loader
Foto

Иброҳим-пошо Паргали

Иброҳим-пошо Паргали, шунингдек,  Френк («европалик») Иброҳим-пошо, Мақбул («фаворит») Иброҳим-пошо ва Мақтул («қатл этилган») Иброҳим-пошо номи остида ҳам машҳур (1493, Парга - 1536, Истанбул) – Буюк Сулаймон даврида Усмонийлар империясининг буюк вазири.

Буюк Сулаймоннинг отаси, Салим I Ёвуз томонидан 1518 йилда бу лавозимга тайинланган Пири Меҳмед-пошо ўрнига 1523 йил тайинланган ва бу лавзоимда 13 йил давомида хизмат қилган. Империянинг бир нечта буюк вазирларигина у билан рақобат қилиши мумкин бўлган даражада ҳукуматни қўлига киритган ва таъсир кўрсата олган, бироқ 1536 йил султоннинг буйруғи билан қатл этилган, мол-мулки эса давлат томонидан мусодара қилинган.

Келиб чиқиши

Иброҳим ҳозирги Греция ҳудудида жойлашган, ўша пайтлар Венеция республикаси мулкида бўлган Паргада насроний балиқчилар оиласида туғилган (унинг Паргали лақаби ҳам шундан келиб чиққан). У болалигида қароқчилар томонидан уюштирилган босқинлардан бирида ўғирлаб кетилган ва Усмонийлар империясининг шаҳзодалари таълим оладиган Ғарбий Анатолиядаги Манис саройига келтирилган. Иброҳим Манис саройига қандай келиб қолгани ҳақида турли фаразлар бор: вариантлардан бирига кўра, у тўғридан-тўғри саройга сотилган; бошқа бир вариантга кўра, уни бир бева аёл сотиб олиб, у ҳақида ғамхўрлик қилган, унга ўқитган (хусусан, мусиқий таълим берган), кейин эса бўлғуси султон Сулаймон I га совға қилган; яна бир вариантга кўра, унинг замондоши бўлган Жовионинг айтишича, Иброҳим уни асирга олган Искандар-пошонинг уйида қул бўлган. Сўнгги иккала вариант ҳам қисман тўғри бўлиши мумкин: Иброҳим асир олинган, Искандар-пошо томонидан сотиб олинган, унниг бева қизига совға қилинган ва аёл бола ҳақида ғамхўрлик қилган; 1514 йил  бу аёл яшаган Эдирнага Сулаймон келган пайтда аёл Иброҳимни унга совға қилади.

Иброҳим туғилган сана аниқ маълум эмас, бироқ Иброҳимнинг ўзи Сулаймон билан бир ҳафтада, яъни 1494 йил туғилганини айтгани тасдиқланган ҳужжатлар мавжуд.

Иброҳим унинг тенгдоши бўлган бўлғуси султон билан тез дўстлашиб кетади. У Сулаймон билан бирга ўқиган, бир неча тилда сўзлаша олган: турк, итальян, форс ва она тили саналган грек тилини яхши билган; тарих ва географияга оид турли китоблар ўқишни яхши кўрган. 1520 йил Сулаймон Усмонийлар тахтига ўтиргач, Иброҳим лавозимларга лойиқ кўрилган, жумладан, султон ҳарамининг асровчиси бўлган.

Буюк вазир

Иброҳим-пошодан олдин ҳам, кейин ҳам деярли барча буюк вазирлар бу юқори лавзозимга тайинланишдан олдин барча босқичларни кетма-кет босиб ўтган. Ўзини юқори лавозимларда муносиб кўрсатгач, улар аста-секинлик билан кўтарилган, дастлаб учинчи вазир, кейин иккинчи вазир лавозимини эгаллаган (империянинг ўсиши билан вазирлар сони олтигача етган). Буюк вазир ўлимидан ёки лавозимдан олиб ташланганидан кейин, унинг ўрнини иккинчи вазир, иккинчи вазир ўрнини эса – учинчи вазир эгаллаган. Баъзида лавозимларни тартиби ўзгартирилган ёки иккита вазир ўрин алмашган. Сулаймоннинг отаси, Салим I томонидан 1518 йил бу лавозимга тайинланган Пири-пошо 1523 йил истеъфо бергач, унинг ўрнини иккинчи вазир Хаин Аҳмад-пошо олиши лозим эди. Сулаймон эса Салимнинг катта амалдорларини ўз номзодларини алмаштириш истагида эди, шу сабабли у барча учун кутилмаганда буюк вазир этиб ўзининг қули, яқин дўсти ва фаворити Иброҳимни тайинлайди.

