Аммор Сиффийн жангида мўминлар амири ҳазрати Алининг ёнида туриб, шомликлар томонидан ўлдирилган эди. Шундай қилиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг Амморни осий бир жамоа ўлдириши ҳақидаги олдиндан берган хабари юзага чиқди ва рўёбга ошди. Шунингдек, ҳазрати Алининг ҳақ йўлда, Муовиянинг эса тажовузкор экани аён бўлди.
Ибн Жарир Зайд ибн Ваҳб ал-Жуҳанийдан ривоят қилганки, Сиффийн жанги пайтида Аммор ибн Ёсир шундай деган эди: «Ким Раббисининг розилигини истаса ва мол-мулк билан фарзандларга эътибор бермаса, бу ерга келсин.» Шундай деганидан сўнг бир гуруҳ одам унинг ёнига келди. Аммор уларга шундай деди: «Эй одамлар! Келинглар биз билан бирга мана шу Усмоннинг қасосини олмоқчи бўлган ва унинг ҳақсиз ўлдирилганини даъво қилаётган мана шу қаршимиздаги қавм устига ҳужум қилайлик. Аллоҳга қасамки, буларнинг мақсади Усмоннинг қасосини олиш эмас. Аксинча, булар дунёнинг таъмини тотганлар, дунёнинг ширинлигига ишонч ҳосил қилганлар, охиратнинг аччиқ ва заҳар эканини гумон қилганлар. Шунинг учун ҳам охиратдан воз кечганлар. Ва шуни англаганларки, агар ҳақ уларнинг орасида ҳукм қилса, улар билан бу дунё лаззатларига шўнғиб кетган ҳаётлари ўртасига кириб, уларни бу неъматлардан узоқлаштиради. Уларнинг исломий ҳаётда ҳеч қандай устунликлари йўқки, бу устунликлари сабабли мусулмонларнинг уларга итоат қилишларини ва бу халифалик юкини ўз зиммаларига олишларини истасинлар. Улар: «Бизнинг имомимиз ҳақсиз ўлдирилди», деб ўз атрофларидаги одамларни алдадилар. Мақсадлари ҳақиқатда зўравон ҳукмдорлар бўлишдир. Мана шу кўриб турганингиз нуқтага етишдилар. Агар уларнинг бу даъволари бўлмаганида, мусулмонлардан икки киши ҳам уларга тобеъ бўлмас эди. Жуда хор, жуда пасткаш бўлишар ва атрофларидаги одамларининг сони ҳам оз бўлар эди. Аммо ботил сўзнинг ғофил кишиларнинг қулоғида бир ширинлиги бор. Аллоҳга тўғри ва гўзал юриш билан юринглар. Уни кўп зикр қилинглар.»
Аммор ибн Ёсир бу нутқини сўзлагандан сўнг олдинга юрди. Қаршисига Амр ибн Ос билан ҳазрати Умарнинг ўғли Убайдуллоҳ чиқдилар. Аммор уларни койиб танбеҳ берди ва уларга насиҳат қилди. Уларга жуда оғир сўзлар айтгани ҳақида ҳам ривоятлар бор. Тўғрисини Аллоҳ билади.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Абдуллоҳ ибн Саламанинг шундай деганини ривоят қилган:
«Сиффийн жангида Амморни қорачадан келган, узун бўйли, кекса бир одам сифатида кўрдим. Найзасини қўлида ушлаб шундай дер эди: «Нафсим қудрати қўлида бўлган Аллоҳга қасамки, мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга мана шу найзам билан уч марта жанг қилдим. Бу тўртинчи жангдир. Нафсим қудрати қўлида бўлган Зотга қасамки, агар булар бизни урсалар ва бизни Ҳажар хурмозорларигача чекинтирсалар, ўшанда биламанки, бизнинг ислоҳотчиларимиз ҳақ йўлдадирлар. Улар эса залолатдадирлар.»
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Қайс ибн Аббоднинг шундай деганини ривоят қилган:
«Аммор ибн Ёсирга дедимки:
• Али билан бирга елкама-елка жанг қилишингиз, сиз муносиб кўрган ўз фикрингизми? Агар шундай бўлса, киши ўз фикрида баъзан янглишади, баъзан эса тўғри топади. Ёки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бу борада бир кўрсатмаси бормики, Али билан бирга елкама-елка жанг қиляпсиз?
• Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бутун халқдан алоҳида бизга хос бир кўрсатма бермаганлар.»
Ораларида Ҳорис ибн Сувайд, Қайс ибн Убода, Абу Жуҳайфа, Ваҳб ибн Абдуллоҳ ас-Саваъий, Язид ибн Шурайк ва Абу Ҳассан ал-Ажрад ҳам бўлган тобеинлардан бир жамоатдан нақл қилинганки, бу нақл Бухорий ва Муслимнинг саҳиҳларида собитдир, юқорида исмлари зикр қилинганларнинг ҳар бири шундай деганлар:
«Мен Алига шундай савол бердим:
• Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бошқа одамларга айтмаган, фақат сизга хос равишда айтган бир гаплари борми?
• Йўқ, донни ёрган, жонлиқни яратган Зотга қасамки, бу Жаноби Аллоҳнинг Қуръонда бир қулига берган бир фаҳмидир. Ва бу саҳифада бор нарсадир.
• Бу саҳифада нима бор?
Саҳифага қараганимда у ерда дият ва асирни озод қилиш, бир кофир киши сабабли бир мусулмон кишининг ўлдирилмаслиги, Мадинанинг Сабир тоғи билан Савр тоғи орасидаги қисмлари Ҳарам саналиши ёзилган эди.»
Бухорий ва Муслимнинг саҳиҳларида ривоят қилинишича, Сиффийн жангида Саҳл ибн Ҳаниф шундай деган:
«Эй одамлар! Динга қарши фикрингизни айбланг. Чунки Ҳудайбия кунида Абу Жандалнинг воқеасини кўрганимда, агар қўлимдан келганида Расулуллоҳнинг ўша борадаги қарорларига қарши чиқар эдим. Валлоҳи, исломга кирганимиздан бери бизга берилган қатъий бир амр қаршисида қиличимизни елкаларимизга олиб жанг қилмадик. Ва натижада ҳам ўзимиз муносиб кўрган бир ечимга эришдик. Аммо бу жангимиз бундай эмас. Биз бу воқеада қайси бир тирқишни ёпган бўлсак, бошқа бир тирқиш қаршимизда пайдо бўлди. Нима қилишни билмай қолдик.»
