат тусига кирган. Шунингдек, ҳадисни айтаётган бизнинг давримиздаги ровий томонидан ўзидан бошлаб то муаллифгача бўлган силсилага ҳам катта эътибор бериб келинади. Бу истилоҳда «сабт» (кўплиги «асбот») деб аталади. Ҳадис ровийларининг исмлари ҳадис айтаётган давримиз одамидан то муаллифгача, ундан эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламгача зикр қилиниши ба-ракага сабаб эканида шак-шубҳа йўқ. Шунинг учун табаррук ҳолда бу зотларнинг номлари асраб-сақланиб келади. Шайхлар ўз шогирдларига ҳадис тўпламларини ўқишга ва ўқитишга, таржима қилиб халққа етказишга ижозат берар эканлар, ушбу силсилаларни ҳам зикр этиб, ижозатномалар ёзиб беришган.

Асрлар давомида, аниқроғи, табаъа тобеъинлар даври (VIII аср]дан бери келаётган илм ўқиб-ўрганишнинг бир муҳим жиҳати бор. У ҳам бўлса ҳақиқатан ҳам ўқиб-ўрганилган илми бўйича ижозат олиш, ижозатномани, аниқ-роғи, шаҳодатнома (ўзига хос «диплом»)ни қўлга киритиш ҳолатидир. Диний илмларда бу борада энг оммалашган йўналишлари бўйича қироат, ҳадис ва тасаввуф етакчилик қилиб келади.

Диний илмларнинг барча йўналишлари бўйича ижозат берилганда қироатнинг, ҳадиснинг ёки илмни етказувчининг санади, яъни қироат, ҳадис ва илмни нақл қилган устоз ровийларнинг кетма-кетлиги силсила тарзида устоз шайхдан тортиб то китоб муаллифигача, ундан ҳам ўтиб тобеъину саҳоба ва охири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламгача бўлган силсиласи кетма-кетликда изчиллик билан етказилган бўлади. Шунинг учун бутун дунёда қироат илми бўлсин, ҳадисларни ўқиб-ўрганиш бўлсин, тасаввуфий сабоқларни муршиддан олганлик бўлсин, барчасида ижозат олган ана шу оддий толиби илмдан то Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламгача бўлган ровийлар занжирига уланиб қолиш жуда қадрли ва буюк неъматдир, илмдаги жуда катта омонатдорлик ва бошқаларга нисбатан даражадир.

Бизнинг давримизда «Сиҳоҳи ситта»нинг муаллифларигача бўлган ровийлар ва устозлар силсиласи - санаднинг мадори Абдулғани Мужаддидий раҳимаҳуллоҳда айланади. У зот иккинчи минг йилликнинг мужаддиди деб таъ-рифланадиган Имом Раббоний Аҳмад ас-Сирҳиндий қуддиса сирруҳунинг авлодидан бўлмиш Абдулғани ибн Абу Саъид ал-Умарий ад-Деҳлавий раҳматуллоҳи алайҳдир. У зот 1235 - 1296 ҳижрий, 1820 - 1879 милодий йилларда яшаганлар. Ёшликдан Қуръон ҳофизи бўлиб, илм олиб, Макка-Мадина шаҳарларида илм орттириб қайтганлар. «Сунани Ибн Можа»га «Инжоҳ ал-ҳожат» номли шарҳ битганлар.

Абдулғани Мужаддидий раҳимаҳуллоҳтомонидан барча ҳадис тўпламларининг мусаннифларигача етказилган санадлар тўпланиб, рисола ҳолига келтирилган. У «ал-Ёнеъ ал-жаний» деб аталади. Покистоннинг бош муфтийси бўлган Мавлоно Муҳаммад Шафеъ раҳимаҳуллоҳ эса Девбанд уламоларининг Шоҳ Абдулғани Мужаддидий раҳимаҳуллоҳга етадиган санадларини тўплаб, бир рисола ҳолига келтирганлар. У «ал-Издиёд ас-саний ъала «ал-Ёнеъ ал-жаний» деб аталган бўлиб, Карочининг «Дор ал-улум» мактабасида нашр қилинган.



"Сунании Термизий шарҳи" китобидан

Абу Исо Ат-Термизийнинг