Бу бутун бошли муаммолар юзага келтиради. Биринчидан, Иброҳим нобилитет авлодлари учун ҳам (туғилиш бўйича), девширмедан келиб чиққанлар учун ҳам  (Эндерунда ўқиганлар) Усмонийлар истеблишментда бегона эди. У ҳеч қандай нуфуз кўринишида мададга эга бўлмаган, чунки бунгача шахсан Сулаймон ёнида бўлган ва бошқа лавозимларни эгалламаган, султоннинг дўстлиги ва ишончидан бошқа ҳеч нарсаси бўлмаган. Амалдорлар ва тўралар эса бирон мартабага тез эришган одамларни жуда ёмон қарши олади. Адан яқинидаги жангда Херсекли Аҳмад-пошо асосан шу сабабли мағлуб бўлади, яраланиб, асир тушадики, Аҳмад улар устидан бошлиқ қилиб қўйилган, қўшинларга қўмондонлик қилган ёши каттароқ ва тажрибалироқ пошолар унга бўйсунишни истамаганди.

Бундан ташқари, воқеаларнинг кейинги ривожи шуни кўрсатадики, Хаин Аҳмад-пошо қаттиқ хафа бўлади. Мисрда бейлербеги лавозимига тайинланишни сўраб, у исён кўтаради ва 1524 йил Айяс Меҳмед-пошо қўзғолонни бостиришга юборилади. Аҳмад-пошо хоинлик туфайли мағлуб этилади ва 1524 йил қатл этилади. Иброҳим тартиб ўрнатиш ва бошқарувни йўлга қўйиш учун Қоҳирага шахсан ташриф буюришига тўғри келади.

Дипломат

Дипломатия майдонида Иброҳим-пошо катта муваффақиятларга эришади. У католик давлатлар етакчилари билан фойдали битимлар ҳақида келишиб олади. Венециялик дипломатлар уни ҳатто Буюк Сулаймонга қиёси қилиб «буюк Иброҳим» деб атайдилар.

1533 йил у Испания қироли Карл V элчилари билан Венгрия борасида музокара олиб боради. Гарчи музокаралар муваффақият билан якунланган ва Усмонийлар империясига дипломатик ғалаба олиб келган бўлсада, Иброҳим-пошо бу музокараларда ўзини худди султон Сулаймон ўрнига Усмонийлар империясини бошқаргандай тутади.

1535 йил Иброҳим-пошо француз элчиси Жан де ла Форет билан музокаралар давомида  монументал битим - Франциск I билан капитуляция ҳақида битим имзолайди, бу Францияга Габсбургларга қарши биргаликда ҳаракат қилиш эвазига Усмонийлар империясида савдо қилиш учун қулай ҳуқуқларни қўлга киритади. Ушбу битим биргаликдаги француз-турк ҳарбий-денгиз машғулотлари учун, жумладан, 1543-1544 йиллар қиш мавсумида Франция жанубида (Тулонда) Усмонийлар империяси флотини жойлаштириш учун замин ҳозирлаши мумкин бўлди.

Саркарда ва амалдор

1520 йил Сулаймон Усмонийлар тахтига ўтиргач, лавозимларга лойиқ кўрилди, жумладан, султон ҳарамининг асровчиси бўлган.

1523 йилнинг 27 июнида буюк вазир лавозимига тайинлангач, Иброҳим-пошо султондан бошқа унвонлар олишда давом этади ва унинг Усмонийлар империясидаги нуфузи худди Сулаймоннинг нуфузи каби мутлақ аҳамиятга эга бўлади.

Гарчи у аллақачон Исломни қабул қилган бўлсада, қариндошлик алоқаларини узмайди ва ҳаттоки ота-онасини Усмонийлар пойтахтида у билан бирга яшашлари учун кўчириб келади.