Иброҳим ибн Ҳусайн ибн Дизил Аҳнаф ибн Қайснинг шундай деганини ривоят қилган:
«Аммор ибн Ёсир сўнгра шомликлар устига ҳужум қилди. Ибн Жавий ас-Сақсакий билан Абул-Ғозия уни найза билан яралади. Ибн Жавий эса бошини танидан жудо қилди. Зулкило Амр ибн Оснинг шундай деганини эшитди:
«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аммор ибн Ёсирга: «Сени осий бир гуруҳ ўлдиради. Ва ичадиган энг охирги нарса бир коса сут бўлади», деганлар.»
Зулкило Амрга шундай дер эди:
• Эй Амр, сенга вой бўлсин, бу нимаси?
Амр ҳам унга шундай дер эди:
• У бизга қайтади.
Аммор Зулкилодан кейин урилганида Амр ибн Ос Муовияга шундай деди: «Буларнинг қайси бирининг ўлимига кўпроқ хурсанд бўлганимни билмайман. Амморнинг ўлдирилишигами ёки Зулкилонинг ўлдирилишигами кўпроқ хурсанд бўламан? Буни билмайман. Аллоҳга қасамки, Амморнинг ўлдирилишидан кейин Зулкило ҳаётда қолганида, бутун Шомликларга юзланар ва аскарларимизни бизга қарши фитнага гирифтор қилар эди.
Амморнинг ўлдирилишидан кейин одамлар Муовия билан Амр ибн Оснинг ёнига келиб: «Амморни мен ўлдирдим», дейишар эди. Амр ҳам шундай деганларга: «Сен уни ўлдираётганингда у нима дер эди?» деб сўрар эди. Одамлар аралаш жавоблар беришар эди. Ниҳоят Ибн Жавий келди. Унга ҳам ўша саволни берганларида у шундай деди: Мен Амморнинг шундай деганини эшитдим:
«Дўстларга қовушяпман, Муҳаммадга ва унинг гуруҳига қовушяпман.»
Амр ибн Ос Ибн Жавийга шундай деди: «Тўғри айтдинг, демак, сен уни ўлдиргансан. Аммо шошмагин-чи. Аллоҳга қасамки, қўлларинг зафар топмади. Аксинча, Раббинг сенга ғазаб қилди.»
Анас ибн Моликдан марфуъ равишда ривоят қилинган бир ҳадисда шундай буюрилган:
«Аммор икки нарсадан бирини танлаш ихтиёрига қўйилганида, албатта у бу нарсаларнинг энг тўғрисини танлайди.»
Яъқуб ибн Роқитдан ривоят қилинишича, ўлдирилган Аммор ибн Ёсирнинг устидаги нарсаларни талон-торож қилиш ва уни ким ўлдирганлиги борасида икки киши баҳслашдилар. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оснинг ёнига келиб уларнинг ўртасида ҳакамлик қилишини сўрашди. Абдуллоҳ уларга шундай деди:
• Сизларга вой бўлсин, ёнимдан чиқинглар, йўқолинглар. Зеро Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қурайшликлар Аммор билан ҳазиллашаётган пайтда шундай деган эдилар: «Мана шу қурайшликларга ва Амморга нима бўлди, ундан нима исташяптилар? Аммор уларни Жаннатга даъват қиляпти, улар эса уни дўзахга даъват қиляптилар. Амморни ўлдирган ва устидаги нарсаларни талон-торож қилган киши дўзахдадир.» Эшитишимча, Муовия Амморнинг ўлдирилиши воқеаси борасида шундай деган: «Уни бу жангга олиб келганлар ўлдирдилар. Шундай қилиб шомликларга тузоқ қўймоқчи бўлишди. Шомликлар уни ўлдирганлиги ҳақидаги ёлғонни тарқатишди.»
Иброҳим ибн Ҳусайн Ҳанзала ибн Ҳувайлиднинг шундай деганини ривоят қилган:
«Бир пайт мен Муовиянинг ёнида эдим, икки киши Амморни ўлдирганларини даъво қилиб унинг ҳузурига келдилар. Баҳслаша бошладилар. Амр ибн Оснинг ўғли Абдуллоҳ уларга шундай деди: «Амморни ўлдириш борасида ҳар бирингиз бошқасига нисбатан қалбингизни хотиржам тутинг. Зеро мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: «Амморни осий ва тажовузкор бир гуруҳ ўлдиради», деганларини эшитдим.» Абдуллоҳнинг шундай деганидан сўнг Муовия Абдуллоҳнинг отаси Амр ибн Осга: «Мана шу жинни ўғлингни ёнимизда гапиришдан тўхтатсанг-чи», деди. Сўнгра Абдуллоҳга юзланиб шундай деди:
• Сен нега биз билан бирга жанг қилмаяпсан?
• Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) отам ҳаёт экан, унга итоат қилишимни менга буюрганлар. Мана мен сиз билан биргаман, аммо жанг қилмайман.»
Яҳё ибн Наср Ибн Аби Маликанинг шундай деганини ривоят қилган:
«Амр ибн Оснинг ўғли Абдуллоҳ отасига шундай деди: «Агар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сенга итоат қилишимни менга буюрмаганларида, сен билан бирга бу ерларгача келмас эдим. Сен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг Аммор ибн Ёсирга: «Сени осий ва тажовузкор бир гуруҳ ўлдиради», деганларини эшитмаганмидинг?»
Яҳё ибн Наср Шаътафнинг шундай деганини ривоят қилган:
«Амморнинг қотили келиб Муовиянинг ёнига киришга изн сўради. Ўша пайтда Муовиянинг ёнида Амр ибн Ос ҳам бор эди. Амр: «Ичкари киришига изн бер ва уни дўзахлик бўлиш билан хушхабар қил», деганида, одам Муовияга: «Амрнинг айтганларини эшитмаяпсанми?» деб сўраганида Муовия шундай жавоб берди: «Амр тўғри айтди. Аммо Амморни ўлдирганлар уни бу ерга олиб келганлардир. Уни бу жангга киритганлардир.»
