loader
Foto

Абу Абдуллоҳ Хафиф Ал-Шерозий

Тариқат аҳлининг пешвоси, илоҳий маърифат билимдони Шайх Абу Абдуллоҳ Хафиф 241/855 йилда Шероз вилояти ҳокиминииг қўшин бошлиғи хонадонида дунёга келган. Унинг онаси нишопурлик бўлган.

Абдуллоҳ Хафиф дастлаб Шайх Абулаббос ибн Аҳмад ибн Яҳёдан тарбия олган. Ёшлигиданоқ илоҳиёт, ислом асослари ва тасаввуфга шайдо бўлган. Риёзати маълум ва машҳур бўлиб, «охиратда юким енгил бўлади» деб бир кеча-кундузда ифтор маҳалида етти дона майиз еган. «Хафиф» (енгил) лақабини олган. Абдуллоҳ ҳадис илмига қизиқиб, Абу Абдуллоҳ ибн Аҳмад Шордоний ҳамда Абдуллоҳ ибн Жаъфар Арзгонийдан сабоқ олган.

Хафиф Жунайд Бағдодий суҳбатида бўлган. Абу Муҳаммад Руваймдан тасаввуф назариясини тугал ўрганиб, унинг қўлидан хирқа кийган. Жарир Абулаббосдан дарс олган. Мансур Ҳаллож билан суҳбатлашган.

Хафифнинг бир дона шолчаси бўлиб, йигирма йил уни кийиб юрган. Ҳар йилда тўрт марта чилла ўтирган. Бир неча марта ҳажга бориб, Шом ва Мадина шаҳарларини пиёда кезиб чиққан. Хафиф Маккада Абулҳасан Мазин, Абу Али Рудборий, Абу Бакр Каттоний, Абу Яқуб Наҳржурий каби машойихлар суҳбатида бўлган.

Жаҳонгашта Шайх Муҳаммад Хафиф Марказий Осиё шаҳарлари, Ҳиндистону Сарандиб (Цейлон)да бўлган. Будда роҳиблари билан мунозара қилган. Қирқ йил умр кўриб, 281 -хижрий йилда Шерозда вафот этган.

Муҳаммад Хафифдан ислом тарихи, тасаввуф назарияси ва амалиётига доир ўнлаб илмий рисолалар мерос қолган. Жумладан, «Шарҳ ул-фақр», «Шарҳ ул-фазойил», «Ал-фусул фий ас-савол», «Ал-савомеъ ал-манқатайн», «Ихтилоф ул-нос фий ар-руҳ», «Ал-муфрадот», «Ал-жомеъ ут-тафриқа» каби рисолалари ўша давр исломшунослари, илму адаб аҳли томонидан илиқ кутиб олинган.

«Шарҳ ул-фақр»нинг шуҳрати ҳақида муаллиф шундай хотирлайди: ушбу китобни ёзиб битиргач, Абу Бакр Зайд номли дўстим ўқиш учун бир нусхасини мендан сўради. Иттифоқо, бир куни бир қанча машойихлар суҳбатида бўлиш насиб этди. Абу Бакр менинг ўша китобимни уларга ўқиб берар, ҳаммалари бошларини қимирлатиб офаринлар айтишар эди.

Шу пайт улардан бири сўради:

- Бу китобнинг муаллифи ким?

Абу Бакр мени кўрсатди. Бу орада намоз вақти бўлди. Барча мени имомликка ўтишимни сўрадилар.

Дедим:

- Устод шайхлардан бири имомликка ўтишсин, ҳали бу мартабага муносиб эмасман.

Жамоадагилар сўзларида қатъий туриб, дедилар:

- Шундай китобни ёзган одамнинг имоматга ўтиши вожибдир.



Абдуллоҳ Хафифнинг ходими ифторликка узум берди. Хафиф узумларни еди. Х,ар доимги тоатидан оладиган ҳаловатни топа олмади. Сабабини сўради.

Ходим деди:

- Ожиз ва кучсиз эканингдан хавотирга тушиб, ортиқча узум берган эдим.

Абдуллоҳ Хафиф ходимга рухсат бериб, бошқа ходим тайин этди.



Ҳар ким сўфийларга (билмасдан) таъна қилса, қўлларидан айрилади.



Хафиф хонақохда бошдан-оёқ қора кийим кийган дарвешдан сўради:

- Нега қора либос кийдинг?

Дарвеш деди:

- Аллоҳимни (нафсимни) ўлдирдим, шунинг учун қора либос кийдим.

Абдуллоҳ Хафиф дарвешни синаш мақсадида хонақохдан ҳайдаб юборди. Дарвеш қайтиб келиб, ўтирди. Бу ҳолат етмиш марта такрорланди. Дарвешнинг ботини ҳам, зоҳири ҳам ўзгармади.

Абдуллоҳ Хафиф Қуръоннинг Жосия сураси, 21-оятини ўқиди(Қуръони карим. Жосия сураси, 21-оят. Эй Муҳаммад, ҳавойи нафсини ўзига илоҳ қилиб олган ва Аалоҳ уни (азалан гумроҳ бўлишини) билган ҳолда адаштириб, қулоқ ва қалбини муҳрлаб, кўзига парда тортиб қўйган кимсани кўрдингизми? Бас, уни Аллоҳ (адаштирган)дан сўнг ким ҳидоят қила олур? Ахир (бундан) эслатма олмайсизларми?!) ва дарвешнинг ёнига келиб деди:

- Эй ёронлар, дарвешнинг «Аллоҳимни ўлдирдим» дегани ўз нафсимни ўлдирдим деганидир. Билингларки, ҳар ким ўз нафсига тобе бўлса, худди нафсини Аллоҳ деган ва унга сиғинган бўлади.



Сўрадилар:

- Тақво нима?

Абдуллоҳ Хафиф деди:

- Маҳбубга етиш учун Ҳақдан бошқасидан кесилишдир.



Абдулоҳ Хафиф йигитлик чоғида Маккага йўл олди. Қўлида бир арқон ва бир сув идиш бор эди. Йўлда сувсизлик ғолиб келиб, чанқади ва узоқда бир кийикнинг қудуқдан сув ичаётганини кўрди. Хафиф сув олмоқчи бўлган эди, сув қудуқнинг тубга тушиб кетди. Абдуллоҳ ҳайрон бўлиб «Хафифдан кийикнинг мартабаси ортиқ экан» деди ва арқон ва сув идишни ташлаб, йўлга тушди. Ҳотифдан овоз келдики:

- Кийикнинг эътиқоди бизга маҳкам бўлгани учун унинг мартабаси ортиқ. Сени синаган эдик, боргил, сув сенга мунтазирдир.

Хафиф ортига қайтди. Қудуқ суви лиммо-лим бўлди.



Хафиф ҳаждан қайтгач, Бағдод шаҳрига келди. Жунайд Бағдодий Хафифга деди:

- Эй Абдуллоҳ, агар сен «сувга эҳтиёжим йўқ» деб кетганингда, сув Маккагача ортингдан оқиб келган бўлар эди.

Хафиф Жунайд Бағдодийнинг «қутби аср» эканига ишонди.

Ҳамиджон Ҳомидийнинг

"Тасаввуф аломатлари" китобидан