Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан
1. Абу Лаҳабнинг қўллари қуригай — ҳалок бўлгай! (Аниқки,) у қуриди — ҳалок бўлди!
2. Мол-мулки ва касб қилиб топган нарсалари унга асқотгани йўқ!
3-4-5. Яқинда унинг ўзи ҳам, унинг ўтин орқалаган, бўйнида пишиқ толадан (эшилган) арқон бўлган хотини ҳам (ловуллаб турган) алангали дўзахга киражак!
Изоҳ: Абу Лаҳабнинг хотини Умми Жамил доимо кишиларни Пайғамбир алайҳиссаломга қарши гиж-гижлиб, уларнинг ўртасида адоват ўтини ёқиб юргани сабабли Куръон уни "ўтин орқалаган" деб сифатлади ва дўзахга ҳам эри билан бирга худди ўша ҳолида кириши ҳақида хабар берди. (Масад сураси)
ҚУРЪОН, ҳаётнинг энг муҳим ҳақиқатларини айнан ҳаётнинг ўзидаги воқеликлар орқали бизга етказади. Буни қилар экан, бир ҳодиса ёки шахс орқали жуда кўп ибратлар беради. Бу тирик воқеаларга ибрат кўзи билан қараганлар ўтмишда содир бўлган бир ҳодиса ёки ўша ўтиб кетган бир шахсда тўхтаб қолмайди; балки бу воқеа орқали қиёматга қадар барча инсонлар учун муҳим дарслар олишади.
Абу Лаҳаб ҳақидаги сура ҳам Қуръон тақдим қилган тирик ибрат лавҳаларидан биридир. Бу ерда биз иймон аҳлига адоват қилишда рамзга айланган бир шахсни кўрамиз.
Бундан ташқари, у Пайғамбаримизга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) душманлик қилишни кутилмайдиган шахслардан бири эди. Агар Пайғамбарга бутун дунё қарши чиқса ҳам, унинг ёнида қоладиган бир нечта инсондан бири ёки ҳатто биринчи бўлиши керак бўлган шахс айнан ўз амакиси бўлиши лозим эди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) етими эканлигини ҳисобга олсак, Абу Лаҳабдан кутилган нарса фақат бир отанинг меҳри ва ҳимояси бўлиши керак эди. Лекин у, Пайғамбаримизга яқинлигига умуман мос келмайдиган ва у билан насаб жиҳатидан энг узоқ одамдан ҳам кутилмайдиган тарзда, унга ва у келтирган динга қарши душманлик қилди — хотини ҳам у билан бирга.
Қариндошликнинг энг яқин нуқтасида адоватнинг энг юқори даражада намоён бўлиши бизга ҳаётнинг муҳим бир ҳақиқати билан юзлаштириб, ҳар замон ва ҳар жойда пайдо бўлиши мумкин бўлган душманликларга тайёр туришимиз кераклигини эсга солади.
Бу дарсни берар экан, Қуръон бир мўъжизасини ҳам кўрсатади:
Абу Лаҳабнинг келажагини ҳақиқатга мос тарзда хабар беради.
Бу оятлар нозил бўлган пайтда, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) атрофидаги биргина мушкул аҳволдаги мусулмонлар Макка даврининг оғир шароитида яшаш учун кураш олиб бораётган эдилар. Кейинчалик Ислом қадамма-қадам тараққий қилди. Мусулмонлар бирин-кетин кўпайди. Бу даврда ҳатто исломга энг қаттиқ қаршилик қилган кимсалардан ҳам кўплари ўз иродалари билан Исломни танладилар. Албатта, бу шахслар Аллоҳ ва Унинг Расули ваъда қилганидек, мусулмон бўлиш орқали ўтмишдаги гуноҳларидан халос бўлдилар. Ҳатто улардан кўплари Ислом йўлида жонларини фидо қилиб шаҳидлик мақомига эришдилар.
Уларнинг қўлидаги имконият, аслида, Абу Лаҳабда ҳам бор эди. У ҳам бир куни келиб: "Мен ҳам мусулмон бўлдим", дейиши мумкин эди. Буни чин қалбидан айтган лаҳзада ҳам ўтмиш гуноҳлари кечирилар ва у янги ҳаётни тоза бир ҳолатда бошлар эди.
Лекин бу ҳолда Қуръоннинг Абу Лаҳаб ҳақидаги хабарлари — ҳаша! — ёлғонга чиқарилган бўларди.
Бироқ Абу Лаҳаб бу сура нозил бўлгандан кейин тахминан ўн беш йилча кофир ҳолда яшади ва кофир ҳолда ҳалок бўлди.
Жуда ғалати ва ибратли ҳолат: Абу Лаҳаб қўлида Исломни қабул қилиш орқали Қуръоннинг бир хабарини ёлғонга чиқариш ва ўз ботил даъвосини исбот қилиш имконияти бор эди.
Бироқ у кофир бўлиб қолгани билан Қуръон хабарини тасдиқлади.
Бу келажакни суранинг биринчи ояти "Нидо бўлдики, ҳақиқатда шундай ҳам бўлди" деб таъкидлайди. Чунки Қуръон оятларида ўтган замон шаклида келтирилган иборалар кўпинча келажак ҳақидаги нозик ишораларни ўз ичига олади. Баъзан бу ишораларда илмий кашфиётларга, баъзан эса кейинроқ тўғрилиги тасдиқланадиган хабарларга ишора бўлиши мумкин. Бу ерда эса Абу Лаҳабнинг келажакдаги ҳалокати, замонга азал нуқтаи назаридан қарайдиган Қуръон томонидан аллақачон содир бўлган воқеа сифатида хабар берилди.
Ҳа, Қуръон бир хабар берганда, уни ёлғонга чиқарадиган ҳеч ким бўлмайди.
Вақт ҳам уни тасдиқлайди, дўст ҳам, душман ҳам.
Ҳатто Абу Лаҳаб ва унинг хотини ҳам.
Абу Муслим таржимаси