Бухорий ва Муслимнинг саҳиҳлари ҳамда бошқа китобларда собит бўлишича, ораларида Ҳорис ибн Сувайд, Қайс ибн Убода, Абу Жуҳайфа Ваҳб ибн Абдуллоҳ ас-Саваъий, Язид ибн Шурайк, Абу Ҳассан ал-Ажрад ва бошқалар ҳам бўлган бир тобеинлар жамоасидан ҳар бири шундай деганлар: «Мен Алига дедимки:
• Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бошқа одамларга айтмаган, фақат сизга хос равишда айтган бир нарсалари борми?
• Йўқ. Донни ёрган, жонлиқни яратган Аллоҳга қасамки, бу фақат Аллоҳнинг Қуръонда бир қулига берган бир фаҳмидир ва бу саҳифада бор нарсалардир.
• Бу саҳифада нима бор?
Мен шундай дегандан сўнг ўша саҳифага қараганимда унда диятдан, асирни озод қилишдан, бир мусулмоннинг бир кофир сабабли ўлдирилмаслигидан ва Мадинанинг Себир тоғи билан Савр тоғи орасидаги қисмлари Ҳарам саналишидан баҳс қилинар эди.»
Яна Бухорий ва Муслимнинг саҳиҳларида собит бўлишича, Сиффийн жангида Саҳл ибн Ҳаниф шундай деган:
«Эй одамлар! Динга қарши фикрингизни айбланг. Мен Ҳудайбия кунида Абу Жандалнинг келишини кўрдим. Агар қила олсам, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг уни қайтариш борасидаги қарорларини рад этар эдим. Аммо буни қила олмадим. Валлоҳи, биз исломга кирганимиздан бери бизга берилган қатъий бир амрга қарши қиличларимизни елкаларимиз устига қўймадик. Қўйганимизда ҳам албатта ўша қийин ишни осонлаштирар эдик. Аммо бу жанг ишини ҳеч қандай олдини ола олмадик.»
Ибн Жарир Абу Абдурраҳмон ас-Суламийнинг шундай деганини ривоят қилган:
«Сиффийн жангида ҳазрати Али билан бирга эдик. Унинг отини қўриқлаш учун икки кишини вазифалантирган эдик. Улар ҳазрати Алининг фронтга кириб жанг қилишига тўсқинлик қилар эдилар. Ғафлатларидан фойдаланган ҳазрати Али дарҳол ҳужумга ўтар ва қиличи қонга ботмасдан қайтмас эди. Яна у бир куни душманга қарши ҳужумга ўтган, қиличи эгилмагунча қайтмаган эди. Эгилган қиличини одамларининг устига отиб: «Агар қиличим эгилмаганида жанг қилишдан қайтмас эдим», деди.»
Яна Абу Абдурраҳмон ас-Суламий деди: Мен Амморни ҳам бу жангда кўрдим. Сиффийн водийларидан бирини эгаллаганида у ердаги саҳобалар ҳам унинг орқасидан эргашишар эди. Унинг ҳазрати Алининг байроқдори бўлган Ҳошим ибн Утбанинг ёнига бориб шундай деганини кўрдим.
• Эй Ҳошим, олдинга юр! Жаннат қиличларнинг сояси остидадир. Ўлим найзаларнинг учидадир. Жаннатнинг эшиклари очилган, катта кўзли ҳурлар безангандирлар. Бугун дўстларга қовушяпман. Муҳаммадга ва унинг гуруҳига қовушяпман.
Шундай дегандан сўнг Аммор билан Ҳошим биргаликда душманга қарши ҳужумга ўтдилар ва ўлдирилдилар. Улуғ Аллоҳ уларга раҳмат қилсин.
Абу Абдурраҳмон ас-Суламийдан шундай ривоят қилинган: Ўша пайтда ҳазрати Али ва унинг дўстлари шомликлар устига тўсатдан ҳужумга ўтдилар. Ҳазрати Алининг ёнида Аммор билан Ҳошим ҳам бор эди. Кеч киргач мен: «Бу кеча шомликларнинг қўрғонига кираман ва Амморнинг ўлими бизга қанчалик таъсир қилганидек, уларга ҳам таъсир қилганми ёки йўқми, шуни англайман», дедим. Жанг тугагач биз улар билан гаплашардик. Улар ҳам биз билан гаплашардилар. Мен ҳам отимга миндим. Секин-секин бориб уларнинг қўрғонларига кирдим. Бир тарафда Муовия, Абу Авар ас-Суламий, Амр ибн Ос ва унинг ўғли Абдуллоҳнинг суҳбатлашиб ўтирганларини кўрдим. Бир-бирларига нима деётганларини эшитиш имкониятини қўлдан бой беришдан қўрққаним учун отимни уларнинг ёнига ҳайдадим. Эшита бошладим. Амр ибн Оснинг ўғли Абдуллоҳ отасига шундай деди:
• Отажон, бугун сиз анави одамни (Амморни) ўлдирдингиз. Ҳолбуки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) у ҳақда нималар демаганлар.
• Расулуллоҳ у ҳақда нима деганлар?
• Сиз ҳам биз билан бирга эмасмидингиз? Масжидни қуряпган эдик-ку. Одамлар тош ва ғиштларни биттадан ташишаётган бир пайтда Аммор тош ва ғиштларни иккитадан ташир эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) келиб унинг юзидаги тупроқни артдилар ва шундай дедилар: «Эй Сумайянинг ўғли, сенга вой бўлсин, одамлар тош ва ғиштларни биттадан ташишаётган бир пайтда сен иккитадан ташияпсан. Савобга рағбатинг туфайли шундай қиляпсан, аммо шу билан бирга сени осий ва тажовузкор бир гуруҳ ўлдиради.»
Шундан сўнг Амр ибн Ос отини тортиб у ердан кетмоқчи бўлганида Муовия унинг жиловини ушлаб ўзига тортди. Амр ибн Ос ҳам унга шундай деди:
• Эй Муовия! Ўғлим Абдуллоҳнинг нима деганини эшитмадингми?
• Нима деди?
• Мана шуни, шуни ва шуни деди.
