Ушбу китобчада илмий тадқиқотлар Ислом академияси Бош котиби Шайх Абдулмажид аз-Зиндоний, Торонто университети анатомия кафедраси мудири ва профессори, «Инсоннинг ривожланиши», «Туғилгунимизча» ва «Клиник анатомия» китоблари муаллифи доктор Кейт Мур ва АҚШ илмий тадқиқотлар Ислом академияси вакили шайх Мустафо Аҳмад қаламига мансуб "Қуръон ва замонавий илм-фан. Қиёсий тадқиқот" китоби материалларидан фойдаланилган. Бир неча ўн йиллар давомида одамларда Ислом ва умуман дин ҳақида нотўғри тушунча шаклланган. Бунга Европа тарихидан баъзи сабоқлар ҳам ёрдам берди. Агар тарихга мурожаат қилсак, биз инсоният жамияти ривожланишининг аниқ далиллари ва қонуниятларига дуч келамиз. Қонуният шундан иборатки, жамият мустақил равишда ривожлана олмайди. У доимо раҳбарликка муҳтож эди. Жамият нажот Худо томонидан пайғамбарлар орқали кўрсатган йўлдан боришини англамагунча худди шундай хатоларга йўл қўяди.
Аллоҳ Таоло инсониятни гумроҳлик ва жоҳилият ботқоғида адашиб юришга қолдирмади. Энг инқирозли даврларда Парвардигор ўз элчиларини юборган ва уларнинг энг охиргиси Муҳаммад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳисобланади. У очиқ-ойдин оятлар билан келди ва одамларга Қуръонни - Одам Атодан то қиёматгача бўлган энг буюк мўъжизани ўргатди. Қуръоннинг муқаддас матнлари Аллоҳ томонидан ҳимояланади ва ҳеч қачон бузилмайди. Аллоҳ Таоло айтадики: Албатта, зикрни Биз нозил қилдик ва, албатта, уни Биз муҳофаза қилурмиз! (Хижр, 9). Парвардигорнинг сўнгги динга бўлган буюк марҳамати мана шунда.
Бугунги кунда одамлар пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни кўролмайдилар, аммо Қуръони Карим у ҳақида гувоҳлик беради ва унинг ваҳийлари ҳақиқатини исботлайди. Аллоҳ таолонинг Китоби илоҳий табиатининг инкор этилмас далили 14 аср илгари Қуръонда ажойиб аниқлик билан тасвирланган далиллардир. Кўплаб мусулмон олимлари Қуръоннинг баъзи оятларини илгари тушунтириб бера олишмади, аммо бугунги кунда илм-фан олдинга қадам ташлади ва Ислом нури бизнинг дунёмизга янги куч билан кириб келди.
Аллоҳ Таоло айтади: Биз уларга ҳам уфқлардаги, ҳам ўз нафсларидаги оят-белгиларимизни кўрсатамиз. Токи уларга Унинг ҳақлиги равшан бўлсин. (Фуссилат, 53). Барча пайғамбарлар ваҳийлар билан келган ва Аллоҳ уларни одамларни Ягона Худога ишончни кучайтирадиган мўъжизалар билан қўллаб-қувватлаган. Мусо пайғамбар ҳассани илонга айлантирган, Исо пайғамбар мохов ва кўрларни даволаган.
Шуниси эътиборга лойиқки, мўъжизавий ҳодисаларнинг мазмуни маълум бир даврнинг табиати ва билим даражаси ва маълум бир жамиятнинг манфаатларига мос келади. Бундай мувофиқликни қуйидаги эҳтиёжлар билан изоҳлаш мумкин:
1) жамият эътиборини энг кўп жалб қиладиган ва умумий қизиқиш уйғотадиган соҳага таъсир кўрсатиш;
2) пайғамбарларга жамиятдаги раҳбарлар ва бошқа нуфузли кишилар устидан ғалаба қозонишларига имкон берадиган далиллар бериш;
3) энг билимдон олимларга жамият ушбу хабарнинг ҳақиқатлигини ҳукм қилиш имкониятидан маҳрум бўлмаслиги учун ушбу белгиларнинг ажойиб хусусиятлари ҳақида мулоҳаза яратиш имкониятини тақдим этиш.
