loader
Foto

Иброҳим (алайҳиссалом)нинг ўғли Исмоил (алайҳиссалом)ни қурбонлик қилишга буюрилгани

“Албатта, мен Раббим (буюрган тараф)га кетувчиман. Унинг ўзи мени (тўғри йўлга) ҳидоят қилур. Эй Раббим! Ўзинг менга солиҳ (фарзанд)лардан ато этгин!” Бас, Биз унга бир ҳалим ўғил (туғилиши тўғрисидаги) хушхабарни бердик. Бас, қачон, у (отаси) билан бирга юрадиган бўлгач, (Иброҳим): “Эй ўғилчам! Мен тушимда сени (қурбонлик учун) сўяётганимни кўрмоқдаман. Энди сен ўзинг нима раъй (фикр) қилишингни бир (ўйлаб) кўргин!” деган эди, у айтди: “Эй отажон! Сизга (тушингизда Аллоҳ томонидан) буюрилган ишни қилинг! Иншааллоҳ, мени сабр қилувчилардан топурсиз”. Бас, қачон, иккиси ҳам (Аллоҳнинг амрига) бўйсуниб, (Исмоилни қурбонликка) пешонаси билан (ерга) ётқизган эди, унга Биз нидо қилдик: “Эй Иброҳим! Дарҳақиқат, сен тушни тасдиқ этдинг. Албатта, Биз эзгу иш қилувчиларни мана шундай мукофотлаймиз”. Албатта, бу (қурбонликка буюришим) айни синовдир. Биз (Исмоилнинг) ўрнига катта бир (қўчқор) сўйишни бадал қилиб бердик. Кейинги (авлод)лар орасида у (Иброҳим) ҳақида яхши гапларни қолдирдик. Иброҳимга салом! Биз эзгу иш қилувчиларни мана шундай мукофотлаймиз"» (Соффот, 99-110).

Ҳикоя қилинишича, Иброҳим (алайҳиссалом) бир куни Аллоҳ розилиги учун мингта қўй, уч юзта мол ва юзта туяни курбон қилди. Одамлар ва фаришталар бунга ажабланди. Шунда Иброҳим (алайҳиссалом): “Аллоҳга қурбат ҳосил қиладиган ҳар қандай нарсани Аллоҳ йўлига харжлайман. Агар ўғлим бўлганида, уни ҳам Аллоҳ йўлига қурбон қилардим ва бу амал билан Аллоҳга қурбат ҳосил қилардим”, деди.

Орадан бир қанча муддат ўтиб, Иброҳим (алайҳиссалом) бу сўзларни унутди. Қуддус шаҳрига келганида, Аллоҳдан фарзанд сўради. Аллоҳ унинг дуосини ижобат қилиб, фарзанд башоратини берди. Исмоил (алайҳиссалом) туғилиб, Иброҳим (алайҳиссалом) билан бирга юрадиган бўлгач (ривоятларга кўра ўн уч ёшга етганида), Иброҳим (алайҳиссалом)га тушида: “Назрингга вафо қил”, дейилди.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилишича, Иброҳим (алайҳиссалом) тарвия кечаси тушида бир кимсанинг: “Эй Иброҳим, назрингга вафо қил”, деганини эшитди. Тонг оттирганида: “Бу туш Аллоҳ тарафиданми ёки шайтон тарафиданми”, деган шубҳа билан бажаришга иккиланди. Шунинг учун ҳам тарвия куни “шубҳа — иккиланиш куни” деб номланди. Кеч киргач, ухлаганида иккинчи бор туш кўрди ва уйғонгач, бу туш Аллоҳ тарафидан эканини билди. Шунинг учун ҳам бу кун “Арафа куни”, (арафа — билди, деганидир) деб номланди. Бу маконнинг номи Арафот, деб номланди. Учинчи кеча ҳам ушбу тушни кўрдида, Исмоил (алайҳиссалом)ни қурбон қилишга чоғланди. Шунинг учун ҳам “қурбонлик” куни деб номланди.