• Сен жоҳил бир қарисан, пешобингни тута олмай туриб ҳадис ўқияпсан. Амморни биз ўлдирдикми? Уни бу жангга судраб келганлар ўлдирди. Бу суҳбатдан сўнг одамлар чодирларидан чиқиб шундай дер эдилар: «Амморни бу жангга судраб келганлар ўлдирдилар.»
Унга ҳайрон бўлайми ёки уларгами, билмайман!» Муовиянинг бу талқини ақл ва мантиқдан узоқ бир талқиндир.»
Масжиди Набавийнинг қурилиши ҳақида сўз кетар экан, Бухорий Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг Аммор ибн Ёсирга шундай деганларини ривоят қилган:
«Амморга вой! У одамларни Жаннатга даъват қиляпти; улар эса уни Дўзахга даъват қиляптилар.»
Аммор эса фитналардан Аллоҳдан паноҳ сўрар эди.»
Муслим Умму Саламадан ривоят қилганки, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аммор ибн Ёсирга шундай деганлар: «Сени осий ва тажовузкор бир гуруҳ ўлдиради.»
Бошқа бир ривоятда Расулуллоҳнинг: «Амморнинг қотили дўзахдадир», дегани ифода этилган.
Байҳақий Ибн Масъуддан ривоят қилганки, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аммор ибн Ёсир ҳақида шундай деганлар:
«Одамлар ихтилофга тушганларида Сумайянинг ўғли (Аммор ибн Ёсир) ҳақ билан бирга бўлади.»
Иброҳим ибн Ҳусайн ибн Дизил Солим ибн Аби Жаъднинг шундай деганини ривоят қилган:
«Бир киши Абдуллоҳ ибн Масъуднинг ёнига келиб шундай деди:
• Дарҳақиқат, Жаноби Аллоҳ бизга зулм қилмасликка кафолат берди, аммо фитнага тушмасликка кафолат бермади. Агар фитна қўзғалса нима қилай дейсан?
• Аллоҳнинг китобига маҳкам боғлан.
• Агар ҳамма келиб Аллоҳнинг китобига даъват қилса (яъни бир-бирлари билан келиша олмаётган ҳамма ўзларини ҳақ йўлда деб даъво қилса), унда нима қилишни таклиф қиласан?
• Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг шундай буюрганларини эшитдим: «Одамлар ихтилофга тушсалар Сумайянинг ўғли (Аммор ибн Ёсир) ҳақ билан бирга бўлади.»
Байҳақий Аммор ибн Ёсирнинг оз сонли саҳобаларидан бирининг шундай деганини ривоят қилган:
«Аммор касал бўлиб, ҳолдан тойди, ҳушидан кетди. Ҳушига келганида биз атрофида ўтириб йиғлашар эдик. У бизга шундай деди:
• Нима учун йиғлаяпсизлар? Тўшагимда ўлишимдан қўрқаяпсизларми? Ҳолбуки севикли пайғамбарим Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менга осий ва тажовузкор бир жамоа мени ўлдиришини, дунёдаги энг охирги озуғам бир коса сут бўлишини олдиндан хабар берган эдилар.»
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Абу Саид ал-Худрийннинг шундай деганини ривоят қилган:
«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Масжиди Набавийни қуришни буюрдилар. Бизлар ҳам ғиштларни биттадан таший бошладик. Аммор эса иккитадан ташир эди. Боши чанг-тупроққа ботган эди. Мен Расулуллоҳдан эмас, дўстларимдан эшитишимча, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) келиб Амморнинг бошидаги чангларни қоқиб тозалаганлар ва унга шундай деганлар: «Эй Сумайянинг ўғли, сенга вой бўлсин! Сени осий ва тажовузкор бир гуруҳ ўлдиради.» Рофизийлар бу ҳадисга яна шу қўшимчани киритишган: «Аллоҳ ўша осий ва тажовузкор гуруҳни қиёмат куни шафоатига ноил қилмасин.» Бу ёлғондир. Расулуллоҳга нисбатан қилинган бир туҳматдир. Чунки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг Сиффийн жангида қатнашган икки тараф ҳам мусулмон экани ҳақидаги ҳадислари собитдир. Яқинда иншааллоҳ буни нақл қиламиз.
Ибн Жарирнинг ҳикоя қилишича, Аммор ўлдирилганида ҳазрати Али Рабиъа қабиласи ва Ҳамадонликларга: «Сиз менинг совутим ва найзамсизлар», деган эди. Унинг бу чақириғига 12 000 га яқин киши жавоб берган, ўзи ҳам хачирига миниб олдинги сафга ўтиб, шомликларга ўз одамлари билан бир вақтда ҳужум қилган эди. Шомликларнинг бутун сафлари тарқалиб кетган ва ҳазрати Али билан унинг одамлари қўлга киритган шомликларнинг ҳаммасини ўлдиришган, ниҳоят Муовияга етиб олишган эди. Ўша пайтда ҳазрати Али ҳам жанг қилар, ҳам шундай дер эди:
«Уларни уряпман, аммо кўзи чиқиб кетган ғаройиб ишлар қилаётган Муовияни кўрмаяпман.»
Сўнгра ҳазрати Али Муовияни шахсан ўзи билан жанг қилишга чақирди. Амр ибн Ос унга ҳазрати Алининг қаршисига чиқиб юзма-юз жанг қилишни таклиф қилганида Муовия унга шундай деди: «Сен ҳам биласанки, Алининг қаршисига ким чиқиб юзма-юз жанг қилса, албатта Али уни ўлдиради. Демак, сен менинг ўлдирилишимни ва мендан кейин амирликка ўтишингни бошингга қўйибсан.»
Ҳазрати Али сўнгра ўғли Муҳаммадни катта аскарлар билан шомликлар устига ҳужум қилдирди. Шиддатли жанг қилишди. Сўнгра ўзи ҳам бошқа бир гуруҳ аскар билан шомликларга ҳужум қилди, икки тарафдан ҳам кўп сонли аскар ўлдирилди. Сўнгра шом намозини ишора билан ўқидилар. Тўқнашув тун бўйи давом этди. Бу кеча жангнинг энг муҳим кечаси эди. Мусулмонлар буни шундай билишди. Тўқнашув тонгга қадар шиддат билан давом этган бу кечага (итнинг ҳурлаши кечаси) маъносини англатувчи "лайлатул-Ҳарир" дейилди. Жума кечаси кирганда найзалар синди, ўқлар тугади. Одамлар қиличларга ёпишдилар.