Бироқ бугун одамлар, бошқа динларда, на Мусонинг мўъжизасини, на Исонинг аломатларини, на Сулаймоннинг қудратини кўра олмайди. Аллоҳ то Қиёмат кунигача бутун инсоният учун дин қилиб танлаган ислом билан боғлиқ вазият эса ўзгача. Ислом аввалги пайғамбарлар динларидан узлуксизлик, жаҳоншумуллик ва барчага баравар тааллуқлилик билан ажралиб туради. Шу сабабли Аллоҳ таоло ўз марҳамати билан ҳар бир давр одамларига осмон ҳақиқатини кўриш учун имконият тақдим этади ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мўъжизаси йўқ бўлиб кетмаган, то Қиёмат кунигача сақланиб қолади. Аллоҳ Таоло айтади: Ҳар бир хабарнинг ўз вақти бор. Тезда буни биласизлар (Анъом 6:67). Инсоннинг билимлари чуқурлашиб бориши билан Қуръон ўзининг оятлари ва ишоралари аниқлиги билан тобора кўпроқ ҳайратда қолдирмоқда.
Шайх Мустафо Аҳмад айтадики: Пайғамбар Ваҳий олган кунларда араблар адабиёт ва шеърият маҳоратига эга эдилар. Улар тез-тез шеърлар танловларини ўтказиб туришарди ва шу билан ўз тилларини энг юқори даражага кўтаришганди. Бироқ, Қуръон сатрларини тинглаб, улар Қуръон тилининг бежиримлиги ва равонлигидан шу қадар ҳайратда қолдиларки, баъзи олимлар Қуръоннинг одамларга таъсирини тасвирлаб, унинг сеҳрли таъсирини кўрсатдилар. Ўша давр халқларининг тиллари маҳоратда юқори даражага етганлиги сабабли, Қуръоннинг тил хусусиятлари унинг илоҳий келиб чиқишини тасдиқловчи далил эди.
Биз эса илм-фан асрида яшаяпмиз. Унинг тез суратлар билан ривожланиши натижасида инсоният кўплаб муваффақиятларга эришди ва илм-фан ҳақиқатни излашда асосий восита саналади. Бироқ Қуръон, мўъжизакор табиатининг узлуксизлиги сабабли, бугунги кунда ҳам унда яширинган беқиёс билимлар билан шуни исботламоқдаки, у дарҳақиқат Яратувчининг Каломи ҳисобланади ва Унинг билимидан ҳеч нарса яширинган эмас.
Қуръон мўъжизалари замонавий илм-фаннинг кенг доирасига таъсир қилади. Эмбриология, паразитология, геология, астрономия, океанология, метеорология соҳасидаги етакчи олимлар Қуръоннинг илмий оятларини ўрганиб чиқдилар ва уни оламлар Парвардигори томонидан берилган ваҳий сифатида тан олдилар. Қуръон оятлари инсоният ривожланиб бораётган билимлари билан бирлаштирилган ва фан-техника тараққиётга ҳамоҳангдир. Аллоҳнинг Китоби мавжудотнинг кўплаб соҳаларини қамраб олганлиги сабабли, ривожланишнинг турли даражаларидаги одамлар унинг далилини осонликча англаб етадилар ва унинг ишончлилигини баҳолай оладилар.
Ислом дин ҳақида нотўғри тушунчани йўқ қилиш, нотўғри қарашларни йўқ қилиш ва инсониятни ҳақиқатга йўналтириш учун тайинланган эди. Қудратли Яратувчига ишониш нафақат инсоннинг онгига зид келмайди, балки инсоннинг келиб чиқиши, унинг мавжудлиги маъноси ва ҳаёт тарзига нисбатан ягона тўғри тушунча ҳисобланади. Инглиз физиги Келвин айтганидек: Агар чуқур ва яхши ўйлаб кўрсангиз, илм сизни Худога ишонишга ундашини кўрасиз. Бошқа бир мутафаккир Френсис Бэкон сўзларига кўра: юзаки ва оддий фалсафий билимлар одамни атеизм ва худосизликка олиб боради, чуқур, тўлиқ ва кенг қамровли фалсафий билим одамни художўй ва тақводор қилади.
