Руслар келгунига қадар Кавказ Усмонлилар салтанати ва Форс давлат ўртасидаги қарама-қаршиликлар ҳудуди бўлган. Бу икки ислом давлати асрлар давомида стратегик аҳамиятга эга бўлган минтақа устидан ҳукмронлик қилиш учун уруш олиб борган, лекин уларнинг биронтаси ҳал қилувчи ғалабага эриша олмаган.
Уруш ҳаракатлари вақтида суний мазҳабидаги ислом динига эътиқод қилган кавказ халқлари, қоидага кўра, усмонлиларни қўллаб-қувватлаган. Чеченлар, черкеслар, адигейлар, Доғистон халқлари сюзерени деб турк султонини тан олган. Улар Боғчасарой ва Истанбулга ўлпон тўлаган, бироқ бу ўлпон оғир бўлмаган. Турклар тоғлик халқларнинг ички ишларига камдан-кам аралашарди. Фақат уруш пайтларигина усмонлилар қабилалар бошлиқларидан ҳарбий ёрдам сўраб мурожаат қиларди.
Қрим босиб олингач, Россия тоғлик халқлар рус подшосига қасамёд қилишларини талаб қила бошладилар. Қабилаларнинг бир қисми шундай қилди ҳам. Бироқ улар ўз мажбуриятларини бажаришга шошилмасди. Бундан ташқари, тоғликларни Петербургнинг тўлиқ назорат остида қолиб кетиш истиқболи хавотирга соларди.
XIX аср бошларига келиб, қўшиб олинган Грузия ва Россия ўртасида ўлканинг руслар томонидан мустамлака қилинишига фаол қаршилик кўрсатган мусулмон қабилалар бор эди. Тоғликларнинг руслар яшайдиган аҳоли пунктларига ва ҳарбий постларга ҳужумлари кўпайиб кетди. Кутилмаганда бошқа давлат фуқаросига айланиб қолган грузинлар ҳам норозилик билдирарди.
Бутун Кавказ аста-секинлик билан, лекин мақсадли йўналтирилган ҳолда тоғлардаги кичик хонликлар ва князликларни бўйсундира бошлаган рус қўшинларининг ҳаракати ҳақидаги миш-мишлардан жунбушга келганди. Босқинчиларга қаршилик кўрсатиш кундан-кунга зўрайиб борарди.
XVIII асрнинг охирларида Россия Шимолий Кавказда кучли гарнизонлар жойлашган қалъалар уларни боғловчи бўғинлар бўлган бир нечта мудофаа чизиқлари барпо этди. Уларнинг барчаси биргаликда Кавказ чизиғи деб аталарди. Моздок, Владикавказ ва Грозний энг кучли қалъалар эди.
1804-1813 йиллар бўлиб ўтган рус-форс уруши, ундан кейин бошланган навбатдаги рус-турк уруши Кавказдаги шундоқ ҳам мураккаб бўлган вазиятни янада чигаллаштириб юборди. Турклар ва форслар ўз тарафдорларига фаол равишда қурол-яроғ етказиб берар, тоғликларни қуроллантирар ва уларни Россияга қарши гижгижларди. Ҳаттоки сулҳ битимлари тузилгандан кейин ҳам Кавказдаги уруш ҳаракатлари нафақат тўхтамади, балки янада кучайди.
1816 йил Россиянинг Кавказдаги ноиби этиб генерал-лейтенант Алексей Ермолов тайинланди. Бу пайтга келиб у Наполеонга қарши уруш ҳаракатлари тажрибасига эга бўлган машҳур генерал эди. Бу жасур ва қўқмас қўмондаон, лекин тажрибасиз бошқарувчи эди.
Кавказда Ермолов ўзининг ҳарбийларга хос қилиқлари билан уруш оловини янада кучайтирди. Гувоҳларнинг далолат беришича, Ермолов «тоғликлар ўртасида атайин адоват уйғотган, қабилаларни бир-бирига қарши гижгижлаган». Чеченлар, доғистонликлар ва черкеслар қаршилигини синдириш учун генерал Ермолов ҳеч нарсадан тап тортмаган.
Руслар қўшинлари овулларга ўт қўяр, нафақат аёлларни, балки болалар ва аёлларни ҳам ўлдирарди. Ермоловнинг усуллари ҳаттоки Петербургда шох саройида ҳам жирканиш ва нафрат ҳиссини уйғотарди. Рус императори Александр I Кавказдаги ноиби ҳақида қуйидаги сўзларни айтган:
«Ермоловнинг қалби худди унинг этиги каби қоп-қорадир».