Ҳазрати Али ҳам қабилаларни жангга тарғиб қилиб фронтнинг олдинги сафларига ўтар эди. Қўшиннинг марказида одамларнинг олдида турар эди. Ўнг қанотга Аштар қўмондонлик қилар эди. Пайшанба кечасини жумага боғлаган кечада Абдуллоҳ ибн Будайлнинг ўлдирилишидан сўнг ўнг қанот қўмондонлигини Аштар қўлга олган эди. Чап қанотга эса Ибн Аббос қўмондонлик қилар эди. Одамлар ҳар тарафда жанг қилар эдилар. Сийрат олимларимиздан бир нечасининг ҳикоя қилишларича, аввалига найзалар билан жанг қилишган, ўқлар ҳам тугагач қиличлар билан жанг қилишган, қиличлар ҳам сингач муштлашишган, бир-бирларининг юзларига тош ва тупроқ отишган, бир-бирларини тишлаб парчалашга қасд қилишган эдилар. Ҳатто қарши тарафдорлардан икки киши бир-бирлари билан курашиб, ҳолдан тойиб, сўнгра ўтириб дам олишар эдилар. Ҳар бири бошқасига суяниб зўрға ўринларидан тура олар ва яна жанг қилишни бошлашар эдилар. Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиун. Бу ҳолат жума тонгигача давом этди. Тонг намозини жанг пайтида ишора билан ўқидилар. Ниҳоят қуёш чиқиб бироз кўтарилди.
Ғалаба ироқликларга кўринди. Шомликларга эса мағлубият кўринди. Бунинг сабаби шу эди: Аштар ан-Наҳаий ҳазрати Али қўшинининг ўнг қанот қўмондонлигини қўлга киритгач, ўзи билан бирга бўлган аскарлар билан шомликларга ҳужум қилди. Ҳазрати Али ҳам уни кузатиб борди. Шундай қилиб шомликлар сафларининг кўп қисми тор-мор бўлди. Деярли бутунлай мағлубиятга учраган эдилар, айни шу пайтда шомликлар найзаларининг учига қадаган Қуръон саҳифаларини кўтариб: «Мана шу саҳифалар орамизда ҳакам бўлсин, одамлар ўлиб тугадилар. Чегараларни ким қўриқлайди? Мушрик ва кофирларга қарши ким жиҳод қилади?» дедилар.
Ибн Жарир ва бошқа тарихчиларнинг ҳикоя қилишларича, саҳифаларни найзаларнинг учига қадаб кўтаришни маслаҳат берган Амр ибн Ос бўлган. Зеро у Сиффийн жангида ироқликларнинг ғалаба қозонишларини кўргач, вазиятни юмшатиш ва ишни кечиктириш истади. Икки тараф ҳам сабр билан бир-бирларини кутишларини ўйлади, одамларнинг йўқ бўлиб тугашини сезди. Ўрнидан туриб Муовияга шундай деди:
«Мен бир иш қилмоқчиман. Агар шуни қилсак, ҳозир биз янада тўпланиб оламиз. Али ва унинг тарафдорлари эса тарқалиб кетадилар. Менимча, Қуръон саҳифаларини найзаларнинг учига қадаб кўтариб, уларни мусҳафлар ҳукмига даъват қилайлик. Агар бу даъватимизга жавоб беришса, жанг олови сўнади; агар ўз ораларида келиша олмасалар, улардан баъзиларига қарши жавоб берамиз, баъзиларига эса жавоб бермаймиз. Шундай қилиб тарқалиб кетадилар ва кучлари йўқолади.»
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Ҳабиб ибн Аби Собитнинг шундай деганини ривоят қилган:
«Қабиласининг масжидида бўлган Абу Воилнинг ёнига бордим. Ҳазрати Алининг Наҳравонда ўзлари билан жанг қилган одамлари ҳақида сўрамоқчи эдим. Қайси масалаларда Алининг чақириғига жавоб беришган, қайси масалаларда ундан ажралиб фикрлашган, ҳазрати Алининг нима учун улар билан жанг қилишни ҳалол санаганини билмоқчи эдим. Абу Воил бу саволларимга шундай жавоб берди: «Биз Сиффийнда эдик. Шомликлар жанг олови остида қолгач, тепаликка беркиндилар. Амр ибн Ос ҳам бориб Муовияга шундай таклиф қилди: «Алига бир мусҳаф юбор. Уни Аллоҳнинг китобидаги ҳукмга даъват қил. У сенинг бу даъватингга қарши тура олмайди.» Мусҳафи бор бир одам билан Алининг ёнига юбордилар. Одам Алига шундай деди: Биз билан сенинг ўртангда Аллоҳнинг китоби ҳакам бўлсин. «Ўзларига китобдан насиба берилганларни кўрмадингми? Улар ўз ораларида ҳукм қилиш учун Аллоҳнинг китобига чақирилганлар, сўнгра улардан бир гуруҳи юз ўгирганлар. Улар буткул юз ўгирувчилардир.» (Оли Имрон, 23.)
Ҳазрати Али ҳам ўша одамга шундай жавоб берди:
«Ҳа, мен бунга жуда розиман. Орамизда Аллоҳнинг китоби ҳакам бўлсин.»
Хорижийлар ҳазрати Алининг ёнига келдилар. Биз ҳам ўша куни уларни даъват қилар эдик. Қорилар ҳам ёнига келдилар. Елкаларида қиличлари бор эди. Шундай дедилар: «Эй мўминлар амири, рухсат берсанг қиличларимиз билан уларнинг устига борайлик, токи Аллоҳ биз билан уларнинг ўртасида ҳукмини берсин.»
Саҳл ибн Ҳаниф сўз бошлаб шундай деди:
«Эй одамлар, ўзингизни айбланг. Зеро Ҳудайбия сулҳи тузилган кунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан мушриклар ўртасида сулҳ шартномаси тузилди. Агар биз жангни муносиб кўрсак, жанг қилар эдик. Ҳатто Умар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ёнига келиб шундай деган эди: «Эй Расулуллоҳ! Биз ҳақ йўлда, мушриклар эса ботил йўлда эмасмилар?»