Эмбриологя соҳасидаги илк илмий тадқиқотлар қадимги юнонлар томонидан эрамиздан аввалги 5-асрда бажарилган. Тиббиёт отаси Гиппократ, ундан кейин эса Аристотел, товуқ эмбрионларини ўрганиб, унинг ривожланиши инсон эмбриони ривожланиши билан ўхшаш деган хулосага келди. Бироқ 16-асргача ғарб олимларида эмбрион уруғ ва қуюлиб қолган қондан ривожланади деган қатъий ишонч бўлган. Бу кўп асрлар давомида ҳукмронлик қилган Аристотелнинг нотўғри қарашларининг акс этиши бўлган. Менструал қон эмбрион пайдо бўлишига олиб келади деб ҳисобланган. Буюк мусулмон олими Ибн Ҳожар ал-Асқалоний (ҳижрий 773-852 йиллар; милодий 14-аср) Фатхул-Борий китобида ёзадики: Анатомларнинг фикрлашича, ҳомила аёлнинг менструал қонидан пайдо бўлади, бироқ Исломнинг муқаддас матнлари бу ғояларни инкор қилади.
1673 йилда Левенгук томонидан микроскоп кашф этилиши эмбриология ривожланишига янги туртки берди, чунки маний суюқлигида сперматозоид топилган. 1694 йилда сперма таркибида микроскопик ўлчамдаги одам - гомунcул мавжуд деган фикр бор эди. Шу муносабат билан аёлларнинг инсон тараққиётидаги иштироки минимал деб эътироф этилган. Сперма ва тухум ҳужайранинг ҳомиладорлик учун зарурлиги 18-асргача номаълум бўлиб қолди. XIX асрнинг охиридан бошлаб инсон эмбрионларини ривожланиш босқичларига мувофиқ таснифлашга уринишлар бўлди. Фақат 1973 йилда О`Рахилли инсон эмбрионларини, айниқса ривожланишнинг дастлабки уч ҳафтасида таснифлашнинг аниқ тизимини ишлаб чиқишга муваффақ бўлди. Карнеги босқичлари, деб аталадиган ушбу ривожланиш босқичлари ривожланиш жараёнининг турли хусусиятлари ва морфологик мезонларига асосланган ҳолда халқаро эътирофга сазовор бўлди.
Яқин вақтларгача Қуръон ва Суннат инсон ривожланишининг турли босқичларига алоқадор кўплаб кўрсатмаларга эга эканлиги етарли даражада кенг маълум эмасди. Бу кўрсатмалар етарлича тушунарли эмасди, чунки ривожланиш жараёнининг илгари фанга номалум бўлган деталларига алоқадор эди.
Қуръони каримда ва ҳадисларда Аллоҳ таоло айтадики: Қасамки, батаҳқиқ, инсонни лой сулоласидан яратдик. Сўнгра уни мустаҳкам қароргоҳда нутфа қилдик. Сўнгра нутфадан алақа яратдик, алақадан чайналган гўшт яратдик, чайналган парча гўштдан суяк яратдик, бас, суякка гўшт қопладик, сўнгра уни бошқа бир жонзот этиб пайдо қилдик. Бас, яратгувчиларнинг энг яхшиси Аллоҳ баракотли ва буюкдир! (Мўминун. 12-14). Бу ерда ривожланишнинг учта асосий босқичи таърифланган:
1) томчи (нутфа) босқичи;
2) шаклланиш (халқ) босқичи;
3) ўсиш (нашъа) босқичи.