Ермолов кундалик тутарди ва унда Кавказ урушидаги энг муҳим ҳодисалар ҳақида ёзиб борарди:
«1825 йил. 2-ююль. 7 дан 8 га ўтар кечаси сохта пайғамбар ҳақидаги хабардан ғазабга минган чеченлар Амир-Аджи-Юртдаги истеҳкомли постга ҳужум қилиб, уни ёқиб юбордилар... 18 сентябрь. Кабардинда кўтарилган исён ҳақида хабар келди. Кубань ортида яшайдиганлар (гап чеченлар ҳақида бормоқда) ёрдамга келган хиёнаткорлар Солдатское қўрғонига ҳужум қилиб, уни катта қисмини хонавайрон қилдилар».
Ермоловнинг жавоб ҳаракатлари жуда шафкатсиз бўлди.
«Дон қўшинлари қўмондони генерал-майор Сысоев бошчилиги остидаги қўшинлар отряди Дадан-Юрт қишлоғини забт этди. Қишоқ аҳли сўнгги томчи қони қолгунча ҳимояланди. Фақат аёллар ва ёш болалар асир олинди, уларнинг кўпчилиги ярадор эди. Аёллар аскарларга ханжар билан ташланарди», - деб ёзади Ермолов.
Ўн йил ҳукмронлиқ қилганидан сўнг, 1827 йил Ермолов истеъфога беради. У Кавказни тартибсизлик ва саросима ҳолида қолдиради. Тоғликларни қурол куч билан бостиришнинг имкони бўлмади. Уруш тобора шафқатсиз ва қонга тўла бўлиб борди. Кавказ итоат қилишни истамасди.
Кавказдаги уруш энг бошидан диний характерга эга бўлган. Чеченлар, доғистонликлар ва черкеслар русларни нафқат ўзга юртликлар сифатида, балки, биринчи навбатда, ғайридинлар сифатида қабул қиларди. Россия томонидан Кавказни мустамлакалаштириш империянинг ерлик халқ вакилларига ўз маданияти ва динини зўрлаб ўтказишга қаратилган ҳаракат эди.
Қўзғолончиларга дастлаб қатъиятли ва иродали киши, яхши ташкилотчи ва жасур жангчи бўлган Ғози Муҳаммад – Доғистон ва Чеченистон имоми бошчилик қилган. Ғози Муҳаммад нафақат ҳарбий, балки маънавий етакчи ҳам эди. У тоғликларни ғайридинларга қарши урушга – ғазовотга ундайди:
«Аллоҳ динни поклаш ва юксалтиришни лозим топибди! Биз унинг иродасини бажарувчилармиз, холос!», - деди Ғози.
Ғози Муҳаммад Россияга содиқлини сақлаб қолган тоғ хонликларига қарши бир нечта рейд уюштирди. Лекин бу юришларнинг ҳаммаси ҳам муваффақият билан якун топмади. Қабилалараро ихтилофлар Кавказда жуда кучли эди. 1830 йил Унцукул номли авар овулида Доғистон ва Чеченистон оқсоқллари қурултойи бўлиб ўтди. Бу қурултойда Ғози Муҳаммад оташин нутқ билан сўзга чиқиб, унда хиёнатчиларни фош қилди ва курашни давом эттиришга чақирди:
«Халқ! Билиб қўйинг, токи бизнинг ўлкамиз русларнинг оёқлари остида поймол бўлар экан, биз учун бахт бўлмайди; қуёш ёмғир ёғмай қўйган далаларимизни куйдиради, ўзимиз эса пашша каби қирилиб кетамиз, Аллоҳнинг олдида ўзимизни оқлаш учун нима дея оламиз? Шундай қилиб, Аллоҳ номи билан сизларни ғайридинларга қарши курашга чорлайман. Тоғликлар қалби имон ва эркинликдан таркиб топган. Бизни Аллоҳ шундай қилиб яратган. Лекин ғайридинлар ҳукмронлиги остида эътиқодга ўрин қолмайди. Биродарлар, муқаддаси урушга қўзғалинг! Хоинларга ғазовот! Сотқинларга ғазовот! Ким озодлигимизга рахна солса, шуларнинг ҳаммасига ғазовот!»
Ғози Муҳаммад душман ортида шиддатли рейдлар тактикасини ишлаб чиққан. Қўзғолончиларнинг кичик отрядлари ғанимлар қалъалари ва истеҳкомларига қўққисдан ҳужум қили, коммуникациялрни вайрон қиларди, қурол-яроқ ва озиқ-овқат билан таъминлаш тизимини ишдан чиқарарди. Бу тактика Кавказ урушининг қандай давом этишини белгилаб берди.
Қисқа вақт ичида Ғози Муҳаммад бир қатор муваффақиятли юришларни амалга оширди. Атлы-буюне овули қинидаги жангда тоғликлар рус армиясини тор-мор қилдилар. Улар, шунингдек, Кизляр шаҳрини забт этдилар. 1831 йилнинг августида Ғози Муҳаммад қадимий Дербентни қамал қилди. Дербентни қўққисдан ҳужум қилиб забт этишнинг уддасидан чиқа олишмади. Қамал ҳолатидаги гарнизонга ёрдам бериш учун генерал С.Кахановнинг қўшини етиб келди. Исёнчилар чекинишга мажбур бўлдилар.