Шомликларнинг Қуръон саҳифаларини найзаларининг учига қадаб кўтаришлари
Қуръон саҳифалари найзаларнинг учига қадалган пайтда ироқликлар шундай дедилар: «Биз Аллоҳнинг китобига жавоб берамиз ва унга юзланамиз.»
Абу Миҳнаф ҳазрати Алининг ўша пайтда ўз тарафдорларига шундай деганини ривоят қилган:
«Эй Аллоҳнинг бандалари! Ҳаққингизни талаб қилишда давом этинглар. Самимийлик ва садоқатингизни сақлаймиз. Душманингизга қарши жанг қилишда давом этинглар. Мен уларни сизлардан яхшироқ биламан. Чунки болалигимизда бирга эдик. Катта бўлгандан кейин ҳам бирга вақт ўтказдик. Улар болалигида ҳам ниҳоятда ёмон ва шум эдилар. Катта бўлгач ҳам ёмонлик ва шумликларида давом этдилар. Сизларга вой бўлсин. Алданиб қолманглар. Валлоҳи, бу Қуръон саҳифаларини фақат сизни алдаш ва сизга тузоқ қўйиш учун ҳавога кўтаришди.»
Ҳазрати Алининг бу сўзларига жавобан унинг одамлари шундай дедилар:
«Аллоҳнинг китобига даъват қилиниб унга жавоб бермаслик бизга ярашмайди. Биз бундай хатти-ҳаракатни қабул қилмаймиз.»
Ҳазрати Али ҳам уларга шундай жавоб берди: «Мен Аллоҳнинг динига, Аллоҳнинг китобига қайтгунча улар билан жанг қиламан. Чунки улар Аллоҳга қарши чиқдилар, унинг амрларига исён қилдилар, аҳдини ва амрини унутиб китобига мухолиф бўлдилар.»
Ҳазрати Алининг бу сўзларига қарши чиқиб, кейинчалик хорижийлар гуруҳини ташкил қилган Мисъар ибн Фадакий ат-Тамимий ва Зайд ибн Ҳусайн ат-Тоий ва уларга тобеъ бўлган баъзи Қуръон ҳофизлари шундай дедилар: «Эй Али! Аллоҳнинг китобига жавоб бер. Сен бунга даъват қилинганинг ҳолда жавоб бермасанг, биз сени мана шу қаршимиздаги қавм орасига қўшгунча у ерга судраб борамиз ва Аффон ўғли Усмонга қилганимизнинг айнини сенга ҳам қиламиз. Чунки у Аллоҳнинг китоби билан амал қилмай бошимизда диктаторлик қилди. Биз ҳам уни ўлдирдик. Валлоҳи, ё сен бу чақириққа жавоб берасан ёки биз сени бунга мажбуран жавоб беришга ундаймиз.»
Ҳазрати Али эса шундай деди: «Сизларни қайтарган нарсамдан узоқ туринглар. Айтаётганларимга ҳам амал қилинглар. Агар менга итоат қилсангиз бу одамларга қарши жанг қилишда давом этинглар. Агар менга қарши чиқиб исён қиладиган бўлсангиз, қўлингиздан келганини аяманглар.»
Шундан сўнг улар ҳам шундай дедилар: «Ундай бўлса Аштарга хабар юбор, у ҳам бу ерга келсин.» Ҳазрати Али ҳам жангни тўхтатиш учун Аштарга хабар юборди, токи унинг ёнига келсин.
Хорижийлар ҳақида ёзган китобида Ҳайсам ибн Адий Ибн Аббоснинг шундай деганини ривоят қилган эди:
«Муҳаммад ибн Мунташир Сиффийн жангида қатнашган бир кишидан ва ёлғон гапиришда айбланмаган баъзи хорижий раҳбарларидан нақл қилиб менга дедики: Аммор ибн Ёсир ҳазрати Алининг бу тутган йўлидан норози бўлди. Унинг чақириғига жавоб бермай у ҳақда нохуш сўзлар айтди. Сўнгра шундай деди: «Аллоҳдан бошқани ҳакам қилиб сўрамасдан олдин ким Аллоҳнинг ҳузурига бормоқчи бўлади?»
Шундай дегандан сўнг ҳужумга ўтди. Жанг қилди, ниҳоят ўлдирилди. Аллоҳ унга раҳмат қилсин.»
Шомликларнинг пешқадам шахсларини Аллоҳнинг китобининг ҳакамлигига даъват қилганлардан Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос ҳам ироқликларга юзланиб ўт очишни тўхтатишга даъват қилди. Жангни тўхтатишларини, Қуръоннинг амрига бўйсунишларини сўради. Муовия унга шундай қилишни буюрган эди. Ҳазрати Алининг Қуръоннинг ҳакамлигига бўйсунишини маслаҳат берганлардан бири Ашъас ибн Қайс ал-Киндий эди. Аллоҳ ундан рози бўлсин.
Абу Миҳнафдан келган бошқа бир ривоятда айтилишича, ҳазрати Али Аштарга жангни тўхтатиш учун хабар юборганида, у хабарчига шундай жавоб берган эди:
«Ҳозир мени ортга чақирадиган соат ва вақт эмас. Мен шундай бир нуқтадаманки, Аллоҳнинг менга ғалаба беришига умидим бор. Мени турган мана шу нуқтадан олиб кетишингиз асло тўғри эмас.»
Аштарнинг шундай деганидан сўнг хабарчи бўлган Язид ибн Ҳони ҳазрати Алининг ёнига қайтди. Аштарнинг айтганларини унга сўзлаб берди. Аштар ҳам фурсатни ғанимат билиш учун жангни шиддатлаштирди. Шовқин ва бақириқлар кўтарилди, овозлар осмонга ўрлади. Атрофидагилар ҳазрати Алига шундай дедилар: «Чамаси сен Аштарга жангни давом эттириш учун амр қилдинг.» Ҳазрати Али ҳам уларга: «Сиз менинг Аштарга яширинча бир нарса пичирлаганимни кўрдингизми? Жангни тўхтатиш учун амримни унга очиқча сизнинг кўз ўнгингизда юбормадимми?» деганида ёнидаги одамлар: «Аштарга хабар юбор, у ҳам бу ерга келсин. Агар келмаса, валлоҳи биз сендан ажралиб кетамиз», деб жавоб беришган эди. Шундан сўнг ҳазрати Али хабарчи Язид ибн Ҳонига шундай деди: «Бор, Аштарга бу ерга келишини айт. Фитна қўзғалди.»