1. ТОМЧИ (НУТФА) БОСҚИЧИ
Нутфа (кичик миқдордаги суюқлик ёки унинг томчиси) сперма ва тухум ҳужайра пайдо бўлиши ва уларнинг уруғланган зигота ҳосил бўлган ҳолда бирлашувини, бластула ҳосил бўлган ҳолда ҳужайра бўлинишини, шунингдек, унинг бачадонга ўтишини қамраб олади. Нутфа босқичи беш қисмдан иборат:
1-босқич. Ал-ма ад-дафиқ (отилиб чиқувчи суюқлик). Маълумки, эркак кишидан суюқлик отилиб чиқади, бу Аллоҳнинг қуйидаги сўзларида ўз аксини топган: Инсон нимадан яралганига назар солсин! У отилиб чиқувчи сувдан яратилгандир (Ториқ, 5-6). Отилиб чиқувчи сўзига мос келадиган арабча феълнинг грамматик таҳлили шундан далолат берадики, бу сўз Қуръондан келтирилган оятда отилиб чиқишнинг фаол характерини, яъни отилиб чиқувчи суюқлик ҳаракатчан эканлигини кўрсатади. Замонавий фан сперматозоидлар ҳаракатчан ва етарли даражада фаол эканлигини исботлаб берган.
Отилиб чиқиш аёл организмида ҳам рўй беради, бунда тухум ҳужайра фаллопий найчасига тушади ва у бўйлаб ҳаракатланади. Сперматозоидлар уруғланиш жойига келиб тушишига уруғ суюклигида мавжуд бўлган простагландин сабабчи бўлган бачадон мушаклари қисқариши ёрдам беради. Менструал циклнинг фертиллик босқичи даврида, уруғланиш мумкин бўлган пайтда, қолган пайтлар сперма учун ўтиб бўлмайдиган бўлган бачадон бўйнидаги шилимшиқ қотади, желесимон консистенцияга эга бўлади ва сперманинг ўтишини таъминлайди. Бачадон бўйнидаги шилимшиқ (эндометрий) ажратиб чиқарадиган ферментлар ва тухум йўли ёрдамида сперматозоид каллагидан гликопротеидлар чиқади ва у зарядга эга бўлади. Тухум йўлида ажралиб чиқадиган ферментлар ёрдамида тухум ҳужайрани ўраб турган фолликуляр ҳужайралар ўртасидаги боғлиқлик юмшайди ва шу тариқа унинг ҳимоя қилинган мембранасига сперматозоидлар учун йўл очилади.
Уруғланиш жараёнида эркак ва аёл суюклиги иштирок этиши ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтиб ўтган. Бир яҳудий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга савол берган: Бир яҳудий: “Эй Муҳаммад, одам нимадан яратилган”,-деб, сўраганида, пайғамбаримиз жаноблари: “Эй яҳудий, эркак ва аёл-икковининг суюқлигидан”,-деб, жавоб берганлар (Имом Аҳмаддан ривоят қилинган).
2-босқич. Сулола (суюқликдан ингичка олинган субстанция). Сулола атамаси эркаклар ва аёллардан ажралиб чиқадиган суюқликдан аоссий субстанция олиниш жараёнига тааллуқли. Аллоҳ Таоло айтади: Сўнгра унинг наслини ҳақир бир сувдан ажраб чиқадиган қилди (Сажда, 8). Шундай қилиб, инсоннинг иккита суюқликдан яралиши ўзига хос бир танлов орқали ўтади ва сулола атамаси айнан шуни белгилаш учун фойдаланилади. Фолликуляр суюқликдан тухум ҳужайра ажралиб чиқади, кўплаб миллионлаб сперматозоидлар орасида ягона бир сперматозоид биринчи бўлиб тухум ҳужайра мембранасига етиб келади ва осонлик билан унга киради. Бироқ, шу ондаёқ ҳужайра мембранасида дарҳол рўй берадиган физик-кимёвий жараёнлар натижасида қолган сперматозоидлар учун йўл ёпилади.