1524 йил Иброҳим-пошо Мисрдаги ноиб Хаин Аҳмад-пошонинг исёнини бостиришга мажбур бўлади, 1520-йилларнинг иккинчи ярмида эса султон Сулаймон уни дин тарғиботчиси – маҳдий Қаландар Чалабий билан исён бостириш учун Анатолияга жўнатади.

Унинг Истанбулдаги Султон Аҳмад майдонидаги саройи ҳозирги пайтда – турк ва ислом санъати музейи ҳисобланади. Сарой яққол мудофаа концепциясига мувофиқ қурилган бўлиб, узоқ муддат давомида кучли қамалга дош бера олган (Иброҳимнинг рақиблари жуда шафқатсиз эди).

Иброҳим-пошо султон Сулаймоннинг деярли барча ҳарбий кампанияларида иштирок этган. Хусусан, у 1526 йил Мохач жангида,  1529 йил Венани қамал қилишда, 1534-1535 йиллар Форс юришида сераскир унвонида Усмонийлар қўшинига қўмондонлик қилган. Сулаймон қўшинларининг тажрибали қўмондони бўлсада, охир-оқибат у Сафавийлар турк-форс империясига қарши кампания вақтида йўл қўйган эҳтиётсизлиги туфайли султон Сулаймонга хуш келмай қолади, чунки у ўзини «султон» сўзи иштирокидаги тахаллус билан тақдирлайди. Хусусан, Султон Сераскир деб аталган бу унвон Сулаймон учун жиддий ҳақорат эди. Бу ҳодиса натижасида рўй берган воқеалар кетма-кетлиги шунга олиб келдики, 1536 йил у қатл этилади.

Ҳалокатга олиб келган шарт-шароитлар

1520 йил султон Сулаймон тахтга чиққач, Тўпқапи саройи ҳарамида татарлар томонидан асир олинган славян канизак пайдо бўлади. Унинг ҳақиқий исми номаълум, европаликлар уни Роксолана деб атаган, Туркия тарихида Хуррам-султон номи билан машҳур, XIX аср охирида яшаб ижод қилган шоир ва ёзувчилар уни Анастасия (Александра) Гавриловна Лисовская деб атаган. Айнан Роксолана султонга таъсир этиш борасида у билан кураш олиб бориб, Иброҳим-пошони қулатишга эришади.

Усмонийлар империясининг бош ғазначиси Искандар Чалабий билан рақобат Иброҳим-пошо ҳаётида салбий акс этади. 1534 йилдан бошлаб султон Сулаймон Форс подшоҳи Тахмаспга қарши урушни қайталагач, Иброҳим-пошо бошчилигидаги қўшинни Сафавийлар давлати пойтахти Тебризга жўнатади. Гарчи юриш муваффақият билан тугаган бўлсада, сераскир ёрдамчиси сифатида юришда қатнашган Искандар Чалабий ва Иброҳим-пошо ўртасидаги низо кескинлашади. Султон қўшинга келиб, Бағдодни қўлга киритгач, Искандар Чалабий турк қўшинлари таъминотини бузишда айбланади ва осиб ўлдирилади.

Қатл этилган дафтардор арвоҳи султоннинг тушига кирган ва шундан кейин Иброҳим-пошони қатл этишга қасам ичган деган ривоят бор.

Қатл

Илк дўстлик йиллари Сулаймон Иброҳим ҳеч қачон Сулаймонинг ҳукмронлик вақтида қатл этилиши мумкин эмас деб қасам ичган дейишади.

Сулаймон ҳукмронлик йиллари давомида Иброҳимни ҳаётдан маҳрум қилмасликка қасам ичганлиги сабабли Истанбул қозиси қуйидагича талқин қилади: «Ҳаёт бу – фаоллик, биз ухлаётган пайт эса – яшамаймиз. У сен ухлаётган пайтда ўлсин». Женкинс бу ҳикояни Бодьернинг сўзларига ҳавола қилган ҳолда келтиради, лекин ҳужжатларда бошқа ҳеч қандай далиллар йўқлигини кўрсатади.