Язид ибн Ҳони Аштарнинг ёнига бориб амирул-мўмининнинг амрини унга етказди. Жангга танаффус бериб ҳазрати Алининг ёнига боришини айтди. Шундан сўнг Аштар ишни тезлаштириб шундай деди:
• Сенга вой бўлсин. Биз турган ғалаба ҳолатини кўрмаяпсанми? Ғалабани кейин бутунлай қўлга киритамиз.
• Бу иккисидан қайси бири сенга кўпроқ ёқади? Ортга қайтишни кўпроқ истайсанми ёки мўминлар амири Алининг ҳам Усмон каби ўлдирилишини истайсанми? У ўлдирилгандан кейин бу ердаги ғалаба сенга нима фойда беради?
Шундан сўнг Аштар жангни тўхтатиб ҳазрати Алининг ёнига қайтди ва шундай деди:
• Эй Ироқ аҳли! Эй пасткашлик ва қўрқоқликнинг тимсоллари! Ҳозир бу одамлардан устун турган ҳолингизда, сиз уларни енгаётганингизни кўрган пайтларида мусҳафнинг саҳифаларини қўллари билан баланд кўтариб сизларни Аллоҳнинг китобига даъват қиляптилар. Ҳолбуки улар, аллақачон Аллоҳнинг амрларига орқа ўгиришган ва ўзига бу Қуръон нозил қилинган инсоннинг суннатидан четга чиқишган. Уларнинг бу чақириғига жавоб берманглар. Менга муҳлат беринглар. Ғалабани қўлга киритишимни сезяпман.
• Йўқ.
• Эй форсларнинг душманлари! Менга бироз кўпроқ муҳлат беринглар. Ғалаба қозонишимга умид қиламан.
• Йўқ, асло рухсат бермаймиз! Кирган гуноҳингизга биз ҳам сиз билан бирга кирмоқчи эмасмиз.
Аштар шундан сўнг шомликларнинг чақириғига жавоб бериш борасида қорилар билан баҳслаша бошлади. Уларнинг ўртасида бўлиб ўтган суҳбатлар қисқача шундай эди:
• Айтинглар-чи. Агар сизнинг бу биринчи жангингиз ҳақ йўлда қилинган жанг бўлса, давом эттиринглар. Агар ботил йўлда қилинган жанг бўлса, билингларки, ўликларингиз дўзахдадир.
• Бизга бу гапларни айтишни бас қилинг. Энди на сизга, на одамингизга (ҳазрати Алига) асло итоат қилмаймиз. Биз Аллоҳ ризоси учун булар билан жанг қилдик. Энди ҳам Аллоҳ ризоси учун жангни тўхтатяпмиз.
• Ҳийла қилдинглар, волий алданди. Жангга чек қўйишга чақирилдинглар. Сиз ҳам бу чақириққа жавоб бердинглар. Эй ёмон одамлар! Дунёда зоҳидона ҳаёт кечириб, Аллоҳга қовушиш иштиёқи билан намоз ўқиётганингизни ўйлар эдик. Аммо ҳозир сизнинг дунёдан бошқа истагингиз йўқлигини кўрдим. Сизларга вой бўлсин. Ўлимдан қочиб дунёда қолиш учун жангни тарк этганингизни кўрдим. Эй ифлосликлар билан кун кечирувчи урғочи туяга ўхшаган кимсалар, сиз энди тоза ва диндор кишилар эмассиз. Анави золим қавм биздан қандай узоқлашган бўлса, сиз ҳам узоқлашиб йўқолинглар.»
Бу суҳбатдан сўнг хорижийлар Аштарни сўкдилар. У ҳам уларни сўккач, улар унинг уловининг юзига қамчилари билан ура бошладилар. Уларнинг ўртасида узоқ воқеалар бўлиб ўтди. Ироқликларнинг кўпчилиги ва шомликларнинг ҳаммаси мусулмонларнинг қони тўкилмаслиги учун бир муддат ўт очишни тўхтатиш истагини билдирдилар. Чунки жанг пайтида, айниқса охирги уч кунлик тўқнашувлар пайтида ва энг муҳими жума кечасида (бу кечага итнинг ҳурлаши кечаси деб ном берилган эди) икки тарафдан ҳам ниҳоятда сабрли ва баҳодир аскарлар шаҳид бўлишган эдики, уларнинг дунёда мисли кўрилмаган эди. Бу баҳодирлар жанг қилишаётганда бир-бирларининг олдидан қочмаганлар, сабр қилиб чидаганлар ва ниҳоят икки тарафдан бири бошқасини ўлдирган эди. Кўпчиликнинг ҳикоя қилишича, ўша охирги кунларда 70 000 киши ўлдирилган эди. Шомликлардан 45 000, ироқликлардан эса 25 000 киши ўлдирилган эди. Абул-Ҳасан ибн Баронинг ифодасига кўра, ироқликлар орасида ўлдирилганларнинг йигирма бештаси Бадр жангида қатнашган саҳобалар эди. Сиффийнда жанг қилган вақтларида тўқсон марта шўнғишган эдилар.
Сайф ибн Умар ат-Тамимийнинг ифодасига кўра, Сиффийн жанги етти ёки тўққиз ой давом этган. Абул-Ҳасан ибн Баронинг ифодасига кўра эса бу жанг 110 кун давом этган. Абу Миҳнафнинг ифодаларидан англашилишича, бу жанг зулҳижжа ойининг биринчи куни, жума куни бошланган бўлиб, сафар ойининг ўн учинчи куни тугаган. Шундай қилиб бу жанг етмиш етти кун давом этган бўлади. Тўғрисини Аллоҳ билади.