Биринчидан, уруғланиш олдидан уруғ суюқлиги нозик бир танловдан ўтади; иккинчидан, ҳомиладор бўлиш учун эркакнинг уруғлик суюқлигида сперматозоидлар сони камида 20 млн./ см2 бўлиши керак.
3-босқич. Нутфат-у-амшадж ("аралаш суюқлик томчиси"). Уруғлантирилган тухум ҳужайра, ёки зигота томчи - нутфат-у-амшадж шаклига эга бўлади. Аллоҳ Таоло айтади: Албатта, Биз инсонни аралаш нутфадан яратдик (Инсон, 2). Нутфат – сўзи бирликдаги от, "амшадж" – кўпликдаги сифат. Шу сабабли бу ибора Қуръонни илк шарҳловчилар учун сирли бўлиб кўринган, лекин ҳозирги пайтда маълумки, зигота бирликда бўлгани ҳолда, хромосомалар ва сперматозоид ва тухум ҳужайранинг бошқа таркибий қисмларидан иборат кўп компонентли тизимни ифодалайди. Зиготанинг ривожланиш жараёнида бластомер, деб аталадиган ҳомила ҳужайраларининг бўлиниши рўй беради. Уруғланишдан тўрт кун ўтгач улар сфера шаклидаги ҳужайралар тўплами – морула ҳосил қилади. Бешинчи кун морулани ташкил қилган ҳужайралар икки қисмга бўлиниши билан ундан кўп ҳужайрали тузилма – бластула ҳосил бўлади. Ҳужайраларнинг жадал суратлар билан бўлиниш даврида амшадж атамаси нутфат ни жуда аниқ таърифлайди.
4-босқич. Тақдир. Нутфат-у-амшадж шаклланишининг илк даврида ота-она хромосомалари аралашиб кетади ва диплоид жуфтликлар ҳосил қилади. Бундай генлар комбинацияси боланинг ривожланиш характерини, шунингдек, унинг жинсини белгилаб беради. Аллоҳ Таоло айтади: Уни қайси нарсадан яратди? - Нутфадан яратди. Уни яратди ва уни ўлчовли қилди. (Абаса, 18-19).
5-босқич. Ҳарс (имплантация). Аллоҳ Таоло айтади: Аёлларингиз экинзорларингиздир. Бас, экинзорингизга хоҳлаганингизча келинг (Бақара, 223). Экинзор (харс) тушунчаси тупроқни шудгорлаш билан боғлиқ. Нутфа босқичининг сўнгги қисми бластула имплантациясидан бошланади ва ҳарс деб аталади. Қуръонда бу жараён тупроққа ишлов беришга, бачадон қопламаси эса уруғ ўсиб чиқадиган тупроққа ўхшатилади.
2. ШАКЛЛАНИШ (ХАЛҚ) БОСҚИЧИ
1-босқич. Алақа (зулук). Шаклланиш даври эмбрион алақа шаклига эга бўлгандан бошланади. Эмбрион зулук кўринишини эслатмагунга қадар чўзилиб боради.
Эмбрион эндометрийга ёки бачадоннинг ички астарига ёпишиб турган тук билан қопланган хорионик қопчанинг деворига маҳкамлаб қўйилади. Зулук сув билан ўралганидек, эмбрион амниотик суюқлик билан ўралади. Ушбу босқичда ҳомила энг оддий қон айланиш тизими ва асаб тизимига эга бўлади. Шундай қилиб, алақа атамаси эмбрионнинг пайдо бўлишига ва бачадон юзасига боғланиш усулига мос келади.
Алақа сўзининг бошқа бир маъноси – қуюлиб қолган қон каби. Ривожланишнинг учинчи ҳафтаси охирига келиб эмбрионда қон айланишни бошлайди, бунинг натижасида эмбрион қуюлиб қолган қон кўринишига эга бўлади, гарчи ундаги қон суюқ бўлсада.
2-босқич. Мудға (бир тишлам гўшт). 24-25 кунга келиб, алақа босқичи якун топади. Алақа босқичидан мудға босқичига ўтиш жуда тез рўй беради. Бу 26-27-кун бошланади.