Иброҳим (алайҳиссалом) Исмоил (алайҳиссалом)ни қурбон қилишни хоҳлаганидан кейин, унинг онаси Ҳожарга: “Исмоилга чиройли либосларни кийдир, мен уни меҳмонга олиб бораман”, деди. Ҳожар Исмоил (алайҳиссалом)ни кийинтириб, хушбўйлар суртиб, сочларини тараб қўйди. Иброҳим (алайҳиссалом) арқон билан пичоқни олиб, Мино тарафга кетди. Аллоҳ уни яратган кундан бери Иблис бугунгидек типирчилаб, тараддудланмаган эди. Иброҳим (алайҳиссалом) олдига югуриб келди ва: “Ўғлингнинг қомати мўътадиллигига, ҳуснининг гўзаллиги ва латофатига қарамайсанми?” деди. Иброҳим (алайҳиссалом): “Тўғри, лекин мен шунга буюрилганман”, деди. Иблис Иброҳим (алайҳиссалом)дан умидини узгач, Ҳожарнинг олдига келди ва: Иброҳим (алайҳиссалом) ўғлингни сўйишга олиб кетди. Сен қандай хотиржам ўтирибсан”, деди. Ҳожар: “Ёлғон гапирма, бирор марта ота ўзининг ўғлини сўйганини эшитганмисан?” деди. “Мана шунинг учун ҳам пичоқ билан арқон олиб кетди-да”, деганида, “Нима учун сўймоқчи?” деб сўради. Шайтон: “Аллоҳунга буюрганини даъво қиляпти”, деди. Шунда Ҳожар: “Пайғамбар ботил нарсага буюрилмайди. Мен Аллоҳнинг амрига жонимни ҳам фидо қиламан, нега боламизни фидо қилмайлик”, деди.

Шунда шайтон Ҳожардан ҳам умидини узиб, Исмоил (алайҳиссалом) олдига келди ва унга: “Сен хурсанд бўлиб ўйнаяпсан-у, отангнинг қўлида пичоқ билан арқон турибди. Отанг сени сўймоқчи”, деди. Исмоил: “Менга ёлғон гапирма, отам нима учун мени сўяркан?” деди. Шайтон: “Отангнинг даъвоси бўйича, Аллоҳ унга шуни буюрган эмиш”, деди. Шунда Исмоил (алайҳиссалом): “Аллоҳнинг амрига бўйсунаман”, деди. Шайтон бошқа гапларни гапирмоқчи бўлганида, Исмоил (алайҳиссалом) ердан тош олиб, унга отди ва чап кўзини кўр қилди, сўнг у умидсизланиб, қайтиб кетди.

Аллоҳ бу ўринда тош отишни Исмоил (алайҳиссалом)дан бизларга вожиб қилди. Иброҳим (алайҳиссалом) Минога келганида Исмоилга: “Эй ўғилчам, мен (ҳадеб) тушимда сени (қурбонлик учун) сўяётганимни кўрмоқдаман. Энди сен нима қилишингни бир ўйлаб кўр (яъни айтчи, сен Аллоҳнинг амрига сабр қила оласанми)”, деди. Бу билан Иброҳим (алайҳиссалом) фарзандини имтиҳон қилди. Яъни, Аллоҳнинг амрига бўйсунадими-йўқми? Исмоил (алайҳиссалом): “Эй отажон, (тушингизда Парвардигор томонидан) буюрилган ишни қилинг. Иншааллоҳ, мени сабр қилгувчилардан топурсиз”, деди.

Иброҳим (алайҳиссалом) ўғлидан бу сўзни эшитиб билди, “Парвардигорим, Ўзинг менга солиҳ (фарзанд)лардан ҳадя эт”, деб Аллоҳга қилган дуолари ижобат бўлибди. Аллоҳга кўп ҳамд айтди. Сўнгра Исмоил (алайҳиссалом): “Эй отажон! Сизга бир неча васиятлар қиламан. Қўлларимни боғланг, изтиробланиб, сизга азият бериб қўймай. Юзимни ерга қаратинг, унга қараб раҳмингиз келиб қолмасин. Кийимингизни йиғиштириб олинг, қоним сачраб, ажрим камаймасин ва онам у қонни кўриб ғамгин бўлмасин. Пичоғингизни ўткир қилинг ва пичоқни бўғзимга тезроқ тортинг, жоним енгилроқ чиқсин, зеро, ўлим қаттиқдир. Кўйлагимни онамга элтиб беринг, мени эслаб юрсин ва унга: “Аллоҳнинг амрига сабр қил” денг. Онамга, мени қандай сўйганингизни, қўлларимни қандай боғлаганингизни айтманг. Унинг олдига болаларни киритманг, ғами янгиланмасин. Агар менга ўхшаш болани кўрсангиз, унга қараманг, ғамгин бўлиб қоласиз”, деди.

