loader
Foto

Соғлом фикрлашга нима халақит беради?

Кимнинг фикри соғлом бўлса – унинг баёни ҳам аниқ бўлади. Бу қонуниятни одамлар аллақачон сезганлар. Ички фикр-мулоҳазалар ва биз айтадиган сўзлар, амалга оширадиган ҳаракатлар ўртасидаги алоқалар ажойибдир. Фикр ва мулоҳазалар аниқлигига нима хизмат қилади? Нима жиддий халақит беради? 

Бу саволларга жавоб топиш – нафақат интеллектуал тарзда, балки амалий ҳаётда, атрофдагилар билан муносабатларда ҳам олға томон ҳаракат қилиш демакдир. Диндорларга нисбатан бу саволга берилган жавобларда хусусиятлар борми? Келинг, масаланинг моҳиятини тушуниб олишга ҳаракат қилиб кўрайлик.

Тан олиш керак: бизнинг соғлом фикрлаш қобилиятимизга таъсир этадиган бир қатор жиддий тўсиқлар мавжуд. Бу бизнинг Ислом таълимоти, Қуръон кўрсатмалари нотўғри тушунишимиз ва қўллашимизга сабабчи бўлади. Худди шу сабабли биз атрофимиздаги оламни нотўғри тушунишимиз, рўй бераётган ўзгаришларни ва ҳаётдаги ролимизни нотўғри тушунишимиз мумкин.

Кўр-кўрона эргашиш

Бизни соғлом фикрлаш қобилиятидан маҳрум қилиши мумкин бўлган ярамас тўсиқлардан бири – кўр-кўрона эргашишдир (тақлид). Ажойиб Ислом уламоси, фақиҳ Абдул-Барр ўз вақтида шундай деган, Ислом фақиҳлари кўр-кўрона эргашувчи - олим бўлиши мумкин эмаслиги борасида муросага келишлари лозим. Чекланган одамларгина Ислом фиқҳи кенг майдонини кўришдан кўнгилли равишда воз кечадилар.

Айнан ички кўрлик туфайли, янгича фикрлаш, турмуш тарзи ва эътиқодни идрок қила олмаслик сабабли қадимда мушриклар Маккада Исломни қабул қилишни рад этган. Аллоҳ таоло айтадики: “Уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага эргашингиз», дейилса, улар: «Йўк, биз оталаримизни нимада топсак, шунга эргашамиз», дейдилар. Оталари ҳеч нарсага ақли етмаган ва ҳидоят топмаган бўлсалар ҳам-а?!” (Бақара сураси, 170)

Ўтмишдан, ўтган авлодлардан қолган нарсаларни ўйламасдан, бемулоҳаза ва танқидсиз такрорлаш жуда хавфли бўлиши мумкин. Бундай вазиятларда одамлар аввалбошдан ўз қобилиятини чеклаб қўяди. Хусусан, тадқиқ этиш, таҳлил қилиш қобилияти, бу эса, ўз навбатида, дунёни яхши томонга ўзгартириш, ривожланишга умидларни йўқотишга олиб келади.

Жамоатчилик босими

Жамият фикри ва “гуруҳ (ёки жамоавий) онг” деб ҳам аталадиган унинг босими тўғри фикрлаш йўлидаги хилма-хил тўсиқларни қамраб олиши мумкин. Шу сабабли Аллоҳ ва унинг расули саллоллоҳу алайҳи васаллам Макка мушрикларига Аллоҳ таолонинг ваҳийси уларга ҳам йўналтирилганини  чин дилдан тан олишга имкон бермайдиган “жамоатчилик фикри”  босимидан  халос  бўлишга кўрсатма берган.

Аллоҳ таоло айтади: Сен: «Мен сизга биргина насиҳат қиламан: Аллоҳ учун холис, якка-якка ва тўп-тўп туриб бир фикр юритиб кўринглар. Соҳибингизда жинга оид ҳеч нарса йўқ. У сизларга шиддатли азобдан олдинги огоҳлантиргувчи, холос», деб айт.  (Сабаъ сураси, 46)

Одамларнинг ёлғизликдаги ёки ким биландир қолгандаги хулқ-атвори катта гуруҳлар таркиби ҳолатидаги хулқ-атвордан жиддий фарқ қилади. Биз ёлғиз қолганда, тор доирада, қоидага кўра, рўйи-рост ва очиқ-ойдин гапирамиз. Агар шундай мулоқот ўринга эга бўлган бўлса, бу киши, афтидан, омма олдида ҳам самимийроқ гапиради ва ҳаракат қилади. Ишонмасдан қараш ва айблашдан иборат бўлган тўсиқлар бартараф қилинмайдиган бўлиб кўринмайди.

