Бир ҳафта ўтгач, карт-бланшни қўлга киритган Гитлер Иккинчи жаҳон урушини бошлаган. 1939 йил 23 август, кеч оқшомда, Кремлда нацистлар Германияси ва Совет Иттифоқи ўртасида бир-бирига ҳужум қилмаслик ҳақида шартнома имзоланганидан кейин, Риббентроп бахтиёр эканлигини яшириб ҳам ўтирмаган. Икки давлатнинг Европа шарқидаги таъсир доираси белгилаб қўйилган пактнинг махфий иловаси Гитлерга бемалол Польша билан уруш бошлаш ва «яшаш макони»ни кенгайтириш имконини берди.
Риббентропнинг советлар ташқи сиёсий маҳкамаси бўйича ҳамкасби Молотов, одатда маъюс ва вазмин бўлса-да, унинг ҳам кўзлари чақнаб турарди. Большевиклар стажига эга бўлган конспиратор, умрининг охиригача шартноманинг махфий баённомаси бўлганлиги ва уни ўзи имзолаганини тан олмаган. Оқшомги қабул вақтида ҳақиқатда бахтиёр бўлиб кўринган Сталин қўлида шампан виноси қадаҳи билан «фюрер учун» қадаҳ сўзи айтади. Сўнгра, Риббентропни бир четга тортиб, шартномани тўлиқ бажаришини айтади.
Шартнома туфайли Сталин ўзининг "яшаш майдонини" кенгайтириш ва Германияга қарши урушни кечиктириш имкониятига эга бўлди. Лекин Гитлернинг мақсадлари у ёки бу даражада аниқ бўлса, Польшанинг катта қисмини, Болтиқбўйи мамлакатлари, Финляндия, Бессарабия, Шимолий Буковинанинг қўлга киритиш имкониятига эга бўлган Сталиннинг узоқ режалари ҳали ҳам тарихчилар орасида тортишувларга сабаб бўлмоқда.
Молотов-Риббентроп шартномаси дунёда машҳурлик бобида – разиллик ва сурбетлик борасида тенги йўқдир. Буларнинг барчаси шармандали қовушиш билан якунланган динозаврлар дахмазасини эслатиб юборади. Ҳали ҳам Сталинга ишонган турли давлатлардаги идеалистик коммунистлар учун, шунингдек , СССРни ўз сафидан чиқариб юборган Миллатлар Лигаси учун ҳам бу шармандлик эди. Икки сиёсий йиртқич шартномани имзолашдан олдин, бир-бирларини намойишкорона ёмон кўришган ҳолда, қўлларини очиб, Европа ва бутун дунё учун ҳалокатли бўлган фитна уюштиришди.
Нима учун бу келишув жиноят эди? Сталинчилар орасида у барибир, ҳанузгача раҳбарнинг, доҳийнинг зўр маҳорат билан қилган юриши деб баҳоланади. Гап шундаки, Молотов-Риббентроп пактини баҳолаш Совет тузумининг моҳиятига бўлган муносабатга боғлиқ. Агар бу режим "Учинчи Рейх" режимидан кўра кўпроқ "инсонпарвар" деб ҳисобланса, Сталин унга маъқул талқинда, ҳақиқатан ҳам "тинчликсевар" Совет Иттифоқи учун урушни кечиктириб, Германияни Ғарб демократияси билан тўқнаштириб қўйди, бу Совет Иттифоқи дипломатияси учун катта ғалаба эди. Аммо иккиюзламачилиги билан тарихда унга ўхшаши жуда кам бўлган Сталин тузуми тараққийпарварлик ниқобини тақиб олганди. Аслида, биз биламизки, у СССРда ҳам, ундан ташқарида ҳам миллионлаб одамларга ўлим келтирди. Сталинчиларнинг (диний миллатчилар билан бир қаторда) таъкидлашича, Сталин қўшни давлатлар ҳудудларини эгаллаб олиб, чор империясининг тарихий ерларини Россияга қайтаришга ҳаракат қилди. Худди Иван Калита сингари ёки сўнгги пайтларда Путин каби ерларни йиғувчи одам.
Аммо Сталин 30-йилларнинг ўрталаридан бошлаб мамлакатда рус миллатчилигини жонлантирганига қарамай, унинг мақсади янада улуғвор: коммунистик утопиянинг ёрдами билан дунё етакчисига айланиш эди. Гитлер билан шартнома имзолаш орқали бу мақсад сари яна бир қадам ташлади.
Албатта, Англия ва Франция етакчилари Чемберлен ва Даладье ҳам Гитлер билан шартнома муносабатларини ўрнатдилар. Улар 1938 йилда Мюнхен шартномаси имзолангандан кейин фашистларга Судетни эгаллаб олишга имкон берган уни "тинчлантиришга" ҳаракат қилдилар. Ҳеч кимга сир эмаски, Ғарб сиёсатчилари Сталин ва Гитлернинг шафқатсиз урушда бир-бирига қарши чиқиб, кучларини чарчатиб, бошқа давлатлар учун хавфсиз бўлишларига қарши эмасдилар.
Ғарб етакчилари, бугунги кунда биз тушунганимиздек, узоқни кўра олмаганлар. Уларнинг Сталин билан ҳарбий иттифоқи икки жабҳада урушдан қўрққан Гитлерни фалаж қилиши мумкин эди. Бу содир бўлмади, аммо диктаторлар ўз ҳаракатларини мувофиқлаштириш учун имконият топдилар: Иккинчи Жаҳон уруши Польшани Германия ва СССР томонидан биргаликда босиб олиниши билан бошланиб, Ғарбий Европага кўчиб ўтди.
Сталин Болтиқбўйи давлатларини моҳирлик билан ўзига бўйсундирди, худди маълум маънода Путин Қримни ўзига бўйсундиргани каби. Бироқ Финляндия Сталинга бўйсунмади ва Қишки Уруш пайтида Қизил Армияни ҳалокат ёқасига келтириб қўйди. Гитлер, агар Совет Иттифоқи бундай кичкина мамлакатни бир ёқли қилишни эплай олмаган бўлса, гавдасига ишониб бўлмайдиган қуруқ савлат экан, деган хулосага келди ва блиц-криг СССРни забт этиш учун яхши ғоя деб ҳисоблади.
Бунинг қандай якун топганини барчамиз яхши биламиз. Аммо 1939 йилда Молотов-Риббентроп пактига имзо чекан бахтли одамлар ўзларининг келажаги ҳақида ҳеч нарса билишмас эди. Улардан бири саккиз йилдан кейин Нюрнбергда осиб ўлдирилади, иккинчиси эса бир неча йил давомида мавзолейга қўйилади, кейинчалик у ердан шармандаларча олиб чиқилади. Бироқ, Россияда ҳали ҳам миллионлаб Сталиннинг мухлислари топилади, улар Совет Иттифоқи ва фашистлар Германияси ўртасидаги 1939 йилдаги шартнома ҳақида овозида қаттиқ титроқ ва деярли кўзларида ёш билан гапиришади.