Мудға сўзи бир тишлам гўшт маъносини англатади. Ушбу босқичда эмбрион ва плацента шаклланганидан сўнг, ўсиш жараёни тезлашади ва улардан суяк ва мушак ҳосил бўладиган сомитлар пайдо бўла бошлайди. Эмбрион танасида кўрина бошладиган сомитлар тиш изларини эслатиб юборади. Ушбу босқичда эмбрион ривожланиши ўзига хос хусусиятларга эга:
а) сомитлар ёки излар ташқи кўриниши худди чайнаш жараёнида тишларнинг излари каби мунтазам ўзгариб туради;
б) янги тўқималар шаклланиш жараёнида эмбрион худди чайнаш пайтида сақич оғизда айлангани каби айланади;
в) эмбрионнинг орқаси худди сақич пластинкаси каби эгилади;
г) сомитлар шаклланиши билан ички элементларнинг бир қисми муртак ҳолатидаги органларга фарқланади, бошқа қисми эса фарқланмай қолади, бу Қуръонда қуйидагича акс этган: ... сўнгра битган-битмаган бир чайнам гўштдан яратдик (Ҳаж, 5).
3-босқич. Изам (суяклар). Мудга босқичи тугаши билан эмбрион кемирчак скелетга эга бўлади. Бирламчи оссификация марказлари 7-ҳафтада пайдо бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Қачонки нутфа аёлнинг раҳмига тушганда 42 кеча ўтган бўлса, Аллоҳ таоло унга бир фариштани юборади. Фаришта унга инсон суратини киргизади. Унинг қулоғи, кўзи, жилди, гўшти ва суягини қилади...” (имом Муслим). Ҳадисда таъкидланишича, фаришта ҳомилага шакл беради. 42-кунгача одам эмбриони ташқи кўринишини бошқа жониворлар эмбрионларидан фарқлаш қийин, лекин бу даврда у ўзига хос қиёфага эга бўлади.
Бу давр мобайнида эмбрион ростланади ва унинг ҳаётий фаолиятини таъминлайдиган органлар шаклланади. Қуръонда бу жараён қуйидагича таърифланади: У сени тўла-тўкис ва мўътадил қилиб яратган зотдир. (Инфитар, 7).
4-босқич. Лаҳм ("гўшт"). Аллоҳ Таоло айтади: ... чайналган парча гўштдан суяк яратдик, бас, суякка гўшт қопладик... (Мўминун, 14).
Миёбластлар ёки ибтидоий мушак ҳужайралари ривожланаётган суякларга яқин жойлашганлигига қарамай, мушак қўшимчалари шаклланиши ўрта ва терминал суяклар оссификация жараёни бошланганидан кейин содир бўлади. Суякларни гўшт қоплаши билан бирга, ушбу босқичда танани ростлаш давом этмоқда. Айнан шу вақтда (7-8 ҳафта) жинсий безларнинг гонадларини фарқлаш ва мояклар ва тухумдонларнинг шаклланиши бошланади, бу Қуръонда ҳам ўз аксини топган.