Шунда Иброҳим (алайҳиссалом): “Эй болам! Сен Аллоҳнинг амрини бажаришга қандай ҳам яхши ёрдамчи бўлдинг”, деди ва иккиси ҳам (ваҳийга) бўйсуниб, (Иброҳим ўғли Исмоилни қурбон қилиш учун) пешонаси билан ерга ётқизди, сўнг Иброҳим (алайҳиссалом) пичоқни Исмоилнинг бўғзига қўйиб куч ва шиддат билан тортди, аммо пичоқ кесмади, Аллоҳ еру осмонлардаги фаришталар кўзи олдидан пардани олди. Улар Иброҳим (алайҳиссалом)ўз фарзандини сўяётганини кўрибоқ, Аллоҳга сажда қилишди. Аллоҳ уларга: «Қаранглар, бандам менинг розилигим учун фарзанди бўғзига пичоқ тортяпти, сизларга: “Мен ерда (Одамни) халифа қилмоқчиман”, деганимда: “У ерда бузғунчилик қиладиган, қонлар тўкадиган кимсани (халифа) қилмоқчимисан? Ҳолбуки, биз ҳамду сано айтиш билан Сени улуғлаймиз ва Сенинг номингни мудом пок тутамиз”, деган эдинглар», деди.

Сўнгра Исмоил (алайҳиссалом): “Эй отажон, қўл-оёқларимни ечинг, Аллоҳ мени ўз амрига итоатда мажбурланган ҳолда кўрмасин, балки Иброҳим (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ўғли Аллоҳга ва амрига ўз ихтиёри билан итоат қилувчи эканини фаришталар ҳам билсин”, деди. Иброҳим (алайҳиссалом) унинг қўл-оёқларини ечди ва юзини ерга қаратиб, бор кучи билан пичоқни тортди, аммо Аллоҳнинг изни билан пичоқ кесмади. Шунда Исмоил (алайҳиссалом): “Эй отажон, менга муҳаббатингиз сабабли заифлашдингизми, мени сўйишга қодир бўлмаяпсиз”, деди. Иброҳим (алайҳиссалом) пичоқ билан тошни урганида, тош иккига бўлиниб кетди. Иброҳим: “Тошни кесяпти-ю, гўштни кесмаяпти”, деди. Шунда пичоқ Аллоҳнинг қудрати билан тилга кирди: “Эй Иброҳим, сен кес, десанг, Аллоҳ кесма, деяпти, қандай қилиб Аллоҳга осий бўлиб, сенга бўйсунаман”, деди. Сўнгра Аллоҳдан: “Эй Иброҳим, дарҳақиқат, кўрган тушингни бажо қилдинг”, деб нидо келди. Жаброил (алайҳиссалом) Иброҳим (алайҳиссалом) ишларидан ажабланиб: “Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар!” деди. Иброҳим (алайҳиссалом): “Ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар”, деди. Исмоил (алайҳиссалом) эса: “Аллоху акбар ва лиллаҳил ҳамд”, деди. Шу боис бу калималарни қурбонлик кунларида айтиш бизларга вожиб қилинди. Иброҳим (алайҳиссалом)га фарзанди эвазига қурбонликка қўчқор туширилди.

Иброҳим (алайҳиссалом) Аллоҳ буюрган ҳар бир амални ўз вақтида адо этган ва уни қавмига ҳам етказишни шарафли мақсад қилиб олган. Қавмини Аллоҳга даъват этишда кўплаб қийинчилик ва машаққатларга сабр қилган.

Усмонхон Алимовнинг

"Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламнинг муборак васиятдари  китобидан, 1-жилд