«Йўқ! Уларнинг қилган касблари қалбларига моғор бўлиб ўрнашиб қолган, холос».  (Мутафиффун сураси, 14) дея таъқидлаганда Аллоҳ таоло айнан шу ҳақида гапиради.

Аллоҳ таоло бизларга шуни ҳам айтадики: “Улар: «Қалбларимиз сен даъват қилаётган нарсадан ғилофлардадир, қулоқларимизда оғирлик бор, сен билан бизнинг орамизда эса, парда бор. Бас, сен амалингни қилавер, биз ҳам, албатта, ўз амалимизни қилгувчилармиз», дедилар”.  (Фуссилат сураси, 5)

Жамият кашфиётлар ва билимларни, дин асосларини, ҳақиқатни яшириши мумкин. Бу эса, афсуски, одамларни керакли йўналишда фикрлашдан чалғитади, энг муҳим ҳаракатларни амалга оширишга имкон бермайди. Соғлом фикрлашнинг мазмуни – бу босимни ҳис қила олиш, унга бўйсунмасликдир. Агар унинг ҳис-туйғулари саросимага тушган, у айбловлардан қўрқадиган, жамоатчилик фикридан чўчийдиган бўлса, одам соғлом фикрлай олмайди ва объектив мулоҳаза юрита олмайди.

Бу борада ғарб мутафаккирларидан бири қуйидаги сўзларни айтган: «Жамият онг ва фикрлашни рад қиладиган махлуққа айланиб қолиши мумкин».

Кўр-кўрона тақлид қилиш, жамоатчилик фикрининг босимидан ташқари,  ҳар бир инсон, агарда у фикрлаш соғломлигига эришиш истагида бўлса, бидъат, хурофот ва ирим-чиримлар васвасасини бартараф қилиши зарур.

Бидъат, хурофот ва ирим-сиримлар васвасаси

Бир жиддий тадқиқотчи шундай хулосага келгандики, динлар кучи ва нуфузлилиги тўғридан-тўғри ... фикр-мулоҳазалардаги заифликларга боғлиқ бўлади. У динлар ҳақида айтадиган нарсани асл дин деб бўлмайди. Бу – турли амалиётлар, одамлар томонидан ўйлаб топилган инновациялар. Улар Аллоҳ таолодан ва унинг расулидан (с.а.в.) эмас.

Аллоҳ таоло бизга сўзсиз диний мажбуриятларни кўрсатган, гуноҳкорлар қандай тавба қилишини, Унинг йўлидан борадиган умматни қандай қилиб топиш ва унга қўшилиш мумкинлигини очиб берган. Аллоҳ таоло айтадики: «Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган ёки Унинг оятларини ёлғонга чиқарганлардан ҳам кўра золимроқ кимса борми? Албатта, золимлар нажот топмаслар». (Анъом сураси, 21)

Бидъат ва хурофотлар оқилона ва изчил фикрларни сиқиб чиқаради, уларнинг ўрнига бизнинг ақлимизни кўп сонли мистик иштибоҳлар, сеҳрли формулалар ва ... ҳийла-найранглар эгаллайди. Бу сўқмоқдан йўл олган киши бор умидларини мўъжизаларга, мистик башоратларга қаратади. Ислом эса, аксинча, ўз фикрларини биз учун Аллоҳ таоло томонидан белгиланган нормал, табиий қонунлар мавжудлигига қаратиш лозимлигига ўргатади.

Фикр-мулоҳазалар бу – бизнинг ақлий фаолиятимиз бўлиб, уни онгдан фойдаланишсиз тасаввур қилиш ҳам мумкин эмас. Фикрлаш жараёни бош миянинг қизиши билан таъминланади. Бидъат-хурофотлар миямизда, хаёлларимизда, далилларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш қобилиятларида заруратни қайд этади. Бидъат-хурофотлар тайёр хулосалар таклиф қилади.  «Сеҳр» шундаки, бизга “қўшимча билимлар”, кўзга кўринмас объектлар, буюмларнинг сирли хусусиятлари таклиф қилинади. «Мўъжиза яратувчилар», ўзлари чекланган одамлар бўлгани ҳолда, ўз тармоқларига бошқаларни ҳам жалб қилади ва уларни ҳам ақли заиф қилиб қўяди.