1536 йил 15 март куни Рамазон ҳайитини нишонлаш вақтида Иброҳим-пошо азалий дўстона анъаналар асносида Тўпқопи саройида Сулаймон билан бирга кечки овқат қабул қиларди. Эртаси куни эрталаб эса унинг танаси жонсиз ҳолатда топилади. Буни Венеция элчиси Доменико Тревизано қуйидаги сўзлар билан эслайди: «…қаттиқ кураш натижасида бўғиб ўлдирилганлик излари билан». Қора ёпиқ ёпилган от буюк вазир танасини унинг уйига олиб боради ва тезда, қабрнинг қаерда эканлиги белгиланмасдан, Ғалатдаги дарвишлар ибодатхонасида дафн этилади.

Улкан бойликлар, империяда қабул қилинганидек, буюк вазирнинг ўлимидан сўнг, мусодара этилган ва ғазнага ўтказилган. Шу тариқа, бу тез орада шиддат билан пастга қулашга олиб келишини сезган султон Сулаймондан уни жуда ҳам юқори лавозимга кўтармасликни ўтиниб сўраган Иброҳимнинг кўнглига келган хавотирлар юзага чиқди.

Хотини. Тахминлар ва мунозаралар

1524 йил Иброҳим-пошо уйланди. Султон Сулаймон тўй тантаналарида иштирок этди ва келин-куёвга Истанбул отчопарида улкан сарой ҳадя қилди.

Николай Йорганинг ёзишича, Иброҳим Усмонийлар империяси дафтардори Искандар Чалабийнинг қизига уйланган, лекин бу ҳақида ҳеч қандай далил келтирмаган.

Дамат

Тахминлардан бирига кўра, Сулаймоннинг синглиси Хатича-султон Иброҳим-пошонинг хотини бўлган. Хадича Иброҳимга учта фарзанд туғиб берган, лекин биринчи бола туғилгандан кейин кўп ўтмасдан вафот этган дейишади.

Бу тахмин ҳеч қанадй ҳужжатлар билан асосланмаган. Тарихчилар Иброҳим-пошонинг уйланиши ва дабдабали тўй ҳақида эслаб ўтадилар, лекин замонавий манбаларнинг биронтаси келин Сулаймоннинг оиласидан бўлганига ҳеч қандай далиллар йўқ.

Айрим иккиламчи манбаларнинг қайд этишича, Иброҳим-пошонинг хотини Сулаймоннинг синглиси бўлган, лекин унинг исми кўрсатилмаган. Бу вариантлар кейинроқ пайдо бўлган ва эҳтимол, князь Д. Кантемир (1673-1723), ундан кейин эса Абдураҳмон Шараф (1853–1925) ва Хаммерга (1774-1856) бориб тақалади.

Фақат XX асрга келиб, Хадича исми билан боғлиқ вариант пайдо бўлган, унинг муаллифи Узунчаршили эди. Бир неча йилдан сўнг унинг ўзи бу вариантни инкор қилган, лекин у кенг тарқалиб бўлганди. У ёзганидек: «Мен ўз китобимда Хадича-султон Иброҳим-пошонинг хотини деб ёзганман, лекин мен ноҳақ эдим ва шу мақолада ўз хатоимни тузатмоқчиман».

Замонавий ҳужжатлардан биронтаси Иброҳимни султоннинг қизи ёки синглисига уйланган кишиларга нисбатан қўлланадиган «дамат» унвони бўйича атамаган.

Хадича ва Иброҳим никоҳида туғилган деб айтиладиган учта бола аслида Иброҳимнинг ўғли ва Хадичанинг икки қизидир.

Мухсине

Охирга вариантга кўра, Иброҳим-пошонинг хотини Мухсина-хотин бўлганлигининг эҳтимоли юқори.

Унинг бобоси, Михалоглу Искандар-пошо, Босния санжакбейи, турли йилларда Румелия ва Анатолия бейлербейи, тўртинчи вазир бўлган.

Искандар-пошонинг қизи, Хафса (Мухсина-хотиннинг онаси), Иброҳимнинг қуллик давридаги биринчи бекаси бўлган. Айнан у дастлабки таълим берган ва кейинчалик Сулаймонга совға қилган.