Ғози Муҳаммад узоқ масофада жойлашган Гимри тоғ овулини ўзига қароргоҳ қилиб олади. Тоғликлар бир қатор фортификация иншоотлари барпо этиб, Гимрини мустаҳкамладилар. 1832 йилнинг октябрида генерал А.Вельяминов бошчилиги остдаги рус қўшинлари қўзғолончиларни йўқ қилиш бўйича кенг миқёсли операция бошладилар. Руслар Гимрини қуршаб олдилар. Сўнгра тоғликлар истеҳкомини қадамма-қадам ишғол қилишга киришдилар.
Ғози Муҳаммад бошчилигидаги сўнгги ўн беш нафар исёнчи баланд минорага ўрнашиб олди. Руслар тўп ёрдамида минора дарвозасини бузиб ташладилар. Асир тушишни ўзига раво кўрмаган имом қўлида қилич билан аскарларга ташланди ва милтиқ найзалари остида ҳалок бўлди. Тоғликлар орасида фақат бир кишигина омон қолди. Унинг исми Шомил эди.
Ушбу жанг қатнашчиси рус офицери А.Рукевич ўз хотираларида қуйидаги сўзларни ёзганди:
«Минора шиддатли қаршилик кўрсатилгандан сўнг бизнинг қўшинимиз томонидан забт этилди ва Ғози-Мулал бошчилигидаги деярли барча минора ҳимоячилар бўғизланди, фақат аскарлардан бири томонидан деворга милтиқ найзаси билан сиқиб қўйилган ўсмиргина қўйнидан чиқарган ханжар билан аскарга ташланди, сўнгра милтиқ найзасини ярасидан суғуриб олиб, мурдалар устидан югуриб ўтди ва минора четида қорайиб турган жарликка ўзини отди. Буларнинг ҳаммаси бутун отряд кўз ўнгида содир бўлди. Бу ҳақида унга хабар қилингач, барон Розен деди: Ҳа, бу йигитча ҳали бизга кўп ташвиш уйғотади …»
1834 йил Доғистон ва Чеченистон имоми этиб Шомил исмли шахс тайинланди. У қадимий авар қабилаларидан эди. Унинг устози шайх Жамолиддин Қозикумух эди. қўзғолончилар ҳаракатига бош бўлгач, ўтмишда йўл қўйилган хатоларни албатта ҳисобга олди.
Шомил ташкил қилган давлат шариат қоидалари асосланарди. Имом назорат остидаги ҳудудларни ҳарбий-маъмурий округларда бўлди.
Тоғ халқларини жисплаштириш учун Шомил кавказликларнинг анъанавий ҳуқуқ тизими бўлган одатни бекор қилди ва уни шариат билан алмаштирди. Бу унга интизомни мстаҳкамлашга имкон берди. Унинг қўшини полкларга бўлинганди. Тоғликлардан ташқари рус армиясидан қочиб кетган польшалик зобит ва аскарлар ҳам бор эди. 1840-йилларда Шомил қўшини 30 минг кишидан иборат эди.
Бу даврда қўзғолончилар бир қатор жиддий ғалабаларга эришди. Моҳиятан, бу Чеченистон ва Доғистоннинг катта қисми аҳолиси оммавий кўтарилган давр бўлди. 1842 йилнинг май ойида рус армияси Ичкерия жангида мағлуб бўлди ва бу Россияни бутун Кавказ бўйлаб мудофаага ўтишга мажбур қилди. Бу Шомилга бир нечта муваффақиятли операция ўтказиш имконини берди. Рус армияси гарнизонларининг бир қисми қуршаб олинди, катта қурбонлар ва улкан ҳаракатлар эвазигагина Россия Кавказ мудофаа чизиғи таъминотини тиклашга эришди.
Аста-секинлик Россия урушда ташаббусни ўз қўлига киритиб олди. Қўмондонликнинг буйруғига кўра, аскарлар бу пайтгача қўзғолончилар қўним топган Кавказ ўрмонларини режа асосида кесиб ташлади.
1859 йил Шомил оиласи билан бирга Гуниб овули қамал қилинган пайтда асир олинди ва Калугага сургун қилинди. Шундан кейин тоғликларнинг уюшган қаршилик кўрсатиши яна беш йил давом этди. Бироқ алоҳида қўзғолончилар гуруҳлари Россия империясининг сўнгги кунларигача (1917 йил) мустамлакачиларга қаршилик кўрсатиб келди.
Манбалар асосида Абу Муслим тайёрлади