Аллоҳ таоло айтадики: «Батаҳқиқ, жаҳаннам учун кўплаб жин ва инсларни яратдик. Уларнинг диллари бору тушуна олмаслар. Кўзлари бору кўра олмаслар. Қулоқлари бору эшита олмаслар. Ана ўшалар чорва ҳайвонлари кабидирлар. Балки улардан ҳам баттарроқдирлар. Ана ўшалар ғофилдирлар». (Аъроф сураси, 179)

Абсолютизм

«Фақат шундай ва бошқа ҳеч қанақасига», «ҳеч қандай муҳокамага ўрин йўқ» - одамлар ўз нуқтаи назарини тушунтиришни кўпинча шу каби сўзлар билан чегаралайди. Лекин бундай ҳолатда “изоҳ” тушунчасидан фойдаланиш мумкинми? Албатта, йўқ!  “Ҳаммаси ёки ҳеч нарса” тамойили соғлом фикр-мулоҳазалар учун жиддий тўсиқдир. Ҳатто эмоционал жиҳатдан ҳам бундай нуқтаи назар сиздан бошқа кишининг барча оқилона ва асосланган далилларини қабул қилиш, ёки қатъиян инкор қилишни талаб қилади.

Бундай хавф ҳақида огоҳлантирар экан, Али бин Абу Толиб розияллоҳу анҳу қуйидаги сўзларни айтган: «Сиз севадиган нарсани зийраклик билан севинг. Муҳаббатингиз предмети бир кунда сизга нафратли бўлиб қолиши мумкин. Нафратланадиган нарсага эҳтиёт билан нафратда бўлинг. Сиз нафратланадиган нарса куни келиб сиз учун севимли бўлиб қолиши мумкин».

Ҳаддан ташқари торайтириш одати зарар етказиши мумкин: сиз тўғри эътиқодга қўшилиш ҳуқуқини ўзингиз рад қиладиган ҳолатга тушиб қолишингиз мумкин.

Мутлақ эътиқодга эга бўлган одамлар учун суҳбат қийин, кўпинча умуман имконсиз бўлади. Улар ўз сўзларидан иқтибос келтиради, бошқаларнинг саволлари ва фикрларини эшитмайди. Суҳбат (диалог) ўрнига монолог ҳосил бўлади.

Буюк Ислом фақиҳ олими Шофеъий ушбу муаммо борасида ажойиб фикр билдирган. Унинг сўзлари биз учун қандай мулоҳаза юритиш лозимлиги борасида қоида бўлиб хизмат қилиши мумкин. У айтгандики: «Мен ўз қарашларимни тўғри деб баҳолайман. Лекин хатога йўл қўйишим эҳтимолини инкор қилмайман. Мен бошқа одамнинг фикрини нотўғри деб ҳисоблайман. Лекин унинг ҳақ бўлиши эҳтимоли бор деб ҳисоблайман».

Имоми Шофеъийнинг ўз нуқтаи-назарига ишончи комил эканлиги ҳақидаги фикри қиёсий тадқиқотларга, зўр бериб ишлаш ва таҳлилга асосланади. Лекин бу хатони тан олиш учун имконият қолдирмасди. У ўз хулосаларини тафтиш қилиши, янги натижаларни муҳокама қилиши мумкин эди. У танқид учун ва янгиликларни қабул қилиш учун очиқ эди.

Керагидан ортиқча таъсирчанлик

Инсон атрофда рўй бераётиган воқеа-ҳодисаларга кар ва кўр каби жавоб қайтарадими ёки аксинча, қаҳр ва ғазабга минадими – унинг фикрлари ойдинликни йўқотади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳис васаллам: «Агар ҳакам жаҳли чиқиб турган бўлса, ҳукм чиқармаслиги лозим», деганлар.

Қаҳр-ғазаб – энг ёмон эмоционал ҳолатлардан биридир. У инсонни чулғаб олади, унинг онгини буркаб олади...

Мусулмон киши унинг фикрлашига халақит берадиган барча тўсиқлардан хавфсираши лозим. Қуръони карим бизни огоҳлантиради: «Қуръонни тадаббур ила ўйлаб кўрмасларми? Ёки қалбларида қулф борми?» (Муҳаммад сураси, 24)

Соғлом фикрлай олишимиз учун Аллоҳ таоло онгимизни ҳар қандай гумроҳликдан асрасин.

Салмон Авда маққоласи асосида

Абу Муслим тайёрлади