Шу сабабли Мухсина дастлаб никоҳдан бош тортган, у собиқ қулининг хотини бўлишни истамаган. Бироқ бу, архивларда топилган хат ва ёзишмаларга кўра, келгусида уларнинг илиқ муносабатларига асло халал бермаган.

Искандар-пошонинг ўғли, Хуррам-пошо Дамашқ санжакбейи бўлган.

Маълум муддатга ёддан кўтарилиб кетган бу тахмин Узунчаршили томонидан 1965 йил баён қилинган. Бу вариантни тасдиқлаш учун бир йилдан сўнг Нигор Анафарта Иброҳим-пошонинг архивлардан топилган ва Мухсинага йўлланган хатни эълон қилади. «Қадрдоним, маҳбубам», «сени соғиниб қолувчи севгилинг Иброҳим» - пошонинг хотини билан ёзишмалари то пошонинг 1536 йил қатл этилишига қадар уларнинг бир-бирига самимий ва меҳрибон муносабатда бўлганлигидан далолат беради. Уларнинг Меҳмед исмли ўғиллари бўлган ва у 1539 йил вафот этган.

1523 йил Пьетро Зен Иброҳим-пошонинг хотини томондан қариндоши билан учрашуви ҳақида ёзган. Бу хатида Зен унинг қариндошлик алоқаларини батафсил баён қилади. 16-асрга оид İbtihâcü't-Tevârih йилномада Иброҳимнинг ўша пайтда Искандар-пошонинг ўғли – Иброҳимнинг хотини қариндоши губернатор бўлган Дамашққа сафари ҳақида қайдлар бор. Қайд Иброҳимнинг ўз тўйидан 4 ойдан кейин Мисрга сафар уюштирган вақтга тўғри келади. 1523 йилнинг октябрь ойида Марино Санудо қуйидагиларни ёзиб қолдирган: «Келаётган май ойи (1524 й.) Иброҳим босниялик пошо оиласининг қизига (неварасига - e fia di una fia) уйланади»; худди шу йилнинг 6 декабрида эса қуйидаги сўзларни ёзган: «…султон уни (Иброҳимни) Босниялик бир беванинг, … [матн шикастланган] хотинининг қизига уйлантиради. Султон айтиб ўтилган тўй учун Синьориядан божсиз 8000 дукатлик Кипр қандига буртма беради». Иброҳим Искандарнинг неварасига уйлангани Паоло Джовио томонидан «Commentarii di cose di Turchi» ҳам айтиб ўтилган. 1532 йил Синан томонидан қурдирилган Иброҳим-пошо масжиди (шунингдек, Мухсина-хотин масжиди; Кумкапа) ҳам билвосита далил бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Муросали вариант

Саналарнинг мос келмаслига асосланиб (1523 й. – Зена қайди, 1524 й. – тўй) айримлар (масалан, Улучай) Узунчаршили варианти билан баҳслашади. Уларнинг ҳисоблашича, Мухсина-хотин билан ажрашгандан сўнг Хадичага уйланган. Бироқ, бунга Иброҳим ва Мухсина ўртасида унинг ўлимига қадар бўлган ёзишмалар ва 1532 қурилган масжид ҳам ҳақидаги маълумотлар зид келади. Улучайнинг таъкидлашича, Иброҳимнинг Хадичага ёзган хатларини топган бўлиб, унга акаси ва Хуррам-султон билан ўзини қандай тутиш ҳақида кўрсатма беради ва Сулаймонни ака деб атайди. Улучайнинг асарида зарур иқтибослар йўқ, бундан ташқари, у шубҳали (оммавий, лекин илмий эмас) манбалардан иқтибос келтиради. Саналарнинг мос келмаслиги ҳижрий тақвимдан юлиан тақвимига ўтказишдаги хатолар билан изоҳланиши мумкин. Шунингдек, никоҳ тўйдан анча олдин ўқилган бўлиши ҳам мумкин. Лекин Иброҳимнинг иккита хотини бўлган бўлиши, Сулаймоннинг синглисига уйланишдан олдин Мухсина билан ажрашмаган бўлиши ҳам мумкин.

Интернетдан

Абу Муслим таржимаси