Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг тақдири шундай эдики, Иброҳим (алайҳиссалом) ҳам бошқа пайғамбарлар каби ўз ватанида қолмайди, ғариблик машаққатларини бошидан ўтказади. У уйини, мол-мулкини ташлаб, Намруд Шохридан чиқиб кетади. Бу унинг пешонасига ёзилган эди.
Иброҳим (алайҳиссалом)нинг бир акаси бор эди. Уни Ҳоран дер эдилар. У вафот этган эди. Ундан Лут номли бир ўғил қолган эди. Бу Лут ҳам Иброҳим (алайҳиссалом)нинг динида эди.
Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: "Иброҳимга Лут иймон келтирди." (Анкабут сураси, 26-оят)
Иброҳим (алайҳиссалом) Лутга: "Мен Роббим сари кетаман. У менга йўлини кўрсатур." (Саффат сураси, 99-оят)
Деди. Лут (алайҳиссалом): — Бу қандай иш? — деб сўради.
Иброҳим (алайҳиссалом)нинг акаси Ҳораннинг гўзал бир қизи бор эди. Унинг исми Сора эди. У баланд бўйли, гўзал юзли бир қиз эди. У вақтларда ундан кўра гўзалроқ ва латофатлироқ аёл йўқ эди. У ҳам Иброҳим (алайҳиссалом)га иймон келтирган, мусулмон бўлган эди.
Иброҳим (алайҳиссалом) уни никоҳлаб, ўзининг жуфти ҳалоли қилди. Кейин ҳазрат Иброҳим жуфти Сорани ва унинг акаси Лутни, ўзини тасдиқлаб иймон келтирганларни олиб, Бобил Шохридан ташқари чиқди.
Иброҳим (алайҳиссалом)нинг сафардошлари йўл тайёргарлиги кўраётган пайтда, уларнинг хотинлари уларни ушлаб, кетишларига йўл қўймасликка ҳаракат қилдилар.
Бироқ, улар аёллар сўзига қулоқ солмадилар ва аёл, қиз, болаларидан ажралдилар.
Улар Иброҳим (алайҳиссалом)ни танлаб, у билан бирга сафарга чиқдилар.
(Худди шу каби, Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан Мадинага ҳижрат қилганда, саҳобалари ҳам у зот билан бирга кетмоқчи бўлганларида, хотинлари ва болалари ўз эрлари ва оталарига маҳкам ёпишиб, уларни ушлаб қолишга ҳаракат қилган эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга кетишга рухсат берилмаган эди.
Улар хотин ва болаларидан юз ўгириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга йўлга чиқдилар. Хотинлар эса Маккада қолдилар.
Ҳижрат қилганлар Мадинага келгач, баъзиларнинг қалби паришон бўлди. Хотин ва болаларини соғинишди.
Уларнинг ниятини Аллоҳ таоло билар эди ва уларга шундай оят нозил қилди:
"Сизлар учун яхши хулқлар бордир. Пайғамбарингизнинг розилигини кўзлагингиз. Хотин ва болаларингизни ташлаб, Пайғамбарингиз билан бирга кетдингиз. Сизлар ҳам Иброҳим (алайҳиссалом)нинг сафардошлари каби қилдингиз. Улар ҳам хотин ва болаларидан воз кечиб, Иброҳим билан кетган эдилар!"
Бу оят ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлганида, саҳобаларнинг қалби хотиржам бўлди.
Қалблари қувончга тўлди. Хотин ва болалар орзуси уларнинг қалбидан чиқди.)
"Тарихи Табарий" китобидан
Абу Муслим таржимаси