Зуҳрий деди: Менга етиб келган бир ривоятга кўра, бу жангда ўлдирилганлардан элликдан ошиқ киши бир қабрга дафн қилинган эмиш.
Байҳақий Савфон ибн Амрнинг шундай деганини ривоят қилган:
«Сиффийн жангида қатнашган шомликларнинг сони 60 000 киши бўлиб, улардан 20 000 киши ўлдирилган. Бу жангга қатнашган ироқликларнинг сони эса 120 000 киши бўлиб, улардан ҳам 40 000 киши ўлдирилган.»
Байҳақий Сиффийн жангини Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган қуйидаги ҳадиснинг таҳаккуки сифатида талқин қилган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) буюрдилар:
«Икки буюк жамоа жанг қилмагунча қиёмат қоим бўлмайди. Бу икки жамоа ўртасида катта жанг бўлиб ўтади. Ва иккисининг даъвоси ҳам бир хилдир.»
Абу Саид ал-Худрийннинг шундай ривоят қилинган: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) буюрдилар:
«Даъволари бир хил бўлган икки буюк жамоа жанг қилмагунча қиёмат қоим бўлмайди. Улар шу ҳолда (жанг қилаётган) бир пайтда ораларидан бир гуруҳ диндан чиқади. Ва диндан чиққан гуруҳни эса ўша икки гуруҳдан ҳаққа яқинроғи ўлдиради.»
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Ибн Масъуддан ривоят қилганки, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай буюрганлар:
«Ислом тегирмони (ҳижрий ўттиз бешинчи ёки ўттиз олтинчи) санагача айланишда давом этади. Агар ҳалок бўлсалар, бу ҳалок бўлганнинг борадиган йўлидир. Агар динлари ўзлари учун тик турса, етмиш йил яна туради.» Ҳазрати Умар дедилар:
• Эй Расулуллоҳ, бу етмиш йиллик муддатга аввал айтган муддатингиз кирадими ёки йўқми?
• Йўқ, кирмайди.»
Масруқ Абдуллоҳдан ривоят қилганки, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай буюрганлар:
«Шубҳасиз, ислом тегирмони ўттиз беш йилдан кейин йўқ бўлади. Агар (мусулмонлар) ўз ораларида сулҳ қилсалар, дунёни етмиш йил давомида мўл-кўл ейдилар (фаровонликда яшайдилар). Агар жанг қилсалар, ўзларидан олдингиларнинг йўлига кирган бўладилар.»
Ибн Дизил Иброҳим ат-Тамимийдан ривоят қилганки, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай буюрганлар: «Умайя ўғилларидан бир киши (яъни ҳазрати Усмон) ўлдирилганида ислом тегирмони тескари айланади.»
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафот этган бир ансорийнинг жанозасига чақирилганларида бориб жанозанинг дафн қилинишини кутиб ўтирган эдилар. Ўтирган ҳолда шундай буюрган эдилар:
• Ислом даврида (бир-бирлари билан тортишаётган) икки алоҳида авлодга раҳбарлик қилганингизда ҳолингиз нима кечади?
Абу Бакр сўради:
• Илоҳи бир, пайғамбари бир бўлган бир умматда шундай ҳолат юз бериши мумкинми?
• Ҳа.
• Мен шундай (бахтсиз) замонга етиб бораманми, эй Расулуллоҳ?
• Йўқ.
Ҳазрати Умар сўради:
• Мен-чи, шундай замонга етиб бораманми, эй Расулуллоҳ?
• Йўқ.
Ҳазрати Усмон сўради:
• Мен-чи, шундай замонга етиб бораманми, эй Расулуллоҳ?
• Ҳа. Сенинг сабабинг билан фитнага тушишади.»
Ҳазрати Умар ҳам бу масалани Ибн Аббосдан сўраб шундай деган эди: —Илоҳлари бир, китоблари бир, динлари бир бўлган ҳолда бу уммат қандай қилиб келиша олмайди?
• Бир қавм келади ва биз тушунганимиздек Қуръонни тушунмайди. Шунинг учун ўзаро келиша олмайдилар. Келиша олмаганларидан кейин жанг қиладилар.
Ҳазрати Умар Ибн Аббоснинг бу жавобини мақбул топган эди.» Муҳаммад ибн Сириннинг шундай дегани ривоят қилинган: «Ҳазрати Усмон ўлдирилганида Адий ибн Ҳотим у ҳақда шундай деган: «Усмоннинг ўлдирилиши борасида икки эчки ҳам шохлашиб кетсин.» Сиффийн жанги бўлганида Адийнинг бир кўзи чиқди. Шундан сўнг бошқалар дедилар: «Адийнинг ўлдирилиши борасида икки эчки ҳам шохлашмадими? Ҳа, шундай, аммо кўпчиликнинг кўзи чиқди.»
Ривоят қилинишича, Каъбул-Ахбор Сиффийнга борган, у ердаги тошларни кўргач шундай деган: «Бу ерда исроил ўғиллари тўққиз марта жанг қилишган, араблар ҳам бу ерда ўнинчи марта жанг қиладилар. Ҳатто исроил ўғиллари бир-бирларига отган тошларни отишади ва исроил ўғиллари йўқ бўлгани каби улар ҳам йўқ бўладилар.»
Ривоят қилинишича, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай буюрганлар:
«Қаҳатчилик йили билан умматимнинг ҳалок бўлмаслигини Раббимдан сўрадим. Раббим бу дуоимни қабул қилди. Номусларимни мубоҳ санайдиган бегоналарни умматимга мусаллат қилмаслигини Раббимдан сўрадим. Раббим бу дуоимни ҳам қабул қилди. Умматимни бир-бирига мусаллат қилмаслигини Раббимдан сўрадим, аммо бу дуоимни ижобат қилмади.» Биз бу ҳадисни қуйидаги ояти каримани тафсир қилаётганда нақл қилган эдик:
«Сизларни фирқа-фирқа қилиб, баъзиларингизга баъзиларингизнинг аччиғини тоттиришга қодир бўлган Удир.» (Анъом, 65.)
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) буюрдилар: «Бу энг осонидир.»
Ибн Касирнинг "Ал-Бидоя ва-н-Ниҳоя" китобидан (7-жилд)
Абу Муслим таржимаси