3. ЎСИШ (НАШЪА) БОСҚИЧИ
9-ҳафтада ҳомиланинг она қорнида ривожланиш даври бошанади, унинг бошланиши Қуръонда аниқ акс эттирилган: ... сўнгра уни бошқа бир жонзот этиб пайдо қилдик... (Мўминун, 14). Эмбрионал ривожланишнинг бундан олдинги барча босқичларига нисбатан халақна феъли (биз яратдик, биз ўзгартирдик) қўлланган, бироқ янги давр бошланиши анша'наҳу феъли (асос бериш, ўстириш, катталашиш) билан бошланади. Нашъа босқичида қуйидаги хусусиятлар намоён бўлади:
а) 12-ҳафтадан кейин ҳомиланинг ўсиши анча тезлашади ва буни анша'наҳу феъли ҳам кўрсатади;
б) оёқ-қўллар шаклланади, бош, тананинг ва оёқ-қўлларнинг ўлчамлари нисбати мутаносиб бўлиб, терининг туклари билан қопланади, ташқи жинсий аъзоларнинг дифференциацияси, кўндаланг ва силлиқ мушакларнинг шаклланиши содир бўлади, бу вақтда ҳомила мувофиқлаштирилган рефлекслар ва ҳаракатларни бошдан кечиради ва бошқа бир қатор ўзгаришлар юз беради ва Қуръонда таъкидланган эмбрион бошқа бир мавжудот - ҳомила пайдо бўлишини тасдиқлайди;
в) фаришта ҳомилага жон пуфлайди. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Бирингизнинг хилқати онасининг қорнида қирқ кунда жам қилинади. Кейин ўшанча вақт лахта қон бўлади. Сўнг ўшанча вақт бир тишлам гўшт бўлади. Сўнг Аллоҳ бир фариштани юборади ва унга тўрт калима буюрилади: «Унинг ама-лини, ризқини, ажалини ва бебахт ёки бахтли эканини ёз» дейилади. (Бухорий ва Муслим).
Руҳнинг табиати табиатшунослик фанлари доирасидан ташқарида бўлиб, ҳали инсоният томонидан тўлиқ тушуниб етилмаган. Аллоҳ Таоло айтади: Ва сендан руҳ ҳақида сўрарлар. Сен:«Руҳ Роббимнинг ишидир. Сизга жуда оз илм берилгандир», деб айт (Исро, 85).
Ҳаёт ва руҳ тушунчалари ўртасида фарқ борлиги маълум, аммо уларнинг табиати биз учун сир бўлиб қолаверади. Сперматозоид ва тухум ҳужайра тирик организмлардир, аммо улар руҳсиздир. Руҳга эга бўлган мавжудотлар одамлар ва ҳайвонлар сингари мустақил онгга эга. Ушбу босқичда одамнинг руҳи борлигига далил ҳомилада эркин, ихтиёрий ҳаракатларнинг пайдо бўлишидир, бу рефлекс ҳаракатларидан фарқли ўлароқ, ҳомиланинг ўз хоҳишига кўра амалга оширилади.
Шундай қилиб, юқорида келтирилган наш'а сўзининг уч маъноси маълум бир босқичлар билан аниқ боғлиқдир: бошлаш – экстреция, қон айланиш ва бошқа тизимлар ишлай бошлашини кўрсатади; ўсиш ва ривожланиш – органлар ва тизимларнинг тез ўсиши ва ривожланишини кўрсатади; катталашиш – 12-ҳафтада қайд этиладиган ҳомила вазни ва бўйининг тез ўсишини кўрсатади.
ҲОМИЛАНИНГ РИВОЖЛАНИШ МУДДАТИ
Муқаддас Қуръонда нафақат эмбрион ва ҳомиланинг ривожланиши билан боғлиқ ҳодисалар кетма-кетлиги кўрсатилган, балки бу ҳодисаларнинг рўй бериш муддатлари ҳам кўрсатилган, бу фа (кейин, жуда қисқа вақт ўтгач) ва сумма (кейин, маълум вақт ўтгач) боғловчилари ёрдамида амалга оширилади. Аллоҳ Таоло айтади: Қасамки, батаҳқиқ, инсонни лой сулоласидан яратдик. Сўнгра уни мустаҳкам қароргоҳда нутфа қилдик. Сўнгра нутфадан алақа яратдик, алақадан чайналган гўшт яратдик, чайналган парча гўштдан суяк яратдик, бас, суякка гўшт қопладик, сўнгра уни бошқа бир жонзот этиб пайдо қилдик. Бас, яратгувчиларнинг энг яхшиси Аллоҳ баракотли ва буюкдир. (Мўминун,12-14). Сумма боғловчисидан фойдаланиш қуйидаги босқичлар ўртасида бироз тўхталишни кўрсатади:
1) нутфадан алақага ўтишда. Нутфа босқичида имплантация вақтида алақа босқичига қадар ривожланиш жараёнлари анча секин боради. Имплантация бошлангандан (6-кун) уруғлантирилган тухум ҳужайра бачадон шилимшиқ қисми билан бирлашгунга қадар (14-кун) бир ҳафта ўтади, сўнгра эмбрион зулук ёки алақа шаклига эга бўладиган бел хордаси ривожланишигача (16-кун) яна 10 кун ўтади. Шу тариқа, алақа ривожланиш босқичи жараёнида маълум бир тўхталиш қайд этилади.
2) лаҳм босқичидан ҳомиланинг ривожланиш босқичига ўтишда. Ҳомиланинг ривожланиш босқичи (наш'а) 9-ҳафтадан бошланади деб ҳисоблаш мумкин, бироқ қолган барча асосий аломатлар кейинроқ намоён бўлади. 12-ҳафтадан ҳомиланинг тез ўсиши бошланади. Бундан ташқари, органлар ривожланишининг бошланиши 8-ҳафта тугаши ёки лаҳм босқичининг якуни билан рўй беради, лекин бу органлардаги энг муҳим ўзгаришлар 11-ҳафтадан кейин рўй беради. Шундай қилиб, ривожланишнинг 12-ҳафтасигача наш'а тўлиқ намоён бўлади, сумма сўзи эса бунда тўхталиш мавжудлигини аниқ кўрсатади. фа сўзи қуйидаги босқичлар бевосита бирин-кетин рўй беришини англатади:
a) Алақа (24-25-суткагача) мудга босқичига ўтади (26-27-суткадан);
б) Мудға (6-ҳафта охиригача) изам босқичига ўтади (7-ҳафта бошидан);
в) Изам (7-ҳафта охиригача) лаҳм босқичига ўтади (8-ҳафта бошидан). Ушбу босқичлар бевосита бирин-кетин келади ва бу Қуръонда акс эттирилган.
Қуръонда ишлатилган атамалар эмбрион ва ҳомила билан содир бўладиган турли жараёнларни аниқ тасвирлаб беради. Фойдаланилган номенклатура содда, тушунарли ва замонавий эмбриология ғояларига мос келади. Бундай илмий маълумотлар VII асрда оддий одамларга маълум бўлолмас эди. Мусулмонларга ҳам, мусулмон бўлмаганларга ҳам улар пайғамбар Муҳаммадга у нафақат бизнинг ривожланишимиз, балки хатти-ҳаракатларимиз ва фикрларимизни ҳам биладиган оламларнинг Парвардигори томонидан ваҳий қилиниши мумкинлиги маълум.
Муқаддас Қуръон – Аллоҳ томонидан инсоният учун нозил қилинган ҳақиқат Китобидир. Аллоҳ Таоло айтади: Агар инсу жинлар тўпланиб, ушбу Қуръонга ўхшаш нарса келтирмоқчи бўлсалар, бунда баъзилари баъзиларга ёрдамчи бўлсалар ҳам, унга ўхшашини келтира олмаслар (Исро, 88).
Бу даъват қилинганидан бери ўн тўрт аср ўтди. Бугунги кунда, одамлар ҳомиланинг ривожланиш ва ҳаёти қонунларини кашф этишганида, инсоният жамиятининг ривожланиши ва ҳаёти учун барчамиз адолатли қонунга муҳтожмиз. Аллоҳнинг Китоби инсоният ривожланишининг сирларига ҳам, одамларнинг Раббийнинг раҳбарлигидан юз ўгирган ҳолда йўқотган ҳақиқий бахтига ҳам ишора қилади.
Аллоҳ таолонинг Ўзига битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин!
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга мукаммал саловоту дурудлар бўлсин!
У зотнинг аҳли байтлари ва саҳобаларига Аллоҳ таолонинг розилиги бўлсин!
Шайх Абдулмажид аз-Зиндоний
Шайх Мустафо Аҳмад
Доктор Кейт Мур
Абу Муслим таржимаси